Карвонсарой
Хавфсизлик

Ваҳимага тушган Путин сохта референдумлар режаси фонида қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақида буйруқ берди

Ольга Чепил

Суратда: Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида шартнома бўйича ҳарбий хизматни реклама қилувчи баннер, 20 сентябр. Унда «Россия учун хизмат қилиш – ҳақиқий иш» деб ёзилган. [Ольга Мальцева/AFP]

Суратда: Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида шартнома бўйича ҳарбий хизматни реклама қилувчи баннер, 20 сентябр. Унда «Россия учун хизмат қилиш – ҳақиқий иш» деб ёзилган. [Ольга Мальцева/AFP]

КИЕВ – Жанг майдонида муваффақиятсизликларга учраган Россия президенти Владимир Путин чоршанба (21 сентябр) куни Украинага босқинини икки карра кучайтириб, қисман сафарбарлик эълон қилди ва босиб олинган ҳудудларни аннексия қилиш режаларини қўллаб-қувватлади.

Путин чоршанба куни телевидение орқали 13 дақиқалик мурожаатида Бош штабнинг заҳирадаги аскарларни сафарбар қилиш қарорини қўллаб-қувватлаш «зарурати» ҳақида сўзлаган.

«Қайтараман, гап қисман сафарбарлик ҳақида кетмоқда», деди Путин. «Яъни, [ҳарбий хизматга] чақириқ фақат ҳозирда заҳирада бўлган фуқароларга, биринчи навбатда, Қуролли Кучлар сафида хизмат ўтаган, маълум ҳарбий мутахассислик ва тегишли тажрибага эга бўлган фуқароларга тааллуқли бўлади.»

Кейинроқ, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 300 минг нафар заҳирадаги аскар сафарбар қилинишини айтган.

Россия президенти Владимир Путин 21 сентябр куни Кремлдан туриб қисман сафарбарлик эълон қилди. [Кремл]

Россия президенти Владимир Путин 21 сентябр куни Кремлдан туриб қисман сафарбарлик эълон қилди. [Кремл]

19 сентябр куни Украинадаги фронт чизиғи яқинида саф тортиб турган Россия қўшинлари. [Россия мудофаа вазирлиги]

19 сентябр куни Украинадаги фронт чизиғи яқинида саф тортиб турган Россия қўшинлари. [Россия мудофаа вазирлиги]

Путиннинг чиқишидан кейин «Россия-24» телеканалида эфирга узатилган интервьюсида Шойгу Россия ичида кучайиб бораётган хавотирларни аритиш мақсадида «биз тезда ҳаммани ушлаш учун кенг қамровли «ов»ни режалаштирмаяпмиз», деб айтган.

Бу қарор Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларидаги россияпараст ҳукуматлар 23-27 сентябр кунлари Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказишни режалаётганида қабул қилинган.

Киевнинг Ғарбдаги иттифоқчилари асосий, аммо шубҳали кўпчилик Россия таркибига қўшилиши учун овоз бериши кутилаётган референдум эълон қилинганини қораладилар.

Чоршанба куни АҚШнинг Украинадаги элчиси Бриджит А. Бринк ўз Твиттерида «Сохта референдумлар ва сафарбарлик Россиянинг заифлиги ва мағлубиятини белгисидир», деб ёзди.

«Қўшма Штатлар Россиянинг гўёки аннексия қилинган Украина ҳудудига оид даъвосини ҳеч қачон тан олмайди ва биз Украинани қанча керак бўлса, шунча вақт қўллаб-қувватлашда давом этамиз», деди Бринк.

«Буларнинг ҳеч бири - сохта референдумлар, қўшимча кучларнинг потенциал сафарбарлиги – қудрат белгиси эмас. Аксинча, бу заифлик белгиси. Бу Россиянинг муваффақиятсизлигидан даракдир», деди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли билан сешанба кунги учрашув олдидан.

«Агар бу референдумлар ўтказилса ва Россия Украина ҳудудини аннексия қилмоқчи бўлса, Қўшма Штатлар уни ҳеч қачон, асло тан олмайди», деб қўшимча қилди у.

«Президент Путиннинг мамлакат аҳолисини қисман сафарбар қилмаслик ҳақидаги ваъдасини бузгани ва Украинанинг бир қисмини ноқонуний аннексия қилиши унинг босқини барбод бўлаётганини тан олиш ҳисобланади», деб баёнот берган Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес.

«У ва унинг мудофаа вазири ўзининг ўн минглаб фуқароларини яхши жиҳозланмаган ҳолатда ва уқувсиз раҳбарият қўли остида ўлимга юборди.»

«Ҳеч қандай таҳдидлар ва ташвиқот Украина бу урушда ғалаба қозонаётганини, халқаро ҳамжамиятнинг бирдам экани ва Россия яккамохов давлатга айланиб бораётганини яшира олмайди».

Ички оқибатлар

Кремлнинг қарори мамлакат ичидаги вазиятга яшин тезлигида таъсир қилди, Россия акциялари ва рубл курси тушиб кетди, деб хабар беради «Интерфакс».

Очиқ «бозор белгилари» Путин ва Шойгунинг ваъдалари ишонарсиз эканлигини кўрсатди.

Россиянинг машҳур «Вёрстка» Телеграм-каналига кўра, Ереван (Арманистон) ва Истанбулга (Туркия) учадиган чоршанба кунги барча бевосита рейслар чипталари сотиб бўлинган.

Путиннинг бу қарори ўлим талвасасидир, дейди кузатувчилар.

«Кремл бу урушда жуда кўп одам йўқотди», дейди Илко Кучерив номидаги демократик ташаббуслар жамғармаси ижрочи директори, халқаро алоқалар бўйича киевлик мутахассис Петр Бурковский.

«Охирги пайтларда улар фақат инсон ресурсларини қидириш билан овора бўлиб қолишди. Қамоқхоналарга боришди, Марказий Осиёликларни жалб қилишга уринишди, аммо буларнинг ҳеч бири наф бермади», дейди у.

«Тахминан 100 мингдан 120 минггача одам ҳалок бўлди ёки яраланди, бу босқингача тўпланган армиянинг 50 фоизини ташкил қилади», деди у.

«Қолган ягона инсон ресурси – ҳарбий хизматга чақирилувчилар. Бу ҳокимият назорати остидаги, аллақачон тўпланган ресурс. Уларни тезда фронтга жўнатиш қолди, холос.»

Қисман сафарбарлик норозиликлар келтириб чиқариши мумкин, деди Бурковский.

«Ҳатто фронтда ҳам элита қўшинлари орасида ғалаён чиқиши мумкин», дея қўшимча қилди у. «Ёшлар фронтга жўнатишга қарши кўтарилиши мумкин. Ҳукумат норозилик намойишларини куч билан бостира бошласа, бу каттароқ нарсани аланга ичида қолдирадиган учқунга айланиши мумкин».

Норозилик аломатлари аллақачон кучайиб бормоқда.

Қамоқдаги россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг сафдоши Иван Жданов Латвияда жойлашган «Медуза» нашри томонидан тарқатилган баёнотда: «Намойишларга чиқсангиз, биз буни қўллаб-қувватлаймиз, биз сизга ҳар қандай мувофиқлаштирилган ёрдам кўрсатишга тайёрмиз», деб айтган.

«Агар сиз чақирув идорасига ўт қўйиш каби катта ишларни қилишга тайёр бўлсангиз, биз буни қўллаб-қувватлаймиз ва муайян ёрдам беришга ҳам тайёрмиз», деди у.

Кремл ваҳимаси

Россиянинг барча ҳаракатлари Кремл раҳбариятида ҳақиқий саросима бошланганидан дарак беради, дейди кузатувчилар.

«Руслар украиналикларнинг шиддатли қарши ҳужумга ўтаётганини кўрдилар ва даҳшатга тушдилар», дейди Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) собиқ ходими, Украина келажак институти таҳлилчиси, киевлик Иван Ступак.

Ступакнинг ишонишича, бу ваҳима туфайли жанг қилишдан бош тортганлар учун жазони кучайтиришга қарор қилинган.

Сешанба куни Россия давлат думаси мамлакат жиноят кодексига «мобилизация» ва «уруш вақти» атамаларининг таърифларини киритди. Шунингдек, Украина кучларига ихтиёрий таслим бўлиш 10 йиллик қамоқ билан жазоланиши белгиланди.

«Одамлар урушга мажбуран олиб кетилаётган бўлса, бу иложсизликдир», дейди Ступак. «Улар ҳатто пул эвазига борадиган жиноятчиларни ҳам топа олишмаяпти, улар шунчаки рад жавобини беришяпти. Ташвиқот иш бермаяпти. Шунинг учун улар радикал чоралар кўришяпти.»

Янги қонунлар аллақачон норозиликка сабаб бўлмоқда, деб қўшимча қилган Ступак.

«Кайфият шу даражага етиб бордики, Россияни тарк этиш учун поезд ёки самолётга чипта топиб бўлмаяпти. Европага тупурсак ҳеч нима қилмайди, аммо улар бизга тупурса тиқилиб қоламиз, деб ёзишяпти одамлар. Нега энди Украинада маҳкумлар билан бир сафда жанг қилишимиз керак? Энди нима қиламиз? Россияликларда норозилик кучли, одамлар ғазабда.»

Россияликлар «нима учун жон фидо қилиш кераклигини тушунмаяптилар», деб айтган у.

«Украиналиклар ўз мамлакати, ўз тили учун жон бермоқда, аммо россияликлар Украинада нима учун ўладилар?»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳали Украина Россияга фаол ҳужум бошлагани йўқ, улар эса қочиб кетишяпти.

Жавоб бериш

Россияда атамалар маъносини атайлаб чалкаштириш ёки ўзгартириш тенденцияси авж олмоқда. Улар тўлақонли урушни «махсус операция», эркак аҳолини овлашни – сафарбарлик, босиб олинган ҳудудлардан қочишни эса – қайта жойлаштириш деб аташмоқда. «Рус дунёси» ўз тилини йўқотиб бораётганга ўхшайди.

Жавоб бериш