Карвонсарой
Таҳлил

«Бориб турган алдов»: Кремл Украина ҳудудларини аннексия қилишда давом этмоқда

Олга Чепил

30 сентябр куни Россия президенти Владимир Путин Украинанинг тўрт минтақасини расман қўшиб олиш тўғрисидаги битимларни имзоламоқда. [Дмитрий АСТАХОВ / SPUTNIK / AFP]

30 сентябр куни Россия президенти Владимир Путин Украинанинг тўрт минтақасини расман қўшиб олиш тўғрисидаги битимларни имзоламоқда. [Дмитрий АСТАХОВ / SPUTNIK / AFP]

КИЕВ – Украинанинг босиб олинган, кейинчалик аннексия қилинган ҳудудларида ўтказилган Россиянинг сохта референдуми «маънисиз» бўлиб, Кремл томонидан халқаро қонунларнинг яна бир карра поймол қилинишидир, дейди дунё етакчилари ва таҳлилчилар.

Жума (30 сентябр) куни Путин Украинанинг тўрт минтақаси аннексия қилингани ҳақида эълон қилди.

Херсон, Запорожье, Донецк, ва Луганск вилоятларидаги Кремлнинг воситачи ҳукуматлари чоршанба куни у ерда беш кун давомида ўтказилган«Россияга қўшилиш бўйича референдумнинг муваффақиятли» натижаларини шошилинч тарзда эълон қилдилар.

«Ҳукуматлар» уларни дарҳол Россия таркибига қўшиб олишни сўраганлар.

«Азовмаш» заводининг собиқ раҳбари ва Мариупол шаҳрининг россияпараст ҳокими Константин Ивашченко 27 сентябр куни Кремл ташкиллаштирган «референдум» чоғида сайлов участкасига ташриф буюрди. [AFP]

«Азовмаш» заводининг собиқ раҳбари ва Мариупол шаҳрининг россияпараст ҳокими Константин Ивашченко 27 сентябр куни Кремл ташкиллаштирган «референдум» чоғида сайлов участкасига ташриф буюрди. [AFP]

Сайлов комиссияси аъзолари Симферополдаги сайлов участкасида Кремл кўрсатмаси билан ўтган «референдумда» Россия етакчилигидаги Украина ҳудудларидан келган қочқинларнинг овозларини санамоқда. [AFP]

Сайлов комиссияси аъзолари Симферополдаги сайлов участкасида Кремл кўрсатмаси билан ўтган «референдумда» Россия етакчилигидаги Украина ҳудудларидан келган қочқинларнинг овозларини санамоқда. [AFP]

24 феврал куни ҳужумга учраган Украинанинг Россияга қарши курашдаги муваффақиятлари фонида Путин ҳудудларни ҳимоя қилиш учун ядровий қуролни қўллаш билан яширин таҳдид қилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) хавфсизлик кенгаши жума куни референдумни қоралаш бўйича резолюцияга овоз беришни режалаштирган эди.

Москванинг вето кучи инобатга олинса, резолюция қабул қилинмайди, аммо у БМТ бош ассамблеясига топширилиши мумкин.

AFP ихтиёрига келиб тушган матнда «Россия Федерацияси Украинанинг Россия томонидан босиб олинган Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларида ноқонуний референдум ташкиллаштиргани қораланган» бўлиб, унинг «қонуний кучга эга эмаслиги» ва «ҳудудларнинг мақомини ўзгартириш, жумладан ҳар қандай аннексия учун асос бўла олмаслиги» таъкидланган.

Ҳужжат аъзо давлатларни бу ҳудудларнинг Россия томонидан аннексия қилинишини тан олмасликка чақиради ва Москвадан «зудлик билан, бутунлай ва ҳеч қандай шартларсиз Украина ҳудудидан барча ҳарбий кучларини олиб чиқиб кетишни» талаб қилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Россиянинг Украинанинг босиб олинган қисмларини аннексия қилишини қоралаб, «замонавий дунёда бунга ўрин йўқ» деб атади.

«Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларининг аннексия қилиш қарори ҳуқуқий қийматга эга эмас ва қораланиши керак», дейилади баёнотда.

«Бу ҳақда аниқ айтишим керак. Қўшма Штатлар ҳеч қачон Россиянинг Украинанинг суверен ҳудудларига нисбатан даъволарини тан олмайди», деб айтган Жо Байден Вашингтонда Тинч Океани давлатлари етакчилари билан учрашуви чоғида.

«Бу «референдум» мутлақо сохта. Натижаларнинг бари Москвадагилар томонидан ўйлаб топилган», деди у.

«Украиналикларнинг асл ниятини уларнинг ўз халқи ва юртининг мустақиллигини сақлаб қолиш йўлида қон тўкаётганидан кўриш мумкин», деб айтган Байден.

Халқаро қонунларни бузиш

Россия ҳукумати референдум ва аннексияни қонуний қилиб кўрсатишга у қадар ҳаракат қилгани йўқ, дейди кузатувчилар.

Босқинчи ҳукумат даъвосига кўра, Луганск вилоятида 1,6 миллион одам – сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 94 фоизи овоз берган.

Бу рақам 2012 йилда Украина парламенти сайловлари пайтида тўпланган маълумотларга мос келади, деб ёзди Луганск вилояти губернатори Сергей Гайдай чоршанба куни ўз Телеграм-каналида.

Бошқача айтганда, Кремл қўлловидаги мансабдор шахслар 2014 йилда Россия бу вилоятни эгаллаб олганидан бери Луганскдан юз минглаб аҳоли чиқиб кетганини инобатга олмай, эски рақамларни тақдим этган.

«Бу кўп кунлик «беихтиёрий амалиётдан» деярли ҳеч ким ҳайрон бўлгани йўқ. Минглаб одамлар ғазабда, аммо жуда камчилик ажабланган бўлса керак», деб ёзади Гайдай.

«Исталган рақамларни ёзиб, бўш ёки нотўғри тўлдирилган бюллетенларни «тўғри» санаб чиқиш мумкин. Уларни бюллетен деб ҳам бўлмайди», деб қўшимча қилди у.

Тарас Шевченко номидаги Миллий университети сиёсатшуноси, киевлик Валерий Гончарукнинг айтишича, «бу референдумларни ҳуқуқий нуқтаи назардан таҳлил қилиб бўлмайди – улар маънисиз.»

Киевлик сиёсий таҳлилчи, Украина ижтимоий тараққиёт марказининг сиёсий ва ҳуқуқий дастурлари раҳбари Игор Рейтерович аннексияни 1938 йилда фашистлар Германиясининг аншлюсига (Австрияни қўшиб олишига) қиёслади.

«Путин халқаро ҳуқуқни поймол қилишда Гитлернинг аҳмоқлигини ҳам ортда қолдирди. Бу иш шунчалик бемаъники, референдум ғоясини мазах қилишдек гап», деди Рейтерович.

Натижаларни фақат Россия жамияти қабул қилиши мумкин, чунки «рақамлар шунчаки кулгили», деди у.

«Референдум қурол ўқталган ҳолда ўтказилганини ҳам эсдан чиқармаслик керак: россиялик аскарлар ҳамма нарсани, айниқса одамлар ўша сохта бюллетенларда нимани белгилаганини кўриб, кузатиб туришган.»

«Ишончим комилки, кўпчилик [сайловчилар] қўрқиб бюллетенларга тасдиқ белгисини қўйишган. Сайловда иштирок этиш кўрсаткичи кўпи билан 10% бўлганига шубҳам йўқ. Албатта, бу Кремлнинг қўғирчоқ ҳукуматлари эълон қилган рақам эмас», деб қўшимча қилди у.

Бурчакка тақалган

Аннексия жанговар ҳаракатларга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди ва Украинанинг ўз ҳудудларини озод қилиш йўлидаги интилишларига тўсиқ бўлмайди, деди Рейтерович.

«Албатта, руслар бу ҳудудларда ўз таъсирини кучайтирмоқчи ва ядро қуролини қўллаш билан таҳдид қилиб, ҳаммани қўрқитишга ҳаракат қилади, лекин улар ҳеч нарсани ўзгартира олмайдилар», деди у.

«Украина бу дўқ-пўписаларга аҳамият бермайди ва ўз ерлари учун курашни давом эттиради. Айни пайтда Ғарбнинг қўллаб-қувватлови фақат кучаяди.»

Путиннинг янги аннексияси натижасида ҳатто яқин вақтгача Кремл билан музокаралар олиб бориш мумкин, деб ҳисоблаган давлатлар ҳам Россия раҳбаридан юз ўгирди, дейди Рейтерович.

«Бу ҳаракат бир томондан Украинанинг иттифоқчиси бўлган, лекин барибир Россия билан ҳамкорлик қилишига ишонган ва Россияни мулоҳазали деб ҳисоблаганлар учун шапалоқ бўлди».

«Энди улар Россиянинг соғлом фикрдан йироқ эканини тушуниб етишди», деди Рейтерович.

Аннексия Кремлга мойил бўлмаган Украина фуқароларига нисбатан янада радикал сиёсат олиб бориш имконини бериши мумкин – аннексия қилинган ҳудудлардан украиналикларни ҳарбий хизматга чақириш шулар жумласидандир, дейди таҳлилчилар.

Мисол учун, ҳуқуқбон ташкилотлар маълумотларига кўра, Қримдаги чақирув қоғозларининг 90 фоизи яриморол аҳолисининг қарийб 15 фоизини ташкил этувчи қрим татарларига юборилган.

Татарлар асосан мусулмонлар ва нославянлардан иборат.

«Биз Қримдаги манбаларимизга таяниб вазиятни таҳлил қилиб, кузатдик ва... номутаносиб даражада кўп сонли қрим-татарлар ҳарбий хизматга чақирилаётганини аниқладик», дейди CrimeaSOS таҳлилчиси, киевлик Евгений Ярошенко.

«Рақамлар жуда хавотирли. Сафарбарлик – қатлоимга олиб борувчи йўл эканини кўпчилик айтмоқда», деди Ярошенко.

«Россия тарихан қрим татарларига садоқатсиз гуруҳ каби муносабатда бўлган ва доим уларни Қримдан сиқиб чиқарадиган шароитларни юзага келтиришга уринган».

«Россия ҳар доим рус бўлмаган халқларни ҳарбий ҳаракатларга жалб қилиб келган. Бошқирдистон, Доғистон ва Бурятиядан [аксар аҳолиси славян бўлмаган Россия ҳудудларидан] қанча одам сафарбар этилганини кўрса бўлади», деди у.

«Москва ва Санкт-Петербургдан қанча одам сафарбар қилинди? Рақамларнинг ўзи айтиб турибди. [Урушга жалб қилиш билан] рус бўлмаган халқларни йўқ қилишмоқда», деди Ярошенко.

Украина фуқароларини ўз юртига қарши жанг қилиш учун фронтга тортиш сиёсати янги қўшиб олинган ҳудудларда ҳам кенг қўлланиши аниқ, дейди у.

«Ишғол қилинган ҳудудлар аҳолисини мажбурий ҳарбий хизматга чақириш оғир ҳарбий жиноятдир», деди Ярошенко.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500