Карвонсарой
Энергия

ЕТТБ Қозоғистонга Россияни четлаб ўтувчи Транскаспий юк маршрутини йўлга қўйишга ёрдам бермоқчи

Канат Алтинбаев

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Қозоғистон темир йўлларининг маҳаллий облигацияларини чиқаришга 50 миллиард тенге (105 миллион доллар) сармоя киритмоқчи. [ЕТТБ]

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Қозоғистон темир йўлларининг маҳаллий облигацияларини чиқаришга 50 миллиард тенге (105 миллион доллар) сармоя киритмоқчи. [ЕТТБ]

ОЛМАОТА – Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Москванинг Украинага босқини ортидан Қозоғистонга Россияни четлаб ўтувчи муқобил юк ташиш маршрутларини йўлга қўйишда ёрдамлашмоқчи.

24 февралда бошланган босқин туфайли Ғарбнинг Россияга қарши санкциялар жорий қилиши ортидан минтақада савдо қийинлашган.

ЕТТБ Қозоғистоннинг миллий темирйўл оператори «Қозоғистон Темир Жоли» (ҚТЖ)га 50 миллиард тенге (105 миллион АҚШ доллари) сармоя киритмоқда, деб хабар беради банк 25 июл кунги баёнотида.

«Ушбу инвестиция Қозоғистоннинг давлатга қарашли темирйўл операторига ўз балансини қайта тизимлаш ҳамда инқирозга қарши чоралар, жумладан, пандемия ва давом этаётган геосиёсий муаммолар оқибатларини бартараф этиш учун транзит юк ташиш фаолиятини қайта ташкил этиш чораларини кўришга ёрдам беради», дейилади унда.

Санасиз суратда Каспий денгизи бўйида жойлашган Қозоғистоннинг Оқтов порти акс этган. У Транскаспий йўналишидан ўтувчи юкларни қабул қилади. [Оқтов порти матбуот хизмати]

Санасиз суратда Каспий денгизи бўйида жойлашган Қозоғистоннинг Оқтов порти акс этган. У Транскаспий йўналишидан ўтувчи юкларни қабул қилади. [Оқтов порти матбуот хизмати]

Россиянинг Новороссийск шаҳридаги Каспий қувури консорсиумининг (КҚК) 2-порт терминали, санасиз сурат. Бу ерда Қозоғистон нефти Европага борувчи танкерларга юкланади. [КҚК матбуот хизмати]

Россиянинг Новороссийск шаҳридаги Каспий қувури консорсиумининг (КҚК) 2-порт терминали, санасиз сурат. Бу ерда Қозоғистон нефти Европага борувчи танкерларга юкланади. [КҚК матбуот хизмати]

ЕТТБ Қозоғистон фонд биржасида рўйхатга олинган миллий валютадаги облигацияларни чиқариш орқали инвестиция киритади.

16 минг километрлик темир йўллар, 1720 дан ортиқ локомотив, 46200 та юк вагонини бошқарадиган ҚТЖ Ўрта йўлак бўйлаб темирйўл контейнерлари транзити учун муҳим инфратузилмани замонавийлаштиришда ЕТТБ ажратган сармоядан фойдаланади.

Яқингача Хитой ва Европа Иттифоқи ўртасидаги юк ташиш операцияларнинг 95 фоизи Россиядан ўтувчи Шимолий коридор бўйлаб амалга оширилган, деб хабар берган ЕТТБ.

Ҳозир эса Россиянинг иқтисодий иҳоталаниши сабабли Қозоғистонни Каспий денгизи орқали Озарбайжон, Грузия ва Туркия билан боғловчи Ўрта йўлак муҳим ўрин эгалламоқда.

Хорижий юк ташувчилар Шимолий коридорга муқобил йўлларни излаётгани сабабли Ўрта йўлак орқали ўтувчи транспортга талаб кучайган.

Минтақавий ва халқаро алоқа

«ЕТТБ Қозоғистон темир йўлларининг маҳаллий облигацияларига сармоя киритиб, йирик маҳаллий компаниянинг барқарорлигини яхшиламоқда», дейилади баёнотда.

«Шунингдек, у минтақавий, халқаро алоқа ва савдо хавфсизлигини яхшилашга ҳисса қўшади, чунки Ўрта йўлак Хитой ва Европа ўртасида темир йўл орқали юк ташиш учун камёб реал муқобиллардан бирини таклиф этади.»

Юк ташувчи вагон кемадан икки карра тез бўлган Транскаспий халқаро транспорт йўли номи билан ҳам танилган Ўрта йўлаги орқали Хитойдан Европага ўртача 20-25 кунда ўтиши мумкин.

Темирйўл транспорти сўнгги йилларда тобора жозибадор бўлиб бормоқда, аммо унинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун сармоя талаб қилинади.

Шу мақсадда Қозоғистон Ўрта коридордаги транзит мамлакатлар билан алоқани кучайтириб келмоқда.

Май ойида Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт-Тўқаев Анқарага ташриф буюриб, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан шу масалани муҳокама қилган. Туркийзабон бу икки давлат алоқаларини кучайтиришга содиқликларини таъкидлашган.

Жорий йилда Қозоғистон Каспий денгизидаги Оқтов порти негизида контейнер марказини ишга тушириш лойиҳасини амалга ошира бошлаган. Бугунги кунда Қозоғистондаги ушбу порт ўз қувватининг чорак қисмидан ҳам фойдаланмаяпти.

Контейнер маркази Ўрта йўлак бўйлаб ўтувчи юк оқимини оширади.

Лойиҳанинг тахминий қиймати 10 миллиард тенгедан (23 миллион доллар) ошади. Шунингдек, ҳукумат жорий йил охиригача юк ташиш учун контейнерлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўймоқчи.

Қозоғистон Каспий денгизида ҳаракатланадиган ўзининг тўртта паромини қуради, деб маълум қилган Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири Қайирбек Ускенбаев апрел ойида ўз Телеграм-каналида.

Маҳаллий экспортчилар маҳсулотларни ташиш учун Озарбайжон кемаларидан фойдаланади.

Россия билан ришталарни узиш «имконияти»

Россия ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар Москванинг Украинага босқини туфайли кескинлашган.

Қозоғистон ҳам шимолий қўшнисининг тажовузини қўллаб-қувватлашдан бош тортди, ҳам Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларига риоя қилиш мажбуриятини олди, бу эса Москванинг ғазаби ва ўч олишига сабаб бўлди.

Кремл Нур-Султонга босим ўтказиш мақсадида Қозоғистон нефтини Европага ташувчи Каспий қувури консорциуми (КҚК) қувури фаолиятини шу йилнинг ўзида уч марта тўхтатди.

«Россия ҳар сафар КҚК денгиз терминали об-ҳаво ёки Иккинчи жаҳон уруши давридаги миналарни зарарсизлантириш учун ёпилганини айтди, аммо булар ўйлаб топилган баҳоналар», дейди Қозоғистон пенсия жамғармалари ассоциациясининг собиқ раиси, иқтисодчи Айдар Алибаев.

«Асл сабаб эса бу мамлакатларнинг Украина инқирози бўйича турли қарашларга эга экани эди».

Россия билан бундай шартларда савдо қилиш Қозоғистон учун манфаатли эмас. Россия фақат ўз иқтисодиётининг фойдаси учун рубл курсини манипуляция қилмоқда, деди Алибоев.

«Рубл ва тенге билан боғлиқ вазият бозордаги воқеликни акс эттирмайди, валюта курси Қозоғистонга қарши ишлайди, чунки қозоғистонлик тадбиркорлар учун Россияда маҳсулотлар сотиб олиш ёки у ерга экспорт қилиш манфаатли эмас», деди у.

Россиядаги иқтисодий инқироз қозоғистонликларнинг харид қобилиятига ҳам зарба бермоқда, деди у. «Инфляция ошгани сайин Қозоғистонда истеъмол савати ҳам сифат, ҳам танлов нуқтаи назаридан кичрайиб бормоқда».

Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, яқин йилларда Қозоғистон Россия билан яқин иқтисодий алоқалардан воз кечиб, жаҳон ҳамжамияти билан савдони кенгайтиришга эътибор қаратади.

«Бу шахсий масала эмас, шунчаки бизнес», дейди Қозоғистон миллий тадбиркорлар палатаси аъзоси, Нур-султонлик Ермек Сиздиқов.

«Биз ўз иқтисодиётимизни чўктира олмаймиз ёки қилмаган ишларимиз учун жавобгарликни ўз зиммамизга ололмаймиз», деди у.

Ҳозирда Европа энергетика бозорида Қозоғистон учун янги имкониятлар пайдо бўлмоқда, бу эса қисман бўлса-да асосий етказиб берувчи – Россиянинг ўрнини босишга имкон беради, унинг изоляцияси келажакда янада кучаяди, деди Сиздиқов.

«Бундай имконият камдан-кам бўлади, биз уни қўлдан чиқара олмаймиз», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россияни айланиб ўтувчи бу йўналиш фақат Қозоғистон учунгина манфаатли эмас.

Жавоб бериш