НУАКШОТ, Мавритания – Кремл сафдоши Евгений Пригожиннинг яқинда «Вагнер» ёлланма гуруҳига асос солганини тан олиши Россиянинг Ғарбий Африка ва ундан ташқарида таъсирга эга бўлиш учун Мали можаросига аралашганини тасдиқлайди, дейди таҳлилчилар.
Пригожин Вагнер гуруҳига 2014 йили Украинада асос солган бўлса-да, ўтган ҳафтага қадар ёлланма аскарларга алоқадор эканлигини узоқ вақт инкор этиб келган.
«Мен ўзим эски қуролларни тозалаб, ўқ ўтказмайдиган нимчаларни тартибга келтирдим ва бу борада менга ёрдам бера оладиган мутахассисларни топдим», деб айтган Пригожин 26 сентябрь куни ўзининг Concord компанияси баёнотида.
«Бу йигитлар – Сурия ва бошқа араб мамлакатлари халқини, барча нарсадан маҳрум қилинган африкаликлар ва Лотин америкаликларни ҳимоя қилган қаҳрамонлар – ватанимизнинг суянчиғига айландилар», деди у ёлланма жангчиларни назарда тутиб.
Вагнер гуруҳи бутун Африка, жумладан Мали, Ливия, Чад, Марказий Африка Республикаси (МАР), Судан ва Мозамбикда, шунингдек, Сурия, Венесуэла ва Украинадаги уруш жиноятларида, ҳуқуқбузарликлар ва можароларга аралашувда айбланган.
Танқидчиларнинг фикрича, Вагнер Россия президенти Владимир Путиннинг «хуфиёна армияси» бўлиб, у ҳақиқатнамо инкор билан Кремл манфаатларини илгари суриб келган.
Уруш исканжасидаги нотинч минтақаларга ёлланма аскарларнинг юборилиши Россиянинг сиёсий ёки иқтисодий мақсадларига, ёхуд икковига ҳам эришиш йўлида можароларни кучайтириш истагини акс эттиради, дейди Соҳил минтақасидаги инқирозлар бўйича мутахассис Муҳаммад ал-Амин ал-Даҳ.
Бу айниқса, «Россия Африка дарвозаси орқали ўзини қудратли давлатга айлантиришга интилаётгани билан» янада аҳамиятли, деди у.
«Россиянинг Соҳил минтақаси, хусусан, Мали давлатининг географик жойлашувидан фойдаланиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари минтақадаги қолган давлатлар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатишга уриниш, холос», деди у.
Шу йўл билан Россия «ўзига нисбатан жорий қилинган халқаро санкцияларни четлаб ўтишга... ва ўз қуролларини сотиш учун ривожланаётган бозорларга киришга» ҳаракат қилмоқда.
«Шундай экан, Москва энг беқарор давлатга, яъни Малига кириб бориш учун Вагнер гуруҳи унсурларидан фойдаланиши табиий».
Россия таъсирини ёйиш
Вагнер гуруҳи ёлланма аскарлари гўёки маҳаллий кучларни тайёргарликдан ўтказиш, сиёсий беқарорлик давом этаётган ва таҳдидлар ортиб бораётган бир шароитда юқори мартабали амалдорларга хавфсизлик хизматларини кўрсатиш баҳонасида Малига илк марта ўтган декабр ойида юборилган.
Ўзининг феврал ойидаги ҳисоботида АҚШнинг Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) Вагнер шунингдек, «бу қитъада Россиянинг таъсирини ёйиш ва молиявий манфаатларни қўлга киритиш учун вазиятдан фойдаланиши» ҳақида огоҳлантирган эди.
«МАРда жойлаштирилгани каби, Вагнернинг Малидаги фаолияти мамлакатнинг сиёсий раҳбариятига молиявий ва қазилма бойликларга оид имтиёзлар эвазига режимни тўнтаришдан ҳимоялаш имконини беради», дейилади ҳисоботда.
CSIS май ойида Вагнернинг Малига кириб келганидан бери тинч аҳолига қарши зўравонлик ҳодисалари сони ва жиддийлиги ошгани ҳақида хабар берар экан, «2022 йилнинг биринчи чорагида можарода тинч аҳоли ўлими 2021 йилдагидан кўпроқ бўлганини» таъкидлаган.
Унда айтилишича, март ойи охирида Мали кучлари ва Вагнер аъзолари «беш кунлик қамал вақтида Мали марказидаги Мура шаҳрида 300 дан ортиқ тинч аҳолини қирғин қилган».
Апрел ойида Human Rights Watch (HRW) ташкилоти бу ҳодисани «Малидаги ўн йиллик қуролли можаро давомида қайд этилган энг мудҳиш хунрезлик» деб таърифлаган.
Бугунги кунда Вагнер жангарилари мавжуд бўлган шимолий Малининг йирик шаҳарларида террорчи гуруҳлар хавфи ҳақидаги гап-сўзлар авж олмоқда, дейди Мали шимолида яшовчи араблардан бири Ал-Машариқ нашрига хавфсизлик важидан исмини ошкор қилмасликни сўраб.
Гао, Кидал ва Тимбукту шаҳарлари шулар жумласидандир, деди у.
Унинг сўзларига кўра, яқинда Россия ёлланма жангариларининг кичик бўлинмалари «Мавритания чегараси яқинидаги Мали қишлоқларида, яъни Лере ва Ларнаб қишлоқларида патрул назоратини олиб бораётган Мали армияси билан ҳамроҳликда ҳаракатланаётгани кузатилган».
Мавританиянинг Мбера лагерига янги келган кўплаб қочқинларнинг гувоҳлик беришича, хорижий тилда сўзлашувчи оқ танли аскарлар Мали армияси бўлинмалари билан тинч аҳолига мансуб чўпонларни йўқ қилиш операцияларида иштирок этган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги (UNHCR) маълумотларига кўра, зўравонликлар оқибатида Мбера лагерига кўчирилган тинч аҳоли сони ошган.
«Қотиллик ва таҳқирлаш»
Август ойида Малида тўққиз йиллик дислокациядан сўнг қўшни Нигерга кўчиб ўтган француз қўшинлари бу мамлакатдан чиқиш жараёнини якунлаган.
«Вагнер қўшинларининг фаоллиги ва уларнинг Мали замини аҳолисини йўқ қилишдаги иштироки ҳақидаги хабарларга келсак, айнан Франция Мали ҳукуматини Вагнер жангариларини жалб қилишда айблаб, бу ҳақда маълум қилган», дейди малилик журналист Муҳаммад Аг Аҳмаду.
Аҳмеду Соҳил минтақасида хавфсизлик ва барқарорлик масалалари бўйича мутахассис ҳисобланади.
Манбаларнинг хабар қилишича, Вагнер жангариларини Малининг аксарият шаҳарларида, жумладан, пойтахт Бамако ва Мали марказидаги Мопти, шунингдек, Жазоир билан чегарадош ва хавфсизлик вазияти энг беқарор бўлган шимоли-шарқдаги Азавад минтақасида кўришган.
Аммо Бамакодаги ҳокимият томонидан жорий этилган ОАВ тақиқи кўплаб манбаларга уларнинг шахсини ошкор қилишга тўсқинлик қилмоқда.
«Бамако ҳукуматининг Мали шимолидаги қуролли террорчи гуруҳларга қарши курашда армия имкониятларини кучайтириш баҳонасида Вагнер қўшинларига таяниши ҳақиқат бўлиши мумкин», деди Мали шимолидаги манба.
Айниқса, «яқинда француз қўшинларининг кетгани ҳисобга олинса», дейди у.
«Аммо Мали ичида ҳеч ким айта олмайдиган ҳақиқат шуки, шимолий Мали шаҳарлари аҳолисининг хавфсизлиги таъминланмаган ва улар террорчи гуруҳлар хавфидан ҳимоялангани йўқ», деди у.
«Аслида аҳоли, айниқса араблар ва туареглар россиялик иттифоқчилари ҳимоясидаги Мали армияси тарафидан ҳамон ўша қотиллик ва хўрлаш амалиётларига дуч келмоқдалар», деди у.
«Мали ҳукумати мақсадлари муштарак бўлган ва унинг Африкадаги иттифоқчисига айланган Россияни олиб келиш учун Францияни чиқиб кетишга ундагандек гўё», дейди у.