Карвонсарой
Атроф-муҳит

Қирғизистон ва Тожикистонда олтин қазиб олаётган Хитой аҳоли ва атроф-муҳитга зарар етказмоқда

Канат Алтинбаев

Қирғизистоннинг Бишкек шаҳридан 280 км ғарбда, денгиз сатҳидан 3000 м баландликда, Тян-Шан тоғларидаги Жерўй конининг қайта ишлаш заводи яқинидаги участкада ишчи портловчи моддаларни жойлаштириш учун қудуқларни бурғулаш вақтида кон қурилмалари ёнидаги ўлчаш ускунасидан фойдаланмоқда, 2021 йил, 23 июл. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Қирғизистоннинг Бишкек шаҳридан 280 км ғарбда, денгиз сатҳидан 3000 м баландликда, Тян-Шан тоғларидаги Жерўй конининг қайта ишлаш заводи яқинидаги участкада ишчи портловчи моддаларни жойлаштириш учун қудуқларни бурғулаш вақтида кон қурилмалари ёнидаги ўлчаш ускунасидан фойдаланмоқда, 2021 йил, 23 июл. [Вячеслав Оселедко/AFP]

БИШКЕК – Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари Хитой компанияларига маҳаллий олтин конларида қазилма ишларини олиб боришга имтиёз берди, аммо маҳаллий аҳоли, фаоллар ва таҳлилчилар улар катта хато қилди деб ҳисобламоқда.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Хитойнинг Zhong Ji компаниясига Норин вилоятидаги Султон Сари олтин конидаги ишларни қайта тиклашга рухсат берди, деб эълон қилган Жапаровнинг матбуот котиби Эрбол Султонбоев 18 август куни уч йиллик танаффусдан сўнг.

Жапаров конга ташриф буюрди ва атроф-муҳитга етказилаётган зарар ҳақидаги маҳаллий аҳолининг шикоятларини тинглади, деди Султонбоев.

11 йилдан бери Султон Сари аҳолиси Хитой компанияси уларнинг туманига келишига қарши бўлган ва атроф-муҳитга кўрсатадиган таъсиридан хавотир билдирган.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги Фон тоғлари, 2021 йил, 27 июн. Бу тоғлар мислсиз минерал бойликларга тўла. Фон дарёсининг бир томони рух, симоб, кумуш ва кўмирга тўла бўлса, бошқа томонида олтин конлари мавжуд. [Хулкар Юсупова]

Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги Фон тоғлари, 2021 йил, 27 июн. Бу тоғлар мислсиз минерал бойликларга тўла. Фон дарёсининг бир томони рух, симоб, кумуш ва кўмирга тўла бўлса, бошқа томонида олтин конлари мавжуд. [Хулкар Юсупова]

Тожикистоннинг «Зарафшон» саноат ҳудудидаги олтинни қайта ишлаш корхонаси, 2012 йил. Бу ерда ишчилар олтинни қайта ишлашади. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Тожикистоннинг «Зарафшон» саноат ҳудудидаги олтинни қайта ишлаш корхонаси, 2012 йил. Бу ерда ишчилар олтинни қайта ишлашади. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

«Бизга бу хитойликлар керак эмас. Бутун умр мол боқиб келганмиз ва бу ишни давом эттиришни истаймиз, аммо улар ерларимизга келиб, олтин қазиб, табиатимизга зарар етказишмоқда», деб айтган шу ерликлардан бири 2019 йилги норозиликлар вақтида. «Қорамолларимиз нобуд бўлмоқда, болалар эса касал бўлишяпти!»

Ўшанда тоғ этагида одамлар тўпланиб, Zhong Ji компаниясининг хитойлик ишчиларини қувиб чиқармоқчи бўлишган, деб хабар беради Kloop.kg нашри.

2019 йил август ойида Султон Саридаги норозиликлар жиддий тус олгани сабабли Қирғизистон ҳукумати Zhong Ji компаниясининг фаолиятини тўхтатиб қўйди, деб хабар берган Reuters.

Аҳоли уй ҳайвонларининг омматан нобуд бўлаётганини айтган, уларга кўра, бу Хитой компанияси конлари дарёни ифлослантиргани туфайли рўй берган. Ўша йилнинг бошида Zhong Ji компанияси фермерларга етган зарарни қоплашга мажбур бўлган, деб хабар берган 24.kg 2019 йил июл ойида.

Аммо, бу норозиликдан аввал ҳам Давлат экология хавфсизлиги инспекцияси (Госэкотехинспекция) Zhong Ji компанияси фаолиятида 83 та қоидабузарликни аниқлаган ва компанияни 448000 сўмлик жаримага тортган (ўша вақтда қарийб 7 минг АҚШ доллари).

2019 йилда маҳаллий аҳоли ва Zhong Ji ишчилари ўртасида бир нечта марта муштлашув юз берган.

Бир йилдан кейин октябр ойида Жалолобод вилоятидаги Иштамберди конида олтин қазиб олган яна бир Хитой компанияси – Full Gold Mining ҳам можаро сабабчисига айланди. Хавфсизликка оид қоидабузарликлар туфайли конда катта ёнғин келиб чиққан.

Госэкотехинспекция атроф-муҳитга нисбатан талабларни, хусусан зарарли кимёвий чиқиндилар билан ишлаш қоидаларини бузгани учун Full Gold Mining компаниясига бир неча марта жарима солган.

Шунингдек, Лондонда жойлашган экологияга оид хабарларни ёритувчи The Third Pole сайтининг 2021 йил феврал ойида маҳаллий аҳолига таяниб хабар беришича, Full Gold Mining компанияси 24 кг олтин қазиб олиш учун 71 гектар ўрмонни йўқ қилган.

«Ҳеч ким йўқ қилинган ўсимликларни тиклашга ҳаракат қилмади. Маҳаллий аҳоли табиатга нисбатан бундай муносабатдан норози. Бундай хавфли фаолият тўхтатилиши керак», деб айтган Чотқол тумани фуқароси The Third Pole нашрига.

Хитой табиий ресурсларни қазиб олаётган мамлакатларда доим оммавий норозиликка дуч келади, дейди Бишкекдаги MoveGreen ёшлар экоҳаракатининг экологик муҳандиси Бактигул Стакеева.

«Албатта кўп мамлакатларда, жумладан табиат ва экологик қоидабузарликларга эътиборсизлиги туфайли хитойликларга нисбатан норозилик – ўринли», деб айтган у.

Шунингдек, Хитой билан ҳамкорликнинг иқтисодий оқибатлари ҳам бор.

Пекин зарарли фаолиятини, ҳатто маҳаллий иқтисодиётни рағбатлантириш орқали ҳам қопламайди, деб айтган бишкеклик иқтисодчи Элмира Суранчиева.

«Хитой компаниялари ўз ишчиларини олиб келади ва ўзлари фаолият олиб бораётган, одатда яшаш стандартлари паст бўлган ерларда иш жойлари яратмайди», деб айтган у. «Бу йўл билан синофобияга қарши курашиб бўлмайди.»

Тожикистон: экологик оқибатлар, конлар ва ер майдонларининг бой берилиши

Апрел ойида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон «Талко Голд» олтин қазиб олиш ва қайта ишлаш компаниясини ишга тушириб, Тожикистон ғарбидаги Айний туманида янги металлургия заводи ва олтинни қайта ишлаш корхонасига тамал тошини қўйди.

Тасдиқланган заҳираларининг ўзи 50 тоннадан ортиқ бўлган олтин конини «Талко Голд» Тожикистон-Хитой қўшма корхонаси ўзлаштиради. Бу ерда сурма ҳам қазиб олинади.

Тожикистонда деярли барча олтин (84%) Тожикистон-Хитой қўшма корхоналарида қазиб олинади. Олтин қазиб олиш ҳажми ҳар йили 25%га ошиб бормоқда, бу геологларни хавотирга солиб қўйган – улар хитойликлар Тожикистондаги олтин конларини 30 йил ичида қуритади, деб тахмин қилмоқда.

Аммо ҳозирда Тожикистонда бошқа долзарброқ муаммолар бор.

Тожикистондаги турли лойиҳаларни фаол тарзда молиялаштираётган Хитой бунинг эвазига Айний туманидаги Юқори Қумарғ ва Шарқий Дуоба олтин конларида бўлгани каби конларни ўзлаштириш ҳуқуқини қўлга киритади.

Душанбе 332 миллион долларлик қарзини ёпиш учун уларни Пекинга берган.

Устига устак, Хитой корхоналари Тожикистонда борган сари кўпроқ экологик муаммоларни пайдо қилмоқда, аммо Қирғизистонда бўгани каби зарарни камайтириш учун ҳеч нарса қилмаётган кўринади.

Тожикистон шимолидаги «Зарафшон» олтин қазиб олишга ихтисослашган тожик-хитой қўшма корхонаси жойлашган Панжакент тумани аҳолисининг 2020 йил май ойида «Fergana News» нашрига айтишича, компаниянинг атмосферага чиқараётган чиқиндилари маҳаллий боғлардаги мевали дарахтларга зарар етказмоқда, мевалар пишмасдан туриб чиримоқда ва тўкилмоқда, шунингдек ҳудудда полиз экинларини етиштириш қийин бўлиб қолган.

«Зарафшон» саноат чиқиндилари ва қолдиқларини Бедак ва Хумгарон қишлоқлари яқинига ташлайди, дейилади хабарда. «Улардан тарқаладиган нохуш ҳиддан маҳаллий аҳоли безор бўлган. Лекин компания раҳбарияти атроф-муҳитни муҳофаза қилишга етарли эътибор қаратмайди, етказилган зарар учун давлат ва жамоатчиликка компенсация тўламайди, маҳаллий инфратузилмани яхшилаш учун пул ажратмайди.»

«Хитой компаниялари «ифлос» саноат ишлаб чиқаришини Хитойдан ташқарига кўчиришни истайди, холос», дейди тожикистонлик иқтисодчи Аъзам Муртазоев «Fergana News» нашрига.

ОАВ хабарларидан хулоса қилиш мумкинки, Тожикистон Хитойдан қарзини фақат конлар билан тўлаётгани йўқ.

Ўтган йили Your.tj сайтининг расмий статистик маълумотларга асосланиб эслатишича, Душанбе 2011 йилда ҳудудий можарони ҳал қилиш учун 1100 квадрат километрга яқин ерини Пекин ихтиёрига топширган.

2017 йилда Тожикистон ҳудуди яна 600 квадрат километрга қисқарди. Хабарда ушбу йирик ер участкаси қайси қўшнига ўтгани аниқлаштирилмаган, бироқ таҳлилчиларнинг айтишича, бу сир эмас.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500