Карвонсарой
Атроф-муҳит

ЕТТБ Ўзбекистонда совет давридан қолган 2 та собиқ уран конини тозалаш ишларига бош-қош бўлади

Карвонсарой

ЕТТБнининг ядровий хавфсизлик бўйича раҳбари Бальтазар Линдауэр (чапда) ҳамда Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов 1 сентябр куни Лондонда ЕТТБ тарафидан Ўзбекистонга совет давридан қолган иккита уран конини тозалашда ёрдам беришга оид битимни имзолаш маросимида қўл сиқишмоқдалар. [ЕТТБ]

ЕТТБнининг ядровий хавфсизлик бўйича раҳбари Бальтазар Линдауэр (чапда) ҳамда Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов 1 сентябр куни Лондонда ЕТТБ тарафидан Ўзбекистонга совет давридан қолган иккита уран конини тозалашда ёрдам беришга оид битимни имзолаш маросимида қўл сиқишмоқдалар. [ЕТТБ]

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Марказий Осиё мамлакатига Совет иттифоқи давридан қолган собиқ уран конлари билан боғлиқ муаммони ҳал этишга кўмаклашмоқда.

2023 йилнинг биринчи чорагида ЕТТБ Ўзбекистонда совет иттифоқи даврида уран қазиб олинган Янгиобод ва Чоркесар объектларини чиқиндилардан тозалаш ишларини бошлайди, дейилади ЕТТБнинг шу ой бошида эълон қилган баёнотида.

Лойиҳа икки йил давомида амалга оширилиши кутилмоқда.

ЕТТБ ва Ўзбекистон ҳукумати бу борада грант шартномасини имзолаган. Шартномага кўра, Тошкентдан шарқда жойлашган Янгиобод ва Чоркесардаги собиқ иттифоқ уран конларини чиқиндилардан тозалаш харажатлари Марказий Осиё учун Атроф-муҳитни қайта тиклаш ҳисоби (ERA) ёрдамида қопланади.

Ўзбекистоннинг Янгиобод шаҳридаги собиқ уран конидаги шаршара, ўтган йилнинг ноябр ойида олинган сурат. [Халқаро атом энергияси агентлиги]

Ўзбекистоннинг Янгиобод шаҳридаги собиқ уран конидаги шаршара, ўтган йилнинг ноябр ойида олинган сурат. [Халқаро атом энергияси агентлиги]

ERA лойиҳа учун ЕТТБ тарафидан бошқариладиган 7 миллион евро миқдорида грант ажратади.

1 сентябр куни Лондонда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг ядровий хавфсизлик бўйича директори Балтазар Линдауер ва Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов тегишли келишувни имзоладилар.

Тоғли ҳудудлардаги хатарли жойлар

Қарийб 40 йил давомида уран қазиб олинган Янгиобод кони Тошкентдан 70 км узоқликда, сейсмик хавфли ҳудудда ва денгиз сатҳидан 1300 метр баландликда жойлашган.

Унинг майдони 50 кв. км бўлиб, тахминан 2,6 миллион куб метр радиоактив чиқиндиларни ўз ичига олган.

Бригадалар тўртта шахтани ёпиш, ифлосланган бинолар ва қайта ишлаш иншоотларини бузиш ва бир қанча тоғ жинслари чиқиндиларини бошқа жойга кўчиришни режалаштирмоқда.

Улар, шунингдек, Янгиободда туризм саноатини ривожлантиришга ҳам ёрдам бермоқчи.

Тошкентдан 140 км шарқдаги Чоркесар ҳам тоғли ҳудудда жойлашган. Бу ерда 1995 йилгача уран кони бўлган. Худди шу номдаги шаҳарда 3500 га яқин аҳоли истиқомат қилади.

Бригадалар иккита шахтани ёпиш ва иккита сув ташлайдиган канални тикламоқчи.

Қирғизистондаги муваффақиятли ишлар

Март ойида ERA томонидан молиялаштирилган ишлар натижасида Қирғизистондаги иккита эски уран қазиб олиш объектлари – Шекафтар ва Минг Қушни чиқиндилардан тозалаш ишлари якунланди. Ушбу лойиҳа ўз вақтида ва бюджет доирасида амалга оширилди.

2015 йилда Европа Иттифоқи (ЕИ) ташаббуси билан ташкил этилган ва ЕТТБ томонидан бошқариладиган ERA совет давридаги уран қазиб олиш натижасида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда қолдирилган экологик ҳалокатни бартараф этишни кўзлайди.

«Тоғ-кон чиқиндихоналари ва чиқиндиларни сақлаш иншоотларида катта миқдорда радиоактив ифлосланган материаллар жойлаштирилган. [Марказий Осиёдаги] конларнинг аксарияти 1995 йилга келиб ёпилган бўлса-да, қазиш ишларигача ҳам, ундан кейин ҳам деярли ҳеч қандай тозалаш ишлари олиб борилмаган», деб ёзади World Nuclear News сентябр ойида.

Европа Иттифоқи, Бельгия, Литва, Норвегия, Испания, Швейцария ва АҚШ ERA донорлари ҳисобланади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500