Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Украиналик ҳарбий асирлар ва расмийлар россиялик босқинчиларнинг шафқатсиз муносабатидан шикоят қилмоқдалар

Алексей Костенко

Украина денгиз пиёда аскарларининг 36-бригадаси сержанти Михаил Дианов асирлик вақтида 25 килограммга озган. [Михаилнинг синглиси Анастасия Дианованинг Facebook саҳифаси]

Украина денгиз пиёда аскарларининг 36-бригадаси сержанти Михаил Дианов асирлик вақтида 25 килограммга озган. [Михаилнинг синглиси Анастасия Дианованинг Facebook саҳифаси]

КИЕВ – Украина денгиз пиёда аскарларининг 36-бригадаси сержанти Михаил Диановдан Россияасирлигида унга қандай муносабатда бўлингани ҳақида сўрашганида, у энг аввало озиқ-овқат етишмовчилигини тилга олди.

«Улар бизни «омухта ем» билан боқишди. Қандайдир ингредиентлар қайнатилиб, кулранг аралашма ҳолига келтирилган», дейди Дианов Карвонсарой билан суҳбатда.

Дианов – Украина қаршилигининг рамзига айланган Мариуполдаги «Азовсталь» пўлат заводининг мудофаасига раҳбарлик қилган жангчилардан.

Россия кучлари май ойида Диановни асирга олиб, уни ва Азовсталнинг бошқа ҳимоячиларини Донецк вилоятининг босиб олинган Эленовка қишлоғида жойлашган қамоқхонада ушлаб туришган.

Мариуполдаги «Азовсталь» пўлат қуйиш заводи учун жангларда қатнашиб, асирликка тушган украиналикларнинг қариндошлари 1 октябр куни Киев марказида Россия билан уларни озод қилишни тезлаштиришни талаб қилиб, намойиш ўтказганлар. [Димитар Дилкофф/AFP]

Мариуполдаги «Азовсталь» пўлат қуйиш заводи учун жангларда қатнашиб, асирликка тушган украиналикларнинг қариндошлари 1 октябр куни Киев марказида Россия билан уларни озод қилишни тезлаштиришни талаб қилиб, намойиш ўтказганлар. [Димитар Дилкофф/AFP]

Тўрт ой ўтиб, 21 сентябр куни Украина ва Россия ўртасида маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтган – 215 нафар украиналик аскар, жумладан Дианов асирликдан озод қилинган.

«Уларнинг кўпчилиги шафқатсизларча қийноққа солинган», деди Украина ҳарбий разведкаси бошлиғи Кирило Буданов асирлар озод қилинган куннинг эртасига ўтказилган матбуот анжуманида тафсилотларни ошкор қилмай.

Будановнинг айтишича, асирликка тушганлардан айримларининг жисмоний ҳолати бирмунча яхшироқ, фақат улар қамоқда сақлаш шароитларининг ёмонлиги туфайли яхши овқатланишмаган.

«Россияга асирликка тушишдан олдин вазним 85 кг эди. Бу менинг бўйимга мос эди. Асирликда 25 кг йўқотдим», дейди Дианов.

«Россия асирлиги билан солиштирганда, биз учун Азовсталдаги ҳаёт яхшироқ эди. Ҳа, улар бизни бомбардимон қилишарди. Бизни танклар билан ўққа тутишарди. Лекин у ерда ҳеч бўлмаганда озиқ-овқат топиш мумкин эди. Асирликда ҳатто оддий туз ҳам ҳашамат эди», дейди у.

Диановнинг асирга тушишидан олдинги ва асирликдан кейинги ҳолати таққосланган сурат у озод қилинган куннинг эртасига интернетда тарқалиб кетган.

«Алмашинув доирасида озод қилинган украиналиклар ва қайтарилган россияликларнинг ташқи кўриниши ва ҳол-аҳволи бир-биридан қанчалик фарқ қилиши яққол кўриниб турибди», дейди Украина мудофаа вазирлигининг разведка бошқармаси матбуот котиби Андрей Юсов.

«Кўриниши жуда яхши, қорни тўқ кўринган россияликлардан бири кейинроқ украиналиклар унга овқат беришмаганини айтганди. Бу кулгили ҳолат эди», дейди Юсов.

«Россия асирлигида озиқ-овқат билан боғлиқ муаммолар якка ҳолатлар эмас, балки тизимли ҳодисадир», деди у.

Украина мудофаа вазирлигининг 2 октябр ҳолатига кўра хабар беришича, 24 феврал куни босқин бошланганидан бери Украина ва Россия ўртасида 24 марта асирлар алмашинуви бўлиб ўтган, 808 украиналик Россия асирлигидан озод қилинган.

Даҳшатли шароитлар

Ҳарбий асирларни сақлаш талабларининг мониторинг қилинмаслиги Россия асирлигидаги даҳшатли шароитларнинг сабабларидан бири, дейди Дианов.

Учинчи Женева конвенциясига кўра, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси (ХҚХҚ) ҳарбий асирлар қандай шароитларда сақланаётганини, уларга тиббий ёрдам кўрсатиляптими ёки давлат уларга инсоний муносабатдами ёки йўқлигини кузатиб бориши шарт.

Россия ХҚХҚнинг Еленовкада сақланаётган маҳбус олдига киришига рухсат бермаган.

«Бунга ҳар ой назоратчилар алмаштириладиган ротация жараёнини ҳам қўшинг. Биринчи келганимизда қўриқчилар... яхшироқ эди», деди Дианов. «Бироқ, улар алмашиб боргани сайин шароитлар ёмонлаша борди.»

У украиналик ҳарбий асирларнинг қанчалик чидамли эканини синаб кўриш учун россиялик назоратчилар ҳар ой атайин алмаштирилганини ҳам истисно қилмаган.

«У ерда ярадорларга ёрдам кўрсатилмайди. Мени аввалроқ қамоққа тушган шифокорларимиз даволашди», деб эслайди россияликлар томонидан асирга олинганида ўнг қўлидан яраланган Дианов.

«Еленовкада ҳали ҳам жароҳати битмаганлар талайгина ва мен бундан жуда хавотирдаман. Улар буткул антисанитар шароитларда қолишган. Бу гангренага сабаб бўлиши мумкин.»

Россиянинг амалдаги ҳокимияти даврида ҳарбий асирларнинг ҳолатини яхшилаш ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас, дейди Ижтимоий эркинликлар маркази раҳбари, украиналик ҳуқуқбон Олександра Матвийчук.

«Бу қонунлар, давлат органлари, кучлар ва айрим ташкилотлари алоҳида бўлган давлат эмас. Бу ўз кучларини қўлида сақлаб қолиш учун Россиянинг империалистик мақсадлари янги ҳудудларни аннексия қилишига рози бўлиш кераклигига қарор қилган одамлар тарафидан бошқариладиган нефт-газ насосидир», деб айтган у.

Украинадаги россиялик асирлар

Россиядаги ҳамкабларидан фарқли ўлароқ, Украина кучлари россиялик асирларга инсоний муносабатда бўлишмоқда, дейди Матвийчук.

Россиялик ҳарбий асирлар қамоқхона маҳбусларидан алоҳида лагерда сақланмоқда, деб айтган у.

«Хавфсизлик нуқтаи назаридан ва Россиянинг провокациясига йўл қўймаслик учун асирлар сақланадиган лагер жойлашуви очиқланмаган. Муҳими, Украина ҳукумати лагер битта ташкилот биноси ва ҳудудида жойлашганини айтмоқда. У ерда бирорта ҳам маҳбус йўқ, ҳаммаси ҳарбий асирлар», деб айтган Матвийчук.

ХҚХҚ вакиллари Украинадаги россиялик ҳарбий асирлар билан мулоқот қилиш имкониятига эга, деб қўшимча қилган у.

«Бу ерда уруш асирларига озиқ-овқат берилади, улар яқинлари билан алоқага чиқиши мумкин, тиббий кўрикдан ўтади», дейди разведка бўлими вакили Юсов.

Россия ва Украинадаги ҳарбий асирларига муносабат икки мамлакат ўртасидаги жарликка мисол бўла олади, деб қўшимча қилган у.

«Халқаро қонунларга бўйсунадиган демократик, маданиятли мамлакатдаги ҳаёт ҳатто Россия Федерацияси армиясида хизмат қилган россиялик аскарлар ва умуман россияликларда йўқ кафолатдир», дейди Юсов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Украина ҳукумати Азовдаги аскарларни асирликдан озод этиб, катта иш қилди. Руслар улардан нафратланиб, уларнинг қонини истаганди. Аммо мақсадига етолмади.

Жавоб бериш