Карвонсарой
Хавфсизлик

Украинадаги мағлубият россиялик жангарилар ва ташвиқотчиларни жазавага туширмоқда

Ольга Чепил ва AFP

Украинада буйруқ кутаётган Вагнер гуруҳи жангарилари. [Вагнер гуруҳи]

Украинада буйруқ кутаётган Вагнер гуруҳи жангарилари. [Вагнер гуруҳи]

КИЕВ – Ўтган бир ҳафта ичида Москванинг шарқий Украинадаги шармандали муваффақиятсизликлари россиялик ташвиқотчилар ва Кремл қувватловидаги Вагнер гуруҳи жангариларини ўртасида айбловларга сабаб бўлди.

5 сентябр куни бошланган шиддатли қарши ҳужум натижасида Украина стратегик Изюм шаҳрини қайта назоратга олди ва Харков вилоятининг аксар қисмидан Россия кучларини қувиб чиқарди.

Россиялик аскарлар тартибсиз ҳолда, айримлари танкларни, зирҳли техника ва қуролларини ташлаб, ўзларини маҳаллий аҳоли қиёфасида ўғирланган велосипедларда қочиб қолишган.

Сиздирилган видеода Вагнер гуруҳи молиячиси Евгений Пригожин қамоқхонада жангариларни ёллаётгани Россияга аскарлар етишмаётганига далил бўла олади.

BBC томонидан тасдиқланган санаси номаълум видеоёзувда Вагнер гуруҳини молиялаштирувчи Евгений Пригожин Россия марказидаги қамоқхонада ўз гуруҳига жангарилар ёллаётгани акс этган. [BBC]

BBC томонидан тасдиқланган санаси номаълум видеоёзувда Вагнер гуруҳини молиялаштирувчи Евгений Пригожин Россия марказидаги қамоқхонада ўз гуруҳига жангарилар ёллаётгани акс этган. [BBC]

11 сентябр куни Украина ҳарбий бош қўмондони Валерий Залужний ўзининг Facebook саҳифасида қочиб кетган россияликларнинг транспорт воситалари ва қурол-аслаҳалари тахланиб ётган суратларни чоп этди. [Украина қуролли кучлари бош қўмондони/Facebook]

11 сентябр куни Украина ҳарбий бош қўмондони Валерий Залужний ўзининг Facebook саҳифасида қочиб кетган россияликларнинг транспорт воситалари ва қурол-аслаҳалари тахланиб ётган суратларни чоп этди. [Украина қуролли кучлари бош қўмондони/Facebook]

Санкт-Петербурглик бизнесмен ва Россия президенти Владимир Путиннинг яқин иттифоқдоши Пригожин дунё бўйлаб Кремлнинг «ифлос ишларини» бажариб келувчи Вагнер гуруҳига алоқадорлигини анчадан бери рад этиб келади.

Аммо жума (16 сентябр) кунги хабарда BBC томонидан тасдиқланган видео ва суратларда август ойида Пригожин Украинанинг Пропасна шаҳридаги Вагнер бош бошқармасига ташриф буюргани унинг хусусий ҳарбий компанияга (ХҲК) алоқадорлигини тасдиқлайди.

Видеода олигарх Россия марказида жойлашган колониядаги маҳбусларга ўзини ХҲКнинг вакили деб таништирган.

«Балки сиз Вагнер гуруҳи номини эшитгандирсиз?» деб сўраган у тўпланган маҳбуслардан.

Россия қонунчилиги ҳарбий жангарилик хизмати учун маҳбусларни озод қилишни назарда тутмаса-да, Пригожин уларга «олти ой хизмат қилсангиз, озод бўласиз» деб айтган.

Аммо шу билан бирга у «агар Украинага бориб фикрингиздан қайтсангиз, биз сизни қатл қиламиз», деб қўшимча қилган.

BBC ва бир қатор бошқа манбалар видеони ҳақиқийлигини тасдиқлаган. Видеони ким, қачон суратга олгани ва қандай тарқатгани номаълум.

Видео оммалашиб кетганидан кейин ижтимоий тармоқда чоп этилган баёнотда Пригожин, агар у қамоқда бўлганида «она ватан олдидаги қарзини узиши учун Вагнер гуруҳи сафига қўшилган бўлишини» айтган.

У видеога бевосита фикр билдирмаган ва уни тасдиқламаган, аммо жангарилар ёки маҳбуслар Украинада жанг қилишини истамаётганларга мужда йўллаган.

«ХҲК ва маҳбуслар ёки сизнинг фарзандларингиз, ўзингиз ҳал қилинг», деб айтган у.

Стратегик муваффақиятсизликлар

Россиянинг сўнгги муваффақиятсизликлари Кремл тарафдорлари орасида ҳам ноодатий танқидларга сабаб бўлди.

Вагнер гуруҳига алоқадор ҳисобланган Grey Zone номли Телеграм канали сешанба куни бошқа бир каналнинг Украинадаги Россиянинг нуқсонли тактикаси ҳақидаги баёнотни қайта чоп этган.

«Россияликларнинг ракеталарга ишончи фойда бермади. Қисқаси, бу стратегия ўзини оқламади.»

«Ракеталарга келганда, муҳими уларнинг пастлаб чиройли учиши эмас, балки нишонни кузата олишидир», деб ёзилган постда.

«Американинг арзонроқ» HIMARS ракеталари аниқ нишонга олувчи қурол эканлиги билан ўзининг устунлигини тасдиқлади."

«Шунингдек, Россия бош штаби бошлиғи Валерий Герасимовнинг жадал ғалаба олиб келувчи ва тезкор ҳарбий-сиёсий операциялар мафкураси ўзини оқламади.»

«Ҳарбий доктрина бутунлай ўзгартирилиши керак», дейилади Grey Zone постида.

Айбдорни излаш

«Бу Телеграм каналлари дунёдаги «иккинчи энг зўр армия» Украинани масаласини ҳал қила олмаётганига айбдорни излаётгани аниқ», деб айтган Халқаро сиёсатлар тадқиқоти марказининг ички сиёсат бўлими раҳбари киевлик Игор Петренко.

«Одатда, Телеграм каналлари Герасимовни қоралайди, улар унинг ёндашуви ва тактикаси омадсизликка учраганига ишонади», деб айтган Петренко.

Телеграмда Кремлдан қўрқиш фойда бермай қолди.

«Уруш вақтида Россия ҳамманинг оғзини ёпиш учун даҳшатли қонунларни қабул қилган эди», деб айтган Украина хавфсизлик хизматининг собиқ зобити ва Украинадиги Келажак институти тадқиқотлар маркази таҳлилчиси, киевлик Иван Ступак.

«Аммо энди ҳаммаси ўзгарди», деб айтган у.

«Аскарларни филтрлаб бўлмайди, уларга жон азиз, пул эса қийматини йўқотган.»

«Улар фронтда қанча одам ҳалок бўлаётганини кўришяпти, шу сабабли кўп гапира бошлашди», деди Ступак.

Телеграмдаги танқидлар Кремлнинг ичида юзага келаётган зиддиятдан дарак бериши мумкин.

«Биз Россия куч тузилмаси ичида жиддий низо борлигини кўриб турибмиз: у ерда ФСБ ҳам (Федерал хавфсизлик хизмати), «Роснефт» бош директори Игор Сечин ва [мудофаа вазири Сергей] Шойгу ҳам бор», деди Ступак.

Ташвиқотчилар ваҳимаси

Украинанинг қарши ҳужуми оқибатида Россия ташвиқотининг оҳанги ҳам кескин ўзгарган.

Кўплаб ОАВ экспертлари, таҳлилчилар, блоггерлар ва расмийлар телешоулар ва ижтимоий тармоқларда урушнинг боришини танқид қилишган.

«Қизиғи шундаки, биз ваҳима бошланганини аниқ билдик», дейди Россия ташвиқотини кузатиб бораётган украиналик медиатаҳлилчи Володимир Москалец.

«Энг машҳур блогерлар, телебошловчилар ва федерал [ТВ] каналларида кўрсатув олиб борадиган барча жиддий эркак-аёллар - нима дейишни билмай қолишди», деди у. «Умумий жазава таассуроти пайдо бўлди.»

«Мисол учун, Россиянинг асосий ташвиқотчиларидан бири бўлмиш Маргарита Симонян руслар ва украинлар аҳил яшаши кераклигини ёзди. «Бошқалар буни ватанга хиёнат деб айтишди ва ҳоказо.»

Россияликлар Мудофаа вазирлигини муваффақиятсизликлар учун очиқдан-очиқ мазах қилгани ҳам кузатилди.

«Одамлар қўшинларнинг мағлубияти ва чекиниши – ўзига хос тактика экани ҳақидаги мудофаа вазирлиги баёнотини мазах қила бошладилар... Мудофаа вазирлиги ўз постларига шарҳларни ўчириб қўйишга мажбур бўлди», деди Москалец.

«Эътибор беринг, Россия телевидениесида илк марта жанг қилиш бефойда бўлиши мумкинлиги, унинг ўрнига мамлакат бошқа ечим излаб, музокара бошлаши кераклиги ҳақидаги гап-сўзлар янграмоқда».

«Бир ой аввал Россия телевидениесида бундай ҳолатни тасаввур қилиш қийин эди».

Кремль ҳимояга ўтди

Кремл кескин танқидлар гирдобида қолиб кетмаслик учун огоҳлантириш билан чиққан.

Сешанба куни Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков «норозилар» армияни «обрўсизлантирувчи» одамларни жазолайдиган «қонун доирасида қолиши» кераклигини айтди.

«Бу жуда нозик чегара; бу ерда жуда эҳтиёт бўлиш зарур.»

Одатда урушни қизғин қўллаб-қувватлаган миллатчи гуруҳлар ҳам ҳарбий раҳбариятни аёвсиз «саваламоқда».

Харковдаги мағлубияти, гарчи рус қўшинлари кўплаб муваффақиятсизликларни бошдан кечирган бўлса-да, ҳаммасидан кўпроқ ҳайратда қолдирди. Улар Киевдан чекинишди, апрел ойида эса «Москва» байроқдор кемасидан айрилган эдилар.

Охирги муваффақиятсизликни фақат икки йўл билан изоҳлаш мумкин, дейди консерватив шарҳловчи Егор Холмогоров.

Ё «хоинлик қилишди», ёки «армиямиз жангга яроқсиз», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Украина Қуролли кучлари Россия армиясининг энасини кўрсатди

Жавоб бериш