ТОШКЕНТ – Кремл қўлловидаги ёлланма жангарилар Москванинг Украинадаги босқинига Марказий Осиё фуқароларини жалб қилишга уринмоқда, деб хабар беради ҳукуматдаги манбалар ва минтақавий ОАВ.
26 июл куни Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги фуқароларни хориждаги қуролли тузилмалар сафига ёлланиш хавфидан огоҳ бўлишга чақирди.
Айрим янгиликлар сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар Россиядаги «юқори маошли» ишларга таклиф қилмоқда», дейилади агентлик баёнотида.
У фуқароларни бундай хабарларга ишонмасликка чақириб, урушга бормоқчи бўлганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Ўзбекистон Жиноят кодексига кўра, хорижий давлатнинг ҳарбий кучлари сафига қўшилиш ёки унинг хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия ёки шунга ўхшаш бошқа идораларида хизмат қилиш – уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бу эълонлар ўзбекларни «Россия ва Украина ўртасидаги можаро ҳудудларига жалб қилишга уринишдир» – агентлик Қирғизистоннинг суриштирувлар билан шуғулланувчи MediaHub ахборот агентлиги ҳисоботига таянган ҳолда шундай тахминни билдирган.
Алдов билан тузоққа илинтириш
17 июл куни нашрнинг YouTube каналида эълон қилинган хабарга кўра, Марказий Осиёликлар Африка, Сурия ва Украинадаги жанговар ҳаракатларда иштирок этгани билан танилган Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ёлловчиларининг нишонига айланмоқда.
Ҳисоботда айтилишича, Россия ХҲКларига ёлловчилар интернетда ойига камида 100 минг рубллик (1600 доллардан ортиқ) маош ҳамда сафар харажатлари компенсацияси ҳақидаги иш эълонларидан алдов йўлида фойданмоқда.
Бу каби «алдов билан тузоққа илинтирувчи» эълонлар ҳам қирғиз, ҳам ўзбек аудиториясига қаратилган.
Иш хусусий қўриқлаш компаниясида экани айтилади – одатда бу қўриқчиликка оид фуқаролик лавозимлари.
Кўрсатилган телефон рақамига қўнғироқ қилинганида, дастлаб эълон қилинган иш ўринлари тугаганини айтишади. Бунинг ўрнига уларга «мукофот пуллари»дан ташқари ойига 240 минг рубл (3907 доллар) эвазига «Украинадаги махсус операция ҳудудида топшириқларни бажариш» билан боғлиқ иш таклиф қилинади.
Сўнг «Россия мудофаа вазирлигига ишловчи» номаълум ташкилот шундан номзоднинг телефонига «ишга ёлланиш» шартларини юборади.
Шартларга кўра, ишга қабул қилинувчи НАТОга аъзо ёки Европа Иттифоқи давлатидан ташқари исталган мамлакат фуқароси бўлиши мумкин ва ёши 24-50 орасида бўлиши лозим.
Кекса номзодлар фақат соғлиғи аъло даражада бўлсагина қабул қилинади. Судланганлиги бор номзодлар алоҳида ҳолатларда кўриб чиқилади.
Шартнома интервьюдан ўтган ёлланувчиларга «мавсумга мос кийимлар ва аслаҳа-анжомлар» ҳамда «ихтисослаштирилган ҳарбий тайёргарлик» ваъда қилинади.
Олти ойдан ортиқ хизмат муддати эвазига, шунингдек, соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олиш имкони ваъда қилинади. «Вазифаларни бажариш»нинг минимал муддати – тўрт ой.
Эълонларда жароҳатланиш ёки ўлим ҳолатларида компенсация тўланиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, лекин ишга янги қабул қилинганлар ўзи истаса, уларнинг ўрнига иш ҳақини олиш учун бошқа шахснинг (масалан, қариндошининг) паспорт маълумотларини тақдим этиши мумкин.
Бу шартларга рози бўлганлар ижтимоий тармоқлардаги барча ҳисобларини ўчириб ташлаши ва видеокамераси йўқ эски телефонлардан фойдаланиши керак.
Россиянинг Краснодар ўлкасидаги кичик аҳоли пункти – Молкинга сафар харажатлари қопланади.
Март ойида Би-би-си ушбу аҳоли пункти яқинида Вагнернинг машғулотлар базаси ва Россия ҳарбийларининг полигони жойлашгани ҳақида хабар берган эди.
«Ҳақиқий хавф»
Украинадаги Россия кучлари сафида Вагнер гуруҳининг 20 мингга яқин ёлланма аскари, жумладан Сурия ва Ливиядан келганлар ҳам жанг қилмоқда, деган эди апрел ойида Европа расмийларидан бири.
Ёлланма жангарилар гуруҳи анчадан бери инсон ҳуқуқларини поймол қилиш ва уруш жиноятларида айблаб келинади.
Ўзбекистонлик мигрантлар Вагнер ишга ёллаётгани ҳақида гап-сўзлар юрганини тасдиқлаганлар.
Россия шаҳарларининг бирида ишлаётган, фамилияси очиқланишини рад этган Ўзбекистон фуқароси Фарҳоднинг Карвонсаройга айтишича, у Россия армияси ёки Украинада жанг қилаётган ХҲКларда хизмат ўтаган меҳнат мигрантларига катта маошлар ва фуқаролик ваъда қилинаётгани ҳақида эшитган.
«Ватандошларимнинг сўзларига кўра, одатда Фарғона водийсидан келган меҳнат мигрантлари орасида бундай таклифларга қизиқувчилар бор», деди у.
«Аммо шахсан ўзим ҳеч қачон у ерга бормайман, ҳатто катта пул ва фуқароликни таклиф қилишса ҳам. Бошқа давлатга қурол билан бориб, бегуноҳ одамларни ўлдириш нега керак?»
Мигрантлар Россия ХҲК ишга ёллаётганини бир-бирларидан эшитмоқдалар, дейди Москвадаги савдо марказларидан бирида ишлайдиган ўзбекистонлик меҳнат мигранти Фахриддин.
«Улар шу тариқа ўзбек ва тожикларни Украинадаги жанговар ҳаракатларга жалб қилишмоқчи. Айтишларича, Ўзбекистондан жанг қилиш учун кетганлар ҳам бор, лекин мен ярадор бўлиб, қайтиб келганларни (ўзбеклар) ҳам эшитдим», дейди у.
Фахриддин ХҲКлар ишга ёлланганларга ваъда қилинган маошларни тўлашига шубҳа қилишини айтади.
«Менимча, улар ёлланма аскарларнинг тирик қайтмаслигига умид қилмоқда», деди у. «Аммо бир нарсани айта оламан: кўплаб меҳнат мигрантлари пул ва фуқаролик эвазига Украинадаги урушга бориш мумкинлигини билади».
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Россияда яшашга мажбур бўлаётган умидсизликка тушган мигрантлар учун Россия ҳарбийларининг ваъдалари жозибали бўлиб кўринади.
Ишга ёлланувчилар учун энг жозибали таклиф – фуқаролик олиш истиқболи, дейди асли ўзбекистонлик мигрантлар ҳуқуқлари фаоли Валентина Чупик.
«Аҳмоқлар кўп, лекин мен билан боғланганларнинг барчаси тушунтиришларимдан кейин [Украинадаги ХҲКга қўшилишдан] бош тортди», деди у.
«Шунчаки одамларни огоҳ қилишимиз, қўлимизда қонун билан бу ваъдаларнинг ёлғонлиги ва бундай шартномаларнинг ҳақиқий хавфини кўрсатишимиз керак.»
Улкан йўқотишлар
Лондондаги Central Asia Due Diligence директори Алишер Илҳомовнинг айтишича, Россия мудофаа вазирлигига ишлайдиган ёлловчиларнинг Марказий Осиёлик мигрантларга нисбатан ҳаракатларни кучайтиргани ҳайратланарли эмас.
«Украинадаги Россия армияси шахсий таркибда катта йўқотишларга учрамоқда», деди у ва «бу йўқотишлар кўлами аллақачон Афғонистондаги Совет қўшинлари талафотидан сезиларли ошиб кетганини» таъкидлади.
Украина ҳарбийларининг сўнгги маълумотларига кўра, 24 феврал куни босқин бошланганидан бери Россия 41500 дан ортиқ аскарини йўқотган.
Ғарб манбалари, одатда, Россиянинг қурбонлари бўйича анча паст – 15000 дан 20000 гача аскар ҳалок бўлгани ҳақида хабар беради.
Россияликларнинг урушга муносабати турлича: кўпчилик «махсус операция»ни оғизда қўллаб-қувватлайди, бироқ улар яхши пул тўланса ҳам фронтга кетишга тайёр эмас, дейди Илҳомов.
Россия раҳбарлари аҳолининг норозилигидан қўрқиб, умумий сафарбарлик эълон қилишдан чўчимоқда, деб қўшимча қилди у.
«Шунга кўра, Россиянинг ўзида давом этаётган кўнгиллиларни ёллаш жараёни йўқотишларни тўлиқ қоплаш учун етарли эмас, бу эса Украинага бостириб киришда эълон қилинган мақсадларга эришилишини шубҳа остида қолдиради», деди у.
«Улар Россияга меҳнат мигрантлари етказиб берадиган ва иқтисоди уларнинг пул ўтказмаларига қарам бўлган Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларига юзланишга мажбур бўлмоқда».
«Россия ҳукумати расмий кучларни қўллай олмаса, шу турдаги бўлинмалардан фойдаланади», дейди қирғизистонлик журналист Одил Турдуқулов. «Мамлакатимизда бу жиноят ҳисобланади... Ўзбек ва қирғиз хавфсизлик хизматлари, биринчи навбатда, шундай фаолиятнинг олдини олишга эътибор қаратиши лозим».
Унинг айтишича, Ўзбекистон меҳнат миграцияси агентлигининг огоҳлантириши тўғри ва ўринли бўлган. Ёлланувчилар нафақат ўз ҳаётларини хавф остига қўяди, балки Марказий Осиё давлатларини ихтиёрсиз равишда уларнинг миллий манфаатларга тўғри келмайдиган урушга тортади.
«Шунинг учун нафақат бундай идоралар, балки ҳуқуқ-тартибот органлари ва махсус хизматлар ҳам алоҳида эътибор билан аҳолининг бу масалалар бўйича хабардорлигини ошириши керак», дейди Турдуқулов.
«Қандайдир реакция – Россия расмийларига қаратилган баёнот ҳам берилиши керак», деб қўшимча қилди у.
Бу ахир Россия қонунларининг бузилиши-ку. Россияда қонунлар қачон ишлаган ўзи?
Жавоб беришФикрлар 6
Уларнинг «ВКонтакте»да расмий саҳифаси бор. Бундай гумонлар нега керак? Кўп мамлакатларда, шу жумладан чет элликларни ёллашга мўлжалланган параллел куч тузилмалари бор.
Жавоб беришФикрлар 6
Меҳнат мигрантлари учун бу катта пул, аммо жанг майдонида бундай кадрлар умуман фойдасиз; улар шунчаки тўп еми.
Жавоб беришФикрлар 6
«Россияликларнинг урушга муносабати икки ёқлама: кўпчилик «махсус операция»ни оғизда қўллаб-қувватлайди, бироқ улар яхши пул тўланса ҳам фронтга кетишга тайёр эмас, дейди Илҳомов.» Заҳарланган мия, заҳарланган оғизлар билан улар урушни сўзсиз ва мутлақо қўллаб-қувватлайдилар; унга қаршилар эса аллақачон Грузия ва бошқа жойларда ўтиришибди.
Жавоб беришФикрлар 6
Ишлаш ва яшаш муҳити расво бўлган Россиядаги оғир меҳнат шароитларидан ўзини ҳимоя қилишга уриниб қочганларнинг ҳаммаси озод бўлди; энди улар бирор нарса қилишлари керак, шунинг учун кетишяпти.
Жавоб беришФикрлар 6
«БКА» – «Бир кампир айтди» агентлиги
Жавоб беришФикрлар 6