Карвонсарой
Таҳлил

Айро манфаатлар ШҲТни аксилғарб иттифоқига айлантириш ҳаракатларини йўққа чиқармоқда

Рустам Темиров ва AFP

15-16 сентябр кунлари Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. [Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати]

15-16 сентябр кунлари Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. [Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати]

ТОШКЕНТ – Ўтган ҳафта Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммитида Россия ва Хитойнинг Ғарбга қарши янги тартибни ўрнатишга уриниши аъзо давлатлар ўртасидаги зиддият сабаб амалга ошмади.

15-16 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ cаммитида Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва Марказий Осиёнинг тўрт давлати раҳбарлари, шунингдек, Эрон ва Туркия президентлари иштирок этди.

Саммит Кремл томонидан «Ғарбга марказлашган ташкилотлар» муқобили сифатида илгари сурилган эди. У Украинага босқин сабабли Москвага нисбатан босим кучайган ва Пекин АҚШнинг Тайванни қўллаб-қувватлаётганидан дарғазаб бўлиб турган вақтда ўтказилди.

Саммит давомида Россия президенти Владимир Путин ва унинг хитойлик ҳамкасби Си Цзинпин феврал ойида Россия Украинага қўшин киритганидан кейин илк бор юзма-юз учрашув ўтказдилар.

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари 15–16 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган саммитда суратга тушмоқдалар. [Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати]

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари 15–16 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган саммитда суратга тушмоқдалар. [Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати]

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни ҳам ўз ичига олган ШҲТ 2001 йилда Ғарб институтлари билан рақобатлашувчи сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик ташкилоти сифатида тузилган эди.

Си ва Путин ҳамкорлик борасидаги чақириқларига қарамай, гуруҳда мутлоқ якдиллик мавжуд эмас.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди саммитдаги чиқишида «ҳозир уруш вақти эмаслигини» таъкидлаб, Путинга таъна қилгандек бўлди.

Путин, шунингдек, асосий иттифоқчи бўлган Пекиннинг Украина можароси бўйича «хавотирини» тан олишга мажбур бўлди.

Айни пайтда Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари баҳсли чегарадаги қонли тўқнашувлардан сўнг ўз кучларига чиқиб кетиш буйруғини бериш учун саммитда маслаҳатлашиб олишга мажбур бўлдилар.

Ўз навбатида Ўзбекистон ШҲТнинг блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлади.

«Резолюция лойиҳаси, қўшма ҳужжатлар ва энг муҳими, Самарқанд декларациясида геосиёсий мақсадларни кўзловчи масалалар бўйича ҳеч қандай баёнот ва мурожаатлар мавжуд эмас ва бўлмайди», деди Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов саммит олдидан, деб хабар беради Uzdaily.uz.

«Яна бир бор таъкидлайман, ШҲТ Ғарбга ёки бошқа ташкилотларга қарши қаратилган тузилма эмас», деди Нуримбетов 9 сентябр куни.

«Аморф кўриниш»

Тошкентлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, Путин саммитда Украинадаги урушининг дастакланишига эриша олмаган.

«Ҳиндистон бош вазири Кремлнинг хатти-ҳаракатларини юмшоқлик билан танқид қилди», деди Раббимов.

«Cиз билан телефонда кўп бор демократия, дипломатия ва мулоқот дунёга таъсир қилувчи нарсалар эканлиги ҳақида гаплашганмиз», деди Моди Самарқандда Путинга Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра.

«Хитой ҳам масофа сақлади», деб қўшимча қилди Раббимов. Қозоғистон ва Ўзбекистон ШҲТнинг на ҳарбий ва на сиёсий блок эмаслигини қатъиян таъкидладилар.

Ғарбга қарши бирлашиш ғояси қўллаб-қувватланмади, дейди таҳлилчилар.

Путин ШҲТдан Ғарбга қарши иттифоқ тузиш мақсадини ҳар қанча кўзламасин, аъзо давлатлар мақсадлари Путиннинг қарашларидан бутунлай фарқ қилгани сабабли бунинг иложи йўқ, дейди бошқа бир тошкентлик сиёсий таҳлилчи Анвар Назиров.

Путиннинг муваффақиятсизлигини олдиндан тахмин қилиш мумкин эди, дейди Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence маркази раҳбари Алишер Илҳомов.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти аралаш-қуралаш гуруҳ бўлиб, унинг таркибида Ҳиндистон ва Покистон, Ҳиндистонга қарши Хитой каби бир-бири билан маълум зиддиятга эга давлатлар мавжуд.

«Хитой ҳозирча Ғарб билан очиқ қарама-қаршиликка кирмоқчи эмас, чунки у билан Россия ва Марказий Осиё давлатларидан кўра анча кучлироқ иқтисодий алоқаларга эга. Бу Си Цзинпиннинг нутқида ҳам ўз ифодасини топди».

Си ўз нутқида асосан Ғарбга нисбатан норозилигини изҳор қилган бўлса-да, аъзо давлатлар ўртасида зиддиятга йўл қўймаслик кераклигини таъкидлади. Ушбу зиддиятли позиция Хитойнинг яқин йиллардаги ташқи сиёсатини белгилайди, деди Илҳомов.

«Саммит шуни кўрсатдики, ШҲТ ҳозирда юқори мартабали амалдорлар учун шунчаки «гаштак» бўлиб, унда аниқ шакллантирилган мандат ва уни амалга ошириш механизми йўқ».

ШҲТ яқин келажакда ҳам шундай аморф шаклда қолади, деди у.

«Ўзбекистонга келсак, унинг ташқи сиёсатида ўзига хос прагматизм намоён бўлмоқда», деб қўшимча қилди Илҳомов.

«Унинг раҳбарияти ШҲТни фақат Хитой (биринчи навбатда), Россия, Эрон ва Туркия каби гигантлар билан иқтисодий жиҳатдан манфаатли шартномалар имзолаш йўли деб ҳисоблайди».

Таранг муносабатлар

Путин ва Си саммит доирасида учрашув ўтказганига қарамай, Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатлар танглигича қолмоқда.

Ялпи ички маҳсулоти ва аҳолиси қўшнисиникидан 10 баравар кўп бўлган Пекин нотенг муносабатларда бош ҳамкор бўлишга даъвогардир.

Хитой Россиянинг Украинага босқини борасида кўп гапирмасликка ҳаракат қилади, ҳужумни ҳеч қачон қўллаб-қувватламаган ва қораламаган ҳам.

Украинадаги муваффақиятсизликлар ҳам Россия Хитой учун қанчалик жиддий иттифоқчи бўлиши мумкинлигини савол остида қолдирган.

«Хитойнинг иккита мақсади бор. Биринчидан, у ўзининг ғарбий минтақаларига хомашё етказиб берадиган ва шу тариқа уларнинг энергетик хавфсизлигини кафолатлайдиган Марказий Осиёда ўз мавқеини мустаҳкамламоқчи. Бу минтақалар Марказий Осиё нефти ва газига қарам», дейди тошкентлик сиёсий таҳлилчилардан бири Анвар Назиров.

Россия ОАВ мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши ва унинг таъсирига ортиқча баҳо бермоқда, дейди Олмаотадаги Жамоатчилик сиёсати тадқиқот маркази раҳбари Меруерт Махмутова.

Иқтисодиёти жаҳон иқтисоди билан чамбарчас боғланган Хитойда бундай мафкуравий догмалар йўқ, деди у.

«Пекин ўз манфаатлари йўлида Ғарб билан ҳамкорлик қилишдан, COVID-19 билан боғлиқ қатъий карантин чекловлари оқибатларини ҳис қилаётган иқтисодиётини юксалтиришдан манфаатдор», деди Махмутова Карвонсаройга.

«Шундай қилиб, Кремлнинг Россия оммавий ахборот воситаларида янграётган истаги шундай: «Хитой билан бирлашсак, Ғарбга кўрсатиб қўямиз». Бу – орзудаги нарсани воқелик деб кўрсатишга уринишдан бошқа нарса эмас», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500