Карвонсарой
Иқтисодиёт

Путиннинг сафарбарлик ҳақидаги фармони ортидан Россия бизнеси қийин аҳволда қолди

Карвонсарой ва AFP

13 октябр куни Москва марказида «Ғалаба оловда тобланади» деб ёзилган реклама баннери ортидан кўриниб турган Россия ташқи ишлар вазирлиги биноси. Расмийларга кўра, сентябр ойида «қисман сафарбарлик» доирасида Украинадаги урушга жалб этилган россияликлардан беш нафари ҳарбий хизмат чоғида ҳалок бўлган. Сўнгги кунларда бу каби хабарлар сони ошган. [Александр Неменов/AFP]

13 октябр куни Москва марказида «Ғалаба оловда тобланади» деб ёзилган реклама баннери ортидан кўриниб турган Россия ташқи ишлар вазирлиги биноси. Расмийларга кўра, сентябр ойида «қисман сафарбарлик» доирасида Украинадаги урушга жалб этилган россияликлардан беш нафари ҳарбий хизмат чоғида ҳалок бўлган. Сўнгги кунларда бу каби хабарлар сони ошган. [Александр Неменов/AFP]

МОСКВА – Россиянинг марказий қисмидаги Челябинск шаҳрида яшовчи тадбиркор Максим Новиков ўзининг янги коворкинг марказидаги бўш ўринларни санамоқда.

Бу жой одатда дизайнерлар, дастурчилар ва ўз стартаплари устидан ишлаётган россиялик ёшлар билан тўла бўларди.

Аммо 21 сентябр куни президент Владимир Путин 300 минг кишилик «қисман сафарбарлик» эълон қилганидан бери 33 яшар эркак мижозларининг кўп қисмини йўқотган.

«Кўпчилик келмай қўйди», деди у AFP билан телефон орқали суҳбатда.

3 август куни Москвадаги ер ости ўтиш йўлида қарияга пул бераётган аёл. Юз минглаб россияликлар мамлакатни тарк этаётган ёки Украинадаги жангларга қўшилаётган бир пайтда, кўплаб ёш тадбиркорлар ўз келажагидан хавотирга тушмоқда. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

3 август куни Москвадаги ер ости ўтиш йўлида қарияга пул бераётган аёл. Юз минглаб россияликлар мамлакатни тарк этаётган ёки Украинадаги жангларга қўшилаётган бир пайтда, кўплаб ёш тадбиркорлар ўз келажагидан хавотирга тушмоқда. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

Москвадаги светофорлардан бирига боғлаб қўйилган яшил тасма, 13 октябр куни. Кўк ва сариқ ранглар аралашмаси (Украина байроғининг ранглари) бўлган яшил ранг Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига қарши норозилик рамзига айланган. [Наталья Колесникова/AFP]

Москвадаги светофорлардан бирига боғлаб қўйилган яшил тасма, 13 октябр куни. Кўк ва сариқ ранглар аралашмаси (Украина байроғининг ранглари) бўлган яшил ранг Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига қарши норозилик рамзига айланган. [Наталья Колесникова/AFP]

Бунинг ўрнига улар Россия армиясининг сийраклашиб қолган сафларини тўлдирмоқда ёки жанубдаги қўшни Қозоғистонга қочиб ўтган ўн минглаб одамларга қўшилмоқда.

Лойиҳалар тўхтаб қолди

Кремлнинг сафарбарлиги аллақачон санкциялардан жиддий зарар кўрган ва ҳали ҳам пандемиядан оқибатларидан ўзига келаётган компанияларни мавҳумлик ва хаос ичида қолдирган.

Сўнгги уч ҳафта давомида Новиковга қарашли коворкинг марказидаги 77 та ўриннинг ярмидан кўпроғи банд эди.

Қочиб кетганлар ёки ҳарбий хизматга чақирилганлар 70 дан 130 долларгача бўлган абонент тўловини тўлашда давом этадими-йўқми, билмайман, дейди у.

Энди Новиков олган кредитларидан хавотирлана бошлаган.

«Бу йил савдо айланмаси аллақачон 40 фоиздан кўпроққа камайди», дейди архитектура факультетининг битирувчиси Новиков.

«Мен учинчи жойни сотиб олмоқчи эдим, аммо ҳозир таваккал қилиб бўлмайди.»

Новиков Россияда кадрлар етишмовчилигидан асабийлашаётган ягона бизнес эгаси эмас.

«Демак, лойиҳалар вақтинча тўхтатилади, хусусий компаниялар эса инвестиция киритишдан қўрқишади», дейди Москва давлат университети иқтисодчиси Наталья Зубаревич.

Бу йили Россия иқтисодиёти 24 феврал куни Путиннинг Украинага қўшин киритиш қарорига жавобан жорий қилинган Ғарбнинг мислсиз санкцияларидан жиддий зарар кўришга улгурди.

Сафарбарлик эса «қўшимча қийинлаштирувчи омил» бўлди, дейди Зубаревич.

У чекка ҳудудлардаги ёшлар армия сафига қўшилаётганидан ажабланмаслигини айтган – уларни бир йиллик маошларига тенг ойлик тўловлар ўзига жалб қилган.

«Ҳалок бўлган аскарлар»

Аммо хавфни ҳисобга олмаcлик мумкин эмас.

Армия сафига қўшилганидан бери Украинадаги урушда беш россиялик ҳалок бўлди, деб хабар берган ҳукумат пайшанба (13 октябр) куни улар ҳалок бўлган жойни очиқламай.

«Ҳалок бўлган аскарлар» ғарбий Сибирдаги Челябинск саноат вилоятининг ночор оилаларидан эди, деб хабар берган минтақавий ҳокимият матбуот хизмати.

Чоршанба куни вилоятдаги сафарбарликка масъул бўлган россиялик депутат Максим Иванов Челябинск вилоятидан ҳарбий хизматга чақирилган йигитлардан бири тайёрлов марказида гиёҳванд моддалар «дозаси ошириб юборилгани» туфайли ҳалок бўлганини айтди.

Сафарбарликка жалб қилинган уч нафар аскар Россия марказидаги Свердловск вилоятида жойлашган ҳарбий базада вафот этди, деб хабар берган Иванов 3 октябр куни.

Ивановга кўра, улардан бири юрак хуружи, яна бири ўз жонига қасд қилиш ва учинчиси алкогол туфайли келиб чиққан жигар циррозидан вафот этган.

Ҳарбий хизматга яроқсиз фуқаролар, жумладан талабалар, қариялар ёки ногиронлар чақирув қоғози олгани ҳақидаги хабарлар ортидан Кремл сафарбарлик чоғида «хатоликларга» йўл қўйилганини тан олган.

Ўтган ҳафтада Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинада жанг қилиш учун икки ҳафта ичида 200 мингдан ортиқ одам Россия армиясига сафарбар қилинганини айтган. Россия қуролли кучлари урушда Украинанинг қарши ҳужумларига дош бера олмай, улкан муваффақиятсизликларга учрамоқда.

«Ҳаммаси барбод бўлди»

Кучайиб бораётган иҳоталаниш шароитида санкциялар ва сафарбарлик зарбасидан хавотирга тушган Россия жамияти эҳтиёткорлик билан сарф-харажат қилмоқда.

«Одамлар пулни тежаш ҳақида ўйламоқда», деб айтган Renaissance Capital компаниясининг Россия бўйича бош иқтисодчиси София Донец.

«Улар ортиқча пул сарфламоқчи эмаслар.»

Бу орада Москванинг бойлар яшайдиган марказидаги қимматбаҳо чарм сумкалар ишлаб чиқарувчи корхона раҳбари, 45 яшар Елена Ирисова ишлаб чиқариш тўхтаб қолганидан хафа.

Унинг кичик бизнесида 10 киши ишлайди.

Сўнгги ҳафталарда унинг икки нафар етакчи ҳунарманди ишдан кетган, бири сафарбарликдан қочган бўлса, иккинчиси эри фронтга юборилган қизига ёрдам бериш учун кетган.

«21 сентябрдан кейин ҳаммаси барбод бўлди», дейди Ирисова. «Сотувларимиз уч баравар қисқарди, кунлик буюртмалар 10 тадан учтага камайди.»

Унинг сўзларига кўра, жамғариб қўйган пуллари «бир-икки ойгагина етади, ундан ортиғига етмайди».

Афтидан, Россиядаги ҳеч бир корхона зарардан омон қолмаган.

Москвадаги тортлар дўконининг эгаси, 39 яшар Катерина Иберика ҳам қийинчиликларга дуч келмоқда.

Унинг беш нафар ишчиси аёл киши ва сафарбарликдан озод қилинган. Аммо, унинг ишларига аҳолининг тушкун кайфияти таъсир қилмоқда.

«Сафарбарликдан икки кун аввал йирик тадбирлар учун берилган буюртмалар бекор қилина бошлади», деди Иберика AFP нашрига.

Унинг айтишича, ҳозир фақат «жуда кичик» буюртмалар келиб тушмоқда.

У ҳам Россиядан кетишни ўйлаяпти.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500