Карвонсарой
Намойишлар

«Ўлишни истамайман»: фуқаролар Путиннинг сафарбарлигидан қочиб Россияни тарк этишмоқда

Карвонсарой ва AFP

Арманистоннинг Ереван шаҳридаги Звартноц аэропортига келган россиялик йўловчилар. Россия президенти Владимир Путин Украинада хизмат қилиш учун заҳирадаги 300 мингта аскар сафарбар қилиниши ҳақида эълон қилган. Россиялик йўловчилардан бири дарҳол чипта сотиб олганини айтган, бошқа бирининг айтишича, 21 асрда урушда қатнашиш хато. [AFP]

ЕРЕВАН, Арманистон – Дмитрий аёли ва болаларини уйда қолдириб, кичик сумка билан Арманистонга учиб келган, у билан бирга Россияни Украинага қарши урушда хизмат қилишдан қочиб минглаб одам тарк этган.

«Урушга боришни истамайман», дейди у. «Бу бемаъни урушда ўлгим йўқ. Бу биродаркушлик урушидир.»

Россия президенти Владимир Путиннинг бу ҳафта бир неча юз минг заҳирадаги фуқароларни урушга сафарбар қилиш ҳақидаги хабари кўпчиликни мамлакатни тарк этишга ундаган.

Сафарбарликка яроқли эркакларнинг мамлакатни тарк этиш ҳаракати ортидан Россиядан Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг шаҳарларига учиб кетувчи рейсларга чипталар бир ҳафталик муддат учун тўлиқ банд қилинган.

Арманистоннинг Ереван шаҳридаги Звартноц аэропортига келаётган россияликлар, 21 сентябр. Президент Владимир Путин Украинадаги жанглар учун қисман сафарбарлик эълон қилар экан, авиакомпаниялар ва турфирмалар маълумотига кўра, бу ҳафта Россиядан учадиган рейсларнинг деярли барчаси банд қилиб бўлинган. [Карен Минасян/AFP]

Арманистоннинг Ереван шаҳридаги Звартноц аэропортига келаётган россияликлар, 21 сентябр. Президент Владимир Путин Украинадаги жанглар учун қисман сафарбарлик эълон қилар экан, авиакомпаниялар ва турфирмалар маълумотига кўра, бу ҳафта Россиядан учадиган рейсларнинг деярли барчаси банд қилиб бўлинган. [Карен Минасян/AFP]

Финляндиянинг Лаппеэнранта шаҳридаги Нуйямаа чегара назорат пунктида Россия давлат рақамига эга машиналар Финляндияга кириш учун навбат кутмоқда, 22 сентябр. [Лаури Хейно/Lehtikuva/AFP]

Финляндиянинг Лаппеэнранта шаҳридаги Нуйямаа чегара назорат пунктида Россия давлат рақамига эга машиналар Финляндияга кириш учун навбат кутмоқда, 22 сентябр. [Лаури Хейно/Lehtikuva/AFP]

Чегараларнинг ёпилиши ёки янада кўпроқ чақирув ёшидаги эркаклар сафарбар қилиниши мумкинлиги билан боғлиқ ваҳима сабабли қолган чипталарнинг нархи ҳам қимматлаб кетган, деб хабар беради Associated Press.

Москвадан Истанбул ёки Дубайга учадиган рейслар чипталарининг нархи кескин ошиб кетган, дейилади хабарда. Бир томонга эконом-класс чиптаси 9119 АҚШ долларига етган.

Россия Украинага 24 феврал куни бостириб кирган, аммо Путин кутган тезкор ғалаба амалга ошмади. Бунинг ўрнига Россия қуролли кучлари Киев ҳудудидан ортга чекинди, ракета зарбаси туфайли Қора денгиз флотининг байроқдор кемасидан маҳрум бўлди ва Украинанинг кутилмаган қарши ҳужуми туфайли Харков вилоятидан қочди.

Россиядан оммавий қочув

«Россиядаги вазият ҳар қандай одамда кетиш истагини уйғотади», дейди ўсмир ўғли билан Ереванга келган 44 ёшли ҳорғин ва паришон кўринишдаги Сергей.

У «мобилизация туфайли» мамлакатдан чиқиб кетишганини тасдиқлаган бўлса-да, ўзининг тўлиқ исмини айтишдан бош тортган.

«Чақирув қоғозини кутмасликка қарор қилдик», дейди унинг ўғли, 17 ёшли Николай.

Москвадан сўнгги рейс билан Ереванга учиб келганларнинг кўпчилигини чақирув ёшидаги эркаклар ташкил этган. Кўпчилик гапиришни истамаган.

24 февралда уруш бошланганидан бери Ереван қочаётган россияликлар учун асосий манзилга айланган, Арманистонга камида 40 минг россиялик келган.

Июн ойидаги миллий статистика маълумотларига кўра, қарийб 50 минг россиялик қўшни Грузияга қочиб ўтган.

Пайшанба (22 сентябр) куни Германия ички ишлар вазири Ненси Фаезер россиялик дезертирлар унинг мамлакатида «халқаро ҳимояга эга бўлиши» мумкинлигини айтди.

«Путин режимига жасорат билан қарши чиқаётгани туфайли улкан хавф остида қолган ҳар ким сиёсий таъқиб остида бошпана сўраши мумкин», деди у Frankfurter Allgemeine Zeitung газетасига берган интервьюсида.

Пайшанба куни Исроил сўнгги 12 ой ичида иммиграция даражаси йигирма йилдаги энг юқори кўрсаткичга етганини, янги келганларнинг деярли тўртдан уч қисмини Россия ва Украинадан келаётганлар ташкил қилганини айтди.

Исроил ОАВ хабарига кўра, Путиннинг Украинадаги урушга заҳирадаги 300 минг аскарни сафарбар этиш қароридан сўнг, россиялик яҳудийларнинг Исроилга иммиграция ҳуқуқини олишга уринишлари янада авж олган.

«Урушни деярли ҳеч ким қўллаб-қувватламаяпти»

Финляндиянинг чегара маъмурлари пайшанба куни Путиннинг баёнотидан сўнг Россиядан келаётган одамлар сони кўпайганини айтганлар.

Пайшанба куни тушдан кейин Ваалимаа назорат ўтказиш пунктида тахминан 150 метр узунликдаги машиналар навбатини кўриш мумкин эди.

Москвалик 23 яшар лойиҳа менежерининг айтишича, сафарбарлик унинг Россияни октябргача тарк этиш режаларини тезлаштириб юборган.

«Мен ҳарбий чақирувга яроқлиман», деб тушунтирди у.

«Баъзилар йўқотадиган нарсаси бўлмагани учун норозилик намойишларига чиқишди. Айримлар эса қонунларни ўрганиб, ҳарбий хизматга чақирилиши мумкинми-йўқлигини билиш учун юристлар билан гаплашмоқда», дейди у.

Мамлакатни тарк этишга муваффақ бўлган Еревандаги россияликлардан бири эса Путиннинг сафарбарлик эълонидан «шокда» эканлигини айтган.

«Деярли ҳеч ким урушни қўллаб-қувватламаяпти», деди у хавфсизлик важидан ўз исмини айтмай. «Бу жуда оғриқли. Буларнинг барчаси тезроқ тугашини истайман.»

Сафарбарликка қарши намойишлар

Россия ичкарисида Путиннинг сафарбарлик ҳақидаги фармонига қарши кенг кўламли норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Чоршанба куни бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган намойишларда полиция 1300 дан ортиқ одамни ҳибсга олди, деб хабар беради норозилик намойишларини кузатувчи OVD-Info сайти.

Айни пайтда, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, Россиянинг яқинда сафарбар этилган заҳирадаги фуқаролари ўртасида маст ҳолда муштлашувлар юз берган.

Айрим вилоятларда ҳарбий комиссариатлар ёнида спиртли ичимликлар сотишни тақиқлашга тўғри келди, деб ёзади беларуслик журналист Тадеуш Гичан Твиттерда.

Тольятти шаҳридаги ҳарбий комиссариатларнинг бирига ўт қўйилган – бу сўнгги ойларда Россия бўйлаб содир этилган ўнлаб шунга ўхшаш ҳужумлардан бири бўлди, деб хабар беради The Washington Post.

Пайшанба куни Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг кундалик мурожаатида россияликларни сафарбарликка қарши туришга чақириб, «олти ой ичида урушда 55 минг Россия аскари ҳалок бўлганини» таъкидлади.

«Кўпроқ хоҳлайсизми? Йўқми? Унда норозилик билдиринг. Курашинг. Қочинг. Ёки Украина армиясига таслим бўлинг», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мана, «Қрим бизники» деганингиз қанчалик қимматга тушди

Жавоб бериш