ДУШАНБЕ – АҚШ ҳарбийлари ва уларнинг бир қанча Марказий Осиёлик ҳамкасблари шу ҳафта Тожикистон мезбонлигида минтақавий ҳамкорликни яхшилашга қаратилган машқларни бошладилар.
Душанбеда АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) ҳомийлигидаги «Минтақавий ҳамкорлик 2022» (МҲ 22) ҳарбий машғулотлари чоршанба (10 август) куни бошланди ва 20 августга қадар давом этади, дейилади АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси баёнотида.
«Минтақавий ҳамкорлик 2022» доирасида АҚШ, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Покистон ва Ўзбекистондан келган қатнашчилар олти кунлик қўмондонлик-штаб машғулотларида иштирок этадилар.
Шунингдек, Тожикистон ва Қўшма Штатлар Фахробод ўқув марказида беш кунлик икки томонлама дала машғулотларини ўтказади.
«Машқ хавф туғдирмайдиган муҳитда ҳодисаларни мувофиқлаштириш, синхронлаштириш ва уларга чора кўриш имконини беради», дейилади хабарда.
Машқлар минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган ва халқаро тинчлик операциялари ва ахборот алмашишда минтақавий мудофаа кучларини ривожлантиришга ёрдам беради, деб қўшимча қилди у.
«Минтақавий ҳамкорлик 22» Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари иштирокидаги АҚШнинг энг йирик ҳарбий машғулотлари сифатида минтақадаги ҳамкорларимиз билан муносабатларни мустаҳкамлаш учун мислсиз имкониятдир», деди АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммершайм иштирокчиларни қутлар экан.
«Машқлар долзарб минтақавий муаммоларни ҳал қилиш жумладан, глобал муаммоларга тинч йўл билан жавоб бериш, ахборот алмашинуви ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик учун форум бўлиб хизмат қилади», деди у.
Минтақавий ҳамкорлик
Ҳамкорлар 2004 йилдан бери бу машғулотларга навбатма-навбат мезбонлик қилиб келганлар, фақат COVID-19 пандемияси сабабли 2020 йил бундан мустасно бўлган.
Ҳар йилги анъанавий машқлар ўтган йили АҚШнинг Монтана штатида ўтказилган эди.
«Шериклик муносабатларини кўришдан жуда мамнунман», деган эди ўшанда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари генерал-майори Жон Хронек.
«Миллат каби шаклланишимиз ва ҳамкорликни қандай ўрнатишимиз ҳақида ўйлар эканмиз, бу машқлар биз учун жуда аҳамиятли.»
«Минтақавий ҳамкорликда шунга амин бўлдимки, ҳар биримиз ниманидир ўргата оламиз ва ҳар биримиздан ўрганиладиган нарсалар бор», деган эди ўтган йили машғулотларнинг асосий режасини тузган АҚШ денгиз пиёдалари корпуси подполковниги Ричард Викс.
«Ҳеч қайси мамлакат ҳамма жабҳада энг яхши кўрсаткичларга эга бўла олмайди. Минтақавий ҳамкорлик каби машғулотлар ҳақиқатда ҳам биргаликда ишлаш, бир-бирининг кучли томонларини ўрганиш учун ғоялар алмашинувига имкон яратади.»
Бу йил Тожикистон ва Ўзбекистоннинг Термизда қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказгани минтақадаги яқин алоқалар кучайиб бораётганига мисол бўлади ва бу ғояни янада мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, «Ҳамдўстлик-2022» машғулотлари 4-10 август кунлари бўлиб ўтган.
Машқлар асосан икки давлат чегарасига ҳужумни қайтаришни симуляция қилишга қаратилган бўлиб, у «пулемётчилар, танклар, артиллерия ва бошқа жанговар бўлинмаларнинг аниқ зарбалари натижасида йўққа чиқарилган».
Тожикистон Мудофаа вазири генерал-полковник Шерали Мирзо ўзбекистонлик ҳамкасби генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов билан ҳарбий соҳага оид масалаларни муҳокама қилиш учун 9 август куни Тошкентга келди.
Қурбонов «Ўзбекистон ва Тожикистон республикалари ўртасида дўстона муносабатлар ўрнатилганини алоҳида таъкидлар экан», бу алоқаларнинг янада кенгайишига «ишонч билдирди», дейилади вазирлик хабарида.
Томонлар сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардан тортиб, мудофаа ва хавфсизлик масалаларигача бўлган турли йўналишларга доир ҳамкорликни алоҳида қайд этдилар ва тожикистонлик ҳарбий хизматчиларни Ўзбекистон муассасаларида ўқитиш бўйича шартнома имзоладилар.
Хавфсизлик бўйича ҳамкорлар
Қўшма Штатлар чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда терроризм ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашда Тожикистон қуролли кучлари, чегара қўшинлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мунтазам ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Бу ёрдам нафақат тажриба алмашиш, балки инфратузилма яратиш ва техник воситалар, жумладан, алоқа ва транспорт воситалари билан таъминлашни ҳам ўз ичига олади.
2021 йилги ҳисоб-китобларга кўра, Қўшма Штатлар 1992 йилдан бери Тожикистон хавфсизлик секторига 330 миллион доллардан (3,7 миллиард сомоний) ортиқ ёрдам кўрсатган.
CENTCOM қўмондони генерал Майкл «Эрик» Курилла июн ойида Душанбеда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашиб, АҚШ-Тожикистон хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилди, дейилади Раҳмоннинг расмий сайтида.
АҚШ ва Тожикистон делегациялари Америка-Тожикистон алоқаларини, айниқса, ҳарбий ва хавфсизлик масалаларида кенгайтириш имкониятини кўриб чиқдилар.
Шунингдек, минтақавий ва халқаро вазият, терроризм, наркотрафик ва бошқа трансмиллий жиноятларга қарши кураш масалалари муҳокама қилинди.
Тожикистонга ташрифидан аввал Курилла бошқа икки постовет давлати – Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳам музокара ўтказган.
Россия ғазабда.
Жавоб беришФикрлар 3
Ҳамкорликка оидми-йўқми, лекин ҳимоя учун бу муносабатлар жуда керак.
Жавоб беришФикрлар 3
Минтақанинг иқтисодий тараққиёти ва ҳимояси учун бирлашув зарур. Ички ҳамжиҳатликни ва савдо йўлларини ривожлантириш мақсадга мувофиқ.
Жавоб беришФикрлар 3