Карвонсарой
Хавфсизлик

«Восток-2022» ҳарбий машқлари якунланар экан, Россия-Хитой иттифоқи тўла намоён бўлмоқда

Карвонсарой ва AFP

1-7 сентябр кунлари Сибир, Россиянинг Узоқ Шарқдаги федерал округи, Охота ва Япон денгизларида ўтказиладиган «Восток-2022» ҳарбий машғулотларига етиб келган Хитой қўшинлари. [Россия мудофаа вазирлиги]

1-7 сентябр кунлари Сибир, Россиянинг Узоқ Шарқдаги федерал округи, Охота ва Япон денгизларида ўтказиладиган «Восток-2022» ҳарбий машғулотларига етиб келган Хитой қўшинлари. [Россия мудофаа вазирлиги]

УССУРИЙСК, Россия – Россия армияси Украинадаги уруш билан овора эканига қарамай, сешанба (6 сентябр) куни президент Владимир Путин Россия, Хитой ва Москвага хайрихоҳ бўлган бошқа мамлакатларнинг ўн минглаб аскарлари иштирокидаги кенг кўламли ҳарбий машғулотларда қатнашди.

Россиянинг бир қанча қўшнилари, шунингдек, Сурия, Ҳиндистон ва Хитой иштирокида ўтган пайшанба куни бошланган «Восток-2022» машғулотлари чоршанба куни якунланиши кўзда тутилган. Тадбирда Марказий Осиёдан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон иштирок этмоқда.

24 феврал куни Россия ғарбпараст Украинага бостириб кирганидан бери Москва сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан тобора яккаланиб қолган.

«Звезда» ҳарбий янгиликлар хизматининг ёзишича, Путин Россиянинг Узоқ Шарқидаги ўқув полигонлари ва унинг шарқий соҳиллари яқинидаги сувларда ўтказилган манёврларда қатнашган ва мудофаа вазири Сергей Шойгу билан жилмайганча ҳазиллашган.

6 сентябр куни Россия президенти Владимир Путин (ўнгда) мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳамроҳлигида Россиянинг Уссурийск шаҳри яқинидаги «Восток-2022» ҳарбий машғулотларини кузатмоқда. [Михаил Климентев/AFP]

6 сентябр куни Россия президенти Владимир Путин (ўнгда) мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳамроҳлигида Россиянинг Уссурийск шаҳри яқинидаги «Восток-2022» ҳарбий машғулотларини кузатмоқда. [Михаил Климентев/AFP]

Уссурийск яқинидаги «Восток-2022» ҳарбий машқларида иштирок этаётган россиялик ҳарбий хизматчи, 6 сентябр. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

Уссурийск яқинидаги «Восток-2022» ҳарбий машқларида иштирок этаётган россиялик ҳарбий хизматчи, 6 сентябр. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маҳаллий ахборот агентликларига маълум қилишича, Путин Сергеевский полигонида ҳарбий штаб бошлиғи Валерий Герасимов билан ҳам учрашган, сўнг ҳарбий машғулотларнинг якуний босқичини кузатган.

Август ойида бўлиб ўтган машғулотлардаги иштирокини тасдиқлаган Хитой бу сафарги қўшма машқлар «ҳозирги халқаро ва минтақавий вазиятга алоқадор эмаслигини» айтган.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг, Африка, Жанубий Америка ва Осиё давлатлари, хусусан, Хитой билан яқинроқ алоқалар ўрнатишга интилди.

Май ойида бу икки давлат шимоли-шарқий Осиёдаги денгизлар узра бомбардимончи самолётлар учириб, қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказди. Бу вақтда у ерда хорижий давлатлар етакчиларнинг муҳим учрашуви бўлиб ўтаётган эди.

Хитой ва Россия ўртасидаги илиқ муносабатлар глобал хавфсизликка путур етказса-да, Вашингтон машғулотлардан «ҳеч нарса кўрмаяпти», дейди АҚШ Давлат департаменти.

Бу каби машғулотлар охирги марта 2018 йилда ўтказилган эди.

Тўрт йиллик «Восток» машғулотларини давом эттириш билан Путин Украинада қўшин ва техника борасида катта йўқотишларга учраганига қарамай, Москва ишларни одатдаги тарзда олиб боришга қодирлигини билдиргандек бўлди.

Москва маълумотларига кўра, машғулотларга 50 мингдан ортиқ аскар ва 5 мингдан ортиқ ҳарбий техника, жумладан, 140 та самолёт ва 60 кема жалб қилинган.

Таққослаш учун, Москва 2018 йилги машғулотларда 300 минг аскар иштирок этганини айтган, гарчи Ғарб ҳарбий таҳлилчилари бу рақамларнинг иккаласи ҳам ошириб юборилганини айтишади.

8 август куни юқори мартабали АҚШ расмийларидан бири уруш бошланганидан бери Украинада 80 мингга яқин россиялик ҳалок бўлгани ёки яралангани ҳақидаги тахминларни билдирган эди.

Душанба куни Украина бош штаби ўзининг Facebook саҳифасида уруш бошланганидан бери тахминан 50150 нафар рус аскари ҳалок бўлгани айтган.

Россия фақат икки марта – охирги марта 25 март куни қурбонлар сонини расмий равишда эълон қилган бўлиб, уларнинг сони 1351 кишини ташкил этган, таҳлилчилар бу рақамларни жуда паст деб ҳисоблайди.

«Стратегик» муносабатлар

Россиянинг Узоқ Шарқига ташрифи доирасида Путин чоршанба куни Владивосток порт шаҳрига боради, у ерда Шарқий иқтисодий форумда нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Кремл маълумотларига кўра, душанба куни бошланган тўрт кунлик форумда 5000 дан ортиқ одам иштирок этади, энг йирик делегация эса Хитойдан келади.

Форумнинг ялпи мажлисида Путинга Хитой ҳукумати иерархиясида учинчи ўринни эгаллаган Хитойнинг юқори мартабали депутати Ли Чжаншу қўшилади ва кун тартибида у билан шахсий учрашув ҳам кўзда тутилган.

Ли Москванинг Украинага босқинидан сўнг Хитой Коммунистик партиясининг Россияга ташриф буюрган энг юқори мартабали сиёсатчиси бўлади.

«Россия ва Хитойнинг ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорлик муносабатлари изчил ривожланмоқда», дейилади Кремлнинг учрашув олдидан эълон қилган баёнотида.

Унда, шунингдек, «Хитойнинг Украина инқирозига мувозанатли ёндашуви» ва Пекиннинг Россия ҳужуми ортида турган сабабларни «тушуниши» қайд этилган.

Пекин ва Москва сўнгги йилларда «чегараланмаган» муносабатлари доирасида ҳамкорликни кучайтириб, бир-бирига янада яқинлашган.

Москванинг Украинага босқинини қоралашдан бош тортган Пекин Ғарб санкциялари ва Киевга қурол-яроғ сотишни танқид қилиб, уни дипломатик ҳимоя билан таъминлади, натижада Хитой ва Ғарб ўртасидаги зиддият кучайди.

Хитой ўз ҳудуди деб ҳисоблайдиган, ўзини-ўзи бошқарувчи демократик Тайванга юқори мартабали АҚШ амалдорларининг август ойидаги ташрифи ортидан бу танглик янада авж олган.

Бу ташриф чоғида Москва Пекин билан тўлиқ бирдамлик изҳор этган эди.

«Ўзаро манфаатли»

Келажакдаги яқинлашув белгиси сифатида Хитой Россия табиий гази учун тўловни АҚШ долларидан юан ва рублга ўтказишини эълон қилди, бу ҳақда Россия сешанба куни хабар берган.

Янги тўлов механизми «ўзаро манфаатли» ва «бошқа компаниялар учун ажойиб намуна бўлади», деди Россиянинг «Газпром» энергетика гиганти бош директори Алексей Миллер ўз баёнотида.

Россия Ғарб санкцияларига жавобан Европанинг бир қанча мамлакатларига газ етказиб беришни камайтирган – натижада энергия ташувчилар нархи кескин ошди – у Европадан ташқаридаги бозорларга етказиб бериш ҳажмини оширишга ҳаракат қилмоқда.

Бу орада Россиянинг энг йирик банки «Сбербанк» сешанба куни Россиядаги «кучли талаб» туфайли Хитой юанида кредитлар бера бошлаганини маълум қилди, деб хабар қилади «Интерфакс» ахборот агентлиги.

Иқтисодий форумда Путин Бирма хунтаси раҳбари Мин Ауг Хлайнг билан ҳам музокара олиб бориши кутилмоқда.

Россия ва Хитой ўтган йилги давлат тўнтаришидан бери Бирма хунтасини тинч аҳолига ҳужумларда фойдаланилган қуроллар билан таъминлашда айбланмоқда.

Бу орада август ойида Бирма ва Камбоджада бўлган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров сешанба куни Москвада таиландлик ҳамкасби Дон Прамудвинайни қабул қилган.

Шу ойда, 15-16 сентябр кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммити ҳам Москва ва Пекинга алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун имконият бўлиши мумкин.

Хабар қилинишича, Путин ва коронавирус пандемияси туфайли 2020 йилдан бери Хитойдан чиқмаган Си Цзинпин ўртасида юзма-юз учрашув ўтказилиши режалаштирилган.

Икки давлат етакчилари охирги бор Пекинда феврал ойи бошида Қишки олимпия ўйинлари арафасида, Путин Украинага ҳужум бошлашидан бир неча кун аввал учрашган эдилар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500