Карвонсарой
Дин

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Украинадаги урушда қатнашиш ҳаром эканлиги ҳақида огоҳлантирди

Рустам Темиров

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бош қароргоҳи, 26 сентябр, Тошкент. [Азиз Паттаев]

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бош қароргоҳи, 26 сентябр, Тошкент. [Азиз Паттаев]

ТОШКЕНТ – Россиянинг урушга тарғиб қилиши кучаяр экан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш ҳаром эканлиги ҳақида фатво чиқарди.

«Аслида мусулмон кишини ўз ватанини ҳимоя қилишдан бошқа ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши шаръан жоиз бўлмайди», дейилади шанба (24 сентябр) куни эълон қилинган фатвода. «Бу иш ҳаром ҳисобланади.»

Россиянинг Украинага босқини ислом шариатида белгилаб қўйилган шарт ва талабларга мос келмайди, деб таъкидлаган идора.

«Биз ватандошларимизни турли алдамчи тарғиботларга учмасликка, фитналардан йироқ бўлишга даъват этамиз», дейилади мурожаатда.

Ушбу расмда рус тилида «паспорт» деб аталадиган шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг муқоваси кўрсатилган. [Карвонсарой]

Ушбу расмда рус тилида «паспорт» деб аталадиган шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг муқоваси кўрсатилган. [Карвонсарой]

Россиянинг Ингушетия шаҳрида ишлаётган ўзбекистонлик мигрант, 26 сентябр.[Фарҳод Гафаров]

Россиянинг Ингушетия шаҳрида ишлаётган ўзбекистонлик мигрант, 26 сентябр.[Фарҳод Гафаров]

«Биз бугунги кунда курашлар, зиддиятлар, дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлар авж олган бир вазиятда яшамоқдамиз», дейилади фатвода. «Ҳозир зулм ва истибдод, террор ва бузғунчиликлар, ахлоқсизлик ва маънавий инқирозлар ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Шунинг учун бугунги куннинг мусулмон кишиси ҳарқачонгидан кўра огоҳ ва ҳушёр бўлиши даркор.»

Марказий Осиёлик мигрантларни ёллаш ҳаракатлари

Мазкур фатво Россия ҳукумати Марказий Осиёлик мигрантларни Украинадаги жангларга жалб қилиш ёки мажбурлашда давом этаётган бир пайтда эълон қилинган.

Тайёргарликдан ўтган, юқори жанговар руҳдаги ва яхши қуролланган украиналик аскарлар тарафидан тор-мор этилаётган армияси сафини тўлдиришдан умидвор бўлган Москва ўтган ҳафта Марказий Осиёликларни ҳарбий хизматга чақириш учун имтиёзлар жорий қилди.

Шанба куни Россия фуқаролиги тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришлар кучга кирган бўлиб, унга кўра, шартнома бўйича (профессионал) аскар сифатида рўйхатдан ўтган хориж фуқаролари бир йиллик хизматдан кейин фуқаролик олиши мумкин. Илгари фуқаролик олиш учун уч йил хизмат қилиш керак эди.

Бу ислоҳот Давлат Думаси (парламентнинг қуйи палатаси) қонун лойиҳасини қабул қилганидан тўрт кунгина ўтиб амалга оширилган.

Шунингдек, Россия ҳукумати кўпчиликни армия сафига қўшилишга кўндириш умидида, одатда меҳнат мигрантлари рўйхатдан ўтадиган ва ишлаш учун рухсатнома сўраб мурожаат қиладиган миграция марказларида ҳарбий хизматга чақирув пунктларини очган.

Бу йўлда янада қаттиқроқ усуллардан ҳам фойдаланилган.

Ўтган ҳафтада Россия давлат думаси Жиноят кодексига қуролли кучлар сафига қўшилишни истамаган Россия фуқаролари, жумладан, қўш фуқароликка эга шахслар учун узоқ муддатли қамоқ жазоларини кўзда тутувчи тузатишлар киритишни маъқуллади.

Москва фуқароликка қабул қилинган асли Марказий Осиёликлар сафарбарликдан бош тортган тақдирда, уларни Россия фуқаролигидан маҳрум қилиши мумкин, деб айтган Кремлнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси Кирилл Кабанов 22 сентябр куни.

«Фуқаролик олганига 10 йилдан ошмаган Россиянинг янги фуқаролари учун бир йиллик мажбурий ҳарбий хизматни ўташ бўйича таклифлар тайёрланмоқда, бу Марказий Осиё мамлакатлари: асли Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва ўзбекистонликларга тааллуқли бўлади», деб ёзади у Телеграмда.

«Хизматдан бўйин товлайдиган бўлса, нафақат ҳарбий хизматга мажбур бўлган шахс, балки унинг оила аъзолари ҳам Россия фуқаролигидан маҳрум қилиниши керак», деб қўшимча қилди у.

Кабановнинг бу таклифи ҳозирча муҳокама қилинмоқда.

Жиноий жавобгарлик

Янги қонунлар муносабати билан Марказий Осиё давлатлари ўз фуқароларини Украинада жанг қилмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Жангариликка ёлланганлар Тожикистонда 20 йилгача, Қозоғистонда 5 йилдан 9 йилгача, Ўзбекистонда эса 10 йилгача қамоқ билан жазоланади.

Эълон қилинган фатво Ўзбекистоннинг мигрантларни жанг қилмасликка ундовчи навбатдаги огоҳлантириш бўлди. Бунга қадар Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Бош прокуратура ҳам худди шундай баёнотлар билан чиққан эди.

Уларнинг барчасида, жумладан, фатвода ҳам Ўзбекистон Жиноят кодексида «ёлланма жангарилик» учун жиноий жавобгарлик белгилангани таъкидланади.

Ўзбекистон расмийлари мигрантлар жамоаларининг барча қатламларини қамраб олишга ҳаракат қилмоқда, дейди тошкентлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

«Кимдир ҳуқуқ тизимини жуда яхши тушунади, кимдир эса тушунмайди. Айримларнинг диний зеҳнияти сезиларли даражада юксалган», дейди у.

«Ўзбекистон ҳукумати Россиядаги меҳнат мигрантлари онгига таъсир ўтказишнинг турли усулларини синаб кўрмоқда. Диний муассасалар ҳам бу «ҳаром» ёки тақиқланганини билдириб, таъсир қилишга уринмоқда», дейди Раббимов.

Эълон қилинган фатво самара беради деб ўйлайман, чунки бутун мусулмон дунёсида, хусусан, Ўзбекистонда диний зеҳният кучайиб бормоқда, деб қўшимча қилди у.

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистоннинг 35,6 миллионлик аҳолисидан 95 фоизи ислом динига эътиқод қилади.

Ўзбекистонлик мигрантларни бу урушда иштирок этишдан тўсадиган ҳар қандай маълумот муҳим, дейди ишчи мигрантларга кўмаклашувчи москвалик ҳуқуқшунос Ботир Шермуҳамедов.

Фуқаролик ташкилотлари, алоҳида шахслар, блогерлар ва журналистлар бу ишнинг нотўғри эканини жамоатчиликка етказиш учун қўлидан келганини қилиши керак, деди у.

Шунингдек, уларга берилган ваъдалар, масалан Россия фуқаролиги берилиши ҳақидаги ваъда ҳам амалга ошиши аниқ эмас, деб қўшимча қилган у.

«Мусулмон одам бирор давлатга бориб одам ўлдириши мумкин эмаслигини ҳаммамиз биламиз», деди Шермуҳамедов. «Ундан ҳам муҳимроғи шуки, бу мудофаа уруши эмас, балки бир давлатнинг бошқасига нисбатан тажовузи бўлиб, бу нафақат диний, балки дунёвий қонунларга кўра ҳам жиноят ва нотўғри иш ҳисобланади.»

«Биродаркушлик уруши»

Фатво ўз вақтида эълон қилинди ва Россия шаҳарларидаги ўзбек мигрантлари ҳамжамиятига, ислом умматига етказилиши керак, дейди Қашқадарё вилоятилик мулла Бобохон Ҳамдамов.

«Улар орасида динга амал қиладиган мусулмонлар кўп, бу уларнинг ҳар бири учун ҳам диний, ҳам ҳуқуқий қарор», деб айтган у. «Шунинг учун ўзбекистонлик мусулмонлар ҳаром урушда қатнашмасликлари керак.»

Ундан янада кўпроқ ўзбеклар хабар топиши учун бу фатво ижтимоий тармоқларда ва сайтларда тарқатилиши керак, деб айтган у.

«Ўзбек мусулмонлари ушбу биродаркушлик урушида қатнашадиган бўлсалар, одам ўлдиришлари, балки ўзлари ҳам ҳалок бўлишлари мумкин», дейди у. «Улар сиёсий ўйин қурбонига айланмасликлари керак

«Аллоҳ таоло одам ўлдиришни ҳаром қилган. Қуръони каримга кўра, бегуноҳ одамни ўлдириш Аллоҳ таоло наздидаги энг улкан гуноҳлардан биридир», дейди Ҳамдамов.

«Яхшилаб ўйлаб кўринглар, мусулмонлар. У ерга оилангизни боқиш учун боргансиз, нонингизни ҳалол йўл билан топинг. Ўз шаънингиз ва ҳурматингизни сақланг», деб қўшимча қилган у.

Москвада ишлайдиган 40 яшар ўзбекистонлик Акбар ҳам меҳнат мигрантларининг урушга сафарбар қилиниши ҳақидаги миш-мишлардан хавотирга тушганини айтади.

«Ўзим исломга тўлиқ амал қилмасам-да, Украинадаги уруш ҳаром эканлигига ишонаман, шунинг учун бу фатвога амал қилишимиз керак», деб айтган у.

«Украинада Россия армияси сафида кўплаб ўзбеклар жанг қилаётганини биламан», деб айтган Акбар. «Балки бу фатво етиб боргач, улар ўзларига келиб, уйига қайтар

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Баракалла ўзбеклар!

Жавоб бериш