Карвонсарой
Таҳлил

Россиянинг Эрон ва Шимолий Кореянинг сифатсиз қуролига ўтаётгани чорасизликдан дарак бермоқда

Олга Чепил ва AFP

11 сентябр куни Украина ҳарбий бош қўмондони Валерий Залужний ўзининг Facebook саҳифасида мамлакатдан қочган россияликлар томонидан ташлаб кетилган транспорт воситалари ва ўқ-дори захиралари суратларни чоп этган. [Украина қуролли кучлари бош қўмондони/Facebook]

11 сентябр куни Украина ҳарбий бош қўмондони Валерий Залужний ўзининг Facebook саҳифасида мамлакатдан қочган россияликлар томонидан ташлаб кетилган транспорт воситалари ва ўқ-дори захиралари суратларни чоп этган. [Украина қуролли кучлари бош қўмондони/Facebook]

КИЕВ – Россиянинг Украинага босқин учун Шимолий Корея ва Эрондан қурол-яроғ ва ўқ-дори олишга уринишлари Кремлнинг чорасиз қолаётганидан дарак беради, дейди кузатувчилар.

Ўтган сешанба (13 сентябр) куни Украина мудофаа вазирлиги Харков вилояти, Купянск шаҳри яқинида Эронда ишлаб чиқарилган дрон уриб туширилганини маълум қилди.

Вазирлик уриб туширилган қурилма қолдиқларининг суратини чоп этган.

«Дрон қаноти қисмларининг таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, Украина қуролли кучлари биринчи марта Эроннинг учувчисиз учар қурилмасини йўқ қилишган», дейилади Украина қуролли кучларининг Телеграм сурати изоҳида.

Украинадан қочган россиялик аскарлар ташлаб кетган транспорт воситалари ва ўқ-дори захиралари. [Украина қуролли кучлари бош қўмондони/Facebook]

Украинадан қочган россиялик аскарлар ташлаб кетган транспорт воситалари ва ўқ-дори захиралари. [Украина қуролли кучлари бош қўмондони/Facebook]

«Гап узоқ масофага учувчи Шаҳед-136 камикадзе дрони ҳақида кетмоқда», дейилади хабарда.

Россия яқиндан бери Украинадаги урушда фойдаланиш учун Эрондан жанговар дронлар ола бошлаган, бироқ уларнинг аксарияти носоз бўлиб чиққан, деб хабар беради АҚШ ҳарбийлари 30 август куни.

«Россия транспорт самолётлари Эрондаги аэродромдан дрон жиҳозларини юклаб, август ойида бир неча кун давомида Эрондан Россияга учди», деган эди ўшанда Пентагон вакили, бригада генерали Пат Райдер.

«Бу парвозлар Россиянинг ҳар хил типдаги Эрон дронларини импорт қилиш бўйича режаси доирасида амалга оширилган бўлиши мумкин», деди у.

«Бироқ, биздаги маълумотлар шуни кўрсатадики, етказиб берилган бу дронларда аллақачон кўплаб носозликлар қайд этилган», деди Райдер.

Украина иттифоқчилари томонидан Россияга қаратилган санкциялар ва экспорт назорати Россия саноатининг ишлаб чиқаришини қийинлаштиргани учун ҳам Москва Эронга мурожаат қилган, деди Райдер.

«Эрон дронлари Ғарбда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг нусхаларидир, аммо улар қўлда ясалган ва сифатсиз», деди InfoResist сайтининг ҳарбий таҳлилчиси, киевлик Александр Коваленко Карвонсаройга.

«Улар ҳам разведка, ҳам зарба бериш билан шуғулланиши мумкин, бироқ Ғарбнинг муқобилларидан бир авлод, ҳатто икки авлод орқада», деди у.

Бу келишув «Эрон тарафидан жуда катта хато» бўлган, деб қўшимча қилди у.

«Улар энергия эмбаргосининг бекор қилинишига эришиб, нефт ва газ экспортидан миллиардлаб доллар даромад олишлари мумкин эди. Аммо, санкциялар остида қолган Россия билан ҳамкорлик туфайли бунга эришиб бўлмайди», деди Коваленко сўнгги ядровий музокараларга ишора қилиб.

Дангасалик ва коррупция

Россиянинг Эронда ишлаб чиқарилган сифатсиз қуролларни сотиб олиши унинг бошқа чораси қолмаганидан даракдир, дейди таҳлилчилар.

Йил охирига бориб, Россия армияси нафақат танқисликка, балки кўплаб турдаги қуролларнинг бутунлай тугашига дуч келиши мумкин.

«Руслар бунчалик тез тамом бўлишади, деб ҳеч ким ўйламаганди», дейди «Defense Express» медиа ва консалтинг компаниясининг ҳарбий таҳлилчиси, киевлик Иван Киричевский.

«Биргина Харков вилоятидан чекиниш пайтида улар бутун бир батальонга етадиган ҳарбий техника – 40 та танк, 40 та зирҳли машина ва 100 га яқин ғилдиракли машиналарни ташлаб кетишган», деди Киричевский.

5 сентябрда мамлакат шимоли-шарқида бошланган кутилмаган қарши ҳужум натижасида Россия кучлари Харков вилоятидан қувиб чиқарилган эди.

«Эҳтимол, бундай ҳолат уруш бошида сезилмаган бўларди, аммо ҳозир бу уларнинг аҳволи учун ҳалокатли», деди Кирчевский.

Кремлнинг деярли ҳеч қандай «заҳиралари» йўқ, деди у.

2022 йил бошида Россияда 13000 дан ортиқ танк бор эди, улардан тахминан 3000 таси фойдаланишда, 10000 дан сал кўпроғи эса захирада эди, дейди Киричевский Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг бутун дунёдаги қуролларни ўрганувчи The Military Balance нашри маълумотларига таяниб.

«Захирадаги 10000 та машинани эса мойлаш, двигателларини текшириш, кўриш ускуналарини синовдан ўтказиб туриш керак эди. Лекин руслар бу ишни қилишмаган».

«Уларда жанговар машиналарни қайта тиклайдиган корхоналар ҳам йўқ», деб қўшимча қилди у.

«Россияликларнинг дангасалиги ва коррупциялашгани туфайли бу танкларнинг кўпи шунчаки яроқсиз», дейди Киричевский.

«Ўйлашимча, 2023 йилда уруш тугайди... Лекин айнан қачон тугаши Россиядаги захираларнинг қачон тўлиқ тугаб битишига боғлиқ. Энди бу узоққа чўзилмайди», деди у.

Чорасизлик

Россияда ракеталар ва бошқа ўқ-дорилар ҳам тугаб бормоқда.

Ҳарбий таҳлилчи Коваленконинг фикрича, Кремл ҳарбий-саноат мажмуаси йилига бир миллиондан бир ярим миллионгача снаряд ишлаб чиқара олади, аммо бу Россиянинг ҳужуми учун етарли эмас.

«Танқислик жуда жиддий. Россиядаги омборларда 8 миллион ўқ-дори бор. Бу ярим йиллик фаол операциялар учун кифоя қилади, аммо кейин улар жанг қила олишмайди», деди у.

5 сентябр куни The New York Times газетасининг АҚШ разведкасига таяниб ёзишича, натижада Кремл Шимолий Кореядан артиллерия снарядлари ва ракеталар сотиб олиш масаласини кўриб чиқишга мажбур бўлган.

«Бизнингча, Шимолий Кореядан том маънода миллионлаб ўқлар, ракеталар ва артиллерия снарядлари олиш режаланган. Биздаги маълумотлардан маълум бўлишича, бунинг миқёси шундай бўлиши мумкин», деб айтган эртаси куни Пентагон матбуот котиби Жон Кирби Reuters хабарига кўра.

Ушбу «потенциал харид» «Путиннинг чорасиз қолаётганидан далолат беради... Бу унинг мудофаа саноати уруш натижасида қанчалик азият чекаётгани ва чорасизлик даражасидан даракдир», деди у.

Айниқса, Шимолий Кореянинг ўқ-дорилари «Россия транспорт воситалари учун хавфли бўлиши ҳам мумкин. Ахир, улар санкциялар шароитида, яъни қўлбола йўллар билан ишлаб чиқарилган», дейди Коваленко.

Шунингдек, ўқ-дориларни темирйўл орқали 10 000 км масофага ташиш керак, бу «жуда қиммат ва ишончсиз», деб қўшимча қилди у.

«Россия мустақил тарзда ҳеч нарса ишлаб чиқара олмайди. Санкциялар уни бўғиб қўймоқда», дейди киевлик ҳарбий кузатувчи ва «Апостроф» нашри бош муҳаррири Денис Попович Карвонсаройга.

«Яккамохов давлатлар уларнинг сўнгги чораси бўлиб қоляпти», деди у.

«Россия бу қадар давомли урушга тайёр эмас эди. Жанглар ҳозирги босқичга ўтганида, унга аскарлар, қурол-яроғ етишмаяпти. Шунинг учун у чора изламоқда».

«Эртами-кечми, улар барча муваффақиятсизликларни тан олишга мажбур бўладилар», деди Попович.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хаёл сураверинг!

Жавоб бериш