Карвонсарой
Сиёсат

Кузатувчилар: Ўзбекистон мустамлака ўтмишидан халос бўлиш учун давлат тили қонунига амал қилиши керак

Рустам Темиров

Ўзбек тили тўғрисидаги қонунга киритилаётган ўзгаришларга кўра, Ўзбекистондаги реклама матни ўзбек тилида бўлиши талаб этилади. Бошқа тиллардаги матн эса ўзбек тилидагидан қисқароқ бўлиши, ундаги мазмунни аниқ ифодалаши ва реклама майдонининг 40 фоизидан ортиғини эгалламаслиги керак. [Карвонсарой]

Ўзбек тили тўғрисидаги қонунга киритилаётган ўзгаришларга кўра, Ўзбекистондаги реклама матни ўзбек тилида бўлиши талаб этилади. Бошқа тиллардаги матн эса ўзбек тилидагидан қисқароқ бўлиши, ундаги мазмунни аниқ ифодалаши ва реклама майдонининг 40 фоизидан ортиғини эгалламаслиги керак. [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон реклама матни рус тилида эмас, балки ўзбек тилида бўлишини кўзда тутадиган давлат тилига оид қонунга киритилаётган ўзгаришларни тезлик билан амалга ошириши лозим, дейди расмийлар ва кузатувчилар.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 7 июн куни имзоланган ва 8 сентябр куни кучга кирувчи қонунга киритилган янги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича мамлакат бўйлаб жуда кам иш қилинмоқда, дейди ўзбек тили бўйича мутахассис Шахноза Соатова.

Ўзгартириш киритилган қонунга кўра, реклама матни давлат ва расмий тил бўлган ўзбек тилида бўлиши керак.

Шунингдек, янги қонун таржима матни ўзбек тилидагига нисбатан кичикроқ бўлишини, асл матн мазмунини тўғри ифодалашини ва реклама майдонининг 40 фоизидан кўпини эгалламаслигини талаб қилади.

Бино ташқарисидаги реклама, Тошкент, 21 август. [Азиз Патохов]

Бино ташқарисидаги реклама, Тошкент, 21 август. [Азиз Патохов]

Янги қоидалар тизимлаштирилган бўлишига қарамай, ҳеч бир тадбиркор идораси, дўкони ё савдо маркази пешидаги реклама лавҳаларини янгилашга ҳаракат ҳам қилмаяпти, дейди адлия вазири Русланбек Давлетовнинг маслаҳатчиси Соатова.

«Амалда ҳеч ким Қонуннинг 6-моддасини бажармоқчи эмас, шекилли», деб ёзган Соатова 15 август куни Телеграм каналидаги постида.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва соҳага бош масъул Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти «жим», деб айтган у.

Рус тилидаги пешлавҳалар мустамлака ўтмиш рамзи, дейди Соатова.

«Қачонгача шаҳарларимиз тугул ҳатто чекка қишлоқларимиз ҳам бизнинг ўзга тилга маънан қарамлигимизни шармандаларча жар солиб турувчи ташқи реклама лавҳалари билан тўлиб ётади?», деб ёзган у.

«Давлат тили ҳақидаги янги қонун босмадан чиқди», деб ёзган у. «Ҳеч бўлмаса реклама ҳақидаги қонун ишласин.»

«Давлат тили ўзбек тили бўлган мустақил Ўзбекистонми бу ё ҳамон мустамлака ўтмишидан қутулолмаётган юртми?»

Соатова Грузияга сафарини ёдга олар экан, кавказ давлати «биздан кўра узоқроқ мустамлака бўлганига» қарамай, у ерда пешлавҳалар рус, турк ва инглиз тилларида экани, аммо ҳаммасида албатта грузинча ёзилганини айтган.

«Тил миллат характери, қатъияти, қадрини кўрсатувчи ойнадир. Ойнамиз хиралашган, тозалаб олиш керак!»

«Реклама ўзбек тилида бўлиши керак»

Реклама тилини тартибга солиш Ўзбекистон учун жуда муҳим масала, дейди Швецияда яшовчи ўзбек сиёсатчиси Пўлат Охунов.

«Гап нафақат «мустамлака ўтмиши», балки ўзбек тили элита орасида давлат тилига айланмаганида», дейди у.

«Таклиф этилган чоралар русийзабонларга эмас, балки бутун дунё рус тилида гапиради деб ўйлайдиган маҳаллий аҳолига қарши қаратилган», дейди у.

Россиянинг Украинага қарши ҳужумидан кейин урушга қарши суратлари билан танилган рассом Маҳмуд Эшонқулов реклама матнидан рус тилининг олиб ташланишини қўллаб-қувватлайди.

«Реклама энг аввало ўзбек тилида бўлиши керак», деб айтган у. «Ҳар қандай ҳолатда халқаро тил бўлгани учун инглиз тилидан фойдаланиш мумкин.»

«Тошкент ва бошқа катта шаҳарлар кўчаларида рус тилидаги пешлавҳалар ва баннерлар тиқилиб ётибди», дейди у.

«Ҳукумат давлат тили мақоми ва қўлланилишини белгиловчи қонунни қабул қилган», деб айтган Эшонқулов. «Уларга амал қилинса бўлди.»

Филолог ва ўзбек тили ўқитувчиси Сабоҳат Воҳидова ҳам бу фикрга қўшилади.

«Давлат тили ҳақидаги қонун бор, унда ўзбек тилидан жамоат жойларида фойдаланиш тартиби баён қилинган», дейди у. «Унинг ижросини назорат қилиш керак холос.»

«Мамлакатимизда ўзбек тили амал қилиши керак», дейди Воҳидова.

Давлат тилини муҳофаза қилиш

Қонунлар қабул қилингандан кейин ҳам Ўзбекистонда давлат тили билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда.

Масалан, Тошкентда шаҳар кўчаларининг номи фақат русчада ёзилган эски ёзувлар ўрнини ўзбек ва рус тилларидаги икки тилли белгилар эгаллаган.

Ушбу кўча номлари Совет Иттифоқи парчаланишидан олдин, 1989 йил октябр ойида «Давлат тили тўғрисида»ги илк қонун қабул қилингандан кейин ўрнатилган.

1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришгач, бу белгилар кириллча ўзбек тилига ўгирилган. 1993 йилда Ўзбекистон расман лотин ёзувига ўтди ва айрим белгиларни яна бир бор ўзгартиришга тўғри келди.

Лотин ёзувини қўллаш мамлакатнинг Россия таъсиридан узоқлашаётганини кўрсатади.

Лотин ёзувига якуний ўтиш муддатлари бир неча марта ўзгарди, давлат идоралари ва етакчи оммавий ахборот воситаларининг веб-сайтларида ҳали ҳам кирилл ва лотин ёзувларидаги ўзбекча контент таклиф қилинмоқда.

2020 йил октябр ойида эса Мирзиёев лотин ёзувига тўлиқ ўтиш бўйича «йўл харитасини» тузишга чақирди.

Шунингдек, ҳукумат томонидан 2020-2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш режаси ҳамда уни амалга ошириш дастури тасдиқланди.

Мазкур режага кўра, 2025 йилгача мамлакатдаги мактабгача таълим муассасаларининг 80 фоизи ўзбек тилида иш олиб бориши кўзда тутилган.

Шунингдек, мамлакатга келган мигрантлар учун ўзбек тилини иккинчи тил сифатида ўргатиш дастури ҳам яратилади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Сиз чиқарилган қонунлар ижросини таъминлашингиз керак, акс ҳолда янги кампанияларга жиддий муносабатда бўлмаса экансиз, охир-оқибат барчанинг ҳурматини йўқотасиз.

Жавоб бериш

Рус тили шиддат билан ўз мавқеини йўқотиб бормоқда.

Жавоб бериш

Ўттиз йил аввал рус тилида сўзлашувчилар (жумладан Варшава шартномасига аъзо давлатлар, Куба, Мўғулистон ва Хитой) 300 миллионни ташкил қилган бўлса, ҳозир бу ҳудудлар 200 миллионгача камайган. Украина Россияни мағлуб этганидан кейин у яна 40 миллионга қисқаради. Кейин эса ҳар йили пасайиб бораверади, чунки Марказий Осиё инглиз ва турк тилларига ўтади. Рус тилини жаҳон тиллари рўйхатидан чиқариб ташлаш ва уни бутун дунё бўйлаб бир миллиарддан ортиқ одамлар тушунадиган урду тилига алмаштириш вақти келди.

Жавоб бериш

Рус тилини жаҳон тиллари шоҳсупасидан олиб ташлаб, уни урду тилига алмаштириш вақти келди.
Тўғри! Толстой, Достоевский ва Чехов билан болаларни қийнашни бас қилинг; уларга Кришан Чандар, Мулк Раж Ананд, Али Сардор Жафри, Хожа Аҳмад Аббос ва бошқа жаҳон миқёсида машҳур урду тилида сўзлашувчи муаллифларнинг хазиналарини беринг.

Жавоб бериш