Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Украинадаги уруш сабаб ресурслари тугаб бораётган Россия Марказий Осиёликларни армияга жалб қилиш чораларини кучайтирмоқда

Рустам Темиров

Ҳуқуқ ҳимоячилари мигрантларни «фронтга бориб қолишдан нима қилиб бўлса ҳам сақланишга» чақирмоқдалар. [Карвонсарой]

Ҳуқуқ ҳимоячилари мигрантларни «фронтга бориб қолишдан нима қилиб бўлса ҳам сақланишга» чақирмоқдалар. [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Украинадаги уруш чўзилгани сайин Россия қўшинларининг ресурслари тугаб, жанговар руҳи пасайиб борар экан, Москва ўз Қуролли кучлари сафига марказий осиёлик мигрантларга жалб қилишга оид саъй-ҳаракатларини кучайтирмоқда.

21 сентябр куни Россия президенти Владимир Путин захирадаги 300 минг кишининг урушга сафарбар этилишини эълон қилиб, Украинага босқинни икки карра кучайтирган эди.

Ўшандан бери Сахароводаги миграция марказининг бошқа давлатлар фуқароларини Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга ундовчи ўзбек, тожик ва қирғиз тилларидаги эълонларнинг сурати ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган.

Сахароводаги кўп тармоқли марказ мигрантлар учун ишга жойлашиш билан боғлиқ масалалар, жумладан, мажбурий дактилоскопия, тиббий кўриклар, Россияда ишлаш учун рухсатнома олиш ёки янгилаш каби масалаларни ҳал қилиш учун ягона ойна маркази ҳисобланади.

5 октябр куни Москвада олинган ушбу суратда Россия армиясига чақирув ҳақидаги реклама баннери акс этган. [Даниил Каримов]

5 октябр куни Москвада олинган ушбу суратда Россия армиясига чақирув ҳақидаги реклама баннери акс этган. [Даниил Каримов]

26 сентябр куни «Мы мигранты» («Биз мигрантмиз») Телеграм-каналида Сахарово кўп тармоқли миграция марказида бошқа давлатлар фуқароларини Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга чақирувчи ўзбек ва қирғиз тилларидаги эълон сурати чоп этилган.

26 сентябр куни «Мы мигранты» («Биз мигрантмиз») Телеграм-каналида Сахарово кўп тармоқли миграция марказида бошқа давлатлар фуқароларини Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга чақирувчи ўзбек ва қирғиз тилларидаги эълон сурати чоп этилган.

26 сентябр куни «Мы мигранты» («Биз мигрантмиз») Телеграм-каналида ўзбек ва қирғиз тилларида ёзилган «Азиз дўстлар, сизни Россия Қуролли кучларида шартнома асосида хизмат қилишга таклиф қиламиз» деб ёзилган эълонлардан бирининг сурати чоп этилган.

Ҳарбий хизмат орқали «барқарорлик, ҳаётда ютуққа эришиш учун кенг имкониятлар, муносиб турмуш даражаси ва юқори ижтимоий мавқега» эга бўлиш мумкин, дейилади эълонда.

Шунингдек, унда «озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий ёрдам, пенсия тўловлари, ҳарбийларнинг оила аъзолари учун ижтимоий ҳимоя ва бошқа бошқа имтиёзлар, ижтимоий кафолатлар ҳамда фавқулодда ҳолат ва қуролли тўқнашувлар шароитида хизмат вазифаларини бажарганлик учун компенсациялар» ваъда қилинади.

Номзодларга нисбатан талаблар Россия фуқароларига қўйиладиган талаблар билан бир хил: 18 ёшга тўлган ва ҳарбий хизматга жисмонан яроқли ҳар қандай киши шартнома тузиши мумкин.

Мигрантлар учун ягона қўшимча шарт рус тилини билишдир.

Ихтиёрсиз ёлланма аскарлар

Россиядаги Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи асли ўзбекистонлик фаол Валентина Чупикнинг айтишича, мигрантларга имтиёзлар ва ҳимоя таклиф қилиш россиялик ҳарбий ёлловчилар қўллаётган усуллардан бири, холос.

Мигрантлар ўзлари билмаган ҳолда одатий қоғозлар орасига яширилган ҳарбий шартномаларни имзолаб қўйишлари мумкин, деди у.

Сахароводаги мигрантларга кўпинча бир тўплам қоғоз берилади ва барча ҳужжатларни иложи борича тезроқ имзолаш талаб қилинади.

«Шуларнинг орасига ихтиёрий ҳарбий хизматни ўташ учун икки варақдан иборат шартнома қўйишади», деди Чупик. «Одамлар ҳарбий хизматга қабул қилинганини ва жиноят содир этганини – ёлланма аскарга айланганини билмай ҳам қолади.»

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, хорижий мамлакат қуролли кучлари сафига қўшилган ёки чет элда жанг қилган фуқаролар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бунинг учун Қозоғистонда 9 йилгача, Тожикистонда эса 20 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

«Одамларга [марказда] «Тезроқ имзо чек!» деб бақиришяпти. Мигрантларга ҳужжатларни ўқиш учун вақт берилмаяпти», деди Чупик. «Бақираётган амалдорга нимадир дейишга ҳамманинг ҳам ҳадди сиғмайди.»

Мигрантларни ҳарбий хизматга мажбурлаш ҳолатларини кузатиб бораётган Чупикнинг айтишича, унга бундай ҳодисалар ҳақида ўнлаб хабарлар келиб тушган.

Жумладан, Маъруфжон исмли Ўзбекистон фуқароси ўзи билмаган ҳолда ҳарбий хизмат шартномасини имзолаб қўйган. У хато қилганини тушунгач, Чупик билан боғланган.

«Мен унга тезда мамлакатни тарк этишни маслаҳат бердим», деди у Маъруфжоннинг Қозоғистонга қочиб кетганини айтиб.

«Россияни тарк этиш фронтга бормасликнинг ягона йўли бўлиши мумкин. Шартнома имзолаганингиздан кейин унга эътироз билдириш қийин. Россия судлари ҳозир қонун ва виждондан бутунлай узилган».

Қонунларни ўзгартириш

Россия ташвиқоти шунингдек, Россия ҳарбийлари билан шартномалар имзолашга оид қонунбузарликларни оқлашга ҳам уринган.

«Россия фуқаролигини олиш [мигрантларни] тарихий ватанида кутаётган барча муаммоларга соя солиши мумкин», дейди Москвадаги Тинчликпарварлик ташаббуслари ва конфликтология институти директори Денис Денисов РИА Новости агентлигига берган интервьюсида.

Шартнома имзолаб, фуқароликка эга бўлган мигрантлар учун уйга қайтишдан ҳеч қандай маъно йўқ, дейди у.

«Охир-оқибат, улар ортга қайтмасалар ҳам бўлади, Россия эса ўз фуқароларини тутиб бермайди - унинг наздида ҳеч қандай қонун бузилмаган», дейди Денисов.

Ўтган ойда Россия фуқаролиги тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришлар кучга кирган бўлиб, унга кўра, шартнома бўйича (профессионал) аскар сифатида рўйхатдан ўтган хориж фуқаролари бир йиллик хизматдан кейин фуқаролик олиши мумкин. Илгари фуқаролик олиш учун уч йил хизмат қилиш керак эди.

Россия давлат думаси Жиноят кодексига қуролли кучлар сафига қўшилишни истамаган Россия фуқаролари, жумладан, қўш фуқароликка эга шахслар учун узоқ муддатли қамоқ жазоларини кўзда тутувчи тузатишлар киритишни ҳам маъқуллаган.

Москва фуқароликка қабул қилинган асли Марказий Осиёликлар сафарбарликдан бош тортган тақдирда, уларни Россия фуқаролигидан маҳрум қилиши мумкин, деб айтган Кремлнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси Кирилл Кабанов 22 сентябр куни.

«Фуқаролик олганига 10 йилдан ошмаган Россиянинг янги фуқаролари учун бир йиллик мажбурий ҳарбий хизматни ўташ бўйича таклифлар тайёрланмоқда, бу Марказий Осиё мамлакатлари: асли Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва ўзбекистонликларга тааллуқли бўлади», деб ёзган у Телеграмда.

«Хизматдан бўйин товлайдиган бўлса, нафақат ҳарбий хизматга мажбур бўлган шахс, балки унинг оила аъзолари ҳам Россия фуқаролигидан маҳрум қилиниши керак», деб қўшимча қилди у.

Кабановнинг бу таклифи ҳозирча муҳокама қилинмоқда.

Ўлимдан қочиш

Қирғизистонлик журналист ва жамоатчилик фаоли Одил Турдиқуловнинг айтишича, Россия фуқаролигини олган ва урушда қатнашишни истамаган мигрантлар шунчаки мамлакатдан қочиб кетишлари керак.

Россия фуқароси бўлмаганларни эса, шартнома асосида армияга сафига қўшилишга ёки Украинадаги урушда қатнашишга мажбурлай олишмайди, дейди у.

«Бу фақат рағбатлантириш ва қандайдир моддий манфаат ёки Россия фуқаролигини ваъда қилиш билан амалга оширилиши мумкин», дейди у. «Аммо мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш билан одамлар ўз ҳаётларини хавф остига қўйишларини тушунишлари керак».

Унинг сўзларига кўра, бу борада Марказий Осиё давлатлари ва миграция идоралари жонбозлик кўрсатиши, улар ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, адолатсиз урушда қатнашаётганликларини тушунтириши керак.

«Мусулмон сифатида улар буни англаб етишлари лозим», деб қўшимча қилди Турдиқулов.

Чупикнинг огоҳлантиришича, Россия ҳарбийлари билан шартнома тузган Ўзбекистон фуқаролари охир-оқибат тўп емига айланади.

Улар миналардан тозалаш учун юборилади. Шунингдек, украиналик аскарларни яширинган жойидан алдаб чиқариш учун хизмат қилади, деди у 28 сентябр куни Kun.uz билан суҳбатда.

«Сизнинг (мигрантларнинг) ҳалок бўлишингиз эҳтимоли – 90 фоиз», деди Чупик.

«Бир зумда вафот этсангиз-ку майли, минада портлаб, бошингиз билан танангизнинг бир бўлаги қолса, бу ҳаётингизнинг жуда ёмон якуни бўлади, аянчли, қийноқ билан кечадиган ёмон якуни.»

«Шундай экан, фронтга тушиб қолмаслик учун қўлингиздан келганини қилинг», деб огоҳлантирди Чупик.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Нима бало, дунёнинг энг кучли иккинчи армиянгиз тугаб қолдими?

Жавоб бериш