Карвонсарой
Хавфсизлик

Украинадаги Россия кучлари аянчли «техник мушкулотлар» гирдобида қолиб кетмоқда

Карвонсарой ва AFP

Қримга келган россиялик сайёҳлар 9 август куни ярим оролдаги Россия ҳарбий базасида содир бўлган портлашлардан шокка тушганлар. [Файл]

Қримга келган россиялик сайёҳлар 9 август куни ярим оролдаги Россия ҳарбий базасида содир бўлган портлашлардан шокка тушганлар. [Файл]

Сўнгги ҳафталарда ҳарбий куч, жанговар руҳ ва таъминот йўллари билан боғлиқ муаммолар янги даражага кўтарилар экан, Украинадаги Россия ҳарбийлари аянчли муваффақиятсизликларга дуч келишда давом этмоқда.

Ўтган сешанба (9 август) куни Россия тарафидан аннексия қилинган Қримдаги Саки аэродромида рўй берган портлашлар ортидан россиялик ҳарбийларнинг тобора кучайиб бораётган муаммолари ва уларни яшириш йўлидаги уринишлари ошкор бўлди.

Бир қатор кучли портлашлар авиабазани ларзага келтириб, унга сезиларли зиён етказди, камида тўққизта қирувчи самолёт йўқ қилинди, аммо Россия бу бахтсиз ҳодиса эканлигини иддао қилмоқда.

Россия мудофаа вазирлиги портлашлар сабабини аниқлашга ҳаракат қилаётганини, бироқ аэродромга ҳужум қилинмаганини билдирган.

10 август куни сунъий йўлдошдан олинган суратларда Қримнинг Новофедоровка шаҳридаги Саки авиабазасига уюштирилган ҳужум оқибатлари акс этган. [Maxar Technologies/Twitter]

10 август куни сунъий йўлдошдан олинган суратларда Қримнинг Новофедоровка шаҳридаги Саки авиабазасига уюштирилган ҳужум оқибатлари акс этган. [Maxar Technologies/Twitter]

30 март куни Украина қўшинлари Харков шарқидаги Малая Роган қишлоғини қайтариб олганидан кейин ерда ётган рус аскарлари жасадлари олдидан ўтаётган украиналик аскар. [Фадел Сенна/AFP]

30 март куни Украина қўшинлари Харков шарқидаги Малая Роган қишлоғини қайтариб олганидан кейин ерда ётган рус аскарлари жасадлари олдидан ўтаётган украиналик аскар. [Фадел Сенна/AFP]

«Бу бахтсиз ҳодиса бўлиши учун тўрт ёки беш киши бир жойга сигарет ташлаши ёки бомбаларни болға билан уриши керак эди – бунинг эҳтимоли жуда кам», деди таҳлилчи Оливер Александр AFPга.

Bellingcat журналистик cуриштирув гуруҳи асосчиси Элиот Хиггинснинг айтишича, суратларда учта кратер ва «база бўйлаб катта ёнғин чиққанини» кўриш мумкин.

«Ушбу кратерларнинг яна бир талқини шуни кўрсатадики, бу узоқ масофали ўқ-дориларнинг аниқ зарбалари», деб ёзади у Твиттерда.

«Мен Россиянинг бир кунда бу қадар кўп ҳаво кучларини йўқотгани билан боғлиқ бирор ҳолатни эслай олмайман. Улар Украинанинг бошқа жойлар, хусусан, (Қрим ва Россияни боғловчи) Керч бўғози кўпригида шунга ўхшаш зарбалар бериш салоҳиятидан жиддий хавотирда бўлишса керак», деди Хиггинс.

Исми ошкор этилмаслик шарти билан New York Times ва Washington Post нашрларига сўзлаган украин расмийлари бу портлашлар ортида Украина турганини айтганлар, бироқ Киев кучлари бу ҳақда жамоатчиликка расман баёнот бермаган.

Украина ҳарбийлари Россиянинг «техник қийинчиликларини» киноя билан изоҳлаб, уларга рухсат этилмаган жойларда чекканлар сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди.

Чоршанба куни эрталаб Украина президенти Владимир Зеленскийнинг маслаҳатчиси Михайло Подоляк Твиттерда «Россия ҳарбийлари Қрим ва Беларус ҳарбий аэродромларидаги техник авариялар эпидемиясини огоҳлантириш ўлароқ қабул қилиши кераклигини» ёзган.

«Украинани эсдан чиқаринглар, формани ечинглар ва кетинглар... Қаерда бўлсангиз ҳам карма сизни топиб олади», деб ёзади у.

Россия Украинага ҳужум қилиш учун 2014 йилда ноқонуний равишда аннексия қилинган Қрим ярим оролидан асосий база сифатида фойдаланди.

Аммо Қрим камдан-кам ҳолларда нишонга олинган – бу уруш авжига чиққани ва феврал ойида Украинага бостириб кирганида Россиянинг бу ҳудудини заиф деб ҳисобламаган рус армияси учун улкан муваффақиятсизликни англатган бўларди.

Сўнгги ҳафталарда Ғарбдаги иттифоқчиларидан юқори ҳаракатчанликдаги артиллерия ракета тизимлари (HIMARS) кела бошлаганидан бери, Украина армияси Россия назорати остидаги ҳудудлардаги нишонларга чуқурроқ зарба бермоқда.

Россия мудофааси қаерда жойлашган?

Саки авиабазасининг йўқ қилиниши Россия Украинага бостириб кирганидан беш ой ўтганидан кейинги яна бир шармандали фактни урғуламоқда: анчайин каттароқ ва гўёки яхши қуролланган агрессор ҳавода устунликка эга бўлолмаган ёки ракетага қарши ишончли мудофаа тизимини ўрнатмаган.

Украина самолётлари ҳали ҳам ҳаводаги устунлик учун кураш олиб бормоқда, зеро Украина қўшинлари Россия самолётларини уриб туширган, (Сакида бўлгани каби) уларни қуруқликда йўқ қилган ва Россиянинг зенит-ракеталарини портлатган, бу ҳақда қатор ОАВ, жумладан, Newsweek июл ойида хабар қилган эди.

Пентагон маълумотларига кўра, HIMARS русларни ҳаводаги устунликдан маҳрум қилишда муҳим рол ўйнаган.

Агар ҳақиқатан ҳам Украина Сакига ҳужумда ракеталарни ишга солган бўлса, база атрофидаги ҳаво ҳужумига қарши ракета батареялари фойда бермаган бўлиб чиқади.

«Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими яна муваффақиятсизликка учрагани аҳамиятли. Бу русларнинг юқори классдаги нишони эканлигини унутманг», деб ёзган британиялик ҳарбий таҳлилчи Тимоти Эш ўтган сешанба куни ўз блогида.

Урушга кирар экан, Россиянинг қуроллари аллақачон бутун дунёнинг ҳафсаласини пир қилди. Украинадаги бу каби яққол муваффақиятсизликлар ушбу қуролларнинг шундоқ ҳам заиф обрўсини янада тушириб юборди.

2020 йилда Туркия ва Исроилнинг учувчисиз учар қурилмаларидан фойдаланган кучлар Тоғли Қорабоғ (Озарбайжон), Сурия ва Ливиядаги Россия томонидан қуроллантирилган душманларни тор-мор қилган эди.

Элементар уқувсизлик бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Апрел ойида Россиянинг «Москва» ҳарбий кемасини Қора денгизда чўктириб юборган Украинанинг бу муваффақиятига «Москва» экипажининг ракетага қарши мудофаа радарларини ёқиб қўймагани сабаб бўлган, деб ёзди апрел ойида АҚШ Ҳарбий-денгиз институти.

Таъминот йўллари узилиб қолган

Сўнгги ҳафталарда Россиянинг таъминот йўналишлари билан боғлиқ муаммолари ҳам ошкор бўлди.

Якшанба куни Украинанинг маълум қилишича, Жанубий Херсон вилоятидаги ҳужуми чоғида Днепр дарёсидан ўтган рус қўшинлари стратегик кўприклар ўққа туттлганидан сўнг оғирлашиб бораётган қийинчиликларга дуч келган.

Бу ҳудудда Россия назорат қиладиган учта: иккитаси автомобил қатновига мўлжалланган, яна бири темир йўл ўтган кўприк сўнгги ҳафталарда бир неча бор бомбардимон қилинган.

Маҳаллий депутат Сергей Хланнинг Украина телевидениесига маълум қилишича, Россия аскарлари учун дарёдан ўтишнинг ягона йўли Антоновский кўприги яқинидаги понтонлар бўлиб, улар «россияликларнинг эҳтиёжларини тўлиқ қондира олмайди».

Вилоят пойтахти Херсон фронт чизиғидан атиги бир неча километр узоқликда жойлашган. Херсон деб аталадиган кенгроқ минтақа эса Украина қишлоқ хўжалигида муҳим ўрин тутади.

У Қримга қўшни бўлгани учун стратегик аҳамиятга эга.

Украина кучлари мамлакат жанубида бир неча ҳафтадан бери секин-аста қарши ҳужум олиб бораётганини айтмоқда.

Киевга кўра, ўнлаб қишлоқлар Россия аскарларидан қайтариб олинган.

Эсанкиратувчи талафотлар

Россиянинг сўнгги умидсизликлари Украинадаги урушда катта талафотлар бераётгани ҳамда қамоқхоналардаги маҳбуслар ва Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларини аскарликка ёллашга уринишлари билан боғлиқ.

Бу Иккинчи жаҳон урушидан бери Европадаги энг йирик босқин бўлса-да, дастлаб Россиянинг 160 минглик армияси украиналик ҳимоячилардан унча кўп эмас эди. Ҳарбий доктринага кўра, босқинчилар ҳимоячилардан учга бир нисбатда кўпроқ бўлиши керак.

Низонинг илк ҳафталарида Украинанинг тарқоқ қўшинлари НАТОнинг кўп йиллик машғулотлари, шунингдек, Ғарб иттифоқчиларидан танкларга ва ҳаво ҳужумига қарши қуролларни қабул қилгани сабабли рақибига катта талафот етказа олди.

Ўшандан бери Россия қўшинлари сафида берилган қурбонлари сони ортиб бормоқда.

Россия фақат икки марта қурбонлар сонини расмий равишда эълон қилган бўлиб, (охирги марта 25 март куни) уларнинг сони 1351 кишини ташкил этди, таҳлилчилар бу рақамларни жуда паст деб ҳисоблайди.

Украина ҳарбийларининг сўнгги маълумотларига кўра, Россия 43750 та аскар йўқотган.

Ғарб манбалари Россиянинг қурбонлари ҳақида одатда анча паст рақамларни кўрсатади – уларга кўра, 15000 дан 20000 гача аскар ҳалок бўлган.

8 август куни юқори мартабали АҚШ мулозими Украинада феврал ойи охирида уруш бошланганидан бери 80 мингга яқин россиялик ҳалок бўлгани ёки жароҳатлангани ҳақидаги тахминларни билдирган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Украина армиясига шон-шарафлар!!!

Жавоб бериш

Қрим Украина қўшинлари учун ўққа тутиладиган полигонга айланди, Россия эса ҳеч нарса қила олмаяпти.

Жавоб бериш