Хитойнинг Тожикистонга киритган сармояси «умумий келажак учун», дейилади мамлакат бўйлаб Пекин томонидан ажратилган грант ва кредитлар ҳисобидан молиялаштирилган бинолар ва лойиҳалардаги ёзувларда.
Аммо кузатувчилар Пекинга турли сабаблар туфайли миллиардлаб доллар қарздорлик ортида қандай шартлар борлиги ҳақида мулоҳаза юритмоқдалар.
Тожикистон Хитойнинг давлат бошқарувидаги Экспорт-импорт банкидан (Eximbank) 1,98 миллиард АҚШ доллар қарз, бу 2022 йил бошида хорижий кредиторлар олдидаги қарздорликнинг қарийб 60 фоизини ташкил қилган.
2021 йилда узилган 131,9 миллион АҚШ долларига тенг қарзнинг 65,2 миллион доллари Хитойга тўланган, шундан 22 миллиони устама фоизини ташкил этган, деб хабар берган 21 июл куни Eurasianet.
Бу орада Тожикистон парламентининг янги биноси Хитойдан олинган 250 миллион АҚШ доллари кредити ҳисобига қурилмоқда.
Хитой тақдим этган бошқа 120 миллион АҚШ доллари эвазига шаҳарнинг янги ҳокимияти биноси барпо этилмоқда.
«Буларнинг ҳаммаси хавотирли», дейди тожикистонлик сиёсатшунос Парвиз Мулложонов.
«Айниқса, катта қарзлар турганида бу жуда хавфли тенденция», деб айтган у Eurasianet нашрига.
«Хитойдан қарзларнинг кўпайиб бориши олов билан ўйнашишдек гап. Бу исталган вақтда сиёсий ва геосиёсий экспансияга сабаб бўлиб хизмат қилиши мумкин.»
«Хитойнинг барча мамлакатларга нисбатан стандарт сиёсатга эга: у ўз ишчи кучидан фойдаланиши кераклиги учун ҳамма лойиҳаларни бажаришда ўз одамлари ва саноат ресурсларини юборади», деб айтган Мулложонов.
«Хитойга ўз саноати учун бозор керак.»
Махфийлик ва имтиёзлар
Хитой кредитлари одатда транспорт инфратузилмаси, энергетика лойиҳаларини қуриш ёки капитал таъмирлаш мақсадларида берилади, уларнинг аксарияти Пекиннинг «Бир камар, бир йўл» номи билан ҳам танилган «Камар ва йўл» ташаббуси доирасида амалга оширилади.
Аммо кредитлар шу даражада махфийки, кўп ҳолатларда тўлов шартларини тушуниш жуда мураккаб. Ишларнинг асосий қисми Хитойнинг давлат бошқарувидаги ва жуда кам қисми маҳаллий компанияларга ажратилади.
Марказий ва жанубий Тожикистонни бир-бири билан боғлайдиган Вахдат-Ёвон темир йўли қурилиши – шартлари анча вақтгача мавҳум бўлган лойиҳаларга мисолдир.
2014 йилда Eximbank бу темирйўлни қуриб битказиш учун кредит ажратишга рози бўлган.
Бироқ, молия вазирининг биринчи ўринбосари Жамолиддин Нуралиев 2015 йил бошида журналистларга Eximbank тақдим этган камида 68 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит темир йўл қурилишини якунлаш учун сарфланганини айтди.
Хабар қилинишича, давлатга қарашли China Railway Construction корпорациясига очиқ савдоларсиз шартнома бўйича тендер топширилган.
2016 йил август ойида президент Эмомали Раҳмон темирйўлнинг Душанбе-Кўлоб қисмини очиб берар экан, Тожикистон давлат ОАВ лойиҳа қиймати 125 миллион АҚШ долларига тенг бўлгани ҳақида хабар берган.
Маҳаллий ОАВ маблағ қаердан келгани ёки қурилишни ким амалга оширгани ҳақида хабар бермаган.
Худди шу каби, Eximbank Тожикистон пойтахтини Сўғд вилояти билан боғлайдиган тоғли ҳудуддаги Душанбе-Чаноқ йўлини қайта таъмирлаш учун қарийб 290 миллион АҚШ доллари кредит ажратган.
2006 йилда бошланган ва 2013 йилда якунланган лойиҳа шартномасини China Road and Bridge Corp. муҳандислик корхонаси қўлга киритган ва маблағни Хитойга қайта йўналтириб, Тожикистонни қарздор қилиб қўйган.
«Харидор пушаймони»
Тожикистон Хитой кредитлари эвазига Хитой компаниялари ва ишчилари томонидан катта инфратузилма лойиҳалари қурилишига ягона мисол эмас.
Бир қатор давлатлар «Бир камар, бир йўл» ташаббусини қабул қилиши ва унга алоқадор қарз жавобгарлигини ўз зиммасига олиши ортидан «харидор надоматини» бошдан кечирганлар, дейилади Вашингтондаги Араб марказининг 2021 йил январ ойидаги ҳисоботида.
«Кўпчилик Пекин стратегик активлар устидан назоратни қўлга киритиш учун ушбу «қарздорлик тузоғини» қўйганига ишонади», дейилади унда.
«Пекиннинг «Бир камар, бир йўл» ташаббусини амалга оширишдаги тезлиги ва қатъияти Яқин Шарқда яққол кўринади», дейилади ҳисоботда. Хитой «Бир камар, бир йўл» ташаббусига алоқадор лойиҳаларни молиялаштиришда Яқин Шарққа 123 миллиард АҚШ доллари сармоя киритган, деб таъкидланади унда.
«Бир камар, бир йўл» ташаббусининг Покистонга боғлиқ Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги бўйича тажрибаси харидор надоматига яна бир мисол бўла олади.
Сўнгги йилларда Пекиннинг Исломобод билан кўп миллиардлик инфратузилма лойиҳаларини имзолаши Хитой таъсири ва компанияларнинг фаолияти, хусусан хитойликларга покистонлик ишчилардан кўра кўпроқ маош тўланиши юзасидан маҳаллий аҳоли орасида хавотирга сабаб бўлган.
Покистоннинг Балужистон вилоятида Хитой таъсири кучайиб бораётгани сабабли юзага келган ғазаб балуж ва синдх жангари ташкилотларининг бирлашишига олиб келди ва бу бирлашма минтақада зўравонликни оширади деган хавотирни авж олдирмоқда.
Шри Ланкада ҳам сўнгги ойларда Хитой олдидаги улкан қарздорлик юки ҳамда бу мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий тизимларнинг инқирози сарлавҳаларга чиққан.
Тожикистоннинг 60 фоизи билан солиштирилганда, унинг Хитой олдидаги қарзи умумий ташқи қарзининг атиги 10 фоизини ташкил қилади.
«Хитой билан ҳамкорлик қилиш тобора қийинлашиб бормоқда», деб айтган Стенфорд университетининг ҳуқуқ, фан ва технология дастури раҳбари Марк Лемли 2020 йил CNN каналига.
«Хитой билан бизнес юритиш ёқимсиз маънавий муросаларга олиб келади, деган фикр кучайиб бормоқда.»
Ҳарбий экспансия
Аслида, Хитойнинг бутун дунё портларида қурилаётган ҳарбий базалари Пекин ҳарбий ҳозирлигини ошириш учун ўз иқтисодий «инвестицияларидан» қандай фойдаланаётганини кўрсатади.
Хитой жадал суратларда кенгайиб бораётган денгиз флотида фойдаланиши мумкин бўлган муҳим ҳудудларда тижорий порт иншоотларини қурмоқда.
Буларнинг барчаси Пекиннинг материк Хитойни Африка шохи мамлакатлари билан ҳарбий ва тижорат объектлари тармоғи орқали боғлашга қаратилган «марваридлар шодаси» стратегиясининг бир қисмидир.
«Хитойнинг Яқин Шарқдаги ҳамкорлик стратегиясини беозор деб баҳолаш мумкин бўлса-да, аслида у Хитойнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий ва дипломатик таъсирининг кенгайиши билан чамбарчас боғлиқ», дейилади Вашингтондаги Араб маркази ҳисоботида.
Январ ойи ўрталарида Теҳрон ўтган йили имзоланган Хитой билан 25 йиллик Кенг қамровли стратегик ҳамкорлик шартномасини амалга ошириш бошланганини эълон қилган эди.
Шартнома шартларига кўра, Эрон 400 миллиард долларлик сармоявий лойиҳаларнинг ишга туширилиши орқали BRIга жалб қилинади.
Шартнома гўёки тижорий характерга эга бўлса-да, Хитойнинг Эрондаги Жаск ва Чабаҳор портларига сармоя киритиши унинг тез ўсиб бораётган денгиз флоти салоҳиятини янада кенгайтиришга имкон беради.
Яна бир мисолда, Хитой Камбоджа билан ўз ҳарбий-денгиз кучларига ушбу мамлакатдаги базадан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисида махфий битим тузди, деб ёзган WSJ 2019 йилда АҚШ ва унинг иттифоқчилари расмийларига таяниб.
Бу маълумотларни рад этган Хитой ва Камбоджа расмийлари уларни «сохта хабарлар» ва «миш-мишлар» деб атаган.
Аммо ҳозир Хитой Камбоджада фақат ўз ҳарбийларининг фойдаланиши учун яширинча ҳарбий-денгиз иншоотини қурмоқда, деб ёзади 6 июн куни Washington Post Ғарб расмийларига таяниб.
Ўтган йил охирида Америка разведкаси Хитойнинг Халифа портида яширинча ҳарбий базага ўхшаш объект қураётганини фош этгач, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ҳукумати хавотирга тушиб қолган эди.
Амирликлар ҳукумати Халифа портига кираётган тижорий қиёфадаги кемаларнинг аслида Хитой ҳарбийлари разведка маълумотларини йиғиш учун фойдаланадиган кемалар эканлигидан бехабар бўлган, деб ёзган Wall Street Journal (WSJ) нашри ноябр ойида. Бу ҳодисадан кейин қурилиш ишлари тўхтатилган.
Ўтган йил декабр ойида Хитойнинг Экваториал Гвинеяда ҳарбий база қуриш режалари ҳақидаги WSJнинг бошқа ҳисоботига жавобан, Хитойнинг Global Times давлат нашри Пекиннинг хориждаги манфаатлари кенгайиб бораётгани сабабли Халқ озодлик армиясининг айрим олис сув ҳудудларида «плацдармга» эҳтиёжи ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади.
2019 йилги ҳисоботда АҚШ-Хитой иқтисод ва хавфсизликни текшириш комиссияси Пекиннинг BRI лойиҳасини илгари суриши «ҳарбий ҳамкорликни ошириш ҳамда цензура ва кузатув технологияларини экспорт қилишга» қаратилганини таъкидлаган.
«BRI Хитой халқ озодлик армиясининг хориждаги ҳозирлигини кенгайтириш бўйича энг аниқ ташкилий концепцияга айланди», дейилади ҳисоботда.
«Тожикистоннинг 60 фоизи билан солиштирилганда, унинг Хитой олдидаги қарзи умумий ташқи қарзининг атиги 10 фоизини ташкил қилади.». Мамлакат иқтисоди даражасида бу фоиз нисбатида жуда даҳшатли рақамлар.
Жавоб беришФикрлар 3
Хитойдан кредит олаётган ҳукуматлар ўз иқтисодларини чўктиришни ва ўз мамлакатларини Хитойнинг домига юттиришни режалаганлар, деган таассурот пайдо бўлмоқда. Хитой эса ўз ҳарбий базалари ва заҳарли заводлари учун янги ҳудудларни қўлга киритишдан мамнун ва минтақани қуритиб, атроф-муҳитни ифлослантирувчи чиқиндилар билан ўлдириш ниятида.
Жавоб беришФикрлар 3
«Тожикистондан тортиб Покистонгача ва Яқин Шарқдаги мамлакатлар ҳукуматлари Хитой билан бизнес юритиш афзалликларига шубҳа билан қарамоқда.». Улар жуда кеч хулоса қилишибди. Балки ўз иқтисодларини хитойликлардан халос қилишга энди кечдир, чунки у аллақачон Хитойнинг садақаларига ботиб қолган.
Жавоб беришФикрлар 3