Карвонсарой
Терроризм

Жазо муддатини ўтаб чиққан собиқ қозоғистонлик экстремистлар ўз хатоларидан огоҳлантирмоқда

Ксения Бондал

Суриядаги «Ислом давлати»га аъзоликда гумон қилинганларнинг қариндошлари сақланадиган курдлар бошқарувидаги ал-Ҳол лагеридан озодликка чиқишга тайёрланаётган аёллар ва болалар, 14 август. [Делил Сулаймон/AFP]

Суриядаги «Ислом давлати»га аъзоликда гумон қилинганларнинг қариндошлари сақланадиган курдлар бошқарувидаги ал-Ҳол лагеридан озодликка чиқишга тайёрланаётган аёллар ва болалар, 14 август. [Делил Сулаймон/AFP]

ОЛМАОТА – Экстремистик ташкилотларга қўшилгани ва ўз ватандошларини уларнинг сафига жалб қилгани учун жазо муддатини ўтаб, аста-секин мамлакат қамоқхоналаридан чиқаётган қозоғистонлик маҳбуслар ўз ҳикояларини сўзлаб бермоқдалар.

«Ислом давлати» (ИД) кучга тўлгандек бўлиб кўринган оғир йиллар ортидан Қозоғистондаги вазият яхшиланмоқда.

2021 йилнинг январ-декабр ойлари давомида мамлакатда терроризм ва экстремизм билан боғлиқ 192 та жиноят қайд этилган бўлиб, бу 2020 йилги кўрсаткичдан (208 та) 7,7 фоизга кам.

Бундай ҳуқуқбузарликлар сони бешинчи йилдирки камайиб бормоқда, деб хабар берган Energyprom.kz феврал ойида.

Павлодар вилояти динлараро муносабатларни таҳлил қилиш ва ривожлантириш маркази видеолавҳасида тасвирланган Руслан Гинатуллин икки йилдан ошибдики, реабилитация жараёнидан ўтмоқда.

Павлодар вилояти динлараро муносабатларни таҳлил қилиш ва ривожлантириш маркази видеолавҳасида тасвирланган Руслан Гинатуллин икки йилдан ошибдики, реабилитация жараёнидан ўтмоқда.

Бундан ташқари, 2022 йилги Глобал терроризм индексига кўра, Қозоғистон ўтган йили нол балл олган, яъни беш йил ичида мамлакатда террорчилик ҳаракати қайд этилмаган.

Улкан хатолар содир этган собиқ маҳбуслардан икки нафари янгидан бошлаётган ҳаёти ҳақида Карвонсаройга сўзлаб берди.

Марям

Нур-Султонда яшовчи Марямнинг қарашлари 2012 йилларда радикаллаша бошлаган эди. Бу унинг турмушига ҳам жиддий таъсир кўрсатди ва 2013 йилда эридан ажрашишига сабаб бўлди.

Орадан бир йил ўтиб, Марям «ИД»га алоқадор танишларининг қистови билан Туркияга йўл олади.

Собиқ эри ўғлини олиб қолди, Марям эса кичик фарзанди – тўрт ёшли қизи билан Туркияга сафар қилди.

Туркияга келишгач, ИД аъзолари уларни автобусда Сурияга олиб кетишган.

«Бизга уй беришди... Лекин келганимиздан икки ой ўтар-ўтмас, ҳаво ҳужумлари бошланди ва уйни керак пайтда тезда тарк этиш учун рюкзакларимизни ҳозирлаб яшашга мажбур бўлдик», дейди исминигина ошкор қилган Марям.

Суриядалигида ИД аъзоси билан турмуш қурган Марям иккита ўғилли бўлди. У ерда жами 5 йил яшаб, уч ярим йилини турмушда ўтказди. Унинг эри ИДга қарши ҳаво ҳужумларида ҳалок бўлган.

«Бу вақтда у ИДнинг 30 нафар қўмондони билан битта базада бўлган. Улардан ҳеч бири омон қолмаган», деди Марям.

Озиқ-овқат танқислиги ва мавҳум келажак туфайли Марям охир-оқибат Қозоғистонга қайтиши кераклигини тушуниб етади.

«Уйга қайтмоқчи эканлигимни очиқ айта олмасдим – мени қатл қилишлари мумкин эди... қўлимда эса болаларим бор эди. Бир ярим йилча лагердан қочиш йўлларини изладим.»

Охир-оқибат, Марям курд лагерига қочиб кетади ва у ердан 2019 йил май ойида Жусан-3 операцияси доирасида Нурсултонга қайтиб келади. 2019 йилдан 2021 йилгача ўтказилган ушбу операциялар давомида Сурия ва Ироқдан 700 дан ортиқ қозоғистонлик ватанига қайтарилган эди.

«Уч фарзандим билан кўрган-кечирганларимизни таърифлашга тил ожизлик қилади. Бизни ватанимизга қайтаришганидан чексиз миннатдорман», дейди Марям.

Қозоғистонга қайтгач, суд Марямни собиқ қайнсинглисидан ўғлини Сурияга олиб келишни сўрагани учун ИД сафига ёллашда айблади. Бу аёл Қозоғистон темирйўл вокзалида полиция тарафидан тўхтатиб қолинган.

Марям Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) бу илтимосни ёллов деб топишини билганида, «ўғлимни қанчалик соғинсам ҳам, уни олиб келишни сўрамаган бўлардим», деб айтган.

Марям уч йил қамоқда ўтириб, реабилитациядан ўтди ва яхши хулқи учун муддатидан аввал озодликка чиқарилди. Қамоқдалигида унинг фарзандлари аввал болалар уйида, сўнг собиқ қайнисинглиси ва дугонасиникида яшашди.

Марям озодликка чиққач, «Шанс» ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам ташкилоти унга квартирага кўчиб ўтишига кўмаклашди. Унинг бир йиллик ижара ҳақини тўлади, чойшаблар, озиқ-овқат ва болалар кийимларини олиб берди ва болаларини мактабга жойлади.

Руслан

Павлодарлик Руслан Гинатуллин 1998 йилда, ҳали ўрта мактабда ўқиб юрган пайтларидаёқ намоз ўқишни бошлаган эди.

Бора-бора унинг эътиқодий қарашлари кескинлаша бошлади, зеро у «одамларнинг бир-бирига муносабати... жамиятдаги табақаланиш ва қашшоқликдан» ларзага келарди.

У саволларга жавоб излар экан, бутун дунёда исломий «халифалик» ўрнатишга интилувчи халқаро ташкилот «Ҳизб ут-Таҳрир» (ҲТ) таъсирига тушиб қолади. Бу ташкилот Марказий Осиёнинг беш мамлакатида ҳам ноқонуний саналади.

«2002 йилда мен ҲТ даъватчисини учратдим», дейди Гинатуллин.

Даъватчи «мамлакат раҳбариятини ўзгартириш кераклигини, чунки ҳукумат Исломнинг тарқалишига ва бахтли жамият тараққиётига тўсқинлик қилаётганини» айтди, деди у.

Гинатуллин 2002 йилдан 2009 йилгача – етти йил ҲТ сафига даъват қилди ва уч марта судланди. У жами тўққиз йил қамоқда ўтирди: 2004-2006, 2009-2011 ва 2016-2021 йилларда.

Охирги ҳукм Қозоғистонда ҲТ етакчиларининг кўпчилиги қамоққа ташланиб, у ўзи мустақил фаолият юритаётган пайтда чиқарилган.

Мен «варақа тарқатиш», «хонадонларда дарслар ўтказиш ва мафкурани тушунтириш», «ВКонтакте» ва «Фейсбук»да ташвиқот олиб борганим учун қамалганман», дея қўшимча қилди у.

Гинатуллин икки йилдан ошибдики, реабилитация жараёнидан ўтмоқда ва ҳозирда Павлодарда савдо менежери бўлиб ишлаяпти.

«Содда бўлмаслик керак», дейди у. «Дунёни ўзгартирмоқчи экансан, бошқалардан эмас, ўзингдан бошла.»

Дерадикализация ва профилактика чоралари

Озодликда юрган экстремистлардан кўра, собиқ маҳбуслар билан ишлаш осонроқ, дейди дерадикализация бўйича мутахассис, олмаоталик Асилбек Избаиров.

Унинг сўзларига кўра, қамоқда ўтирганлар аллақачон ўз айбларини тан олишган, шунинг учун улар дерадикализация бўйича ходимлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр, гарчи тан олиш керакки, айрим маҳкумлар ўзини яхши қилиб кўрсатиши ҳам мумкин.

«Сохта салафий гуруҳлар етакчиларини ҳибсга олиб, жавобгарликка торган давлат ва КНБ хизматини алоҳида эътироф этиш лозим», дейди Избаиров.

Унинг сўзларига кўра, шу тариқа ҳали яхши шаклланиб улгурмаган мамлакат фуқароларининг онгини бузғунчи мафкурадан ҳимоялашга муваффақ бўлинган.

Дерадикализация бўйича мутахассислар 2010-йилларнинг бошида таваккалга қўл уришган, деб қўшимча қилди у. «Улар ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб, оилалари билан Ақтов ва Оқтўбага кўчиб ўтганлар, жамоатларга аъзо бўлиб, радикализмга мойил шахслар билан иш олиб борган».

«Ҳозир қамоқхоналарда [судланган экстремистлар билан] ишловчи махсус одамларимиз бор, диний мутахассислар ҳам етарли, методология ҳам мавжуд», дейди дерадикализация бўйича яна бир мутахассис, олмаоталик Ерлан Досмагамбетов.

«Бундан ташқари, «ИД» аввалгидек кучга эга эмас – Афғонистон ва Сурияда унинг қолдиқлари бўлса-да, улар мунтазам равишда йўқ қилинмоқда», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Букрини гўр тузатади

Жавоб бериш