Карвонсарой
Иқтисодиёт

Бўшаб қолган пештахталар, иш йўқ: Украинага босқиннинг олти ойидан сўнг Россия иқтисодининг ҳолати

Олга Чепил

6 август куни дўконлар ёпиқ, Москвадаги Гагаринский савдо маркази эса деярли бўм-бўш. [Карвонсарой]

6 август куни дўконлар ёпиқ, Москвадаги Гагаринский савдо маркази эса деярли бўм-бўш. [Карвонсарой]

КИЕВ – Президент Владимир Путиннинг Украинага босқини натижасида Россияда иқтисодий танглик белгилари пайдо бўлар экан, ҳаёт сифати ёмонлашиб бормоқда.

Россия иқтисодиёти иккинчи чоракда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 фоизга қисқарган – бу ҳақда ўтган жума (12 август) куни давлат статистика агентлиги маълум қилган.

Бу феврал ойи охирида Украинага ҳужум қилган Москвага нисбатан Ғарб давлатлари иқтисодий санкциялар жорий қилганидан кейин чоп этилган чораклик ўсиш маълумотларининг биринчи тўлиқ тўпламидир.

2022 йилнинг биринчи чорагида Россия ялпи ички маҳсулоти йиллик ҳисобда 3,5 фоизга ошганидан сўнг, эндиликда мамлакат давомли рецессияга дуч келмоқда.

Россияда McDonalds ўрнига келган «Вкусно и точка» бренди сифати пастроқ емак, кам маош ва қониқарсиз хизмат кўрсатгани учун танқид остига олинган. 6 август кунги ушбу суратда Москвадаги савдо нуқталаридан бири акс этган. [Карвонсарой]

Россияда McDonalds ўрнига келган «Вкусно и точка» бренди сифати пастроқ емак, кам маош ва қониқарсиз хизмат кўрсатгани учун танқид остига олинган. 6 август кунги ушбу суратда Москвадаги савдо нуқталаридан бири акс этган. [Карвонсарой]

«Иқтисодиёт янги узоқ муддатли мувозанат томон силжимоқда... Иқтисодиётнинг трансформацияси билан ўсиш тикланади», деб баёнот берган Марказий банк раиси ўринбосари Алексей Заботкин.

Россиядаги иқтисодий вазият шубҳали расмий рақамлар ва баёнотлардан тахмин қилиш мумкин бўлганидан ҳам ёмонроқ.

Уруш бошланганидан бери Россияни 1000 дан ортиқ хорижий компания тарк этган бўлиб, 500 миллиард доллардан ортиқ инвестициялар бой берилди, иш ўринлари ва кундалик эҳтиёж маҳсулотлари ҳам энди йўқ.

«Россия буни аллақачон ҳис қилмоқда. IKEA ва Coca-Cola ёпилди. H&M қолган-қутган товарларини сотяпти. Тиш пасталари, чўткалари, шампунлар, гигиена воситалари ва бошқа кундалик эҳтиёж маҳсулотлари асосан хорижий компаниялар тарафидан ишлаб чиқарилган. Улар кетишди – ва буларнинг бари энди йўқ», дейди украиналик иқтисодчи Алексей Плотников.

«Пештахталарда жуда кўп товарлар ғойиб бўлди», деди у.

«Масалан, Россияда газета ва журналлар учун қоғоз ишлаб чиқарилмаган - буларнинг бари хориждан келган ва ҳозирда ўткир тақчиллик кузатилмоқда. Россияга қоғоз етказиб берилмаяпти. У босмахона сиёҳини ҳам ишлаб чиқармайди».

«Тасаввур қилинг, уларнинг товар ёрлиқларини ишлаб чиқариш учун ҳеч нарсаси йўқ. Уларда офис қоғози ҳам йўқ.»

Уруш баҳоси

Хорижий компанияларнинг кетиши Россияда ишсизликнинг авж олишига сабаб бўлди, натижада Марказий Осиёлик мигрантлар маошларнинг кечикиши ёки мажбурий меҳнат ҳолатларига дуч келдилар.

«Россиядаги ишсизлик урушдан олдинги даражага нисбатан қарийб 20 фоизга ошган», дейди Плотников. «Ишсизлик ўсишда давом этяпти, чунки кўплаб компаниялар мамлакат бутунлай тарк этмоқда».

«Масалан, Ford Санкт-Петербург яқинида машиналар ишлаб чиқарарди – буларнинг ҳаммаси тўхтади. Ҳеч ким қайтиб келмайди».

Ленинград вилоятининг Тихвин шаҳрида илгари иккита йирик корхона – темирйўл вагонлари подшипникларини ишлаб чиқарувчи Россия-Америка корхонаси ва ИКЕА заводи жойлашган эди.

Босқин ортидан уларнинг иккови ҳам ёпилган ва қарийб 10 минг одам ишсиз қолган.

«Тихвиннинг атиги 56 минглик аҳолиси бор. Тасаввур қиляпсизми, бир кунда шаҳар аҳолисининг бешдан бир қисми кўчада қолди. Бу фалокат», дейди жазодан қўрқиб ўз исминигина айтган Россия нашрларидан бирининг журналисти Наталья.

Шаҳардаги умумий муҳит ўзгарди, деди у.

«Маҳаллий дўконлардан бирига кирар эканман, касса ёнидаги пештахтада турган самогон аппаратини кўриб, ҳайратда қолдим. Илгари бунақа эмасди, одатда уларни уйда яширинча тайёрлашарди, бу ерда эса очиқдан-очиқ дўконда сотилмоқда.»

«Бундан фақат битта хулоса қилиш мумкин... буларнинг бари шаҳарда шунчаки қиладиган иш қолмаганини кўрсатиб турибди», деди Наталья.

«Ёшлар ичишни бошлаган. У ерга иш билан борганимда, кечки пайт ёшлардан иборат бештача гуруҳни кўрдим. Улар кўча-кўйда дайдиб, ичиб юришган эди».

«Мен турган меҳмонхонанинг ходими ҳам кўпчилик ичишни бошлаганини айтди.»

«Шаҳар маҳзунликда.»

Чуқурроқ чоҳ

Россиянинг маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш саъй-ҳаракатлари вазиятни тубдан яхшилай олмайди, дейди таҳлилчилар.

Украина Иқтисодий хавфсизлик бюроси таҳлилчиси Антон Микитюк май ойида Россияни тарк этган «McDonalds»ни мисол қилиб келтирди.

Унинг ўрнига очилган «Вкусно и точка» муваффақиятсизликка учради.

Айримлар ресторан номини «Мазали. Нуқта» деб таржима қилишган, «Мазали, гап тамом» деган вариант ҳам бор.

«У ерда маошлар ҳам камроқ. У ерда ҳамма нарса пастроқ, сифат билан боғлиқ муаммолар ҳам пайдо бўлиши мумкин», деди Микитюк.

«Умумий қонуният шундай – йирик компаниялар корхоналарни маҳаллий бошқарувга топшириб, чиқиб кетганидан кейин, пасайиш бошланади», деди у.

Россияда иқтисодий ўсишни тиклаш учун биргина имконият бор – у ҳам бўлса, агрессияни тўхтатиш ва босиб олинган Украина ҳудудларини озод қилиш. Унгача санкциялар юмшатилмайди ва йирик инвесторлар Россияга қайтмайди, дейди Микитюк.

«Хорижий компаниялар Россия бозорини тарк этишдан глобал миқёсда фойда кўради, чунки бу – тажовузкор давлатнинг токсик бозори», деди у.

«Аввалига иқтисодий йўқотишлар бўлади, лекин кейинроқ мижозларингиз кўпаяди, чунки сиз ўз позициясига эга компания бўласиз».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Оёққа туриш доим бўш пештахталарга олиб келади.

Жавоб бериш

Россия тош асрига қайтмоқда.

Жавоб бериш