Карвонсарой
Хавфсизлик

Кремл эълон қилган сафарбарлик Марказий Осиёлик мигрантлар учун жиддий хавф туғдирмоқда

Рустам Темиров ва AFP

Меҳнат мигрантларининг Россия армиясига оқими нафақат пул, балки Россия фуқаролигини олиш ҳақидаги аҳмоқона орзу билан боғлиқ, дейди Россиядаги Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи ўзбекистонлик фаол Валентина Чупик. Суратда рус тилида «паспорт» деб аталадиган шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг муқоваси кўрсатилган. [Карвонсарой]

Меҳнат мигрантларининг Россия армиясига оқими нафақат пул, балки Россия фуқаролигини олиш ҳақидаги аҳмоқона орзу билан боғлиқ, дейди Россиядаги Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи ўзбекистонлик фаол Валентина Чупик. Суратда рус тилида «паспорт» деб аталадиган шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг муқоваси кўрсатилган. [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Кремлнинг Украинадаги уруш учун сафарбарлик эълон қилгани Россияда истиқомат қилувчи Марказий Осиёлик мигрантлар учун ҳуқуқий ва экзистенциал таҳдид ҳисобланади, деб огоҳлантирмоқда ҳуқуқ ҳимоячилари.

Ўтган чоршанба (21 сентябр) куни Россия президенти Владимир Путин Украинага босқин суратини икки карра кучайтириб, заҳирадаги 300 минг аскар қисман сафарбар қилинишини айтар экан, бу фақат «тегишли» кўникмалар ёки ҳарбий тажрибага эга эркакларга тааллуқли бўлишини билдирган эди.

Амалда сафарбарлик пала-партиш ва ҳатто маънисиз тус олди, кўпчилик россияликлар хизматга яроқсиз эркакларнинг чақирилиши билан боғлиқ ҳолатларидан дарғазаб бўлишди. Бу ҳолат аёлларни ҳам четлаб ўтмаган.

Бир қатор вилоятлар губернаторларининг сўзларига кўра, кекса ёшдаги россияликлар, бетоблар, талабалар, ҳеч қандай ҳарбий кўникмага эга бўлмаган ҳамширалар ва акушеркалар янглиш хизматга чақирилган.

Кремл Украинадаги урушга қисман сафарбарлик эълон қилиши ортидан 25 сентябр куни Мўғулистон чегарасидаги Олтинбулоқ назорат-ўтказиш пунктида навбат кутаётган россияликлар. Қозоғистон ва Мўғулистон билан чегаралар Россия фуқаролари билан тўлиб-тошган, айрим ҳолларда улар соатлаб кутишга мажбур бўлаётгани айтилмоқда. [Бямбасурен Бямба-Очир/AFP]

Кремл Украинадаги урушга қисман сафарбарлик эълон қилиши ортидан 25 сентябр куни Мўғулистон чегарасидаги Олтинбулоқ назорат-ўтказиш пунктида навбат кутаётган россияликлар. Қозоғистон ва Мўғулистон билан чегаралар Россия фуқаролари билан тўлиб-тошган, айрим ҳолларда улар соатлаб кутишга мажбур бўлаётгани айтилмоқда. [Бямбасурен Бямба-Очир/AFP]

Россия президенти Владимир Путин эълон қилган қисман сафарбарликка қарши норозилик намойишлари вақтида каскасига Украинадаги рус қўшинларининг тактик белгиси бўлмиш «Z» ҳарфи туширилган россиялик полициячи Санкт-Петербургда кўчани тўсиб турибди, 24 сентябр. [AFP]

Россия президенти Владимир Путин эълон қилган қисман сафарбарликка қарши норозилик намойишлари вақтида каскасига Украинадаги рус қўшинларининг тактик белгиси бўлмиш «Z» ҳарфи туширилган россиялик полициячи Санкт-Петербургда кўчани тўсиб турибди, 24 сентябр. [AFP]

Россияда ҳарбий хизматга чақириқ одатда фақат эркакларга тааллуқли бўлади, бироқ ҳамширалар ва акушеркаларнинг чақирилиши – 24 февралда Украинага босқин бошланганидан бери уруш Россия учун оғир келаётганидан даракдир.

Шанба куни Россия логистика учун масъул бўлган энг юқори мартабали генерал алмашганини эълон қилган.

Шу куннинг ўзида президент ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев мудофаа вазири Сергей Шойгуни «халқ ишончига путур етказмаслик» учун «муаммоларни зудлик билан ҳал қилишга» чақирди.

У жумладан, Узоқ Шарқдаги Бурятия ҳудудида кўп болали 70 та оиладаги оталар, ҳеч қандай ҳарбий малакага эга бўлмаган ҳамшира ва дояларнинг ҳарбий хизматга чақирилиши каби бир қанча қонун бузилишларини қайд этган.

Бу чақирилувчилар «жиноий жавобгарлик таҳдиди остида» ҳарбий хизматга чақирилганлар», деди Фадеев.

У, шунингдек «гўёки ҳаммани ҳарбий хизматдан бўйин товлаганлар деб ҳисоблаб, тунги соат 2 да чақирув қоғози топшираётганларни» танқид қилган.

Мигрантларни ёллаш

Сафарбарлик Россияда мигрантларни урушга қўшилишга мажбурлаш ёки жалб қилиш давом этаётган бир пайтда амалга оширилмоқда.

Ўтган сешанба куни Россия Давлат Думаси Россия учун бир йил жанг қилган чет эл фуқароларига соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олиш имконини берувчи қонунни қабул қилди. Илгари чет элликлар бунинг учун шартнома асосида камида уч йил ҳарбий хизматни ўташи керак эди.

Москва мери Сергей Собянин «Россия мудофаа вазирлигига хорижий фуқароларни ҳарбий хизматга жалб қилишда кўмаклашиш учун Сахароводаги мигрантлар марказида «тўлиқ инфратузилма» яратилаётганини маълум қилган.

Сахароводаги кўп мақсадли марказ мигрантлар учун иш билан боғлиқ масалалар, жумладан, мажбурий дактилоскопия (бармоқ изларини олиш), тиббий кўрик, Россияда ишлаш учун рухсатномалар олиш ёки узайтириш каби масалаларни ҳал қилиш учун мўлжалланган ягона дарча марказидир.

Давлат Думаси, шунингдек, Қуролли кучлар сафига қўшилишдан бош тортган Россия фуқаролари ва қўш фуқароликка эга шахслар учун узоқ муддатли қамоқ жазосини назарда тутувчи Жиноят кодексига ўзгартиришларни маъқуллаган.

Пайшанба куни Кремлнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Кирилл Кабанов Москва фуқароликка қабул қилинган Марказий Осиёлик фуқароларнинг Россия паспортлари олиб қўйилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Янги тартиб-қоидалар лойиҳасида асли Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва ўзбекистонлик бўлган Россия фуқаролари бир йил давомида мажбурий ҳарбий хизматни ўташи назарда тутилган, деди у.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва Ўзбекистон Бош прокуратураси ўтган ҳафта фуқароларни хорижий давлатлар қуролли кучлари сафига қўшилмаслик ва бегона юртларда жанг қилмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, бундай ҳуқуқбузарликлар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Худди шу каби, ўтган ҳафта Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳам фуқароларни хорижда жанг қилганлар 10 йилгача қамоқ билан жазоланиши ҳақида огоҳлантирган, деб хабар берган Озод Европа/Озодлик радиоси.

«Ҳозироқ қочинг»

Меҳнат мигрантлари билан ишлайдиган ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик россиялик қариндошлари бор ёки Россия фуқаролигини олган ўзбекистонликларни «ҳозироқ қочишга» чақирди.

«Бошқа мигрантларга ҳам кетишни маслаҳат бераман, чунки улар, биринчи навбатда, «ихтиёрий ҳарбий хизмат» бўйича шартнома тузишга мажбурланадилар», деб ёзди Чупик пайшанба куни ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.

Ҳарбий хизматга яроқсиз бўлганлар армия эҳтиёжлари учун бепул ёки яшаш учун етарли бўлмаган маош эвазига ишлашга мажбурланиши мумкин, деб қўшимча қилди у.

«Сиз ё тўп ёмига, ё қулга айланишингиз мумкин. Бу ердан ҳозироқ қочиб кетинг. Эртага кеч бўлиши мумкин!» деб ёзади у.

Россиялик тарихчи ва антрополог Сергей Абашиннинг айтишича, ҳозирда Россияда 2 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда.

Россия ҳукумати умумий ҳарбий сафарбарликни кечиктирмоқда ва бошқа мавжуд инсон ресурслари, масалан, босиб олинган ҳудудлар аҳолиси, шартнома асосидаги аскарлар, маҳбуслар ва энди мигрантлардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда, деди у.

Хориж фуқаролари – меҳнат мигрантлари ҳарбий хизматга мажбурланиши мумкин, деб огоҳлантирди Абашин.

«Айёрлик ва пасткашлик шундаки, туғилганида фуқаролик олмаган ҳар қандай шахсни фуқароликдан маҳрум қилишни осонлаштирадиган қонунлар аллақачон мавжуд», деди у.

Беш йилдан бери Москвада яшаб, ишлаб келаётган 40 ёшли ўзбек муҳожири Фахриддинга кўра, Марказий Осиёлик мигрантлар Россия ҳарбийларининг ёллаш чоралари олдида заиф.

Айримлар иш топа олмаган ёки қарзга ботган. Баъзиларнинг эса ватанида боқиши керак бўлган оиласи бор, дейди у.

«Балки улар «ҳаммаси яхши бўлади» деган умидда таваккал қилишаётгандир. Улар урушдан катта пул ва Россия фуқаролигини олиб қайтамиз деб ўйлашади, зеро кўпчилик ватандошларим Россия паспортини [фуқаролик ҳужжати] орзу қилади», дейди Фахриддин.

«Менинг ҳам Россия фуқаролигини олгим бор, лекин ҳарбий хизмат шартномаси орқали эмас. Бунинг учун бошқа қонуний йўллар мавжуд, мен номаълум нарса учун ўлишни истамайман».

«Улар Россияда иши юришмаган одамлар, ишсиз қолганлар, пулга муҳтожлар ёки қамоқдагилар. Ёки шунчаки Кремл ташвиқоти таъсирига тушиб қолганлар», дейди тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Мирзабоев.

Бу мигрантлар «муҳтожлик ва чорасизлик туфайли ҳарбий хизматга боришлари мумкин ва бу уларнинг ўзи, оилалари ва Ўзбекистон учун катта фожиа бўлади», деди у.

«Мутлақо ноқонуний»

Ўзбекистон дарҳол мигрантларнинг Ўзбекистондаги оилалари билан кенг қамровли тушунтириш ишларини бошлаши керак, улар ўз меҳнаткаш яқинларини Украинада жанг қилиш номақбул эканига ишонтириши зарур, дейди Мирзабоев.

«Мана шу ерда маҳалла тизимидан тўлақонли фойдаланиш керак. Шунингдек, Россиядаги маҳаллий ҳокимият вакилларининг қийин аҳволда қолган ўзбек мигрантларини армияга қўшилишга мажбурлаши ҳолатларини ҳам кузатиб боришимиз керак.»

«Ўзбек расмийлари бундай ҳолатларга қаршилик қилишса яхши бўларди», деб қўшимча қилган у.

Россия ҳукуматининг ҳаракатлари «буткул ноқонуний ва билатуриб Россия фуқаролигини топшириш ҳақидаги ёлғон ваъдалари ва жангариларни жиноий йўл билан ёллаш айни фирибгарликдир», деб айтган Чупик.

Ўзбекистонликларнинг Россия армиясига қўшилиши «Ўзбекистон ҳукуматининг мигрантларга жангарилик фаолияти ва уруш жиноятлари учун қамоққа олиниши ҳақидаги хабарни еткиза олишига» боғлиқ, деб айтган у.

«Агар Ўзбекистон ҳукумати сукут сақласа, мигрантлар қўйлардек фронтга кетишади», деб айтган у. «Агар ҳукумат қаттиққўллик билан ҳаракат қилса, Россия ваъда қилган яйловларга ҳавас қилмай, ўз «бўриларидан» кўпроқ қўрқадилар.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500