Карвонсарой
Хавфсизлик

Россия йўқотилган ҳарбий техника ва профессионал аскарларнинг ўрнини тўлдиришга уринмоқда

Олга Чепил ва AFP

Киевдаги Олтин гумбазли авлиё Михаил собори олдида вайрон қилинган Россия танкларининг очиқ ҳаводаги кўргазмасида китоб ўқиётган эркак, 26 июл. [Сергей Супинский/AFP]

Киевдаги Олтин гумбазли авлиё Михаил собори олдида вайрон қилинган Россия танкларининг очиқ ҳаводаги кўргазмасида китоб ўқиётган эркак, 26 июл. [Сергей Супинский/AFP]

КИЕВ – Москванинг Украинага босқини еттинчи ойдирки давом этар экан, Россия армияси ҳарбий куч ва техника етишмовчилигини қоплашга зўр бериб уринмоқда.

25 август (пайшанба) куни Россия президенти Владимир Путин мамлакат қуролли кучлари сонини ошириш ҳақидаги фармонни имзолади.

Ҳукумат порталида эълон қилинган фармонга кўра, январ ойидан бошлаб Россия армиясида икки миллиондан ортиқ аъзо, жумладан, 1,15 миллион ҳарбий хизматчи бўлади.

Путин охирги марта 2017 йилда 1,01 миллион аскар билан қуролли кучлар сонини 1,9 миллионга яқин қилиб белгилаган эди.

20 август куни Киевда вайрон қилинган Россия ҳарбий техникасини томоша қилаётган ташрифчилар. Россиянинг Украинага бостириб киришига олти ой тўлган 24 август – Украина мустақиллик куни арафасида расмийлар Киевдаги Хрешчатик кўчасини очиқ осмон остидаги ҳарбий музейга айлантирдилар. [Димитар Дилкофф/AFP]

20 август куни Киевда вайрон қилинган Россия ҳарбий техникасини томоша қилаётган ташрифчилар. Россиянинг Украинага бостириб киришига олти ой тўлган 24 август – Украина мустақиллик куни арафасида расмийлар Киевдаги Хрешчатик кўчасини очиқ осмон остидаги ҳарбий музейга айлантирдилар. [Димитар Дилкофф/AFP]

Россиянинг Иркутск шаҳридаги военкомат, 10 август. [Анна Рапопорт]

Россиянинг Иркутск шаҳридаги военкомат, 10 август. [Анна Рапопорт]

Фармонда аскарлар сонини ошириш сабаблари ошкор қилинмаган бўлса-да, бу Москва қўшинларининг Украина шарқидаги ҳудудларни эгаллаб олишга эътибори қаратгани билан боғлиқ.

8 август куни юқори мартабали АҚШ мулозими Украинада феврал ойи охирида уруш бошланганидан бери 80 мингга яқин россиялик ҳалок бўлгани ёки жароҳатлангани ҳақидаги тахминларни билдирган эди.

АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Колин Кал «олти ойдан камроқ вақт ичида россияликлар 70 ёки 80 минг кишини йўқотган бўлиши мумкинлигини» айтган.

Россия берган қурбонларга оид тахминлар турлича. Украина ҳарбийларининг сўнгги маълумотларига кўра, уруш бошлангандан бери 47100 га яқин россиялик аскари ҳалок бўлган.

Россия фақат икки марта қурбонлар сонини расмий равишда эълон қилган бўлиб, (охирги марта 25 март куни) уларнинг сони 1351 кишини ташкил этди, таҳлилчилар бу рақамларни жуда паст деб ҳисоблайди.

«Умидсизлик хуружлари»

Ўз талафотлари ўрнини тўлдириш учун Кремл ҳарбий хизматга чақиришнинг янги усулларини қўлламоқда, жумладан, коммунал тўловлар қоғозларидаги эълонлар, маҳбусларни ёллаш, ёлланма жангарилар ва хусусий ҳарбий компаниялардан фойдаланиб, Марказий Осиёлик мигрантларни жалб қилиш шулар жумласидандир.

Масалан, июл ойи охирида Украина мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (ГРУ) ўзининг Телеграм-каналида Москва маъмурияти Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидан иборат «Мэр полки»ни тузаётгани ҳақида хабар берган эди.

«Россия уларни қизиқтириш учун юқори маошлар ва мамлакат фуқаролигини олиш имкониятини таклиф қилмоқда», дейилади хабарда.

Яна бир муаммо шундаки, россияликларнинг ўзи ҳам Путин танлаган урушда қатнашишни истамайди.

«Санкт-Петербургда яшаймиз. Кўп дўстларим ўғилларини бу ердан олиб кетишди», дейди тўнғичи тез орада чақирув ёшига етадиган уч ўғилнинг онаси Анна Рапопорт.

«Урушга боришни ҳоҳловчилар кўп эмас. Кетиши керак бўлганлар бўйин товламоқда ёки военкоматга бормаяпти», деди у.

«Одамлардан армия қамоқхонадаги маҳбусларни қабул қила бошлаганини эшитдим», дейди Рапопорт. Илгари бунга рухсат йўқ эди, энди эса маҳбусларни ҳам ҳарбий хизматга қабул қилишаётганга ўхшайди. Армияга бормоқчи бўлганлар жазодан озод қилинади ва қўйиб юборилади».

«Россияга ресурслар етишмаётгани аниқ. Булар шунчаки умидсизлик хуружи», дейди у.

«Умумий сафарбарлик эълон қилинадиган бўлса, ҳаммаси қандай тугаши аниқ эмас», деди у. «Менимча, намойишлар бўлади, тартибсизликлар юзага келиши ва давлат тўнтариши юз бериши мумкин.»

Саноат мобилизацияси

АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Колин Кал, шунингдек, Россия кучлари «уч ёки тўрт мингта» зирҳли техникасидан айрилгани ва Украинадаги нишонларни кўплаб маротаба ўққа тутиш ортидан юқори аниқликдаги ракеталар, жумладан ҳаво ва денгиздан учириладиган қанотли ракеталар захираси тугаб бораётганини айтган.

12 август куни Украина Бош разведка бошқармаси (ГРУ) сайтида ёзилишича, Россия яширинча мудофаа компанияларининг «саноат мобилизациясини» бошлашга мажбур бўлган.

Ушбу чора доирасида Россияда мудофаа соҳасидаги шартномаларининг 40 фоизини бажарадиган «Ростех» компанияси раҳбарияти ва ходимларининг таътилга чиқиши тақиқланган.

«Бундай чора-тадбирлар бошқа мудофаа корхоналарида ҳам жорий этилиши кутилмоқда», дейилади раҳбарият баёнотида.

Путин бошчилигидаги Россия ҳарбий-саноат комиссияси мудофаага оид шартномалар дастури доирасида харажатларни 600-700 миллиард рублга (тахминан 10 миллиард доллар) оширишни режалаштирмоқда.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу шу ойда мудофаа компанияларига ташриф буюргани хабар қилинган эди. Бу «Кремл ҳарбий-саноат мажмуасини қайта ишга тушириш ёки кенгайтиришга уринаётганидан далолат беради», деб таъкидлаган Урушни ўрганиш институти 12 август куни.

Таҳлилчилар Россиянинг ҳарбий саноатини қайта жонлаштиришга қилаётган ҳаракатига шубҳа билан қарашади.

«Саноатни ҳарбийлаштиришаётгани кулгили», деб айтган InfoResist веб-сайтининг ҳарбий таҳлилчиси Александр Коваленко. «Шойгу ҳар йили янги Т-90 танкидан фалон дона ишлаб чиқардик, деб ҳисобот беради. Аммо, аслида улар янги эмас, модернизация қилинган.»

«Энг кўпида эски совет техникасини омборхонадан олиб сал-пал эпақайга келтириб, фронтга юбора олишади холос», деб айтган у.

«Ростехнинг қўлидан фақат битта нарса келади: Россия бюджетини шилиш», деб қўшимча қилган у. «У ҳеч қандай инновация қилмайди. Ҳозирги вақтда ҳаммаси хўжакўрсин учун қилинмоқда: улар фақат ёзади, мақтанади ва қуролимиз бор деб қўрқитади, холос.»

«Уларнинг T-62 танклари 1965 йилдан қолган. Россия ҳозир ҳам ўша танклардан фойдаланяпти. Уларни Россия жанг қилаётган Херсон ва Запарожьеда кўриш мумкин.»

«Улар ҳатто Иккинчи жаҳон урушидан кейин эскирган деб ҳисобланувчи гаубицалар билан жанг қилишмоқда. Улар янгисини ишлаб чиқара олмайдилар, ишлаб чиқаришса ҳам буткул яроқсиз бўлади», деб айтган Коваленко.

Россия мудофаа саноати дуч келган энг катта муаммо – бу зарур эҳтиёт қисмлар ва микрочиплар етказилишини чеклаб қўйган Ғарб санкциялари.

Ҳарбий таҳлилчи Петро Черникка кўра, «Орлан-10» ҳарбий кузатув дрони бунга мисол бўла олади.

«Унинг мотори японларники, ички қурилмалари Америка ва Германияники. Уларнинг ҳаммаси санкция остига тушган», деди у.

«Россия ҳеч қанақасига ғалаба қозона олмайди. У жуда катта ресурсларга эга, аммо ҳаммаси сифатсиз. Шу сабабли келажакда Украина ғалаба қозонади, Россия эса худди бошқа империялар сингари қулайди », деб айтган Черник.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Дунёдаги энг кучли иккинчи армияга нима бўлди? :)))

Жавоб бериш

Россия парчаланиши аниқ

Жавоб бериш