Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиянинг навбатдаги дезинформация босими туфайли Қозоғистон ҳарбий маҳсулотлар экспортини вақтинча тўхтатди

Канат Алтинбаев

Август ойида Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида бўлиб ўтган «Халқаро армия ўйинлари-2022» доирасидаги тактик ўқ узиш мусобақаларида нишонни мўлжалга олаётган қозоқ аскари. Қозоғистон ҳукумати ўз хавфсизлигига эҳтимолий таҳдидларга тайёрланмоқда. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

Август ойида Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида бўлиб ўтган «Халқаро армия ўйинлари-2022» доирасидаги тактик ўқ узиш мусобақаларида нишонни мўлжалга олаётган қозоқ аскари. Қозоғистон ҳукумати ўз хавфсизлигига эҳтимолий таҳдидларга тайёрланмоқда. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

ОЛМАОТА – Россия дезинформацияси босимига дуч келган Қозоғистон бир йил муддатга ҳарбий экспортни тўхтатди. Шу тариқа Москва ўз қўшнисидан норози экани ойдинлашган.

27 август куни бош вазир Алихан Смаилов мамлакат Мудофаа саноати қўмитаси йиғилиши якунлари бўйича Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлигининг (СИРВ) ҳарбий маҳсулотлар, жумладан, қурол-яроғ ва техника экспортини вақтинча тўхтатиш таклифини қабул қилди.

Смаилов матбуот хизматининг баёнотига кўра, бу муддат 2023 йилнинг август ойи охирига қадар давом этади.

Расмий баёнотда бу қарор нима сабабдан қабул қилингани очиқланмаган.

Олмаотада ватанга содиқлик қасамёдини қабул қилаётган Қозоғистон армияси курсанти, 3 сентябр куни олинган сурат. Маросимда иккита академиянинг 340 дан ортиқ курсанти, шунингдек, хорижга ўқиш учун жўнаб кетган 20 киши ҳарбий қасамёд келтирган. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

Олмаотада ватанга содиқлик қасамёдини қабул қилаётган Қозоғистон армияси курсанти, 3 сентябр куни олинган сурат. Маросимда иккита академиянинг 340 дан ортиқ курсанти, шунингдек, хорижга ўқиш учун жўнаб кетган 20 киши ҳарбий қасамёд келтирган. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

Россиянинг Украинага босқини давом этар экан, Олмаота 30 йиллик мустақилликдан сўнг президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг буйруғи билан бомбапаноҳгоҳларни тиклай бошлаган. Олмаота, апрел ойи. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Россиянинг Украинага босқини давом этар экан, Олмаота 30 йиллик мустақилликдан сўнг президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг буйруғи билан бомбапаноҳгоҳларни тиклай бошлаган. Олмаота, апрел ойи. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Бироқ, шу ой бошида кремлпараст хакерлар интернетда «Британия Украина учун Қозоғистон қуролларини сотиб олишга оид келишув имзолаганини» тасдиқловчи ҳужжатларни тарқатган эди.

Улар 16 июл куни имзоланган, 180 кун ичида 46 миллион долларлик қурол етказиб беришни кўзда тутувчи шартномани топганликларини иддао қилишган.

10 август куни ҳарбий маҳсулотлар экспорти ёки импорти учун лицензиялар берувчи СИРВ бу хабарни рад этди.

Дезинформацияга қарши кураш бўйича Stopfake.kz расмий сайтида айтилишича, агентлик тилга олинган қуролларни белгиланган муддатда ҳеч қайси давлатга экспорт қилиш учун лицензия бермаганини айтди.

Россиянинг Телеграмдаги Rybar ташвиқот канали эса қурол экспорти Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) томонидан маъқуллангани ва «махфий тарзда» амалга оширилаётганини даъво қилган.

Мудофаа саноатини Совет Иттифоқидан мерос қилиб олган Қозоғистонда радиоэлектроника, ўқ-дорилар, артиллерия снарядлари, зирҳли транспорт воситалари учун аслаҳалар ва ҳарбий денгиз қуроллари ишлаб чиқарувчи қирққа яқин мудофаа пудратчилари бор.

Ўтган йили Қозоғистон Россия, Беларус, Ҳиндистон, Украина ва Ўзбекистонга, шунингдек, Жануби-Шарқий Осиё, Марказий Осиё ва Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатларига мудофаа маҳсулотлари экспорт қилди, деб хабар берган декабр ойида «Курсив» бизнес нашри СИРВга таяниб.

Россия тажовузига тайёргарлик

Сўнгги дезинформация Россия оммавий ахборот воситалари ва сиёсатчиларининг Қозоғистон суверенитетига таҳдид солувчи бир қанча баёнотлари фонида пайдо бўлди.

Сўнгги йилларда Россия сиёсатчилари ва ташвиқотчилари Шимолий Қозоғистон вилояти тарихан Россияга қараши бўлганини даъво қилиб, у ердаги русийзабон аҳолига зулм қилинмоқда, деган асоссиз айбловлар билан чиққан эдилар.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўтган йил ноябр ойида ҳукуматга қарашли «Российская газета»да чоп этилган мақоласида Қозоғистонни «русийзабон фуқароларга нисбатан ксенофобияда» айблаганди.

Шу йилнинг август ойида юз берган яна бир ҳодисада Россиянинг собиқ президенти ва Хавфсизлик кенгаши раисининг амалдаги ўринбосари Дмитрий Медведев «ВКонтакте» (ВК) ижтимоий тармоғидаги постида Қозоғистонни «сунъий давлат» деб атаган ва уни «русларни геноцид қилаётганликда» айблаб чиққан.

Бу пост кўп ўтмай ўчириб ташланган, кейинроқ Медведевнинг ёрдамчиси саҳифа хакерлик ҳужумига учраганини даъво қилган.

Армия, конверсия ва қуролсизланиш тадқиқотлари марказининг Осиё-Тинч океани бўлими раҳбари, киевлик Юрий Пойтанинг огоҳлантиришича, Россиянинг дезинформацион хуружлари охир-оқибат Украина билан бўлгани каби ҳақиқий жанговар ҳаракатларга айланиши мумкин.

«Бу хатарлар ҳақиқий ва Қозоғистон Россиядан келаётган таҳдидни жиддий қабул қилиши лозим», дейди у.

Афтидан, Қозоғистон ҳукумати ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ ва Украинадаги урушдан сабоқ олиб, ўз хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган хатарларга тайёргарлик чораларини кўрмоқда.

Апрел ойида Қозоғистон 2022 йил учун мудофаа соҳасига қўшимча 1 миллиард доллар ажратиб, бу маблағни «ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш органларининг жанговар тайёргарлигини ошириш ҳамда жиҳозларини модернизация қилиш»га йўналтирди.

Харажатларнинг асосий қисми Ички ишлар вазирлиги (ИИВ), Миллий гвардия ва мудофаа вазирлиги қошида фаолият юритувчи махсус қўшинлар сонини кўпайтириш, қўшимча техника, жумладан, ҳарбий транспорт самолётларини сотиб олишга сарфланиши керак эди. Ҳарбий хизматчиларнинг ойлик маошлари 40% га оширилди.

Июн ойида Қозоғистон жорий геосиёсий вазиятни инобатга олган ҳолда ўзининг ҳарбий доктринасини янгилади.

Мазкур ҳужжат охирги марта 2017 йилда қайта кўриб чиқилган бўлиб, унга илк бор гибрид уруш таърифи киритилган ва «Қозоғистон Республикаси чегара ҳудудида қуролли можаронинг авж олиши ва кучайиши» таҳдиди қайд этилган.

Ҳужжатнинг сўнгги таҳририда, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлатни беқарорлаштиришга қаратилган «ахборот ва ташвиқот фаолияти, жумладан, ахборот операциялари (киберҳужумлар)» ҳам ҳарбий таҳдидлар деб ҳисобланиши баён қилинган.

Потенциал таҳдид

«Эндиликда Қозоғистон ташвиқот ва киберҳужумларни расман потенциал ҳарбий таҳдидлар сифатида эътироф этмоқда», дейди Олмаотадаги «Драккар» нашриёт уйи матбуот котиби Санжар Искандеров.

Ўзини «фош этувчи» қилиб кўрсатадиган кремлпараст хакерлар ва Россия оммавий ахборот воситалари айнан шу иш билан шуғулланади», дейди у.

«Ҳозирги воқеалардан келиб чиқиб, Қозоғистон наздида қайси қўшни потенциал хавф туғдиришини англаш учун ҳарбий эксперт бўлиш шарт эмас», деди Искандеров.

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Олмаотадаги бомбапаноҳгоҳларни тиклаш ҳақидаги буйруғи хавотирлар кучайиб бораётганидан дарак беради.

«Йирик шаҳарларда иш бошланди» деди 27 август куни Олмаота ҳокими Ерболат Досаев. «Бу фақат геосиёсий воқеалар билан боғлиқ эмас... биз сейсмик фаол ҳудуддамиз, шунинг учун шаҳар [фавқулодда ҳолатларга] тайёр бўлиши керак.»

Бироқ маҳаллий аҳолига кўра, зилзида хавфи шунчаки баҳона. Бунинг асл сабаби – эҳтимолий босқиндан ҳимояланиш, дейди улар.

«Нега ҳукумат 30 йиллик мустақилликдан кейин, ҳозир Олмаотадаги бомбапаноҳгоҳларни тиклашга қарор қилди? деб савол берган олмаоталик блогер Қайрат Нуралиев.

«Негалигини фақат тахмин қила оламиз, холос.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500