Карвонсарой
Хавфсизлик

«Бўрининг ваъдаси»: Хитойнинг Қозоғистон масаласида Россияни огоҳлантиргани жиддий хавотирга сабаб бўлмоқда

Канат Алтинбаев

15 сентябр куни Пекиндаги ташқи экранларнинг бирида ХХР раиси Си Цзинпиннинг Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан Остонадаги учрашуви ҳақидаги ахборот дастури намойиш этилмоқда. [Жейд Гао/AFP]

15 сентябр куни Пекиндаги ташқи экранларнинг бирида ХХР раиси Си Цзинпиннинг Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан Остонадаги учрашуви ҳақидаги ахборот дастури намойиш этилмоқда. [Жейд Гао/AFP]

ОЛМАОТА – Хитой раҳбари Си Цзинпин яқинда Қозоғистонга ташрифи чоғида Россиянинг минтақадаги ҳудудий яхлитликка нисбатан таҳдидларига қарши туриш ниятида эканлигини билдирган.

Пайшанба (14 сентябр) куни Қозоғистонга келган Си Ўзбекистон пойтахти Самарқандга бориб, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг (ШҲТ) саммитида қатнашди ва дунёнинг бошқа етакчилари, жумладан, Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказди.

ШҲТ таркибига Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Ҳиндистон ва Покистон киради.

Бироқ, Си Цзинпиннинг Путин билан суҳбати томонлар охирги марта 24 феврал куни Россия Украинага бостириб киришидан бир неча кун олдин учрашганидаги каби «чегарасиз дўстлик» руҳида ўтмаган.

Россия президенти Владимир Путин Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида Хитой раҳбари Си Сзинпин билан суҳбатлашмоқда, 16 сентябр. [Сергей Бобилёв/Спутник/AFP]

Россия президенти Владимир Путин Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида Хитой раҳбари Си Сзинпин билан суҳбатлашмоқда, 16 сентябр. [Сергей Бобилёв/Спутник/AFP]

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Хитой раҳбари қозоқ президентининг Остонадаги қароргоҳи – Оқ Ўрдада расмий учрашув ўтказдилар.

Ўзаро расмий мулозаматлардан сўнг Си яширин таҳдидли ва Марказий Осиёда таъсирнинг янгича тақсимланишидан дарак берувчи баёнот билан чиққан.

«Дунёдаги вазият қандай ўзгаришидан қатъи назар, биз Қозоғистонни унинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишида қатъий қўллаб-қувватлашда давом этамиз... ва ҳар қандай кучларнинг мамлакатингиз ички ишларига аралашишига қарши турамиз», деди Си Цзинпин.

Таҳлилчиларга кўра, шу тариқа Пекин Москвага қатъий огоҳлантириш берган – бу Украинага босқини ботқоғига чуқурроқ ботиб бораётган Кремл учун нохуш ҳодисадир.

«Қозоғистон Россиянинг бир кун келиб Қозоғистон шимолида истиқомат қилувчи катта сондаги рус аҳолисини «озод қилишга» эътибор қаратиши мумкинлигидан хавотирланиши табиий», деган эди сентябр ойи бошида South China Morning Post (SCMP) нашрига интервью берган Виржиниядаги Жорж Мейсон университетининг Россия ташқи сиёсати бўйича мутахассиси, профессор Марк Кац.

«Си Цзинпиннинг Қозоғистонга ташрифини Пекин Қозоғистонни дўст деб билиши ва Россия Пекиннинг дўстига зиён келтирадиган ҳеч нарса қилмаслиги керак, деб тушуниш мумкин», дея қўшимча қилди у.

«Мамлакат Хитой билан чегарадош, шу йил бошида Россиянинг Қозоғистондаги тартибсизликларга аралашуви ҳақида [Хитойда] қизғин саволлар берилган эди», дейди Вашингтондаги Стимсон марказининг катта илмий ходими Юн Сун SCMPга.

«Бўрининг ваъдаси»

Қозоғистонда Си Цзинпиннинг баёнотига турлича муносабат билдирилган.

Айримлар бу Россиянинг Қозоғистонга бостириб кириши эҳтимолини камайтиради деб умид қилаётган бўлса, бошқалар Си Цзинпиннинг дўстлик ҳақидаги сўзлари самимий эканига шубҳа билан қарамоқда.

«Бу бўрининг қўзичоқ ҳаётини ҳурмат қилиши ҳақидаги ваъдасига ўхшайди... Хитой авторитаризм тарафга силжиб бормоқда, авторитар давлатларнинг ваъдалари эса пуч», деб ёзади Satel.kz савдо платформаси асосчиси, олмаоталик тадбиркор Саят Сабржанов Фейсбукда.

Хитой узоқ йиллик иттифоқдоши Россиядан узоқлашиб, ўзининг самимий эканига шубҳа уйғотмоқда.

Хитой Ғарб санкцияларидан хавфсираб, Россияга қурол-яроғ ва тақиқланган технологиялар етказиб беришдан бош тортди. Бундан ташқари, Хитойнинг айрим компаниялари етказиб бериш ҳажмини камайтирган ёки вақтинча тўхтатган, ҳатто Россия бозорини тарк эта бошлаган.

Пайшанба куни Си билан учрашуви аввалида телевидение орқали чиқиш қилган Путин икки етакчи муносабатларидаги кескинлик ҳақида сўзлаган.

«Биз хитойлик дўстларимизнинг Украина инқирози билан боғлиқ мувозанатли позициясини юқори баҳолаймиз», деди Путин хижолатли қиёфада, деб ёзади Washington Examiner нашри.«Бу борадаги саволларингиз ва хавотирларингизни тушунамиз.»

Путин Сига Россиянинг Украина бўйича позициясини «батафсил тушунтиришга» ваъда берган.

Таҳлилчилар Путиннинг бу сўзларини Украинадаги уруш Москва учун ёмон кечаётгани ва Пекин билан муносабатларни кескинлаштирганининг ноёб эътирофи сифатида баҳоладилар.

Шунингдек, уларнинг қўшимча қилишича, Пекин Москвага Марказий Осиё, хусусан, Қозоғистон Хитойнинг стратегик манфаатлари доирасида эканлигини билдириб қўймоқда.

«Ажиб ҳолат. Си Путинни қўллаб-қувватламаяпти», деб ёзган АҚШнинг Москвадаги собиқ элчиси Майкл Макфол пайшанба куни Твиттерда. «На қурол, на ўқ-дорилар, на чиплар, на ҳақиқий бирдамлик сўзлари. Россия энергиясини жуда паст нархларда сотиб олиш истагидан бошқа нарса йўқ.»

«Шунингдек, Си асоссиз босқинларнинг улкан ва кераксиз харажатлари ҳақида тўғри сабоқ чиқаради деб умид қиламан», деди у шанба куни Твиттерда.

«Си Цзинпин энди Россияни тенг ҳуқуқли ҳамкор ва иттифоқчи сифатида кўрмаяпти, айниқса, Путиннинг Украинадаги муваффақиятсизликлари фонида», дейди халқаро муносабатлар бўйича таҳлилчи, остоналик Руслан Назаров.

«Икки етакчининг феврал ойида, босқин бошланишидан олдин Москвада бўлиб ўтган учрашувида эълон қилинган «чегарасиз дўстлик» ҳақидаги баёнотлардан кейин кўп нарса ўзгарди».

Назаровнинг айтишича, Кремлнинг Украинадаги муваффақиятсизлиги Россиянинг ҳарбий қудрати урушдан олдин жаҳон ҳамжамияти ўйлаганидек кучли эмаслигини кўрсатиб қўйган.

«Агар Хитой илгари Марказий Осиёни Россиянинг таъсир ҳудуди сифатида тан олиб, минтақадаги муносабатларни эҳтиёткорлик билан олиб борган бўлса, бугун Си Қозоғистон борасидаги даъволарини баланд овозда эълон қилмоқда», дейди Назаров.

«Энди Москва билан «дўстлик» ҳақида ҳеч қандай гап йўқ».

Қозоғистонликнинг Хитойдан хавотири

Шу билан бирга, қозоқлар бошқа мамлакатларнинг ери ва хомашёсига кўз тикиб юрадиган гигант давлат – Хитой билан яқинлашиш истиқболини хушламаслиги аниқ.

«Халқимиз Хитойнинг иқтисодий экспансиясидан, бу ерда хитойликлар маҳаллий корхоналарни, экин майдонлари ва ресурсларини назорат қилиши ва биз уларга ишлашга мажбур бўлишимиз мумкинлигидан қўрқади», дейди Олмаота вилоятилик фермер Нурбол Байгалиули.

Энг йирик аксилхитой намойишларидан бири 2019 йилнинг кузида бўлиб ўтган, у мамлакат ғарбида бошланиб, бошқа шаҳарларга тарқалган эди.

Ўшанда жамоатчилик «55 та заводни» Хитойдан Қозоғистонга кўчириш режасидан воз кечишни талаб қилиб, Хитой билан иқтисодий яқинлик борасидаги чуқур шубҳаларини изҳор этган эди.

Пекиннинг Шинжондаги мусулмон озчиликларни таъқиб қилиши эса Хитойга қарши кайфиятни янада кучайтиради.

Пекин Шинжондаги бир миллиондан ортиқ уйғур ва мусулмонлардан иборат бошқа озчиликлар вакиллари, жумладан, айрим этник қозоқлар ва қирғизларни дунё ҳуқуқбонлари «геноцид» деб атаган, узоқ йиллик хавфсизлик кампанияси доирасида ўзбошимчалик билан ҳибсда сақлашда айбланади.

Хитой Қозоғистондан нефт етказиб бериш ва ўз маҳсулотларининг экспорти учун транзит ҳудуд сифатида фойдаланади, дейди Хатарларни баҳолаш гуруҳи раҳбари, олмаоталик Дўсим Сатпаев.

Қозоғистон Хитойнинг кучайган таъсири остида қолмаслиги керак, деди у.

«Тажовузкор айиқдан қочар эканмиз, ўзимизни Хитой аждаҳосининг домига ташламаслигимиз керак», дейди Сатпаев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500