Карвонсарой
Жамият

Россия бошчилигидаги КХШТ турли низолар туфайли инқироз ёқасига келиб қолди

Канат Алтинбаев

Арманистонга юборилган КХШТ маслаҳатчилари, 17 сентябр куни олинган сурат. [КХШТ]

Арманистонга юборилган КХШТ маслаҳатчилари, 17 сентябр куни олинган сурат. [КХШТ]

ОЛМАОТА – Москва Украинадаги урушини давом эттираётган, КХШТга аъзо давлатлар эса бир-бирига ва қўшни давлатларга қарши қурол кўтарган бир пайтда Россия етакчилигидаги бу ташкилот сўнгги кунларини яшамоқда, дейди таҳлилчилар.

КХШТга олти собиқ Совет республикаси аъзо: Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон.

Мазкур блок СССР парчаланиши билан 1990-йиллар бошида, гўёки ташқи тажовуз, жумладан, террорчилик ҳужумларидан жамоавий мудофаа мақсадида тузилган эди.

30 йил давомида, ҳатто аралашув учун унинг шартларига мос бўлган инқирозлар юзага келганида ҳам КХШТ ўз миссиясини бажара олмади.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларус президенти Александр Лукашенко, Россия президенти Владимир Путин, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммити олдидан залга киришмоқда, 16 май, Москва. [Александр Неменов/AFP]

Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларус президенти Александр Лукашенко, Россия президенти Владимир Путин, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммити олдидан залга киришмоқда, 16 май, Москва. [Александр Неменов/AFP]

Яқиндагина, сентябр ойи ўрталарида КХШТга аъзо Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида юзага келган тўқнашувларда расмий манбаларга кўра, камида 100 киши, жумладан тинч аҳоли ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ одам яраланган.

КХШТнинг аралашувдан бош тортгани Қирғизистонда ҳам, Тожикистонда ҳам блокка нисбатан кескин танқидларни келтириб чиқарди.

«КХШТ ўзининг сўнгги кунларини яшамоқда. Унинг беш аъзосидан тўрттаси урушда, иккитаси бир-бири билан», деб ёзган 16 сентябр куни бишкеклик иқтисодчи Азамат Акенеев Твиттерда.

«Бу коллектив хавф ташкилоти», деб ҳазиллашган у русча сўз бирикмасини ишлатиб.

Акенеев феврал ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши, сентябрь ойида Арманистон ва Озарбайжон чегарасидаги қонли жанглар ва Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги можарони назарда тутган.

КХШТ фақат бир марта, кўча намойишларини бостириш учун шу йилнинг январ ойида Қозоғистонга қўшин киритган, ўшанда ташқи кузатувчилар аниқлай олмаган хорижий «террорчилар» ҳақида гапирган эди.

Тошкентлик сиёсатшунос Анвар Назиров ўшанда Карвонсаройга берган интервьюсида «КХШТ қўшинларини киритишга ҳожат йўқ эди», деб айтган. «Бу ички можародир.»

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ўз низомида кўрсатилганидек ҳал қилиши керак бўлган низоларни аввал ҳам кўп марта эътиборсиз қолдирган.

Қирғизистонга нисбатан бефарқлик

2022 йил сентябрда Тожикистон билан чегарадаги жангларга қадар Қирғизистон уч марта шу каби инқирозларни бошдан кечирган, бу давр ичида КХШТ ҳеч нарса қилмаган.

2021 йил 28 апрелдан 1 майгача Тожикистон билан чегарада яна бир қонли можаро юз берди, бироқ КХШТ фалаж ҳолатда эди.

«КХШТ бош котиби Станислав Зас томонларни тинчликка чақирди, бироқ унинг бу масалада ёрдам бера олмаслиги аниқ эди», деб таъкидланади Тинчлик учун Карнеги жамғармасининг (CEIP) 2021 йил июл ойидаги таҳлилида. «КХШТ низомида унга аъзо икки давлат ўртасида уруш эҳтимоли истисно қилинган».

Аввалроқ, 2010 йилда Қирғизистон жанубда қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида қонли можаро юз берганида ҳам КХШТдан ёрдам сўраган эди.

Қирғизистон ҳукумати КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилганида, блок бу можаро «ички ишлар» эканини айтган.

1999 йилнинг августида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг (ЎИҲ) юзлаб жангарилари Ўзбекистонга тўсиқсиз ўтиш талабида Тожикистон ва Афғонистондан Қирғизистон жанубига бостириб кирган эди.

Қирғизистон қўшинлари икки ой давомида шиддатли жанглар олиб бориб, Боткен вилоятидан жангариларни сиқиб чиқарди. Россия ва КХШТ ҳеч қандай ёрдам кўрсатмади, чунки Кремл ўша пайтда иккинчи чечен уруши билан банд эди.

2021 йилда КХШТнинг Қирғизистон муаммоларига бефарқлигидан хафсаласи пир бўлган қирғиз депутатлари ҳукуматни иттифоқдан чиқишга чақирдилар, чунки у ўз мажбуриятларини бажармаётган эди.

Арманистон-Озарбайжон можароси

Россия ва КХШТни ўзидан каттароқ ва кучлироқ қўшниси Озарбайжонга қарши куч деб биладиган Арманистон ҳам КХШТда хоинлик белгиларини кўрди.

Жорий йилда ҳам, 2021 ва 2020 йилларда ҳам бу умидлар чиппакка чиқди.

13-14 сентябрь кунлари кўп йиллик ҳудудий можарога эга икки давлат чегарасида жанглар бошланган.

КХШТга аъзо Арманистон иттифоқдан ҳарбий ёрдам сўраган, у эса фақат маслаҳатчилар гуруҳини юборган.

Улар «зўравонликни юмшатиш» бўйича айрим тавсиялар бериш билан чекланиб, қисқа вақт ичида Москвага қайтиб кетишган.

Ереван бунга ғазабнок ва аччиқ муносабат билдирган.

«Бизнинг умидларимиз оқланмади. Халқ билан доимий алоқада бўлганимиз ҳолда, уларга КХШТ нега белгиланган чораларни кўрмаётганини тушунтиришимиз қийин бўлади», деди Арманистон миллий ассамблеяси президенти Ален Симонян 16 сентябр куни Жамоатчилик телеканалига берган интервьюсида.

«Табиийки, биз хулоса қилганмиз, қиляпмиз ва қилишда давом этамиз», деб қўшимча қилди у.

Арманистоннинг оддий фуқаролари ҳам худди шу каби мамлакатни КХШТдан узоқлашишга, Ғарб билан ҳамкорликни кучайтиришга чақирганлар.

«Агар Арманистон ҳозир Қўшма Штатлар, Франция ва Европа Иттифоқининг ривожланган тизимига қўшилиш томон қадам қўймас экан, Путин, Эрдўған ва Алиев Арманистонни ютиб юборади», деб ёзган Хелсинки фуқаролар ассамблеясининг Ванадзор идораси раҳбари Артур Сакунц 13 сентябр куни ўзининг Facebook саҳифасида Россия, Туркия ва Озарбайжон раҳбарларини назарда тутиб.

2021 ва 2020-йилларда Озарбайжон билан тўқнашувларда Арманистоннинг КХШТ борасида умидлари амалга ошмади.

Янги ҳамкорларни излаш

Россия ва КХШТ Қирғизистоннинг ҳам жонига теккан бўлиши мумкин.

Қирғизистоннинг Туркиядаги элчиси Кубаничбек Омуралиев 19 сентябр куни Анқарада Туркия мудофаа саноати агентлиги президенти Исмоил Демир билан учрашди.

Томонлар мудофаа соҳасида, жумладан Қирғизистонда қирғиз-турк мудофаа пудратчисини яратиш режаларини муҳокама қилганлар.

Қирғизистон келажакда КХШТнинг дастагига умид қилиши даргумон, шу сабабли мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш учун ўз мудофаасини кучайтириши, жумладан блокдан ташқари давлатлар билан ҳарбий ҳамкорлик қилиши керак, деб айтган Қирғизистон адлия вазирлиги расмийси Ислом Байгараев.

«КХШТнинг хавфсизлик кафолатлари қуруқ гапдан бошқаси эмас эканлигига бир неча бор амин бўлдик», деб айтган у.

«Қирғизистон КХШТ аъзоси бўлса-да, неча сафардан бери ташқи тажовуз вақтида ўзини-ўзи ҳимоя қилишга мажбур бўлмоқда.»

КХШТ ҳаракатсизлигининг асосий сабаби Россиянинг манфаатларидир, дейди Қирғизистоннинг давлат сиёсати таҳлили маркази раҳбари, бишкеклик Алмаз Тажибай.

«Россия Марказий Осиё давлатларининг ривожланишини ва унинг таъсиридан чиқиб кетишини хоҳламайди. Унга назорат қилинадиган минтақа керак» деб айтган у.

Собиқ совет республикаларида Россиядан норозилик ва умидсизлик кучаймоқда, дейди хорижлик таҳлилчилар.

КХШТга аъзо давлатлар ташкилот наркотрафик ва ноқонуний миграция каби муаммоларга барҳам бера олмагани, улар фақат ёмонлашганидан норози, деб айтган Эстониянинг Таллин шаҳрилик ҳуқуқшунос Евхен Цибуленко Мудофаа ва хавфсизлик бўйича халқаро маркази нашрининг сентябр ойидаги мақоласида.

КХШТ фақат аъзо давлатлардаги Россиянинг ҳарбий базаларини сақлаб қолиш билан шуғулланади, деб айтган у.

«Россия бошчилигидаги ташкилотлар замонамизнинг асосий тенденциясини – Россиянинг постсовет ҳудудидаги таъсирининг камайишини бутунлай ўзгартира олмади», деб ёзади Цибуленко.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Тайга иттифоқи ҳам ўлиб бормоқда.

Жавоб бериш