ИЗЮМ, Украина – Ҳукумат ўтган ҳафта Украинанинг Изюм шаҳри чеккасида топилган оммавий қабрни тергов қилар экан, бу ерда омон қолганлар Россия босқини давридаги қийноқлар ва ҳибслар даҳшатларини ёдга олмоқдалар.
Мамлакат шарқидаги жадал қарши ҳужум натижасида улкан ҳудудни ўз назоратига қайтариб, бир қатор шаҳарларни Россия кучларидан озод қилган Киев кучлари босқиннинг машъум изларини фош қилмоқда.
Полиция бошлиғи Игор Клименкога кўра, Балаклея шаҳри ва Харковда қийноқ камералари топилган. Президент ёрдамчиси Михайло Подолякка кўра эса, Изюмдаги оммавий қабрнинг ўзида 450 та жасад аниқланган.
«Ишғол қилинган ҳудудларда кенг тарқалган террор, зўравонлик, қийноқлар ва оммавий қотилликлар бир неча ой давом этган», деб айтган Подоляк.
Оммавий қабрларнинг топилиши ортидан шанба (17 сентябр) куни Европа Иттифоқи (ЕИ) раҳбарияти уруш жиноятлари бўйича халқаро трибунал ташкил этишга чақирди.
«21 асрда тинч аҳолига қарши бундай ҳужумлар ақл бовар қилмаc ва жирканчдир», деб айтган ЕИга раислик қилаётган Чехия республикаси ташқи ишлар вазири Ян Липавский.
«Бу тажовузкор жиноятга қарши чора кўрадиган махсус халқаро трибунал тузилишига чақираман.»
Украина президенти Владимир Зеленский шанба куни кечки мурожаатида оммавий қабрларда «қийноқларга оид янги далиллар топилди», деб айтган.
«Озод этилган Харков вилоятидаги турли шаҳарларда 10 дан ортиқ қийноқ камералари топилган», деб айтган у электр токи орқали қийнаш воситалари топилганини тасвирлаб.
«Бугун қазиб олинган жасадларнинг 99 фоизида зўравонлик аломатлари бўлган», деб айтган Харков вилояти маъмурияти раҳбари Олег Синегубов жума куни ижтимоий тармоқлар орқали.
«У ерда қўллари орқасига боғланган бир нечта жасад топилган, улардан бирининг бўйнида арқони бўлган», деб қўшимча қилган у.
«Мингдан ортиқ фуқаро қийноққа солинган ва ўлдирилган».
Озод этилган Харков вилоятида «мингдан ортиқ украиналик қийноққа солинган ва ўлдирилган бўлиши мумкин», деб айтган Украина парламентининг инсон ҳуқуқлар бўйича комиссари Дмитро Лабинец.
Шарқий Украинада Россия босқинида омон қолганлар расмий даъволарни тасдиқламоқда.
«Иккинчи куни қўлимни синдиришди», деб айтган Михайло Чиндей Россия аскарлари томонидан сўроққа тутилганини хотирлаб.
«Биттаси қўлимдан ушлаб турган, бошқаси қўлларимни темир билан урган. Улар мени деярли ҳар куни икки соат давомида урар эдилар.»
«Бир вақт ҳушимдан кетдим. Кўп қон йўқотдим. Улар товонларим, белим, оёқларим ва буйракларимни калтаклашди»,деб айтган.
У украиналик аскарларга ҳаводан зарба бериш учун координаталарни узатишда гумон қилинган.
Чиндей AFP ходимларига Изюм полиция бошқармасидаги кичик, зах камерани кўрсатган, унга кўра украиналик аскарлар келишидан аввал у ерда яна етти нафар маҳбус билан 12 кун давомида ҳибсда сақланган.
Ўнтача камерада бошқа маҳбуслар ҳам бор эди, деб айтган у.
Чиндей 15 тача одам кўрганини эслайди.
«Ҳафтада 7 кун, кун бўйи одамларнинг сўроқ қилинаётганини, бақираётганини эшитганман», дейди у.
Бир киши ўша ерда ўлган эди, деб қўшимча қилди у.
Биринчи қаватда Харковдан эҳтимолий уруш жиноятларини тергов қилиш учун ёш зобит етиб келган.
Унинг хонаси бетартиб, полда жилдлар сочилиб ётар эди.
Хоналарнинг бирида 100 дан ортиқ Украина паспорти ерда сочилиб ётибди.
«Қиладиган ишимиз кўп», деб айтган исмини ошкор этишни истамаган эркак.
«Дарёларда оққан мурдалар»
Марина Михайличенко икки томон ҳалигача жанг олиб бораётган Изюм яқинида тинимсиз бомба ҳужумларидан вайрон бўлган Купянскдан қочишга ҳаракат қилмоқда.
32 яшар аёлнинг айтишича, акаси Украина армиясида хизмат қилгани учун уни қўлга олишган ва бир ҳафта давомида қамоқда ушлашган. Унинг камерасида яна саккиз киши бўлган.
«Маҳаллий аҳоли дарёда мурдалар оққанини кўрган», дейди ўзини Броник деб таништирган купянсклик кўнгиллилардан бири.
Виктор Прилиеповнинг айтишича, россияликлар Балаклеяда уни уч кун полиция бошқармасида ушлашган ва бошига қоп кийдириб қўйишган.
68 яшар Прилиеповдан Украина армиясидаги ўғли ҳақида сўрашган, аммо у «саломатлиги туфайли» унга оғир муомала қилишмаган, деб ҳисоблайди.
Аммо қолганларнинг омади келмади, дейди у.
Изюмдан Харковга борадиган асосий йўлдаги кичик лой йўлак арча ўрмонга етаклайди. Йўлакнинг ўнг томонида оқ комбинезон кийиб олган иккита эркак тупроқни кавламоқда.
Ёш болали оила аъзолари ўрмонга кўмилган, дейди мамлакат бўйлаб бедарак йўқолганларни излаш учун масъул ҳукумат вакили Олег Котенко.
«Уларни ўлдиришган. Худди шу бинода гувоҳлар бор. Улар нима бўлганини кўришган ва уларни кўмишган», дейди у.
Женевадаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўрмонда дафн қилинганларнинг ўлимини тергов қилиш учун махсус гуруҳ юборишни режа қилмоқда.
Душанба куни Кремл бу хабарларни сохта дея рад этган.
Йил бошида Украина томонидан қайта назоратга олинган Киев ташқарисидаги Буча каби жойларда судсиз қатл қилинган ўнлаб фуқаролар жасади топилган эди.
Ҳар доимгидек, Россия фашистлардан ҳам баттар. Аммо ҳарбий жиноятларнинг даъво муддати йўқ ва Россия тўлиқ жавобгарликка тортилади.
Жавоб беришФикрлар 2
Биз аллақачон Буча ҳақидаги сафсата ва ёлғонларни эшитганмиз. Руслар қуруқ паёк ўрнига чақалоқларни ейишмайдими ишқилиб? Хизматни ўтаганлар, «Дарё»дан ўтганлар [Афғонистонда хизмат қилганлар], ҳатто у ерда ҳам бу улар учун имконсиз эди. Қайси асрда бўлишидан қатъи назар, бунга ўхшаган нарса учун рус армиясидаги ҳар қандай одамни воқеа жойида шафқатсиз ўлим кутган.
Жавоб беришФикрлар 2