Карвонсарой
Жамият

Россиядаги сафарбарликдан қочганларга Ўзбекистонда турлича муносабат билдирилмоқда

Рустам Темиров

Россия президенти Владимир Путин 21 сентябрда эълон қилган «қисман сафарбарлик» урушга қарши бўлган ёшларни хорижга, асосан постсовет давлатларга қочишга мажбур қилди. «Йўллар кесишмасидаги қочқин» суратида ҳарбий хизматдан қочган россиялик Қозоғистон, Ўзбекистон ва Грузиядан иборат танлов олдида тургани акс этган. [Карвонсарой]

Россия президенти Владимир Путин 21 сентябрда эълон қилган «қисман сафарбарлик» урушга қарши бўлган ёшларни хорижга, асосан постсовет давлатларга қочишга мажбур қилди. «Йўллар кесишмасидаги қочқин» суратида ҳарбий хизматдан қочган россиялик Қозоғистон, Ўзбекистон ва Грузиядан иборат танлов олдида тургани акс этган. [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Россиянинг Ленинград вилоятида яшаган 24 яшар Андрей шу вақтгача Россиядан ташқарига чиқмаган эди.

Аммо Россия президенти Владимир Путин 21 сентябр куни Украинадаги Москва кучларини қўллаб-қувватлаш мақсадида«қисман сафарбарлик» эълон қилиши ортидан Андрей йўлга чиққан.

Чипта нархлари кескин ошиб кетган бир пайтда у онасининг харковлик синфдоши яшайдиган Тошкентга чипта сотиб олди.

У фақат энг керакли нарсаларни: айрим кийимлари, ноутбуки ва ўзи севиб ўқийдиган Жорж Оруэллнинг «1984» асарини олиб кетган.

Финляндиянинг Виролахти шаҳридаги Ваалимаа чегара назорат пунктида паспорт текшируви учун навбатда турган 23 яшар россиялик Иван. Финляндия жануби-шарқидаги учта – Ваалимаа, Нуйямаа ва Иматра назорат пунктларида ҳарбий сафарбарликдан қочган ёшлар ҳисобига одатдагидан кўпроқ одам тўпланган. [Юсси Нукари/Lehtikuva/AFP]

Финляндиянинг Виролахти шаҳридаги Ваалимаа чегара назорат пунктида паспорт текшируви учун навбатда турган 23 яшар россиялик Иван. Финляндия жануби-шарқидаги учта – Ваалимаа, Нуйямаа ва Иматра назорат пунктларида ҳарбий сафарбарликдан қочган ёшлар ҳисобига одатдагидан кўпроқ одам тўпланган. [Юсси Нукари/Lehtikuva/AFP]

«Эътиборлиси, бу асар Россияда сўнгги йилларда энг кўп сотилган асарлардан бири», дейди фамилиясини ошкор қилишни истамаган Андрей Карвонсарой билан суҳбатда.

«Биз тез ва сезилмас тарзда инсон ҳуқуқлари унут бўлган мамлакатга айланиб қолганимиз ҳам ғалати.»

Москвадаги Домодедово аэропортида Андрейдан мамлакатни нима сабабдан ва қанча муддатга тарк этаётганини сўрашган.

Андрей дўстлариникига кетаётганини айтган.

У вақтда ҳали Россия чегараларида чақирув пунктлари ишга тушмаган эди.

У Тошкентга 28 сентябр куни етиб келган.

Андрейнинг сўзларига кўра, Россияни тарк этгунига қадар унинг танишлари даврасида сиёсат, Путин ёки уруш ҳақида унча кўп гапирилмас эди.

«Аммо 21 сентябрдан кейин одамлар эсанкираб қолишди», дейди Андрей. «Ҳамма ҳарбий хизматга боришдан, агар ундан бош тортса, қамоққа тушишидан қўрқар эди.»

«Шунингдек, бизга 28 сентябрдан кейин мамлакатдан чиқиб кета олмаслигимизни, чегарани кесиб ўтишга рухсат бермасликларини айтишган эди», дейди Андрей.

Унинг айтишича, у учган рейсда асосан эркаклар бўлган.

Қочиш

Андрей – Путин эълон қилган сафарбарликдан чет элга қочган чақирув ёшидаги ўн минглаб россиялик эркаклардан бири.

Бошқаларнинг эса унчалик омади келмаган.

1 сентябрдан бери 200 мингдан ортиқ киши Россия армиясига ҳарбий хизматга чақирилди, деди Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу сешанба (4 октябр) куни телевидениедаги чиқишида.

Кремл «қисман сафарбарликка» 300 минг кишини жалб қилиш кўзда тутилганини айтар экан, бу қарор ҳарбий жабҳадаги бир қанча муваффақиятсизликлар ортидан қабул қилинган.

Европага кириш сезиларли чеклангани сабаб, қочаётганлар учун асосан иккита вариант бор: Жанубий Кавказ – Грузия, Арманистон, сўнг Туркия ва Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Ўзбекистон ва камроқ даражада Қирғизистон ва Тожикистон.

Сешанба куни Қозоғистон ўтган икки ҳафта ичида мамлакат чегарасини 200 мингдан ортиқ россиялик кесиб ўтганини маълум қилган. Айримлар у ердан Россия билан чегарадош бўлмаган Ўзбекистонга ўтиши мумкин.

Айни пайтда, маҳаллий ОАВ ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 40 мингдан 60 минггача Россия фуқароси бор.

Россияликларнинг илк тўлқини – асосан масофадан туриб ишлай оладиган ахборот технологиялари (IT) мутахассислари Россия Украинага босқин бошлаган феврал ойи охиридаёқ Ўзбекистонга кўчиб ўтишни бошлаган эди.

Феврал ойи бошидан буён 6000 га яқин IT-мутахассислар Ўзбекистонга кўчиб ўтди, деб хабар берди Spot.uz сентябр ойида.

Россия фуқаролари Ўзбекистонда 90 кунгача визасиз қолишлари мумкин. Ўзбекистон ҳукумати ҳарбий хизматдан қочиб келган россияликларни депортация қилмаслигини айтган, деб хабар қилди Reuters октябр ойида.

Ижтимоий тармоқларда янги келганлар учун ўзбек тилида қандай қилиб ижара учун уй ва иш топиш, болаларни мактабгача таълим муассасалари, болалар боғчалари ёки мактабларга бериш, пул ечиш ёки алиштириш, банк карталарини олиш каби саволлар бўйича маслаҳатлар берувчи саҳифалар пайдо бўлди.

Турлича фикрлар

Бироқ, жамоатчиликнинг янги келганлар ҳақидаги фикрлари турлича.

Тошкентлик 67 яшар Нуриддин Иброҳимов россияликларнинг қочаётганидан ғазабда ва нима учун улар Путин ва унинг атрофидагиларга қарши чиқмаётганидан ҳайратда эканини айтади.

«Қўрқаманки, улар Путин ҳукуматидан эмас, балки ҳарбий хизматдан қочиб келишмоқда.»

«Ахир, қачонлардир Украинада ҳам президент [Виктор] Януковични кетишга мажбур қилишган эди», дейди у 2014 йили россияпараст президентнинг ҳукуматдан ағдарилганини назарда тутиб.

«Беларусда ҳам [2020 йилда] сайлов натижалари сохталаштирилганидан кейин одамлар кўчаларга чиқишди. Бу иш бермаган бўлса ҳам, улар [президент Александр] Лукашенкога дадил норозилик билдирдилар», деб қўшимча қилди у.

Ҳарбий хизматдан бўйин товлаган россияликлар учун тезроқ чегараларни ёпиш керак, дейди 32 яшар қаршилик Камол Худойназаров.

«Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларини турли [ҳақоратомуз] номлар билан деб атайдиган бу халқ вакиллари ўз жонини сақлаб қолиш учун энди Ўзбекистонга югуриб келишяпти», деди у. «Энди биз уларни нима деб атайлик? Уларга қандай муносабатда бўлайлик?»

«Шахсан мен чегаралар ёпилиши тарафдориман», дейди Худойназаров. «Ҳаммаси тугаганидан кейин Россияга қайтиб кетиб, ўзбеклар ва Ўзбекистон ҳақида ҳар хил бўлмағур гапларни ёзишади. Шундай бўлишига шубҳам йўқ.»

«Россияда ўзбек мигрантлари доим хўрланган ва ҳали ҳам шундай», дейди Rost24.uz сайти бош муҳаррири Анора Содиқова.

«Одамларимиз бағрикенг, аммо менинг россияликларга нисбатан муносабатим ўзгармайди», деб айтган у.

«Менимча ксенофоб руслар қатлами мавжуд. Аммо, улар юртимизга келишса, бизнинг маданиятимиз, одатларимиз ва қадриятларимизни ҳурмат қилишларини истардим», деб айтган у. «Энди уларда Россияда меҳнат қилаётганларнинг ватани билан танишиш имконияти бор.»

«Қайтар дунё»

Ўзбеклар тушуниши керак: Кремл бу ҳали Россия дегани эмас, дейди тошкентлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

«Россиянинг ўзи эса ҳукумат сиёсатига рози бўлмайдиган жамиятдир», деди у.

Аммо, Путин даврида омма зеҳнияти шовинизм ва миллатчиликка ботиб кетди, энди мутаассибларни бундай фикрдан қайтариш жуда қийин бўлади, деб таъкидлаган у.

Ўзбек халқи унча бой бўлмаса ҳам, россияликлар уларни меҳмондўстлик, очиқ кўнгиллик билан ва ёрдамга тайёр бўлиб кутиб олишаётганини айтмоқда, деб ёзган тошкентлик сиёсий иқтисодчи Баҳром Ражабов 28 сентябр куни Facebook ижтимоий тармоғида.

«Россиядаги ўзбекларга бўлган муносабатга қарамай шундай бўляпти. Эҳ, менинг содда, очиқ кўнгил халқим», деб ёзади у.

«Ўзбекларда «қайтар дунё» деган гап бор, бу «ҳаммаси ўз ўрнига қайтади» деган маънони англатади.»

«Бошқаларга нисбатан буюм ёки ҳайвондек эмас, балки одамдек муомала қилиш кераклигини тушуниш учун балки шундай бўлиши ҳам керакдир.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Улар ҳақида қаерга хабар берсам бўлади? Армиядан қочиб юрган иккитасини биламан.

Жавоб бериш

Дезертирлар, хизматдан бўйин товлаганлар, қочганлар – ватан хоинларидир. Улар Ватанни ҳимоя қилишлари керак эди.

Жавоб бериш

Улардан Қозоғистондаги каби «Қрим кимники?» деб сўраш керак. Агар Россия деб жавоб беришса, уларни бу ердан ҳайдаш керак. Бизга СССР деса оғзидан сўлаги оқадиганлар билан бирга орқамизга пичоқ уришга тайёр бўлган ўзимизнинг «тракторчи ва кончиларимиз» етиб ортади. Эртага улар бирданига референдум ўтказиб, ТНР (Тошкент Халқ Республикаси) эълон қилишни хоҳлаб қолиши мумкин. Украиналикларга шон-шарафлар бўлсин! Улар бизнинг озодлигимиз учун ҳам курашмоқдалар. Рашистлар ғалаба қозонса эртага Қозоғистон ва Ўзбекистонга бостириб кириши ҳеч гапмас. Аммо Украина урушда албатта ғалаба қозонади. Улар ўз мустақиллиги учун курашмоқда. СССР АК47 билан қуролланган афғон мужоҳидларига мағлуб бўлган бўлса, Россия замонавий Ғарб қуроллари ва НАТО кўмагига эга мунтазам армияси бўлган йирик Европа давлатига албатта мағлуб бўлади. Бу ерда Россия учун ҳеч қандай имконияти йўқ. Умид қиламанки, Путиннинг Марказий Осиёдаги қўғирчоқлари пакана билан ўпишиб, икки тийинга қиммат бу одамни медаллар билан тақдирлаш ўрнига ўзлари учун хулоса чиқаришади. Украина ғалабасидан кейин дунё аввалгидек бўлмайди.

Жавоб бериш

Нималар деб валдираяпсан, бандерачи

Жавоб бериш

«Россия ватанпарвари» пайдо бўлиб қолибдими? Фронтдан ёзяпсанми? Ёки Тошкентдаги меҳмонхона диваниданми?

Жавоб бериш