Карвонсарой
Энергия

АҚШ ва Қозоғистон Каспий денгизи орқали нефт экспорт қилиш имкониятларини ўрганмоқда

Ксения Бондал

Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) нефт қувури, санасиз архив фотосурати. [Strategy2050.kz]

Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) нефт қувури, санасиз архив фотосурати. [Strategy2050.kz]

ОЛМАОТА – Таҳлилчиларга кўра, Қўшма Штатлар ва Қозоғистон Россияни четлаб ўтган ҳолда жаҳон бозорига қозоқ нефти экспортини кенгайтириш йўлларини изламоқда – бу Остонанинг Москвага қарамлигини камайтиришга имкон беради.

Томонлар нефтни Каспий денгизи орқали Озарбайжон ва Грузияга, у ердан эса узоқроққа жўнатиш имкониятини ўрганмоқда, деди АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу 14 сентябр куни.

Бу ҳақда у АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Ташқи ишлар қўмитасида қилган чиқиши чоғида сўзлаган.

«Ақл юритиб пул ишлаш учун Каспий орқали ташиган маъқул. Биз бу муҳокамада фаол иштирок этяпмиз», деди Лу.

Каспий қувурлари консорциуми (CПC) нефт қувурида иш олиб борилмоқда, санаси номаълум архив фотосурати. [Cpc.ru]

Каспий қувурлари консорциуми (CПC) нефт қувурида иш олиб борилмоқда, санаси номаълум архив фотосурати. [Cpc.ru]

Қозоғистоннинг Манғистов вилоятидаги энг йирик уч кондан бири бўлган Қоражонбос нефт конида ишлаётган бурғилаш миноралари, санаси номаълум архив фотосурати. [«Самрук-Қазына» миллий холдинги]

Қозоғистоннинг Манғистов вилоятидаги энг йирик уч кондан бири бўлган Қоражонбос нефт конида ишлаётган бурғилаш миноралари, санаси номаълум архив фотосурати. [«Самрук-Қазына» миллий холдинги]

«Бу муҳокамада ExxonMobil, Chevron ва Американинг бошқа энергетика компаниялари жуда фаол қатнашмоқда», деб қўшимча қилди у.

Лунинг сўзларига кўра, муаммо Каспий бўйлаб қувурларнинг йўқлигидадир.

«Шу тариқа, қисқа муддатли истиқболда Қозоғистон мисолида, нефт ташийдиган баржалар ва танкерлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Каспий денгизидаги кемалар сони чекланган», деди у. «Уларни бир зумда яратиш имконсиз. Улар Каспий денгизида барпо этилиши керак.»

«Демак, ҳозирда муҳокама қилинаётган асосий масала – қаерда [Каспий бўйлаб нефтни ташиш] қувватлари бор, бу кемалар кимга тегишли, уларни қанчалик тез ишга солиш мумкин ва қозоқлар озарбайжонлар билан нефтни темирйўл вагонлари, автоцистерналарга ўтказиш ёки қувурлар орқали бозорларга етказиш бўйича қанчалик тез келишувга эриша оладилар?», деди Лу.

Бироқ, «сиёсий жиҳатдан муҳим савол шуки, бу давлатлар Россияни четлаб ўтувчи йўналишларда экспортга тўсқинлик қиладиган Москванинг босимига дош бера оладими?», деди Лу.

Мустақиллик учун шерик

Қозоғистон Россия таъсиридан чиқиб кетганидан кейин қаерга ва қанча нефт етказиб беришини белгилашда АҚШнинг ёрдамига муҳтож, дейди олмаоталик иқтисодчи Марат Каирленов.

«Каспий орқали нефт ташиш учун ё танкерлар ёки денгиз тубидан ўтувчи қувур керак», деди у. «Менинг фикримча, қувур кераклиги аниқ. Бизда металл бор.»

«Агар Қўшма Штатлар технологиялар тақдим этса ва ушбу лойиҳа учун инвесторларни топишга ёрдам берса, қувур ишлаб чиқарадиган заводни Қозоғистоннинг ўзида қуриш мумкин».

«АҚШ каби қудратли давлат биз тарафда бўлса, инвесторларнинг лойиҳага ишончи ортади», деди Каирленов.

Қувур барпо этилаётган вақтда эса Қозоғистон нефтини танкерлар орқали ташиб турса бўлади, дейди у.

«Ҳозир ҳеч қандай ҳолатни истисно қилиб бўлмайди, чунки дунё шиддат билан ўзгармоқда, хавфлар кутилмаган жойлардан келиб чиқмоқда», деди у Россияга қарши жорий қилинган халқаро санкциялар ва Европанинг Россия нефтини тақиқлаганини назарда тутиб.

«Шу сабабли биз ... Каспий орқали логистикани йўлга қўйишимиз керак», деди Каирленов.

Дастакларни узиш

Евроосиё бўйлаб нефт ташиш логистикаси ҳақида гап кетар экан, Қозоғистоннинг ўзи Россияга қарамликдан қутула олмайди, дейди олмаоталик молиявий таҳлилчи Арман Бейсембаев.

«Бизда тажриба йўқ, чунки бутун логистика тизимини, айниқса, нефт логистикасини қайта ташкил этиш – биринчи навбатда, бизнес-жараёнлар ва бутун инфратузилмани қайта қуриш демакдир».

«Бунга бизнинг қурбимиз етмайди... Бунинг устига Қозоғистон бошқа давлатлар билан экспорт келишувлари учун сиёсий вазнга эга эмас», деди Бейсембаев.

Қозоғистонни Россияга қарамликдан узиш учун Қўшма Штатлар «Қозоғистонга Москвадан айри янги иқтисодий тузилмани ривожлантиришга ёрдам бериши керак», деди у.

«Асосий экспортимиз нефт ва газ бўлгани учун бизга Россияни четлаб ўтадиган муқобил экспорт йўллари... зарур.»

Россия зарарли қўшни бўлгани учун, Қозоғистон президентининг идораси АҚШнинг ёрдами билан Кремлдан ажралиши кераклигини тушунади, деди Бейсембаев.

Кремл босим ўтказиш учун бор кучини ишга солишига Қозоғистон аллақачон амин бўлган.

«Бунга Қозоғистонда қазиб олинаётган нефтнинг 80 фоизи ўтадиган Каспий қувурлари консорциуми мисол бўла олади», деди у.

Қозоғистоннинг Атирау вилоятидаги Тенгиз нефт конидан Россиянинг Новороссийск шаҳрига ўтувчи КҚК қувури Қозоғистон нефтини Европага етказиб беришнинг асосий усули ҳисобланади.

Украинада уруш бошлаганидан бери Россия турли баҳоналар билан КҚК фаолиятини бир неча бор тўхтатиб қўйди: март ойида у юклаш иншоотларига жиддий шикаст етганини айтди, июлда аварияни тугатишга оид ҳужжатлари билан боғлиқ муаммолар борлигини, август ойида эса ускуналар текширувини баҳона қилди.

«Агар Қўшма Штатлар Қозоғистонга нефтни ташишда ёрдам берса, бу Россияни мамлакатимизга нисбатан муҳим таъсир кучидан маҳрум қилади», деди Бейсембаев.

«Россия Қозоғистонга ҳужум қилишга жисмонан қодир эмас», деб қўшимча қилди у. «У бутун армиясини Украинага дафн қилди ва яқин 15-20 йил ичида Қозоғистонга ҳужум қила олмайди».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Фақат нефт эмас, барча юклар Россияни четлаб ўтиши керак.

Жавоб бериш