Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларидаги шафқатсизликлар – «атайин қўлланилган тактика»

Олга Чепил

7 октябр куни Лимандаги номаълум қабрдан қазиб олинган жасадлар. [Олексий Кашпоровский]

7 октябр куни Лимандаги номаълум қабрдан қазиб олинган жасадлар. [Олексий Кашпоровский]

КИЕВ – Украина қўшинлари эгаллаб олинган ҳудудларга кириб борар экан, Россия кучлари томонидан амалга оширилган зўрлаш ва қийноқларга оид далилларни фош этмоқда.

Урушнинг қарийб саккизинчи ойи тугаётган бир пайтда мамлакат шимоли ва жануби-шарқидаги босиб олинган ҳудудларни озод қилаётган Украина қуролли кучларижанг майдонида муваффақият қозонмоқда.

Аммо бу ҳудудларни озод қилиш асносида улар инсониятга қарши жиноятларнинг хавотирли аломатларига дуч келганлар – оммавий қабрлар, қийноқ камералари ва Россия кучларининг жинсий зўравонлигига оид айбловлар шулар жумласидандир.

«Вайрон қилинган уйлар ва юзлаб қийноққа солинган одамларнинг жасадлари. Россия аскарлари бизнинг ҳудудимизда шуларни қолдирмоқда», дейди собиқ ҳарбий мухбир, ҳозирда Украина қуролли кучларининг матбуот хизмати ходими Олексий Кашпоровский.

Россия томонидан аннексия қилинган Қримда қариндошлари бўлган эркак темирйўл биносидаги хонада суҳбатлашар экан, март ойида Россия босқинидан қайтариб олинган Козачья Лопан (Харьков вилояти) шаҳрида уни «Луганск Халқ Республикасига» мансуб жангарилар қийноққа солганини айтган, 20 сентябр кунги сурат. [Ясуеси Тиба/AFP]

Россия томонидан аннексия қилинган Қримда қариндошлари бўлган эркак темирйўл биносидаги хонада суҳбатлашар экан, март ойида Россия босқинидан қайтариб олинган Козачья Лопан (Харьков вилояти) шаҳрида уни «Луганск Халқ Республикасига» мансуб жангарилар қийноққа солганини айтган, 20 сентябр кунги сурат. [Ясуеси Тиба/AFP]

Изюмда вайрон қилинган полиция идораси ичидаги паспортлар, 18 сентябр. Украина кучлари томонидан қайта назоратга олинган Украинанинг шарқий қисмидаги бир қатор шаҳарларда россиялик босқинчилар томонидан ҳибсга олишлар ва қийноқлар ҳақидаги ҳикоялар юзага чиқмоқда. [Хуан Баррето/AFP]

Изюмда вайрон қилинган полиция идораси ичидаги паспортлар, 18 сентябр. Украина кучлари томонидан қайта назоратга олинган Украинанинг шарқий қисмидаги бир қатор шаҳарларда россиялик босқинчилар томонидан ҳибсга олишлар ва қийноқлар ҳақидаги ҳикоялар юзага чиқмоқда. [Хуан Баррето/AFP]

Кашпоровский журналистларни пресс-турларга олиб боришга масъул бўлиб, уларнинг охиргиси тўрт ойлик ишғолдан сўнг 4 октябр куни озод қилинган Донецк вилоятининг Лиман шаҳри бўйлаб амалга оширилган.

«Умримда илк бор тинч аҳолининг оммавий қабрини кўрдим. Бу биродарлик қабристони эди. Трактор хандақ қазиган, кейин у ерга 180 га яқин жасад ташлаб, кўмиб юборилган».

«Мутахассислар уларни қазиб олишни бошлаганида у ерда ёш болалари билан кўмиб ташланган бутун оилаларни кўрдим. Кўп жасадларда қийноқ излари, жароҳатлар ва кесилган жойлар бор эди».

«Бу даҳшатли», дейди Кашпоровский.

Қийноқ камералари

Украиналиклар, шунингдек, Лиман шаҳрида Россия кучлари назорати остидаги ҳудудларда одатий ҳолга айланган тинч аҳолини қийноққа солиш учун мўлжалланган жойларни ҳам топишган.

Масалан, ҳуқуқ-тартибот идоралари Харков вилоятидаги озод қилинган ҳудудларда, асосан, полиция бўлимларида жойлашган 22 та қийноқ камераларини топган.

«Энг кенг тарқалган қийноқ усуллари [электр токи билан қийнаш], таёқ ва бошқа предметлар билан дўппослаш, тирноқларни суғуриб олиш ва бошқа жирканч усуллар, жумладан, противогаз ёрдамида одамларни бўғиш кабилардир», деди Харков полицияси бош терговчиси Сергей Болвинов 6 октябр кунги брифингда.

Изюм туманидаги Пески-Радковский қишлоғидаги хусусий уйда руслар томонидан ташкил этилган қийноқ камерасида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан фаллоимитатор, ҳарбий кийим, противогаз, сариқ ва кулранг протез тишлар ва уларнинг қолдиқлари солинган пластик идиш топилган, деди у.

Ҳозирда бу тишларнинг кимга тегишли эканлигини аниқлаш учун терговчилар томонидан суд-тиббий экспертиза олиб борилмоқда, деб қўшимча қилди у.

«Руслар қўлга олинган ҳудудда одатда ишни нимадан бошлайди? Улар АТО [аксилтеррор операцияси] фахрийларини, кўнгиллиларни, куч тузилмалари ходимларини, полициячиларни ва фикр етакчилари бўлган одамларни излайдилар», дейди InfoResist сайтининг ҳарбий ва сиёсий таҳлилчиси, киевлик Александр Коваленко.

«Улар шу камераларда қийноққа солинган. Табиийки, уларнинг кўпчилиги тирик қолмаган», дейди у.

«Русларнинг нияти – руҳиятимизни синдириш».

Зўрлаш – «ҳарбий стратегия» воситаси

Сўнгги топилмалар Украинадаги Россия кучлари ўз назорати остидаги ҳудудларда мунтазам равишда жинсий зўравонлик содир этгани ҳақидаги айбловлар фонида юзага чиққан.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) жинсий зўравонлик бўйича махсус вакили Прамила Паттеннинг сўзларига кўра, Украинадаги Москва кучлари айбланаётган зўрлаш ва жинсий зўравонлик Россия «ҳарбий стратегияси»нинг бир қисми бўлиб, «жабрланувчиларни инсонийликдан узоқлаштириш йўлидаги қасддан қилинган тактика»дир.

«Украинада зўрлаш уруш қуроли сифатида қўлланиляптими?» деган саволга «бунинг барча аломатлари бор», деб айтган у пайшанба (13 октябр) куни AFP билан суҳбатда.

«Аёллар бир неча кун ушлаб турилиб, зўрланса, зўрланган кичик ёшдаги ўғил болалар ва эркакларнинг жинсий аъзоларида шикастланиш излари топилса, аёллар виагра қабул қилган рус аскарлари ҳақида гувоҳлик беришса, бу аниқ ҳарбий стратегиядир», дейди у.

«Ва жабрланувчилар зўрлаш пайтида айтилган сўзлар ҳақида гапирар экан, бу қурбонларни инсонийликдан маҳрум қилиш учун атайлаб қўлланган тактика экани ойдинлашади.»

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти уруш бошланганидан бери «юздан ортиқ зўрлаш ёки жинсий зўравонлик ҳолатларини» тасдиқлаган, деди Паттен.

Илк ҳолатлар «Украинага босқин бошланганидан уч кун ўтиб» қайд этилган, деб қўшимча қилди у БМТнинг сентябр ойи охирида эълон қилган ҳисоботига таяниб.

Ҳисоботда «Россия кучлари томонидан инсониятга қарши жиноятлар содир этилгани тасдиқланган. Тўпланган гувоҳликларга кўра, жинсий зўравонлик қурбонларининг ёши 4 ёшдан 82 ёшгача», деди Паттен.

Қурбонлар асосан қиз ва аёллар, аммо улар орасида эркаклар ва ўғил болалар ҳам бор, деб қўшимча қилди у.

«Зўрланган, қийноққа солинган ва гаровда сақланган ёш болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари жуда кўп», деб айтган у.

Аммо, «хабар берилган ҳолатлар айсбергнинг чўққиси холос», деб қўшимча қилган у.

«Фаол низо вақтида ишончли статистика топиш қийин, рақамлар ҳеч қачон ҳақиқатни акс эттирмайди, чунки зўравонлик ҳақида сукут сақлашади» ва кўп ҳолларда у ҳақда хабар беришмайди.

Патеннинг сўзларига кўра, у қурбонларни сукут сақламасликка ундаш учун май ойида Украинага ташриф буюрган.

У «шунингдек, зўравонларга кучли мужда йўллаш учун ҳам борган. Дунё уларни кузатмоқда, аёлни ёки қизни, эркак ёки ўғил болани зўрлаш жазосиз қолмайди.»

Совет давридаги каби усуллар

Таҳлилчиларга кўра, бундай ҳолатлар айрим аскарларнинг ўзбошимча хатти-ҳаракатлари эмас, балки қўрқувни муҳим тактика деб биладиган россиялик қўмондонлар томонидан атайин қўлланилган стратегиядир.

Россия қуролли кучлари Сурияда ҳам икки Чечен урушидаги каби қийноқларни қўллаганлар.

«Бундай ҳолатларни узоқ тарихдан ҳам топиш мумкин», дейди Киевдаги Илко Кучерив демократик ташаббусининг ижрочи директори Петро Бурковский.

«Буларнинг бари 1917-1921 йилларда чекистлар қўллаган усуллар эди. Марказий Осиёдаги норозиликларни бостириш 1925 йилга қадар давом этган», дейди у Советларнинг махфий хизмати атамасини тилга олиб.

«У ерда чекистлар нима қилишган? Улар Совет ҳукуматига қарши бўлганларнинг ҳаммасини қўлга олишган. Бу одамлар турли қийноқларга солинган, дўппосланган, бир сўз билан айтганда йўқ қилинган.»

«Буларнинг барчаси норозилик кайфиятини бостириш учун қилинган», деб айтган Бурковский.

«1940-йилларда НКВД қатағон билан шуғулланган, одамларни депортация қилган, қийнаган ва қатл қилган», дейди у.

«Бу усуллар кенг миқёсда қўлланилган. Ҳозир ҳам худди шундай бўлмоқда. Айни вақтда Совет разведка хизматининг узоқ йиллардан бери амал қилиб келган усулларини кўрмоқдамиз.»

Аммо, Совет даврида амалга оширилган жиноятлардан фарқли ўлароқ, ҳозир Кремлни жавобгарликка тортиш имкони бор, дейди Бурковский. Украина ва унинг иттифоқчилари Россияга қарши расмий айблов учун асос бўладиган далилларни тўпламоқда.

«Украина бу масала устида ишламоқда, Қўшма Штатлар ва Европа сезиларли даражада ёрдам бермоқда. Барча далиллар халқаро талабларга жавоб берадиган даражада тўпланаётгани ҳисобга олинса, бу жуда муҳим.»

«Бу ҳолатда Россия ва унинг раҳбариятини қай тарзда суд қилиш формуласини топиш керак бўлади», дейди у.

«Иккита якун бўлиши мумкин: бири миллий, унда ҳарбий жиноятчилар Украинада суд қилинади, иккинчиси халқаро бўлиб, бу ҳолатда уларнинг иши Халқаро жиноий судда кўриб чиқилади.»

«Нима бўлишидан қатъи назар, бу сафар улар жазосиз қолишмайди», дейди Бурковский.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳаага суди россиялик қотиллари томонидан содир этилган барча жиноятларни тергов қилиши керак.

Жавоб бериш