ОЛМАОТА – Ўтган ҳафта халқаро саммитларга мезбонлик қилган Остона Россия президенти Владимир Путинни қабул қилганига қарамай, қозоқлар ўз ҳукуматини Россия билан алоқаларни узишга ундамоқда.
12-13 октябр кунлари Қозоғистон пойтахтида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити ўтказилди.
Эртаси куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ва Марказий Осиё – Россия саммитлари ҳам бўлиб ўтди.
Олий даражадаги форумларда 10 га яқин президентлар ва давлат раҳбарлари қатнашди.
Путин Остонага 13 октябр куни – Украинанинг Киев, Запорожье, Винница, Львов, Ивано-Франковск, Днепропетровск, Хмелницкий, Николай, Ровно ва Одесса вилоятларига ёғдирилган кенг кўламли ракета зарбаларидан бир неча кун ўтиб ташриф буюрган.
10 октябр куни Украина мудофаа вазирлиги Россия Украинага қарата 83 та ракета учиргани, шулардан 52 таси ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими томонидан уриб туширилганини маълум қилди. Ракеталардан 43 таси қанотли ракеталар бўлган.
Ракета зарбалари натижасида энергетика инфратузилмаси объектлари, ўнлаб кўп қаватли турар-жой бинолари ва автомобиллар вайрон қилинган.
Украина зарбалар туфайли 19 киши ҳалок бўлгани ва 100 дан ортиғи жароҳатланганини билдирган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) эса Россия бомба ҳужумлари билан уруш қонунларини бузган бўлиши мумкинлигини айтди.
«Қонхўр ва ярамас»
Путиннинг Остонага ташрифи Қозоғистонда унинг режимига нисбатан норозилик кучайиб бораётган пайтга тўғри келди.
Минглаб қозоғистонлик Facebook фойдаланувчилари ўз тасмаларида фашистлар Германияси байроғи олдида Адолф Гитлерники каби мўйлов ва соч турмаги билан акс эттирилган Путиннинг плакатини жойлаштирганлар.
Унинг остида «Биз Путлернинг Қозоғистонга ташрифига қаршимиз» деб ёзилган.
«Мен Қозоғистон фуқаросиман ва путиннинг [шундай ёзилган] мамлакатимга келишини истамайман. Мен ҳарбий жиноятчининг юртим тупроғига қадам босишини хоҳламайман», деб ёзган Остонадаги Қозоғистон гуманитар ва юридик университетининг ходими Арман Шайкенов ўзининг Facebook саҳифасида.
Шайкенов ижтимоий тармоқларда ҳурматсизлик белгисини кўрсатиш учун «путин» сўзини атайлаб кичик ҳарфлар билан ёзган.
«Путин қонхўр ва ярамас, сени Қозоғистонда ҳеч ким кутаётгани йўқ», деб ёзади Олмаота технология университети ўқитувчиси Жанат Аймаганов.
«Кеча яна тинч шаҳарларни ўққа тутишга буйруқ берган шахс юртимизга келмоқда. Одамлар ҳалок бўлди, улар орасида болалар ҳам бор», деб ёзади GRATA International халқаро юридик фирмаси ҳамкори, олмаоталик тадбиркор Ержан Есимханов.
«Ҳамма нарсани ўз номи билан атайдиган бўлсак, Қозоғистонга ҳарбий жиноятчи ва қотил келяпти. Унга Украинада одамхўр деган ном беришган», деб қўшимча қилди у.
Есимханов гарчи бу Қозоғистонни даҳшатли оқибатларга олиб келса ҳам, ҳукуматни Россия билан барча алоқаларни узишга чақирди.
Қозоғистон «цивилизациялашган дунё кўз ўнгида бу ёвузликка алоқадор бўлмаслик учун» эртами-кечми шундай қилишга мажбур бўлади, деди у.
«Қўшнингиз болаларга тажовуз қилса-ю, сиз буни билатуриб, у билан саломлашиб, уйингизга таклиф қилсангиз, қолган қўшниларингиз у билан фикрингиз бир деб ўйлай бошлайдилар», деб ёзган Есимханов.
«Еркіндік қанаты» («Эркинлик қаноти») инсон ҳуқуқлари нодавлат нотижорат ташкилотининг ижрочи директори, остоналик Елена Швецова нега урушга қарши бўлган Қозоғистон уни бошлаган ва яқинда Украина шаҳарларига ракета ҳужумларини амалга оширган шахсни расмий даражада кутиб олаётгани ҳақида ҳукуматга омматан савол берган.
Карвонсаройга берган интервьюсида Швецова ижтимоий тармоқлар бутун мамлакат аҳолисининг фикрини тўлақонли акс эттирмаса-да, унинг атрофидаги фуқаролик жамияти вакилларининг аксарияти Путиннинг Қозоғистонга ташрифини кескин танқид қилганини айтди.
«Россия билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларимиз борлигини тушунамиз, лекин Путин билан учрашувни Қозоғистондан ташқарида ўтказган маъқул», деди у.
«Цивилизациялашган дунё сафида бўлишимиз лозим»
Путиннинг мамлакатга ташрифига нисбатан қозоғистонликларнинг ҳозирги салбий муносабати Қозоғистон ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларнинг ўзгариши фонида кузатилмоқда, дейди кузатувчилар.
Остона Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилинган минтақалар – Россия расмийлари ўтган ой охирида ноқонуний референдумлар ўтказган Донецк Халқ Республикаси ва Луганск Халқ Республикасини ҳам, Қримни ҳам тан олмаган.
Аксинча, Қозоғистон БМТ тамойилларига содиқлигини ҳамда Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини билдирган.
Украинанинг Қозоғистондаги элчиси Петр Врублевский август ойидаги интервьюсида Украина қуролли кучлари «имкон қадар кўпроқ россияликларни ўлдиришни» мақсад қилганини айтганидан кейин шу ой бошида Қозоғистон расмийлари Украинанинг Қозоғистондаги элчисини мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги Россиянинг талабини рад этганлар.
Олмаотадаги «Деловая неделя» (Бизнес ҳафталиги) газетаси мухбири Юлдуз Алиеванинг айтишича, келажакда расмий Остона Россия билан ҳамкорликни ва барча соҳаларда Москвага қарамлигини чеклашга ҳаракат қилади.
«Аҳолининг Украинадаги уруш, шаҳарларга берилган ракета ҳужумлари ва тинч аҳоли ўлимини қоралаётгани, Путинга нисбатан нафратнинг кучайиб бораётгани Оқ Ўрданинг (Қозоғистон президенти қароргоҳи) позицияси ва унинг сиёсий қарорларига таъсир қилмай қолмайди», деди Алиева Карвонсарой билан суҳбатда.
Биз Кремл интилаётган тоталитар ўтмиш эмас, цивилизациялашган дунё сафида бўлишимиз керак», дейди у.
Интернетда видеоалоқа орқали қатнашса ҳам бўларди. Путинга пишириб қўйибдими бу ерда? Ертўласида ўтираверсин.
Жавоб беришФикрлар 2
Тўғри, бу ерда унга ҳеч кимнинг кўзи учиб тургани йўқ.
Жавоб беришФикрлар 2