Карвонсарой
Хавфсизлик

КХШТ ҳарбий машғулотлари Марказий Осиёни реал таҳдидларга тайёрлай олмади

Канат Алтинбаев

2019 йил 21 октябр куни Тожикистоннинг «Ҳарб майдон» полигонида «Мустаҳкам биродарлик» машқлари бўлиб ўтди. Танклар ва зирҳли техника каби қиммат транспортлар иштирокидаги бундай харажатли машғулотлар таҳлилчиларда шубҳа уйғотади, улар минтақада кенг кўламли назарий урушлардан кўра, бошқа муаммолар борлигини таъкидлайдилар. [КХШТ матбуот хизмати]

2019 йил 21 октябр куни Тожикистоннинг «Ҳарб майдон» полигонида «Мустаҳкам биродарлик» машқлари бўлиб ўтди. Танклар ва зирҳли техника каби қиммат транспортлар иштирокидаги бундай харажатли машғулотлар таҳлилчиларда шубҳа уйғотади, улар минтақада кенг кўламли назарий урушлардан кўра, бошқа муаммолар борлигини таъкидлайдилар. [КХШТ матбуот хизмати]

ОЛМАОТА – Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ўтказаётган ҳарбий машғулотлар замонавий хатарлар ва Москванинг Украинага босқини фонида маънисиз бўлиб бормоқда, дейди таҳлилчилар.

Сўнгги ойларда таркибига Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон кирувчи КХШТ «ташқи таҳдидларга» тайёргарлик кўриш машғулотларни кўз-кўз қилиб келмоқда.

2-5 август кунлари Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида КХШТ тарафтидан ташкиллаштирган «Кобалт-2022» машғулотларида ташкилотга аъзо давлатларнинг тезкор ҳаракат кучлари ва Ички ишларнинг махсус бўлинмалари қатнашган.

«Машғулотларга 500 га яқин хизматчилар, зирҳли техника, тактик артиллерия, махсус транспорт воситалари, учувчисиз учар қурилмалар, исковуч итлар жалб қилинди», дейилади КХШТнинг расмий баёнотида.

5 август куни КХШТ Қирғизистон дурдонаси бўлмиш Иссиқкўлда «Кобалт-2022» ҳарбий машғулотларини ўтказди. [КХШТ]

5 август куни КХШТ Қирғизистон дурдонаси бўлмиш Иссиқкўлда «Кобалт-2022» ҳарбий машғулотларини ўтказди. [КХШТ]

КХШТ бўлинмасининг россиялик аскарлари Қозоғистонда, 19 январ. Жорий йил бошида КХШТ Қозоғистонга ҳукуматни ҳимоялаш учун аскарлар юборган эди. [КХШТ матбуот хизмати]

КХШТ бўлинмасининг россиялик аскарлари Қозоғистонда, 19 январ. Жорий йил бошида КХШТ Қозоғистонга ҳукуматни ҳимоялаш учун аскарлар юборган эди. [КХШТ матбуот хизмати]

КХШТ шунингдек, октябр ойида Қозоғистонда яна учта машғулот ўтказишни режалаган: қўшма тезкор ҳаракат кучлари учун «Ҳамкорлик-2022», разведка кучлари ва воситалари учун «Қидирув-2022» ва логистика бўлинмалари учун «Эшелон-2022».

КХШТнинг навбатдаги «Чегара-2022» машғулотлари Тожикистонда бўлиб ўтади ва «ташқи ҳарбий таҳдидни қайтариш» учун тоғли ҳудудлардаги ҳарбий операцияларни такомиллаштиришга қаратилган.

Тожикистонда бўлиб ўтажак машқларнинг санаси аниқ эмас.

Россия КХШТга аъзо давлатлар ҳудудида мунтазам равишда ҳарбий машғулотларни ўтказади ва Тожикистон ҳамда Қирғизистон каби Марказий Осиё мамлакатларида ўз ҳарбий базаларига эга.

Аммо муаммо юзага келганида, у камдан-кам ҳолларда ёрдамга келади. Мисол учун, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида 2021 йил апрел ойида мунозарали чегара ҳудуди сабабли келиб чиққан инқирозда ҳеч қандай ёрдам бермаган.

КХШТнинг ҳақиқий мақсади минтақани ҳимоя қилишдан кўра, бошқа аъзо мамлакатлар устидан Россиянинг ҳарбий таъсирини ва назоратини кенгайтириш , дейди танқидчилар.

Ҳақиқий таҳдидларга эътиборсизлик

Марказий Осиё мамлакатлари катта урушлар, босқинларга тайёрланишдан кўра, ўзлари дуч келаётган муаммоларни ўйлаши керак, дейди кузатувчилар.

КХШТнинг сўнгги ҳаракатлари минтақа Россия-Украина уруши фонида дуч келаётган янги муаммоларни ҳал қила олмайди, дейди Orbita.kg янгиликлар порталининг хавфсизлик бўйича таҳлилчиси ва шарҳловчиси, бишкеклик Қасибек Жолчуев.

Россия 24 феврал куни Украинага бостириб кирган эди.

« Россиянинг Украинага ҳужуми ва Ғарб санкциялари туфайли халқ қашшоқлашиб бормоқда. Маҳаллий радикаллашув жараёни ҳам бошланган», дейди Жолчуев Карвонсарой нашрига.

Таъминот занжирининг узилиши сабабли Марказий Осиёда савдо зарар кўрган, ишсизлик ўсиб бормоқда ва харид қобилияти пасаймоқда, деб таъкидлади у.

Ижтимоий-иқтисодий вазият ёмонлашиб борар экан, ижтимоий муаммолардан фойдаланиб қолмоқчи бўлаётган радикал ҳаракатлар кучаймоқда, дейди у.

«Биз ҳақиқий ички муаммоларни ҳал қилишимиз керак. Масалан, яширин бузғунчи ҳаракатларни аниқлаш ва кузатиш, ёлловчиларни қўлга олиш учун кўпроқ ишлашимиз керак, ресурс ва кучларимизни шамол билан курашишга сарфламаслигимиз зарур», деб айтган Жолчуев.

Тошкентдаги «Билимлар карвони» таҳлил маркази раҳбари Фарҳод Толипов ҳам Россия етакчилигидаги КХШТнинг маънисиз экани ва минтақавий ҳамкорликни кучайтириш кераклигини таъкидлайди.

«Ўзбекистонга КХШТ керак эмас ва у мазкур ҳарбий блокка қўшилмоқчи эмас», деб айтган у. «Агар ташқи таҳдид юзага келса, уни ҳал қилишга кучимиз етади.»

Бунинг ўрнига Марказий Осиё давлатлари 30 йил давом этган мустақиллик йилларида етарлича ривожланмаган минтақавий интеграцияга интилишлари лозим, деб айтган Толипов.

«Биз ўзимизнинг умумий сиёсий ва иқтисодий маконимизни яратишимиз керак, умумий ташқи сиёсатимизни ривожлантиришимиз, кучли ва яхлит минтақага айланишимиз керак», дейди Толипов.

Ўзгача мисол

КХШТ машғулотларидан фарқли равишда бу ой бўлиб ўтган АҚШ етакчилигидаги ҳарбий машқлар минтақавий интеграция ва ҳақиқий таҳдидлар билан курашишга қаратилган.

Душанбеда АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) ҳомийлигидаги «Минтақавий ҳамкорлик 2022» (МҲ-22) ҳарбий машғулотлари чоршанба (10 август) куни бошланди ва 20 августга қадар давом этади, дейилади АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси баёнотида.

«Минтақавий ҳамкорлик 2022» доирасида АҚШ, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Покистон ва Ўзбекистондан келган қатнашчилар олти кунлик қўмондонлик-штаб машғулотларида иштирок этадилар.

Шунингдек, Тожикистон ва Қўшма Штатлар Фахробод ўқув марказида беш кунлик икки томонлама дала машғулотларини ўтказади.

«Машқ хавф туғдирмайдиган муҳитда ҳодисаларни мувофиқлаштириш, синхронлаштириш ва уларга чора кўриш имконини беради», дейилади хабарда.

Машқлар минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган ва халқаро тинчлик операциялари ва ахборот алмашишда минтақавий мудофаа кучларини ривожлантиришга кўмаклашади, деб қўшимча қилди у.

«Минтақавий ҳамкорлик 22» Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари иштирокидаги АҚШнинг энг йирик ҳарбий машғулотлари сифатида минтақадаги ҳамкорларимиз билан муносабатларни мустаҳкамлаш учун мислсиз имкониятдир», деди АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммершайм иштирокчиларни қутлар экан.

«Машқлар долзарб минтақавий муаммоларни ҳал қилиш жумладан, глобал муаммоларга тинч йўл билан жавоб бериш, ахборот алмашинуви ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик учун форум бўлиб хизмат қилади», деди у.

Ғазабнок Москва

Марказий Осиё давлатларининг ўзи эса Россияни четга cуриб, Россия оммавий ахборот воситаларининг ғазабини келтирган ҳолда ҳамжиҳатликда иш юритмоқда.

Июл ойида Қирғизистонда (Россия расмийларининг иштирокисиз) ўтган саммитда Марказий Осиё давлатлари минтақавий муаммолар бўйича ҳамкорлик қилиш истагининг энг сўнгги намунасини кўрсатдилар.

20-21 июл кунлари Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 4-маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди, унда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди.

Томонлар тўпланиб қолган долзарб муаммоларни, жумладан, минтақавий хавфсизлик таҳдидлари, иқлим ўзгариши, чегара муаммолари, экстремизм ва Афғонистондаги вазиятни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилдилар.

Саммит якунлари бўйича Нур-Султон, Бишкек ва Тошкент ўртасида XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Душанбе ва Ашхобод келишувни қўллаб-қувватлади, бироқ улар «барча ички тартиб-таомиллар якунланганидан кейин» имзоланишини айтди.

Якуний ҳужжатда мамлакатлар келажакда хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, транзит ва логистика учун ҳудудий инфратузилма, атроф-муҳит ва бошқа кўплаб соҳалар билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал қилишда беш томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги келишувларни мустаҳкамладилар.

Марказий Осиё етакчиларининг Россия назоратисиз ўз муаммоларини муҳокама қилишга журъат этгани Москвани ғазаблантирган кўринади.

Санкт-Петербург давлат университетининг Марказий Осиё ва Яқин Шарқ бўйича мутахассиси, профессор Александр Князев 18 июл куни Россиянинг «Независимая газета» нашрида чоп этилган интервьюсида минтақавий саммитлар «рамзий аҳамиятга» эга экани, аммо уларда «амалий самарадорлик» йўқлигини таъкидлаган.

Худди шу мақолада Россиянинг этно-миллий стратегиялар агентлиги директори Александр Кобринский гўёки Россиянинг ўрнини босиб бўлмаслиги ҳақида жар солган.

«Россиянинг ҳозирлиги Марказий Осиё мамлакатларига тинчлик ва тараққиёт олиб келади», деб таъкидлаган у минтақа етакчилари имзолашни режалаган қўшничилик тўғрисидаги шартнома «минтақани эҳтимолий можаролардан қутқариб қола олмаслигини» таъкидлаб.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу фойдасиз КХШТ ва Тайга иттифоқидан чиқишимиз керак.

Жавоб бериш