ТОШКЕНТ – Ўзбекистонлик 31 ёшли Жамшид асабий чекканича, Украинада Россия армияси сафида юк машинаси ҳайдаган дамларини эсга олди.
Россияда коронавирус эпидемияси туфайли ишидан айрилган Жамшид Ўзбекистонга қайтиб, оиласини боқиш учун банкдан, дўстлари ва танишларидан қарз олган.
У қулоғигача қарзга ботгач, молиявий аҳволини яхшилаш ва уйига пул жўнатиш учун ҳамма нарса қилиб кўрди.
Cўнг, март ойи бошида хусусий компаниялардан бири унга Россиянинг Белгород шаҳридан Украинанинг босиб олинган ҳудудларига аскарлар ва қурол-яроғ ташийдиган ҳайдовчи бўлиб ишлашни таклиф қилади.
«Юк ва аскарларни ташиган пайтимда Украинада кўрганларимдан жуда қаттиқ тушкунликка тушдим. Москвага қайтишни истаган пайтларим ҳам бўлди. Аммо ваъда қилинган 100 минг рубл (1683 АҚШ доллари) ойлик маош ва Россия фуқаролигини ўйлаб, қолишга мажбур бўлдим», дейди хавфсизлик важидан Карвонсарой нашрига ўзини Жамшид деб таништирган шахс.
«Илк марта йўл ёқасида ёниб кетган россиялик танкчининг жасадини кўриб, қайт қилиб юборганман», деди у.
«Ўша куни кечаси ухлай олмадим. Нима, дам олишга келганмисан? Ҳаммасини унут, пул ишла, шунинг учун келгансан, деган эди ўшанда россиялик зобитлар.»
Беш ойлик хизмати учун унга ваъда қилинган 500 минг рубл ўрнига 80 минг рубл (1346 АҚШ доллари) беришган.
Урушда биров бошқаси учун қайғурмайди, ҳамма омон қолиш ёки уйга кетиш ҳақида ўйлайди, дейди у. Охир-оқибат, у шартномасини бекор қилиб, август ойи бошларида Москвага қайтиб келган.
У агар ҳукумат ёлланма жангарилик фаолиятидан хабар топса, қамоққа олиниши мумкинлиги туфайли Ўзбекистонга қайтишдан чўчийди.
Аммо, у нима бўлишидан қатъи назар, ватанига кетишга аҳд қилган.
«Украинада нималарни бошдан кечирганимни фақат Аллоҳ билади», деб айтган Жамшид. «У ерда худди менга ўхшаган вазиятдаги ватандошларим қолишмоқда. Аммо, тақдиримиз турлича бўлса керак.»
Хавфли провокация
Жамшид каби алданиб қолмасликлари учун Ўзбекистон Россияда яшаётган фуқароларини Украинадаги урушда иштирок этаётган «кўнгиллилар» батальонларига қўшилмаслик ҳақида огоҳлантирди.
Хориждаги ҳар қандай жанговар ҳаракатларда иштирок этиш ёлланма жангарилик ҳисобланади ва 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, дейилади Ўзбекистон элчихонасининг 10 август кунги баёнотида.
«Элчихона барча фуқароларни ҳар қандай фитналардан узоқ бўлишга чақиради», деб қўшимча қилинади хабарда.
VETTA телеканали томонидан эфирга узатилган «Пермлик ўзбеклар Украинадаги махсус операцияга қўшилишни режалаштирмоқда» сарлавҳаси остидаги видеолавҳага жавобан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси навбатдаги огоҳлантириш билан чиқди.
Икки дақиқадан камроқ давом этган видеолавҳада асосан эркаклардан иборат, кўринишидан осиёлик бўлган қирққа яқин одам тўпланган кичик анжуманлар залини кўриш мумкин.
Россиянинг Перм вилоятидаги ўзбек диаспораси етакчиси Жаҳонгир Жалолов минбарда рус тилида сўзлаб, маҳаллий ўзбекларни 14-асрда яшаган саркарда Амир Темур номли батальон тузишга чақиради.
«Фарзандларимиз шу ердаги боғчаларга қатнайди, мактаб ва университетларда ўқийди. Биз Россияда яшаймиз ва ишлаймиз. Биз... еб турган нонимизни оқлашимиз керак», дейди у.
«Мен кўнгиллилар баталонини тузишни ва... Россиянинг Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш бўйича махсус ҳарбий операциясини қўллаб-қувватлашни таклиф қиламан».
Йиғилганлар уни олқишлаб, икки марта ўринларидан туришган: Россия президенти Владимир Путиннинг номи тилга олинганида ва у «Россияга хизмат қиламан!» (рус ҳарбийлари томонидан ишлатиладиган ибора) деб хитоб қилганида.
Россия ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб этник мансублиги ва минтақасига қараб кўнгиллилардан иборат батальонларни тузаётгани ҳақида Россиянинг «Коммерсант» газетаси 8 август куни хабар берган эди.
Батальон тузувчиларга кўра, битта географик ёки этник гуруҳ вакилларининг Украинага бориши, у ерда ҳамкорлик қилиши ва эсон-омон қайтиши осонроқ бўлади. «Коммерсант» ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда 40 дан ортиқ шундай бўлинмалар мавжуд.
Ёлғон ваъдалар
Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятилик 63 ёшли Маҳбуба Нусратова Жалоловнинг Россияда ишлаётган ўзбек мигрантларини Украинадаги жангларга юбориш ҳақидаги чақириғини қатъиян қоралади.
«Менинг иккита ўғлим бор: бири 40, иккинчиси 44 ёшда. Улар бир неча йилдан бери Россияда ишлаб келишади», деди у. «Улар у ерга ишлаш учун, бу ердаги Ўзбекистондаги оиламизни боқиш учун боришган, кимларгадир қарши жанг қилиш учун эмас.»
«Фикримча, ўзбек диаспораси етакчилари россиялик сиёсатчилар ва ҳарбийлар таъсирига тушиб қолишган, акс ҳолда улар бундай жиноий чақириқлар билан чиқмаган бўлар эди», дейди у.
Россия сафида жанг қилиш талаби Кремл қўзғаган фитнадир, дейди Москвадаги меҳнат мигрантлари билан ишлайдиган ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммедов.
«Бундай мурожаатлар нафақат ўзбек диаспораси, балки қирғиз ва тожик диаспораларида ҳам олиб борилади», деди у. «Жалолов кабилар бошчилик қиладиган ташкилотлар, асосан ҳукумат грантларига таянади ёки турли хавфсизлик идоралари томонидан назорат қилинади».
Урушга чақирилаётган мигрантларга вақтинча яшаш рухсатномаси, доимий прописка ва ҳатто Россия фуқаролиги каби «имтиёзлар» ваъда қилиниши мумкин, деб қўшимча қилди у.
«Шу тариқа улар иши, ҳужжати ва пули йўқ мигрантларни жалб қилишади ва қизиқтиришади», дейди у. «Албатта, биз буларнинг барига қаршимиз.»
Россиянинг ўзбек мигрантларини ёллаши «Ислом давлати»нинг (ИД) фаолиятига ўхшаш, деди Rost24.uz веб-сайти муҳаррири Анора Содиқова.
«Иккови ҳам террорчи, шундай эмасми? Россия Украинага қарши урушда бошқа этник гуруҳларнинг ёш вакилларини ёлламоқда. Чечен, бошқирдларни ёллаётганига гувоҳ бўлдик... Бошқирдлар ҳатто норозилик билдиришди», деб айтган у.
Жалоловнинг баёноти манипуляция уриниши бўлган, дейди у.
«Ўзбек мигрантларининг фарзандлари мактаб ва боғчаларга бораётган бўлса, улар бунга ҳақли, чунки меҳнат рухсатномаси учун пул тўлашади. Улар солиқ тўлайдилар», деб айтган Содикова.
«Мигрантларимизни ёллаш учун бундай манипуляциялардан фойдаланиш пасткашликдир.»
Иккинчи изоҳимни чиқармаганингиз чакки бўлди. Мавзуга мос эди. Иложи бўлса, ушбу изоҳни тиклаб, сайтга чиқаришингизни сўрайман. Ўзим уддалай олмадим, чунки капча ўзгармай қолди
Жавоб беришФикрлар 3
Улуғ Ватан уруши (1941-45 йиллардаги 2-жаҳон уруши) даврида мен беш фарзанднинг энг каттаси эдим. Отамиз фронтда ҳалок бўлган. Мен ўн ёшда эдим, олтита нон картасини кўтариб юрар, навбатда туриб нон олардим, онамиз эса ишларди. Нонни уйга олиб келиб, уни барча оила аъзоларига тенг тақсимлар, ликопчаларга қўйиб исмларни ёзиб қўярдим. Кун давомида ҳар бир одамнинг ўз улуши бор эди. Маҳалламизда олтита ўзбек оиласи яшар эди; Уларнинг ҳеч бирида икки ўғли урушга кетган кекса Валиевдан бошқа эркак киши йўқ эди. Қўшниларда ҳам эркак киши йўқ эди. Менда жангга фақат ўзбекларни чақиришаётгандек таассурот пайдо бўлган. Беш фарзанднинг отаси бўлган дадам Россия касалхонасида жароҳатлардан вафот этди, лекин унинг дафн этилган жойини топиш учун кўп йиллар керак бўлди; номаълум аскарлар жасади оммавий қабрларга дафн қилинар ва жангларда бедарак кетган деб ёзишар эди. Ҳеч қандай уруш ёки пул одамнинг ўз-ўзини онгли равишда ҳалок қилишига арзимайди. Ўн ёшда мен, тўртта укам ва сингилларим (энг кичиги 1941 йилда туғилган) етим қолдик; Мен отасиз қолиш нима эканлигини биламан.
Жавоб беришФикрлар 3
Бу иш учун Ўзбекистонда қамоққа тушиш мумкин. Шундай экан, бировнинг урушига боришдан олдин яхшилаб ўйлаш керак.
Жавоб беришФикрлар 3