Карвонсарой
Сиёсат

Тобора яккаланиб бораётган Эрон ва Россия «Шимол-жануб» транспорт йўлагини тарғиб қилмоқда

Карвонсарой ва AFP

Эрон олий раҳнамоси Али Ҳоманаий июн ойида Теҳронда Россия президенти Владимир Путин билан учрашган. [Олий раҳнамо девони]

Эрон олий раҳнамоси Али Ҳоманаий июн ойида Теҳронда Россия президенти Владимир Путин билан учрашган. [Олий раҳнамо девони]

Россия, Эрон ва Ҳиндистон «Шимол-Жануб» транспорт йўлаги концепциясини баён қилувчи келишувни имзолаганига йигирма йил бўлган эса-да, сўнгги йилларда Россия ва Эрон бу режани жадаллик билан илгари сура бошлаган.

Бу икки мамлакат халқаро санкцияларга дуч келиб, жаҳон саҳнасида яккаланиб қолган: Россия Украинага бостириб киргани учун, Эрон эса минтақавий аралашуви ва ядровий соҳадаги амбицияларидан воз кечмагани сабабли.

Икки мамлакат учун халқаро савдо эшиклари ёпилар экан, яқинда улар Ҳиндистон, Эрон, Афғонистон, Озарбайжон, Россия, Марказий Осиё ва Европа орқали ўтадиган 7200 км узунликдаги денгиз, темирйўл ва автомобил йўналишини фаоллаштириш бўйича чоралар кўрди.

Брукингс институтининг 2002 йил июл ойидаги ҳисоботида айтилишича, маршрутнинг биринчи қисми Ҳиндистондан Араб денгизи орқали Эроннинг Бандар Аббос портигача чўзилган.

2004 йил 29 апрелда Каспий денгизидаги Эроннинг Нека нефт терминали очилиши вақтида ён-атрофга сув пуркаётган баржа. [Ҳенгаме Фаҳимий/AFP]

2004 йил 29 апрелда Каспий денгизидаги Эроннинг Нека нефт терминали очилиши вақтида ён-атрофга сув пуркаётган баржа. [Ҳенгаме Фаҳимий/AFP]

Йўналишнинг иккинчи қисми Эронни Каспий денгизи орқали Россия билан боғлайди.

Маршрутнинг учинчи тармоғи Марказий Осиёдаги Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон орқали ўтади, дейилади илк бор 21 июн куни «Ал-Қудс Ал-Арабий» газетасида чоп этилган мақолада.

Ушбу савдо йўлининг иккинчи тармоғига хизмат кўрсатиш учун Эрон Арабистон кўрфазини Каспий денгизи билан боғлайдиган канал қуриш таклифини кўриб чиқаётган эди, бу борадаги илк расмий тадқиқот 1960-йилларда ўтказилган.

Муҳандис Пейман Муаззиннинг 2014 йилги ҳисоботига кўра, Россия «Эронруд» таклифини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда, чунки бу унга НАТО назорати остидаги Босфор ва Сувайшни четлаб ўтиш имконини беради.

Аммо дастлабки тадқиқот ўтказилганидан кейин ўнлаб йиллар ўтгач, Эронруд канали таклифи ҳали ҳам бошланғич босқичда қолмоқда ва қурилишда кўплаб қийинчиликлар юзага келган. Улардан энг асосийси унинг узунлигидир.

Сувайш ва санкцияларни четлаб ўтишга уриниш

2021 йил март ойида йирик контейнер ташувчи кема Сувайш каналида саёзликка ўтириб қолиб, асосий тижорий юк ташиш йўлини олти кунга тўсиб қўйганида, Россия муқобил савдо йўлларини тарғиб қилиш имкониятидан фойдаланди.

2021 йилнинг 26 март куни «Москва Таймс» газетаси Россия расмийлари «Россиянинг Шимолий денгиз йўлини (ШДЙ) – Арктика орқали Европадан Осиёга ўтувчи муқобил денгиз йўлини жадал равишда илгари суришни бошлагани» ҳақида хабар берди.

Орадан кўп ўтмай, 13 апрел куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия ва Эрон Сувайш каналидаги узилишлар муносабати билан «Шимол-Жануб» транспорт йўлагини ривожлантиришдан манфаатдор эканини айтди, деб ёзади Al-Monitor.

Теҳронда бу борада музокаралар олиб борилмоқда, деган эди ўшанда Лавров.

Бироқ, Миср расмийлари бундай ғоя бир қанча сабабларга кўра «нореал» эканлигини таъкидлаб, рақобат эҳтимолини рад этганлар ва сўнгги 20 йил ичида ривожланиш бўйича ҳеч қандай силжиш бўлмаганини айтганлар.

Ҳаёт учун яроқли шимол-жануб савдо йўли Эрон ва Россиянинг асосий мақсади бўлиб қолмоқда ва «Россия ва Эрон ўртасидаги савдо йил сайин барқарор ўсиб боряпти», деб ёзади Al-Monitor.

Шу йилнинг 17 июн куни Эрон ва Россия ўртасида «Шимол-Жануб» транспорт йўлагини жадаллаштириш ва ўзаро савдони янада енгиллаштириш мақсадида Теҳронда ва Россиянинг Санкт-Петербург портида савдо марказларини ташкил этиш бўйича келишув имзоланган эди.

Мазкур келишув Эрон ва Россия ишбилармонларига энергетика, транспорт, электроника, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, фармацевтика ва қурилиш соҳаларида алоқалар ўрнатиш ва молиявий операцияларни амалга оширишда кўмаклашишга қаратилган, деб ёзади Al-Monitor.

Норози Марказий Осиёнинг «кўнглини олиш»

Шунингдек, йўлак бўйлаб бошқа мамлакатлар, хусусан, Россия билан бир иттифоқдаги ва Хитой билан чуқур иқтисодий алоқаларга эга, нефтга бой Қозоғистонни жалб қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар кучайтирилди.

Бироқ, бу саъй-ҳаракатлар Россия ва Эроннинг қўпол сиёсати туфайли юзага келган қийинчиликларга учраши аниқ.

AFP хабарига кўра, 11 июл куни Россия суди икки давлат ўртасида зиддиятга сабаб бўлган Қозоғистон нефтини юклаб жўнатишни 30 кунга тақиқлаш қарорини бекор қилган.

Ушбу тақиқ кучда қоладиган бўлса, Қозоғистон ўз нефтини Европага экспорт қила олмай қоларди. Можаро сабабли Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев расмийларга Россияни четлаб ўтувчи нефт экспорти йўлларини топишни буюрган.

Россиянинг Қозоғистон нефти экспортини тўхтатгани Кремл Марказий Осиёдаги иттифоқчисини Украинага нисбатан нейтрал позицияси учун жазолаётгани ҳақидаги тахминларни келтириб чиқарган.

Шунингдек, Россия ва Эрон сингари Каспий денгизига чиқиш имконига эга Туркманистон ҳам Россия қувурларига қарамликдан қутула олмаган ва шу сабабли Европага тўғридан-тўғри газ экспорт қила олмайди.

Россия ва Эрон ўнлаб йиллардан бери туркманларнинг Россия қувурларини четлаб ўтувчи, Озарбайжонга йўналган денгиз ости қувурини барпо этиш режаларига тўсқинлик қилиб келади. Оқибатда фақат иккита мижозга (Россия ва Хитой) эга Туркманистон газни арзон нархларда сотишга мажбур.

Қозоғистонга кўз тикиб

Москва ва Теҳрон ўз сиёсатлари туфайли юзага келган мушкулотларни бартараф эта олса, Қозоғистондан ўтувчи йўналиш устуворликлар рўйхатида юқори ўринларни эгаллаган бўларди.

«Албатта, Қозоғистон орқали Европа шимолига олиб борадиган қуруқлик йўли Хитойни ҳам қизиқтирадиган йўналишдир», деб ёзади «Ал-Қудс Ал-Арабий».

19 июн куни Теҳронга ташрифи чоғида Қозоғистон президенти Тўқаев ва Эрон президенти Иброҳим Раисий Қозоғистондан Эронга ва Туркияга ўтадиган темир йўл тармоғининг очилиш маросимини ўтказдилар, деб ёзади Al-Monitor.

«Қозоғистон билан темирйўл тармоғи Эронга Россия, Эрон ва Ҳиндистонда халқаро «Шимол-Жануб» транспорт коридори савдо йўлини илгари суришда ёрдам бериши мумкин», деб ёзади нашр 2021 йилда Эроннинг бир қанча Марказий Осиё давлатлари билан савдо ҳажми ошганини таъкидлаб.

«Қозоғистон Эрон ташқи сиёсати борасида камдан-кам баҳсга киришса-да, кўплаб таҳлилчилар Теҳрон учун Марказий Осиёнинг муҳимлигини эътибордан четда қолдиришади», деб хабар берган TRT World 11 январ куни.

«Кўп йиллар давомида Қозоғистон Эронга нефт алмашинувига оид келишувлар кўринишида иқтисодий ёрдам кўрсатиб келди», дейилади хабарда. Бу келишув Эронга уни изоляция қилиш ва заифлаштиришга қаратилган санкциялар ва бошқа чораларни четлаб ўтишга ёрдам берган.

Британия Очиқ университети ўқитувчиси Эдвард Уестнижнинг TRT World телеканалига айтишича, «Россиянинг «яқин хориждаги» воқеаларига алоқадор масалаларда Москва билан ҳамкорликни давом эттириш Эроннинг Марказий Осиёдаги ташқи сиёсати манфаатларига мос келади».

«Эрон ўзини минтақада Россия ва Хитойдан кейинги қўшимча ўйинчи деб ҳисоблайди ва улар каби Ғарб давлатлари билан яқин алоқада бўлмаган барқарор Марказий Осиёни кўришни истайди», деди у.

Қозоғистон йирик нефт ва уран ишлаб чиқарувчиси бўлиб, Эрон билан бирга, Россия, Ҳиндистон ва Покистонни ўз ичига олган Хитой бошчилигидаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг аъзоси ҳисобланади, дейилади Озодлик радиосининг 19 июн кунги хабарида.

«Яқинда Марказий Осиё Теҳрон учун сиёсий устуворликка айланди, эндиликда у минтақани Эрон ва Шарқ ўртасидаги потенциал «кўприк» сифатида кўрмоқда», деб ёзади The Diplomat 2 май куни.

Эрон Қозоғистондан ташқари, Ўзбекистон ва Қирғизистонга ҳам эътибор қаратган, деб қўшимча қилди у ва ушбу мамлакатларда форс «базаси» борлигига қарамай, кўпчилик Эронга ижобий қарамаслигини таъкидлади.

«Эрон шунчаки кўпчиликнинг диққат марказига ўрин олмаган.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Сайт эмас, ахлатхона бу

Жавоб бериш

Уларнинг тўдасига Шимолий Корея ва Нигерияни ҳам қўшиш керак.

Жавоб бериш