Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

БМТ ҳисоботи: Хитой Шинжонда кўплаб инсон ҳуқуқларнинг бузилиши учун жавобгар

Карвонсарой ва AFP

Мусулмон уйғур озчилиги аъзолари 10 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Хитойда ҳибсга олинган қариндошларининг суратларини тақдим этмоқда. [Озан Косе/AFP]

Мусулмон уйғур озчилиги аъзолари 10 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Хитойда ҳибсга олинган қариндошларининг суратларини тақдим этмоқда. [Озан Косе/AFP]

ПЕКИН – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Шинжон минтақасидаги хавфсизлик чоралари доирасида Пекиннинг қийноқлар қўллаши, инсон ҳуқуқларининг поймол қилиши ва инсониятга қарши жиноятлари ҳақидаги даъволарни «ишончли» деб топди. Бу ҳақда ташкилотнинг чоршанба (31 август) куни кечқурун эълон қилинган ҳисоботида маълум қилинган.

Узоқ кутилган ҳисоботда узоқ ғарбий минтақадаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликлар ҳуқуқларининг кўплаб бузилишлари батафсил баён қилинган бўлиб, ҳуқуқ фаоллари, Ғарб давлатлари ва қувғиндаги уйғур ҳамжамияти томонидан анчадан бери илгари сурилаётган кўплаб айбловларга БМТ муҳрини қўйган.

«Уйғурлар ва бошқа мусулмон гуруҳлари аъзоларининг ўзбошимчалик ва дискриминация асосида ҳибсга олиниши халқаро жиноятлар, хусусан, инсониятга қарши жиноятлар деб ҳисобланиши мумкин», дейилади ҳисоботда.

Унда айтилишича, жаҳон ҳамжамияти Шинжондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга «зудлик билан эътибор қаратиши» керак.

2019 йилнинг 31 май куни олинган ушбу фотосуратда Хитойнинг Шинжон вилоятидаги Хотан округи чеккасидаги асосан мусулмон этник озчиликлар вакиллари ҳибсга сақланадиган қайта тарбиялаш лагери деб тахмин қилинадиган, қаттиқ қўриқланадиган объектдаги кузатув минораси акс этган. [Грег Бейкер/AFP]

2019 йилнинг 31 май куни олинган ушбу фотосуратда Хитойнинг Шинжон вилоятидаги Хотан округи чеккасидаги асосан мусулмон этник озчиликлар вакиллари ҳибсга сақланадиган қайта тарбиялаш лагери деб тахмин қилинадиган, қаттиқ қўриқланадиган объектдаги кузатув минораси акс этган. [Грег Бейкер/AFP]

Пекин кўп йиллардан бери экстремизмга қарши олиб борилаётган кураш доирасида узоқ ғарбий минтақадаги бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва асосан мусулмонлардан иборат бошқа туркийзабон халқларни яширин ҳибсхона ва қамоқхоналар тармоғида ҳибсда сақлашда айбланмоқда.

Айбловлар орасида оммавий ҳибслар, мажбурий меҳнат, мажбурий стерилизация, мунтазам зўрлаш ҳолатлари ҳамда уйғурларнинг маданий ва исломий обидаларини йўқ қилиш кабилар бор.

Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари Хитойнинг мусулмон озчиликларини «геноцид» қилаётганини таъкидлаган.

БМТнинг истеъфога чиқаётган инсон ҳуқуқлари бўйича раҳбари Мишел Бачелет Шинжон-Уйғур мухтор вилояти ичидаги вазиятга тўлақонли баҳо бериш зарурлигини айтган эди.

Ҳисобот тахминан бир йил давомида тайёрланган. Хитой унинг чиқарилишига кескин эътироз билдирган.

Бачелет уни тўрт йиллик ваколат муддати тугагунига қадар чиқаришга қарор қилди (БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ваколатлари август ойи охирида тугайди) ва бу ишни Женевада (Швейцария) кеч соат 23:47 да, муддат тугашига 13 дақиқа қолганида амалга оширди.

«Ҳисоботни мандатим тугашидан аввал чиқаришимни айтдим ва буни уддаладим», деди Бачелет пайшанба куни AFPга юборилган электрон мактубда.

«Инсон ҳуқуқларига оид ушбу жиддий муаммоларнинг айрим давлатлар томонидан сиёсийлаштирилиши ёрдам бермади», дейди у.

Қийноқларга оид даъволар «ишончли»

Пекин бу даъволарни кескин рад этиб, Шинжонда экстремизмга қарши кураш учун мўлжалланган касб-ҳунар марказлари фаолият юритаётганини таъкидлаган.

«Ҳукумат томонидан терроризм ва «экстремизм»га қарши кураш баҳонасида Шинжон Уйғур мухтор вилоятида инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишлари содир этилган», дейилади БМТ ҳисоботида.

Ҳисобот Хитойнинг касб-ҳунар ўргатиш ва таълим марказларида сақланаётган одамларга қандай муомала қилинаётгани борасида хавотирлар пайдо қилган.

«Қийноқлар қўллаш ёки шафқатсиз муомала қилиш, жумладан, мажбурий тиббий муолажалар ва қамоқдаги қониқарсиз шароитлар, жинсий ва гендер асосидаги зўравонлик ҳолатлари ҳақидаги даъволар ҳам ишончга сазовор», дейилади ҳисоботда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси касб-ҳунар ўргатиш ва таълим марказларида қанча одам жабрланганини тасдиқлай олмаган бўлса-да, бу тизим бутун минтақа бўйлаб «кенг миқёсда» ишлаган деган хулосага келди.

Марказлардагилар сони, айниқса 2017 ва 2019 йиллар оралиғида «анча салмоқли бўлган ҳамда уйғурлар ва асосан мусулмонлардан иборат бошқа озчилик вакилларининг катта қисмини ташкил этган».

Ҳисоботда, шунингдек, «оилани режалаштириш сиёсатини мажбуран амалга ошириш натижасида репродуктив ҳуқуқлар бузилишининг ишончли аломатлари» келтирилган.

Хитойнинг Женевадаги ваколатхонаси ҳисобот хулосаларини рад этиб, унинг эълон қилинишига қатъиян эътироз билдирган ва ҳимоя тариқасида Шинжон вилояти маъмуриятининг 121 саҳифалик ҳужжатини чоп этган.

«Шинжондаги барча этник гуруҳлар вакиллари тинчлик ва мамнунликда бахтли ҳаёт кечирмоқда», деб даъво қилган Хитой миссияси «дезинформация ва ёлғонни» қоралаб.

«Туб бурилиш»

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тарғибот гуруҳларининг фикрича, ҳисобот кейинги ҳаракатлар учун таянч нуқтаси бўлиши керак.

Уйғур фаоллари ҳамжамиятининг бунга нисбатан жавоби турлича бўлди, айрим гуруҳлар унинг ишини мақтаган бўлса, бошқалар бундан кейин ҳам Пекиннинг Шинжондаги ҳаракатларини қоралашдан тўхтамаслик кераклигини айтган.

«Бу халқаро ҳамжамиятнинг уйғурлар муаммосига муносабатини тубдан ўзгартиради», дейди Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси ижрочи директори Омер Канат.

«Хитой ҳукуматининг қатъий инкорларига қарамай, БМТ мудҳиш жиноятлар содир бўлаётганини расман тан олди».

Ҳисобот мамлакатлар, компаниялар ва БМТ томонидан «аҳамиятли ва салмоқли ҳаракатлар» учун йўл очди, деди Жаҳон уйғур конгресси президенти Долкун Исо.

«Ҳисобдорлик энди бошланади», деб қўшимча қилди у.

Инсон ҳуқуқларининг оммавий поймол қилинганига оид «машъум» хулосалардан Пекин нима учун уларнинг эълон қилинишига қарши «тиш-тирноғи билан курашгани» маълум бўлди, дейди Human Rights Watch (HRW) ташкилотининг Хитой бўйича раҳбари Софи Ричардсон.

Кучли ҳуқуқбонлик ҳаракатлари авторитар режимларнинг фуқаролар ҳуқуқларини поймол қилишига оид «хунук ҳақиқатларни» фош этишга қодир, деган эди ўтган ҳафта (HRW) раҳбари Кеннет Рот.

«Ҳукуматлар ҳамиша инсон ҳуқуқларини поймол қилишга мойил», деди у Хитойнинг уйғурларга нисбатан зулми, Россиянинг Украинага босқини ҳамда Эфиопиядаги Тиграй ва Яман каби камроқ эътибор қаратилаётган минтақаларни мисол ўлароқ келтириб.

Аммо кучли фаоллик туфайли «ҳукуматлар ўз қонунбузаликларини яшира олмайдилар, айниқса, ҳамманинг қўлида смартфон бўлган ижтимоий тармоқлар даврида».

«Биз эса сохтакорлик ва хунук ҳақиқат ўртасидаги тафовутга эътибор қаратиш орқали босим пайдо қиламиз», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Дунё 80 йил олдин немис фашизмига қарши қандай бирлашган бўлса, Хитой фашизмига қарши ҳам iшундай бирлашиши керак.

Жавоб бериш