Карвонсарой
Сиёсат

Россиянинг «мослашув» марказлари мигрантлар онгини заҳарлаш билан шуғулланиши гумон қилинмоқда

Ксения Бондал

Москвадаги қурилиш объектида ишлаётган Марказий осиёлик меҳнат мигрантлари, 9 июн. [Суннат Маҳмудов]

Москвадаги қурилиш объектида ишлаётган Марказий осиёлик меҳнат мигрантлари, 9 июн. [Суннат Маҳмудов]

ОЛМАОТА – Қозоғистондаги таҳлилчиларнинг огоҳлантиришича, Россия президенти Владимир Путиннинг Марказий осиёлик мигрантларга ўз ватанида Россияда қандай ишлашни ўргатиш таклифи амалга ошадиган бўлса, содда одамларни Кремл урушлари учун тўп емига айлантиришга хизмат қилиши мумкин.

Этник масалалар бўйича федерал агентлик раҳбари Игор Баринов билан учрашув чоғида Путин Россияга ишлаш учун келганлар мамлакат тили, маданияти ва қонунларини билиши шарт эканини айтди, дейилади Кремл матбуот хизматининг 29 август кунги хабарида.

«Одамлар шуни тушуниши керак: улар Россияга келар экан, урф-одат ва анъаналаримизни ҳурмат қилиши керак, Россия қонунларини билиши ва уларга риоя қилиши зарур», деди Путин.

Баринов билан учрашуви чоғида Путин бошқа масалалар қатори, мигрантларни Россиядаги воқеликка мослаштириш ишларини уларнинг ватанида бошлаш кераклиги ҳақида сўзлади.

Вагнер гуруҳининг ёлланма аскарлари, май ойи, Украина. [Файл]

Вагнер гуруҳининг ёлланма аскарлари, май ойи, Украина. [Файл]

Россиянинг Ингушетия республикасидаги Назран шаҳрида ишловчи ўзбекистонлик мигрант, 10 июл. [Фаррух Жалилов]

Россиянинг Ингушетия республикасидаги Назран шаҳрида ишловчи ўзбекистонлик мигрант, 10 июл. [Фаррух Жалилов]

У потенциал ишчиларни Россиядаги ҳаётга тайёрлаш учун Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон каби мамлакатларда мигрантлар учун «мослашув марказлари» очишни таклиф қилди.

Путин Бариновга Россиянинг бир қанча «синов минтақаларида» мамлакатга келиб бўлган мигрантлар учун шундай марказлар очишни буюрган.

Июн ойи ҳолатига кўра, Россияда Марказий Осиёдан 4 миллионга яқин мигрант ишлайди, деб хабар берган эди Gazeta.uz ўша ойда Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига таяниб.

Янги ёлланма аскарлар

Аслида бу марказлар мигрантларни адаптация қилиш марказлари эмас, балки жангарилар ёллаш пунктларига айланиши мумкин, дейди Олмаотадаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Халқаро савдо марказининг экспорт бўйича мураббийи Алихон Канапия Карвонсаройга.

24 февралда бошланган Украинага босқин давомида кутилмаганда кўп талафот кўрган Россияга аскарлар етишмаяпти.

Украина бош штабининг жума (9 сентябр) куни Фейсбукда маълум қилишича, ҳозирга қадар тақрибан 51900 нафар россиялик аскар ҳалок бўлган.

«Бу марказларда катта сондаги мигрантлар жамланади ва... улар орасидан психотипларга қараб потенциал жангчиларни танлаб олинади», деди Канапия.

«Улар Россия армияси сафига қўшилиши шарт эмас. Бу марказларда «Вагнер гуруҳи» хусусий ҳарбий компанияси ўз ташвиқотини олиб боради ва тўп емини жалб қилади», деди Канапия.

Кремл учун «ифлос ишларни» амалга оширувчи, петербурглик бизнесмен ва Путиннинг яқин сафдоши Евгений Пригожин томонидан молиялаштириладиган «Вагнер» бунгача ҳам Марказий осиёликларни Россия номидан Украинада жанг қилишга чорлаган эди.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги 26 июл куни фуқароларни хориждаги жанговар бўлинмаларга ёлланиш эҳтимолидан огоҳ бўлишга чақирар экан, айрим ахборот сайтлари ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларда «катта маош эвазига» Россияга ишлаш эълонлари қўйилаётгани ҳақида баёнот берган.

Путин таклиф қилган марказлар «юмшоқ куч» сиёсатини қўллашдан тортиб, аскар ёллашгача бўлган кўплаб ҳаракатлар учун асос бўлиши мумкин, дейди чимкентлик фаол Куаниш Сатаев Карвонсаройга.

«Кремл Марказий Осиёнинг узоқлашиб кетаётганидан хавотирда... Мигрантларни мослаштириш марказларидан Путинга содиқ оммани етиштириш учун ҳам, эркакларни ҳарбий бўлинмаларга, 90% эҳтимол билан, Вагнер гуруҳига ёллашда ҳам фойдаланиш мумкин», деди Сатаев.

Путин мигрантларнинг ўз ватани ва тарихи билан ришталарини заифлаштирмоқчи, дейди олмаоталик тадбиркор Арман Шораев. «Ватани билан алоқасини йўқотган мигрантларни назорат қилиш осонроқ

«2017 йилда Россияда охирги қозоқ мактаби ёпилди, гарчи мамлакатда 900 мингдан ортиқ этник қозоқлар истиқомат қилса ҳам. Бошқирдистонда татар тилини ўқитиш тақиқланган. Расмийлар уни фақат ихтиёрий фан сифатида қолдиришган», деди Шораев Карвонсаройга.

«Путиннинг мақсади – Россияда яшовчи барча халқлар ва у босиб олган ҳудудлардаги барча фуқароларни ягона тилда гаплашадиган қилиш. Шунда уларнинг миясини заҳарлаш осонроқ бўлади».

«Бундай одамларни бошқариш осонроқ.»

«Улар бир неча ой [Маргарита] Симонян ёки [Владимир] Соловёв кабиларни тингласа бўлди, Путиннинг буйруғи билан ҳар кимга қарши жанг қилишга тайёр бўлган тўп емига айланади», деди у Кремлнинг энг ашаддий ташвиқотчиларини назарда тутиб.

Танловсиз танлов

Қирғизистон, Тожикистон ва қайсидир маънода Ўзбекистон каби реал иқтисодий ўсиш қобилиятига эга бўлмаган Марказий Осиё давлатлари учун бу марказларни қабул қилишдан бошқа чора йўқ, дейди кузатувчилар.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2021 йилда Қирғизистон ва Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг учдан бири мигрантларнинг пул ўтказмаларига таянган.

Жаҳон банки прогнозларига кўра, жорий йилда Россиянинг Украинага босқини учун жазо чораси сифатида жорий этилган глобал санкциялар туфайли Россиядан пул ўтказмаларининг камайиши Ўзбекистонда 21 фоиз, Қозоғистонда 17 фоиз, Тожикистонда 22 фоиз ва Қирғизистонда 33 фоизни ташкил этади, деб хабар берган Gazeta.uz.

Бу мамлакатларнинг иқтисодий тақдири Россияга ишлаш учун борадиган миллионлаб фуқароларга боғлиқ бўлар экан, улар ўз ҳудудларида Россиянинг мослашув марказларини очиш учун рухсат беришга мажбур бўладилар, дейди Нур-Султонлик сиёсий мухбир Газиз Абишев.

«Уларда бериладиган рус тили таълими эса ташвиқот юритиш учун илгак бўлади», деди Абишев.

Мигрантлар марказларининг асосий мақсади «катта эҳтимол билан» ташвиқот юритишдир, дейди нур-султонлик сиёсатшунос Талгат Калиев.

«Россия таълими, худди ўз давридаги совет таълими каби, мафкурага ҳаддан ташқари тўйинтирилган. Натижада, ҳар қандай гуманитар фанлар курсларида тарихий масалалар ва геосиёсий вазият тилга олиниши муқаррар» дейди Калиев Карвонсарой билан суҳбатда.

«Россияда кўплаб ижтимоий можаролар Украинадаги воқеаларини талқин қилиш билан боғлиқ сиёсий тафовутлар туфайли юзага келган», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500