Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Россияда «Новая газета» лицензияси бекор қилинди, унинг собиқ мухбири эса «давлатга хиёнатда» айбланиб қамалди

Карвонсарой ва AFP

Россиялик журналист, «Новая газета» бош муҳаррири Дмитрий Муратов кимошди савдосида ўзининг 2021 йилги тинчлик бўйича Нобел мукофоти медалини 103,5 миллион долларга сотди, 20 июн куни Нью-Йоркда олинган сурат. Муратов бу пулни украиналик қочқин болаларга ёрдам учун хайрия қилган. [Кена Бетанкур/AFP]

Россиялик журналист, «Новая газета» бош муҳаррири Дмитрий Муратов кимошди савдосида ўзининг 2021 йилги тинчлик бўйича Нобел мукофоти медалини 103,5 миллион долларга сотди, 20 июн куни Нью-Йоркда олинган сурат. Муратов бу пулни украиналик қочқин болаларга ёрдам учун хайрия қилган. [Кена Бетанкур/AFP]

МОСКВА – Россия судлари етакчи мустақил нашр бўлмиш «Новая газета» ва унга қарашли журнал лицензиясини бекор қилди ҳамда нуфузли собиқ мухбирни давлатга хиёнатда айблаб, 22 йиллик қамоқ жазосини берди. Бу Россияда мустақил ОАВни бўғишга қаратилган навбатдаги чоралардан бири бўлди.

Сешанба (6 сентябр) куни Россияда «Новая газета» томонидан чиқарилган, бир кун аввал нашр ҳуқуқидан маҳрум қилинган журнал лицензияси ҳам бекор қилинган эди.

«Новая Рассказ-Газета» журнали етакчи либерал нашр «Новая газета» томонидан очилган бўлиб, унинг бош муҳаррири 2021 йилда тинчлик бўйича Нобел мукофоти билан тақдирланган.

«Москвадаги Басманний суди «Новая рассказ-газета»нинг лицензиясини бекор қилган», деб хабар қилади нашр ижтимоий тармоқда. Бу унинг бошқа чоп этилмаслигини англатади.

2020 йил июлда давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинган ва Чехия разведкасига давлат сирларини беришда айбланган собиқ ҳарбий журналист Иван Сафронов, 4 апрел куни Москва судида олинган сурат. У 5 сентябр куни 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

2020 йил июлда давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинган ва Чехия разведкасига давлат сирларини беришда айбланган собиқ ҳарбий журналист Иван Сафронов, 4 апрел куни Москва судида олинган сурат. У 5 сентябр куни 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

«Новая газета»нинг сайти аллақачон Россия ҳукумати томонидан блокланган.

Қарор ОАВни назорат қилувчи орган – «Роскомнадзор» томонидан ижро этилган. Унга кўра, 2009 йилда журнал номининг рўйхатга олиниши ва 2022 йилда биринчи нашрининг чиқарилиши орасида катта муддат ўтган.

Назорат органи маъмурий даъво қўзғашга нима учун бунча кўп вақт кетганига ойдинлик киритмаган, деб хабар беради «Новая газета».

Нашрнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларидан маълум бўлишича, душанба куни Москва суди «Новая газета» босма версиясининг сертификатини бекор қилган, бундан аввал Украина низосини ёритишга қўйилган бир қатор тақиқлар сабабли март ойида нашр ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган эди.

Кейинроқ нашр бу қарор унинг тақдирини нуқта қўйганини айтди.

«Бугун газета ўлди. Улар ходимларнинг 30 йиллик ҳаёти устидан чизиб ташлашди. Муштарийларнинг маълумот олиш ҳуқуқларини чеклаб қўйишди», деб хабар берган «Новая газета», аммо унинг «эркин руҳи» давом этиши таъкидланган.

Бу қарор «Россия ОАВ мустақиллигига берилган навбатдаги зарба» бўлди, деб айтган БМТ инсон ҳуқуқлари идораси вакили Равина Шамдасани.

Шунингдек, Роскомнадзор «Новая газета»нинг сайтини ҳам ёпишга ҳаракат қилмоқда.

Собиқ мухбир хоинликда айбланиб қамалган

Шунингдек, Москва суди собиқ мухбир Иван Сафроновни давлат сирларини ошкор қилганликда айблаб, 22 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Судья Сафронов жазони «қатъий тартибли колонияда» ўташини айтди, деб хабар беради AFP.

«Коммерсант», «Ведомости» газеталарида ишлаган 32 яшар мухбир мудофаа, сиёсат ва мамлакатнинг космик дастурини ёритувчи нуфузли журналистлардан бири эди.

Сафроновни қўллаб-қувватлаш учун Москвадаги суд залига 100 га яқин одам келган ва якуний қарор эълон қилинганида «Озодлик!» деб ҳайқиришган.

Унинг адвокати Дмитрий Качев қарорни «номуносиб» деб айтган ва Сафронов ўзининг «журналистик фаолияти» учун судланганини қўшимча қилган.

Сафроновнинг адвокатлари қарор юзасидан апелляция беришларини айтганлар.

Сафронов журналистикани тарк этиб, «Роскосмос»да директор маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган пайтда, 2020 йил июл ойида қамоққа олинган.

У Россия армияси, мудофааси ва хавфсизлигига оид махфий маълумотларни тўплагаш ва хориж разведкасига топширишда айбланган.

Сафроновнинг иши сир тутилган далилларга асослангани учун ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилган.

Ўтган ҳафта прокурорлар Сафроновни 24 йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилишган, аввалроқ у камроқ жазо муддати эвазига айбига иқрор бўлишдан бош тортган эди.

Суд жараёни бошланган апрел ойида Сафронов бу ишни ўйин деб атаган ва ўзининг айбсиз эканлигини таъкидлаган.

Собиқ журналист ўз ишининг очиқ манбалар таҳлили ва расмийлар билан суҳбатларга асослаганини айтган.

Сафроновнинг иши мустақил журналистлар ва собиқ ҳамкасбларининг норозилигини келтириб чиқарди.

Душанба куни ўнлаб ОАВ, жумладан «Новая газета» ҳам Сафроновнинг озодликка чиқаришни талаб қилиб баёнот берди, улар бундай қаттиқ жазо билан Россия режими ундан ўч олаётганини айтганлар.

«Назоратни қатъийлаштириш»

Россия мустақил оммавий ахборот воситалари сўнгги йилларда мисли кўрилмаган босимга дуч келди, зеро расмийлар феврал ойида Москванинг Украинага босқини ортидан бу соҳадаги назоратни янада қатъийлаштирган.

Россиядаги барча асосий мустақил оммавий ахборот воситалари ёпилди ёки мамлакат ичидаги фаолиятини вақтинча тўхтатди.

«Новая газета»нинг мустақил позицияси ва йиллар давомидаги суриштирув материаллари нашр учун қимматга тушган.

2000 йилдан буён унинг олти нафар журналисти ва ҳаммуаллифи, жумладан, суриштирувчи журналист Анна Политковская ўз фаолияти туфайли ўлдирилган.

Марказий Осиёда таҳлилчилар Кремл ташвиқоти ва Россия режимининг цензура қўллаш уринишларининг салбий таъсири ҳақида анчадан бери огоҳлантириб келади.

Шу йил бошида Ўзбекистон матбуоти Украинага босқин масаласида Москва позициясини қўллаб-қувватлашдан бош тортгач, кремлпараст ОАВ Ўзбекистондаги сўз эркинлигини танқид остига олган эди.

Тошкентлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Россия ташвиқотга тўла ахборот ва психологик урушининг янги босқичига қадам қўйган.

Унинг асосий душмани – Украина ва жамоавий Ғарб, деган эди у март ойида Кремл бир вақтнинг ўзида постcовет минтақа, жумладан Марказий Осиёда босқин ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни кузатиб бораётганини қўшимча қилиб.

Минтақага ихтисослашган Россия ОАВ, жумладан журналистлари ўзбек ҳукумати, блогерлари ва журналистларига «агар яна танқид қилсангиз, жиддий муаммога дуч келасиз» деган муждани йўлламоқда, деган эди ўшанда Раббимов.

Россиянинг ташвиқоти Қозоғистондаги бўлгинчилик риторикасининг асосий сабабларидан бири, дейди ураллик журналист Лукпан Ахмедяров.

«Ташвиқот нафақат янгиликлар ва сиёсий ток-шоулар, балки кундалик теледастурлар, масалан, спорт дастурларида ҳам ёйинланмоқда, уларнинг барчаси рус миллатининг буюклиги ғояларини тарғиб қилади», деган эди у август ойида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500