Карвонсарой
Хавфсизлик

АҚШ ва унинг иттифоқчилари шартномани қайта кўриб чиқиш олдидан Россияни «хавфли» ядровий риторикада айблади

Карвонсарой ва AFP

Москвада ҳар йили 9 майда ўтказиладиган Ғалаба куни парадида Россиянинг «Ярс» қитъалараро баллистик ракетасини учириш мосламаси намойиш қилинди. Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларига кўра, Россия «хавфли» ядровий риторикани қўлламоқда. [Александр Неменов/AFP]

Москвада ҳар йили 9 майда ўтказиладиган Ғалаба куни парадида Россиянинг «Ярс» қитъалараро баллистик ракетасини учириш мосламаси намойиш қилинди. Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларига кўра, Россия «хавфли» ядровий риторикани қўлламоқда. [Александр Неменов/AFP]

НЬЮ-ЙОРК – Қўшма Штатлар ва унинг ядровий иттифоқчилари душанба (1 август) куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотида (БМТ) очилган асосий ядровий шартномани қайта кўриб чиқишда Россияни ядровий қуролларни шай ҳолатга келтириш ҳақидаги «масъулиятиз ва хавфли» баёноти учун қоралади.

«Украинага қарши асоссиз ва ноқонуний босқинчилик уруши ортидан биз Россияни масъулиятсиз ва хавфли ядровий риторика ва хатти-ҳаракатларини бас қилишга, халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирамиз», дейилади АҚШ, Франция ва Британиянинг баёнотида.

Россия 24 феврал куни Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай ўз ядровий кучларини шай ҳолатга келтирганини эълон қилган эди.

«Ядро қуроли, токи у мавжуд экан, мудофаа мақсадларига хизмат қилиши, тажовузнинг ва урушнинг олдини олиши керак. Биз ядро қуролини ҳарбий мажбурлов, қўрқитиш ва шантаж қилиш учун қўлловчи ёки ишлатиш билан таҳдид қилувчиларни қоралаймиз», дейилади уч мамлакат баёнотида.

Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартнома иштирокчилари анжуманидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) логотипи, 2022 йил, 1 август. [Анжела Вайс/AFP]

Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартнома иштирокчилари анжуманидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) логотипи, 2022 йил, 1 август. [Анжела Вайс/AFP]

Бу чақириқ лидерларнинг 1970 йилда кучга кирган Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартномани (ЯҚТШ) кўриб чиқиш бўйича 10-анжуман учун Нью-Йоркдаги БМТда йиғилган пайтда эълон қилинди.

Учрашув COVID-19 пандемияси сабабли 2020 йилдан бери бир неча бор қолдирилган эди. У 26 августга қадар давом этади.

191 давлат тарафидан имзоланиб, ҳар беш йилда қайта кўриб чиқадиган ЯҚТШ ядровий қурол тарқалишининг олдини олиш, тўлиқ қуролсизланиш ва атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишдаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

2015 йилда бўлиб ўтган кўриб чиқиш анжуманида томонлар муҳим масалалар бўйича келишувга эриша олмаган эдилар.

Бу йилги учрашув ядро технологияларининг, хусусан, Эрон ва Шимолий Кореяда тарқалиши ва Хитойнинг ўз ядровий захирасини жадал кенгайтираётгани борасидаги хавотирлар кучайган бир пайтда ўтказилмоқда.

Ядро қуролига эга беш қудратли давлат шартномага аъзо 191 мамлакат сафида бўлса-да, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва Шимолий Корея ундай эмас.

Ўз навбатида, президент Владимир Путин Россия шартномага содиқ қолишини ва Кремлнинг фикрича ядро урушида «ғолиблар» бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлаган.

Ядровий урушнинг олдини олиш

«ЯҚТШ ҳалокатли ядро уруши хавфини камайтирди ва бу хавфни янада камайтириш шартномага аъзо барча давлатлар ва ушбу анжуманнинг устувор вазифаси бўлиши керак», дейилади АҚШ-Франция-Британия баёнотида.

Улар Эрон ҳозирда ўзининг ядровий фаолиятини қисқартириш бўйича музокаралар олиб бораётганини, «ҳеч қачон ядровий қурол ишлаб чиқмаслигини» айтиб, Шимолий Кореяни ядровий синовлар ва парвозларни тўхтатишга чақирдилар.

АҚШ президенти Жо Байден ҳам ўз баёнотида Россия ва Хитойни ядровий қуролларни чеклашга содиқлигини кўрсатишга чақирди.

Россия 2026 йилда тугайдиган ядровий қуролларни қисқартириш бўйича АҚШ-Россиянинг алоҳида пакти - Стратегик қуролларни қисқартиришга оид янги шартномани (START) янгилашга тайёрлигини намойиш қилиши зарур, деди Байден.

«Менинг маъмуриятим янги START шартномаси ўрнини босадиган қуроллар назоратига оид янги тизими бўйича шошилинч музокаралар олиб боришга тайёр», деди у.

«Аммо музокаралар учун виждонан ҳаракат қиладиган иродали шерик зарур. Россиянинг Украинадаги шафқатсиз ва асоссиз тажовузи Европада тинчликка путур етказиб, халқаро тартибнинг асосий тамойилларига зарба берди

Шу билан бирга, Хитой «янглиш ҳисоб-китоблар хавфини камайтирадиган ва беқарорлаштирувчи ҳарбий динамика муаммосини ҳал қиладиган музокаралар олиб боришга» мажбур, деди Байден.

«Қуроллар назорати ва ядровий қуролларни тарқатмаслик устидан назорат соҳасидаги ҳамкорликка қаршилик кўрсатишдан ҳеч бир давлат ва умуман, бутун дунё учун ҳеч қандай фойда йўқ», деди Байден.

«ЯҚТШнинг соғломлиги ҳар доим Қўшма Штатлар ва Россия Федерацияси ўртасидаги аҳамиятли қуролланиш чекловларига таяниб келган. Ҳатто Совуқ уруш даврида ҳам, Қўшма Штатлар ва Совет Иттифоқи стратегик барқарорликни таъминлаш бўйича умумий масъулиятимизни ҳимоя қилиш учун биргаликда ҳаракат қила олдилар», деди Байден.

«Дунё менинг маъмуриятим ЯҚТШни қўллаб-қувватлашда давом этишига ва ер юзидаги одамларни ҳимоя қиладиган қуролларни тарқатмаслик архитектурасини мустаҳкамлашга интилишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади».

«Фавқулодда омадли»

Душанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам тушунмовчилик ядровий ҳалокатга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

ЯҚТШ анжуманининг очилишида сўзлаган Гутерриш Россиянинг Украинага қарши уруши ҳамда Корея яримороли ва Яқин Шарқдаги кескинликни тилга олар экан, «ядровий характердаги» инқирозлар авж олишидан хавфсираётганини айтди.

«Бугунги кунда инсоният ядровий ҳалокатдан битта тушунмовчилик, битта янглиш ҳисоб-китоблик масофада турибди», деди Гутерриш кўриб чиқиш анжуманида.

«Шу пайтгача омадимиз келди. Лекин омад – стратегия эмас. У ядровий можарога айланиб бораётган геосиёсий тангликдан ҳимоялайдиган қалқон ҳам эмас», деб қўшимча қилди у ва мамлакатларни «инсониятни ядро қуролидан холи дунё сари йўл бошлашга» чақирди.

Конференция шартномани «мустаҳкамлаш» ва «уни атрофимиздаги хавотирли дунёга мослаштириш учун имкониятдир», деди у.

«Ядро қуролларини йўқ қилиш – улар ҳеч қачон ишлатилмаслигининг ягона кафолати», деб хитоб қилди бош котиб.

«Ҳозирда бутун дунёдаги захираларда қарийб 13 минг дона ядровий қурол сақланмоқда. Буларнинг бари тарқалиш хавфи ортиб бораётган ва кескинлашувнинг олдини оладиган тўсиқлар заифлашаётган бир пайтда», деб қўшимча қилди Гутерриш.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Улар биринчи бўлиб Нью-Йоркни нишонга олишади; Россиядан ўз мажбуриятларини бажаришни эмас, шунақа нарсани кутиш мумкин.

Жавоб бериш

Россия ва қандайдир келишувларга риоя қилиш? жуда кулгилисизлар.

Жавоб бериш