Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

«Улар мулзам қилиниши керак»: Ҳуқуқбонлар етакчиси Россия ва Хитойга нисбатан қаттиқ сиёсат тарафдори

Карвонсарой ва AFP

Гонконг Британиядан Хитойга топширилганининг 25 йиллиги муносабати билан шаҳарнинг янги раҳбари ва ҳукумати инаугурацияси маросимида нутқ сўзлаган Хитой раиси Си Цзинпин минбарни тарк этмоқда, 1 июл. [Селим Чтайти/Pool/AFP]

Гонконг Британиядан Хитойга топширилганининг 25 йиллиги муносабати билан шаҳарнинг янги раҳбари ва ҳукумати инаугурацияси маросимида нутқ сўзлаган Хитой раиси Си Цзинпин минбарни тарк этмоқда, 1 июл. [Селим Чтайти/Pool/AFP]

НЬЮ-ЙОРК – Ўттиз йил давомида Human Rights Watch (HRW) ташкилотига раҳбарлик қилган Кеннет Ротнинг айтишича, кучли ҳуқуқбонлик ҳаракатлари авторитар режимларнинг фуқаролар ҳуқуқларини поймол қилишига оид «хунук ҳақиқатларни» фош эта олади.

Август ойи охирида ўз лавозимини тарк этиш олдидан интервью берган Рот 1993 йилда HRW ижрочи директори бўлганидан бери «чексиз кураш», юксалиш ва пасайишлар, ғалаба ва мағлубиятларни сарҳисоб қилган.

«Ўйлайманки, охирги 30 йилдаги энг катта тенденция инсон ҳуқуқлари йўлидаги ҳаракатнинг чуқурлашгани ва кучайганидир», деди у Нью-Йоркда AFP билан суҳбатда. «Мен борган ҳар бир давлатда ҳуқуқ ҳимоячилари бор.»

«Бу инсон ҳуқуқларининг бузилиши тўхтайди, деганими? Албатта, йўқ», деди Рот.

Украинанинг Буча шаҳрида 2022 йилнинг феврал-март ойларида ўлдирилган 20 нафар номаълум украиналикнинг дафн маросимини ўтказаётган православ руҳонийси, 17 август. Шаҳарни босиб олишга уринган Россия кучлари оммавий қатллар ва қийноқлар қўллашда айбланган. [Сергей Жузавков/AFP]

Украинанинг Буча шаҳрида 2022 йилнинг феврал-март ойларида ўлдирилган 20 нафар номаълум украиналикнинг дафн маросимини ўтказаётган православ руҳонийси, 17 август. Шаҳарни босиб олишга уринган Россия кучлари оммавий қатллар ва қийноқлар қўллашда айбланган. [Сергей Жузавков/AFP]

2019 йили олинган ушбу суратда Хитойнинг Шинжон вилояти Куче шаҳридаги уйғурлар қабристонининг ўрнида олиб борилаётган хиёбон қурилиши акс этган. Хитой уйғур оилаларининг аждодлари дафн этилган қабристонларни вайрон қилган, улардан фақат инсон суяклари қолдиқлари ва бузилган қабрлар қолган. [Гектор Ретамал/AFP]

2019 йили олинган ушбу суратда Хитойнинг Шинжон вилояти Куче шаҳридаги уйғурлар қабристонининг ўрнида олиб борилаётган хиёбон қурилиши акс этган. Хитой уйғур оилаларининг аждодлари дафн этилган қабристонларни вайрон қилган, улардан фақат инсон суяклари қолдиқлари ва бузилган қабрлар қолган. [Гектор Ретамал/AFP]

«Ҳукуматлар ҳамиша инсон ҳуқуқларини поймол қилишга мойил», деди у Хитойнинг уйғурларга нисбатан зулми, Россиянинг Украинага босқини ҳамда Эфиопиядаги Тиграй ва Яман каби камроқ эътибор қаратилаётган минтақаларни тилга олиб.

Аммо кучли фаоллик туфайли «ҳукуматлар ўз қонунбузаликларини яшира олмайдилар, айниқса, ҳамманинг қўлида смартфон бўлган ижтимоий тармоқлар даврида».

«Биз эса сохтакорлик ва хунук ҳақиқат ўртасидаги тафовутга эътибор қаратиш орқали босим пайдо қиламиз», деди у.

Ортда қолган 30 йилга назар ташлар экан, у дунёнинг «улкан ўзгаришларга гувоҳ бўлгани», уларнинг айримлари яхши, айримлари ёмон тарафга» бўлганини айтди.

«Мулзам қилиш керак»

Россия ва Хитой масаласига келсак, «сезиларли очилиш ва ижобий эволюция»дан сўнг, Москва совет даврига, Пекин эса маоистик бошқарувга «қайтмоқда», деди у.

«Бу – кураш, чексиз кураш», деди HRWдан кейин вақтини ҳукуматларга қандай босим ўтказиш ҳақида китоб ёзишга бағишлашни режалаётган собиқ ҳуқуқшунос.

«Сиз энг камида уларни мулзам қилишингиз ёки хижолатда қолдиришингиз мумкин», деди Рот. «Биз, шунингдек, бутун дунёдаги иттифоқчи ҳукуматларга мурожаат қилиб, ижобий ўзгаришларга эришиш учун бизнинг номимиздан ўз таъсирингизни ўтказа оласизми? деб сўраймиз.»

«Зўравон ҳукуматлар эса доим ниманидир истайди: уларга навбатдаги ҳарбий ёрдам тақдим этилишини, савдога оид шартномалар имзолашни, қандайдир ҳашамдор саммитга таклифнома олишни хоҳлайдилар», деди у.

Аммо бу иш берадими?

«Мен бу ҳукуматларни яхши одамларга айлантирамиз, деб даъво қилмайман», деди у. «Кўпинча улар ҳокимият тепасида қолишни ўйлайдилар, холос.»

«Аммо уларга етарлича босим ўтказсак, уларнинг инсон ҳуқуқларини поймол қилишдан кўраётган фойдаси обрўни тиклашдан кўра қимматроққа тушаётганини англаб етадилар», дейди Рот.

«Баъзида ҳукуматлар инсон ҳуқуқларини поймол қилиб бўлмаслигини тушунишлари учун уларнинг харажатлар ва фойдалар ҳақидаги қарашини ўзгартиришга муваффақ бўламиз, баъзида эса муваффақиятсизликка учраймиз. Бошқача бўлиши мумкин эмас.»

Суиистеъмоллар литанияси

HRW Шинжон минтақасидаги оммавий ҳибслар, мажбурий меҳнат, мажбурий стерилизация, тизимли зўрлаш ҳолатлари ва уйғурларнинг маданий ва исломий обидаларини вайрон қилиш каби кўплаб қонунбузарликлар учун Хитойни қоралаганлар қаторида бўлган.

Пекин узоқ йиллардан бери давом этаётган тазйиқлар доирасида олис ғарбий минтақада бир миллиондан ортиқ уйғур ва асосан мусулмонлардан иборат бошқа туркийзабон аҳолини ҳибсга сақлашда айбланмоқда.

Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари Хитойни мусулмон озчиликларни «қатлиом» қилишда айблаган.

Пекин бу даъволарни қатъиян рад этиб, Шинжонда экстремизмга қарши кураш учун мўлжалланган «касб-ҳунар ўргатиш марказлари» ишлаётганини анчадан бери таъкидлаб келади.

Айни пайтда фаоллар 24 февралда босқин бошланганидан бери Украинанинг ишғол қилинган ҳудудларида Россия кучлари тарафидан содир этилган ҳарбий жиноятлар рўйхатини тузмоқда.

Бу каби ҳарбий жиноятлар сирасига Буча ва Ирпен шаҳарларидаги тинч аҳоли қирғини, украиналикларнинг уйларидан маиший молларни талон-тарож қилиб, уларни Россияга юбориш, ичида юзлаб тинч фуқаролар борлигида Мариупол драма театрини бомбардимон қилиш кабилар киради.

Шунингдек, Москва босқинга қаршилик кўрсатгани учун танлаб олинган ўн минглаб украиналикларни Россия назоратидаги ҳудуддаги «филтрлаш» лагерларига мажбуран олиб кетмоқда, улар у ерларда шафқатсизларча сўроқ қилиниб, айрим ҳолларда зўравонлик билан ғойиб бўлмоқда, дейди ҳуқуқбон ташкилотлар.

Кремл қўлловидаги «Вагнер» гуруҳининг ёлланма аскарлари Украина ва бутун дунёда жумладан, Марказий Африка Республикаси, Мали, Ливия ва Суриядаги бошқа можароларда тинч аҳолини ўлдириш ва инсон ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ бошқа жиддий ҳолатларда ҳам айбланган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500