Карвонсарой
Таълим

Ҳар бир ўқувчига дарслик: Ўзбекистон ва USAID инглиз тили таълимини кучайтирмоқда

Рустам Темиров

5 сентябр куни Самарқанд вилоятидаги мактабларнинг бирида дарсда ўтирган ўқувчилар. [Бахтиёр Мустанов]

5 сентябр куни Самарқанд вилоятидаги мактабларнинг бирида дарсда ўтирган ўқувчилар. [Бахтиёр Мустанов]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон ҳукумати янги ўқув йили олдидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда инглиз тилини ўқитишни яхшилаш устида иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги 6,5 миллион донадан ортиқ янги инглиз тили дарсликларини чоп этган, деб хабар берди Gazeta.uz 31 август куни.

Ўқувчи ва ўқитувчилар учун мўлжалланган янги дарсликларга USAID томонидан Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига совға қилинган инглиз тилини хорижий тил сифатида ўқитишга оид 33 та қўлланма асос бўлди.

Халқаро ресурсларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган ушбу китоблар жорий ўқув йилидаёқ мамлакат умумтаълим мактаблари ўқув дастурига киритилади.

Самарқанд вилоятидаги мактаб ўқувчилари, 2021 йил, 6 сентябр. [Замира Болтаева]

Самарқанд вилоятидаги мактаб ўқувчилари, 2021 йил, 6 сентябр. [Замира Болтаева]

Татбиқ этилгунига қадар Американинг янги дарсликлари 2021-2022 ўқув йилида 200 дан ортиқ Ўзбекистон мактабларида синовдан ўтказилди.

Бундан ташқари, ўқувчиларга йўналтирилган ўқитиш усуллари ва янги материаллардан фойдаланиш услублари бўйича 800 га яқин ўқитувчи тренингдан ўтди.

USAID маълумотларига кўра, 2022-2023 ўқув йили бошига қадар Ўзбекистондаги барча инглиз тили ўқитувчилари тил ўргатишнинг янги усулларини қўллашга тўлиқ тайёр бўлади.

Ўтган йили USAID Ўзбекистон мактаблари учун инглиз тили ва ахборот технологиялари бўйича дарсликлар тўпламига 10 миллион доллар ажратди, деб хабар берган Gazeta.uz 2021 йил августда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига таяниб.

Аввалроқ, 2019 йил сентябр ойида АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида беш йил давомида таълим тизимига кўмаклашиш бўйича Тараққиёт мақсадлари учун грант тўғрисидаги битим имзоланган эди.

Инглиз тилига талаб

Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги 10130 та мактабда жами 6,2 миллион ўқувчи таълим олади.

Шу тариқа янги инглиз тили дарслигини деярли ҳар бир ўзбекистонлик ўқувчи олиши мумкин.

Янги дарсликлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда хорижий тилларни ўрганишни кучайтиришга оид саъй-ҳаракатларнинг фаоллашуви ортидан пайдо бўлди.

Ўзбекистонда 2021 йил декабр ойида Foreign Languages телеканали ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, унда суткасига 24 соат давомида хорижий тиллардаги ўзбек кўрсатувлари эфирга узатилади. Телеканал ҳар куни онлайн таълим учун уч соатлик эфир вақти ажратади.

Жорий йилнинг июл ойидан UzDigital TV рақамли телевидение оператори ҳам уни ўрганиш истагида бўлган томошабинлар учун инглиз тилидаги филмларни намойиш эта бошлади.

Мактабларнинг бу қадар катта ҳажмдаги дарсликлар билан таъминланиши – инглиз тилини ўрганиш йўлидаги улкан қадам, дейди тошкентлик таҳлилчи Анвар Назиров.

Инглиз тили замонавий бизнес, халқаро муносабатлар ва янги билимлар тили бўлиб, уни ривожлантириш зарур, деди у.

Унинг айтишича, инглиз тилида ёзиш ва гапиришни билмай туриб, дунёнинг бир қисмига айланиш, у билан интеграциялашиш имконсиз. Аммо, Ўзбекистон олдида рус тили билан боғлиқ муаммо ҳам бор.

Ўзбекистонда Россия ташвиқоти ва «путинпарастлик кайфияти» ҳукмрон экани айниқса муаммоли, деди Назиров Россия президенти Владимир Путинга ишора қилиб.

Телевидениедаги Россия ташвиқот дастурлари кўпроқ бошқа давлатлар ҳақидаги, инглиз ва бошқа тиллардаги контент билан алмаштирилиши керак, деб қўшимча қилди у.

Технологиялар асрида инглиз тилини яхши билиш жуда муҳим, дейди АҚШда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатчи Нигора Ҳидоятова.

«Бугунги кунда ёшлар рус тилидан кўра инглиз тилини ўрганишга кўпроқ қизиқишмоқда, айниқса, ҳозир Россиянинг яккаланиб қолгани учун.»

«Вазият янада ёмонлашиши аниқ, демак, рус тилига қизиқиш пасаяди», деди у Карвонсаройга.

Мактабларда инглиз тилини чуқурлаштирилган ҳолда ўқитишни жорий этиш ниҳоят рус тилига қарамликни камайтиришга ёрдам беради, дейди у.

«Илгари қандай қилиб рус тилини билмаслик, Достоевскийни ўқимаслик мумкин? деб ўйлардим. Лекин ҳозир фикрим ўзгарган», дейди Ҳидоятова.

Қўшимча ёрдам зарур

Ўзбекистон гуллаб-яшнаши учун фуқаролар инглиз тилини ўрганиши керак, деб қўшимча қилди Ҳидоятова.

Ўзбекистоннинг бир ўзи буни уддалаши мушкул, шундай экан, USAID каби ташкилотларнинг ёрдами зарур, дейди у.

Қарши шаҳрида яшовчи инглиз тили ўқитувчиси Наргиза Қаҳҳорованинг айтишича, Ўзбекистон мактаблари АҚШ, Буюк Британия ва бошқа инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатларнинг ўқитувчилари ёрдамига муҳтож.

«[Ўзбекистондаги] ўқув-методик база жуда заиф. Бизда йиллар давомида янгиланмаган турли дарсликлар бор. USAIDнинг уларни нашр этиш жараёнига қўшилганидан хурсандман», дейди Қаҳҳорова Карвонсарой нашрига.

Мактаб ўқувчиларининг аксарияти инглиз тилини ўрганишни истайди, дейди 14 йилдан бери дарс бериб келаётган Қаҳҳорова.

Аудио ва видео материалларга, шунингдек, инглиз тили ўқитувчилари учун малака ошириш курсларига эҳтиёж бор, дейди у.

Болалар инглиз тилида ижод қилган муаллифларнинг асарлари билан танишиши учун ўқув дастурига инглиз адабиёти дарслари ҳам киритилиши лозим, деб қўшимча қилди у.

«Ўзбек мактабларига хориждан инглиз тилида сўзлашувчи ўқитувчилар таклиф қилинса яхши бўларди. Шунингдек, инглиз тили ўқитувчилари учун Европа ва АҚШ тилшунос-ўқитувчилари иштирокидаги маҳорат дарслари ҳам зарур», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Каххорова узиз болаларизга талим беропсизми уларни тарбиясига ота иштироки борми

Жавоб бериш