Карвонсарой
Таҳлил

Тушкунлик ва саросима: Россия Украинадаги урушни бой бериш арафасида турибди

Олга Чепил

Украина миллий гвардияси аскари Харков вилояти шимолида Россия армияси эгаллаган позицияда ташлаб кетилган ва вайрон қилинган ҳарбий техникани кўздан кечирмоқда, 20 сентябр. [Сергей Бобок/AFP]

Украина миллий гвардияси аскари Харков вилояти шимолида Россия армияси эгаллаган позицияда ташлаб кетилган ва вайрон қилинган ҳарбий техникани кўздан кечирмоқда, 20 сентябр. [Сергей Бобок/AFP]

КИЕВ – Украинага босқинни режалаштиришдаги тизимли хатолар, сифатсиз разведка, генералларнинг лаёқатсизлиги ва юқори турувчи органлардан қўрқиш Россиянинг бу урушда кутилганидан тезроқ мағлуб бўлишига олиб келиши мумкин, дейди кузатувчилар.

Кремлнинг заҳирадаги 300 минг аскарни Украинадаги Россия кучларига қўшилиш учун «қисман сафарбар этиш» билан боғлиқ кенг миқёсли хатолари ҳам катта тўсиққа айланган.

«Кремл «қисман сафарбарликни» амалга ошириш орқали жиддий муаммолар билан боғлиқ воқеликдан чиқаётганини кўрсатишга уринмоқда, аммо унинг сўзлари атрофдаги ҳақиқий хатоларни тушунадиган россияликларни тинчлантира олиши даргумон», дейилади АҚШда жойлашган Урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлил марказининг душанба (26 сентябр) кунги ҳисоботида.

Ҳисоботда айтилишича, сўнгги ҳафталарда Россия, Марказий Осиё ва Европа бўйлаб ўнлаб норозилик намойишлари ва ҳатто ёллаш марказларига қилинган ҳужумлар шароитида Кремл олдида жуда мушкул вазифа турибди.

26 сентябр куни олинган суратда Россиянинг Украинага босқини вақтида Харков вилояти Козача Лопан шаҳридаги оммавий қабр деб гумон қилинган жой яқинида ерда ётган Россия ҳарбий формасининг тулуми акс этган. [Ясуёши Чиба/AFP]

26 сентябр куни олинган суратда Россиянинг Украинага босқини вақтида Харков вилояти Козача Лопан шаҳридаги оммавий қабр деб гумон қилинган жой яқинида ерда ётган Россия ҳарбий формасининг тулуми акс этган. [Ясуёши Чиба/AFP]

Россия президенти Владимир Путин 16 сентябр куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити доирасида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашув олдидан. [Сергей Бобилев/Sputnik/AFP]

Россия президенти Владимир Путин 16 сентябр куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити доирасида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашув олдидан. [Сергей Бобилев/Sputnik/AFP]

21 сентябр куни Россия президенти Владимир Путин томонидан эълон қилинган «қисман сафарбарлик» орқали қўшимча куч тўплашга муваффақ бўлинса ҳам, у самарасиз бўлади ва катта ҳажмдаги ички ижтимоий-сиёсий харажатларни келтириб чиқаради», деб тахмин қилган ISW.

Кутилганидан тезроқ

Шу ой бошида Украинанинг яшин тезлигидаги қарши ҳужуми Россиянинг Украинага босқинида ҳал қилувчи рол ўйнади, дейди таҳлилчилар.

5 сентябр куни Украина кучлари Херсон вилоятига ҳужумни кутаётган русларни доғда қолдириб, Харков вилоятига бостириб кирди, натижада Россия қўшинлари ваҳима ичида таслим бўлишга ёки омматан ўз позицияларини ташлаб қочишга мажбур бўлди.

Ҳужум асносида Украина стратегик муҳим Изюм шаҳрини қайтариб олди, рус кучлари Россия билан чегарадош Харков вилоятининг катта қисмидан сиқиб чиқарилган.

Бу тенденция сақланиб қоладиган бўлса, дейди таҳлилчилар, Россия кўпчилик энг дадил прогнозларда тасаввур қилганидан анча олдинроқ тўлиқ мағлубиятга учрайди.

«Украина стратегик жиҳатдан ғалаба қозонмоқда», дейди Ҳарбий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази директори, киевлик ҳарбий таҳлилчи Александр Мусиенко.

«Харков вилоятидаги муваффақиятли қарши ҳужумдан сўнг ташаббус Украина тарафига ўтди. «Энди ҳаммаси тезроқ кечади. Бугунги кунда Украина кучлари қуруқлик бўйлаб яхши ҳаракатланмоқда».

«Россиялик аскарларга назар солинг. Улар руҳан тушкун, саросимада, таслим бўлишга тайёр ҳолатда», дейди у. «Россия энди уруш бошланишидан аввалги ҳажмда ҳам катта куч тўплай олмайди.»

Украинага етарлича баҳо берилмаган

Таҳлилчиларга кўра, Россиянинг фронтдаги муваффақиятсизликларини бир нечта асосий омил билан изоҳлаш мумкин – айнан шу омиллар яқин орада унинг мағлубиятига сабаб бўлади.

«Улардан энг асосийси, албатта, душманни етарлича баҳоламаслик», дейди Армия, конверсия ва қуролсизланиш тадқиқотлари маркази директорининг собиқ ўринбосари, киевлик ҳарбий таҳлилчи Михаил Самус.

Кремл «Украин миллатига мутлақо нотўғри баҳо берди», деди у.

«Руслар уларни гул билан кутиб олишади, деб ўйладилар», дейди Самус.

«Аслида улар бу ерда жанг қилишни режалаштирмаганди ҳам. Улар 1979 йилда Афғонистон ва 1968 йилда Чехословакияда бўлгани каби тезкор операция ўтказамиз, деб ўйлашган. Яъни, мақсад – пойтахтга бостириб кириб, тезлик билан Украина раҳбариятини йўқ қилиш ва қўғирчоқ режим ўрнатиш эди».

«Кейинроқ, иккинчи босқичда улар бу ерда қўшин жойлаштириб, ҳеч қандай жанговар ҳаракатларсиз мамлакатни тўлиқ ишғол қилишни кўзлаган», деди у.

«Улар қилмоқчи бўлган нарса шу эди», дейди у.

Аммо Россия қўшинларининг тайёргарлиги нотўғри маълумотларга асосланган эди, бу эса, ўз навбатида, уларнинг разведкаси сифатсиз эканидан даракдир, деди Самус.

У икки тахминни илгари сурди: «Ёки разведка маълумотларини тўплаш ва ҳисобот беришга қодир бўлган чинакам юқори сифатли разведка тузилмалари йўқ, ёки тўпланган маълумотлар нотўғри талқин қилиниб, нотўғри қарорлар қабул қилинишига олиб келган.»

Иккинчи ҳолат, бу каби авторитар режимлар учун одатий ҳол, дейди у.

«Разведка юқори сифатли маълумотни қўлга киритади, лекин у... қўрқув туфайли қарор қабул қилиш марказига бузилган шаклда етиб боради», деди Самус. «Қолаверса, диктатор ҳақиқатда нима бўлаётганини эмас, ўзига ёққан нарсани эшитишни хоҳлайди».

«Баъзан ўйлаб қоламан, [руслар] қандай қилиб бунчалик кўп хатога йўл қўйишаркин?», дейди у. «Улар Украина жанубига бостириб кирдилар ва у ердаги ҳаётни ўзгартиришга тайёр эканликларини кўрсатадиган босқинчи режимни ўрнатиш учун ҳеч нарса қилмадилар».

«Дарвоқе, буни Донбассда ҳам кўриш мумкин. Саккиз йил ичида уларнинг қила олгани – кириб келишларидан олдин мавжуд бўлган нарсаларни йўқ қилиш бўлди», деб қўшимча қилди Самус.

Коррупция ва ёлғонлар

Кузатувчиларга кўра, Россиянинг Украинадаги ҳарбий муваффақиятсизлигининг яна бир сабаби коррупциядир.

«Коррупция – Россия армиясининг муаммоси эмас, балки унинг асосий таркибий қисми», дейди ҳарбий таҳлилчи Мусиенко.

«Армиядаги ўғирликларни ҳозир ҳам кўрса бўлади. Масалан, қоғозда жуда кўп техника бор, аммо жанговар машиналарни сақлаш омборларидан олиб чиқиш вақти келганида, ҳаммаси яроқсиз ёки капитал таъмирга муҳтож бўлиб чиққан», деди у.

«Армиядаги ўғирликлар ва кенг тарқалган коррупцияга кўп йиллар давомида кўз юмилди, энди эса қисқа муддатда мағлубиятга олиб келиши мумкин бўлган вазият юзага келди», деди у.

Буларнинг барига Россия армияси раҳбариятининг, шунингдек, оддий аскарларнинг руҳий тушкунлиги ҳам қўшилган.

«Украина кучлари кўплаб Россия зобитлари ва генералларини йўқ қилди», деди Мусиенко. «Ва раҳбарларни алмаштириш бошланди. 24 февралдан бери уларда учта қўмондонлик бор эди: шимолий, жанубий ва шарқий ҳарбий округ. Орада Александр Дворников бошчилигидаги битта қўмондонлик қолди. Кейин яна учта қўмондонликка қайтилди».

«Тушунарсиз ишлар! Офицерлар ва генералларнинг қатъиятсизлиги бутун армиянинг ишончини сусайтиради», деди у ва қўшимча қилди: «Бу муҳим маънавий жиҳат.»

«Асосий муаммо нима? Ёлғон», дейди украиналик сиёсатшунос Владимир Молчанов.

«Россия ҳатто ҳисоботларда ҳам «бошқача рақамлар»ни ўйлаб топишга мойил», дейди у. «Кўп ҳолларда шунчаки пул ўмариш учун.»

Ушбу муаммолар фонида Россия ўз кадрларини фронтда ушлаб туришга жон-жаҳди билан уринмоқда.

«Россияликлар орасида дезертирлик ҳолатлари кўп учрайди. Мутлақо қонуний йўл билан хизматдан бўшаётганлар бор. Улар шартномани бекор қилишга ҳаракат қиладилар, рапортлар ёзадилар. Бунда уларнинг ҳарбий гувоҳномасига очиқдан-очиқ «хоинликка мойил» деб ёзиб қўйилиши мумкин», деди Молчанов.

«Бошқа тузилмаларда бундай ҳолатлар шунчаки ўлим билан якунланиши мумкин. Масалан, вагнерчилар [Вагнер гуруҳи ёлланма аскарлари] орасида дезертирлар отиб ўлдирилади. Чеченистонлик «қодировчилар» эса дезертирларнинг бошини танасидан жудо қилади», дейди у.

Умуман олганда, Украинадаги уруш Россияни катта тўнтариш ёқасига олиб келди, дейди Самус.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Шармандалик бўйича иккинчи армия.

Жавоб бериш

Руслар ўз ташвиқотларига, яъни ёлғонларига лаққа тушишди.

Жавоб бериш