Карвонсарой
Жамият

Россиянинг Украинадаги уруши Марказий Осиё ва Европадаги 4 миллион ёш болани қашшоқликка етакламоқда

Карвонсарой ва AFP

Харковдаги Caritas Internationalis католик хайрия ташкилотининг маҳаллий бўлими томонидан 27 сентябр куни тахминан 3000 кишига тарқатилган озиқ-овқат маҳсулотларини олаётган қизлар. [Ясуёши Чиба/AFP]

Харковдаги Caritas Internationalis католик хайрия ташкилотининг маҳаллий бўлими томонидан 27 сентябр куни тахминан 3000 кишига тарқатилган озиқ-овқат маҳсулотларини олаётган қизлар. [Ясуёши Чиба/AFP]

ЖЕНЕВА – Ёш болалар Россиянинг Украинага ҳужумидан энг кўп азият чекмоқда, дейилади Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармасининг (UNICEF) жорий ҳафта эълон қилинган ҳисоботида.

Россиянинг Украинага ҳужуми ва унинг ортидан юзага келган иқтисодий инқироз Марказий Осиё ва шарқий Европадаги тўрт миллион ёш болани қашшоқликка дучор қилган, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 19 фоизга кўп, деб хабар беради UNICEF душанба (17 октябр) куни.

Болалар минтақа аҳолисининг 25 фоизини ташкил этса-да, жорий йилда қашшоқликни бошдан кечираётган қўшимча 10,4 миллион кишининг қарийб 40 фоизини болалар ташкил этади.

Агентликка кўра, «болалар қашшоқлигининг оқибатлари молиявий тангликда яшовчи оилалар билан боғлиқ эмас».

16 октябр куни Киевдаги авлиё Михаил Олтин гумбазли монастири яқинида вайрон қилинган ҳарбий машиналарнинг очиқ осмон остидаги кўргазмасида Россиянинг Украинага босқини вақтида вайрон қилинган рус танки устига чиқаётган болалар. [Ясуёши Чиба/AFP]

16 октябр куни Киевдаги авлиё Михаил Олтин гумбазли монастири яқинида вайрон қилинган ҳарбий машиналарнинг очиқ осмон остидаги кўргазмасида Россиянинг Украинага босқини вақтида вайрон қилинган рус танки устига чиқаётган болалар. [Ясуёши Чиба/AFP]

«Рақамларнинг кескин ўсиши бир ёшга тўлмаган қўшимча 4500 боланинг вафотига олиб келиши, таълимдаги йўқотишлар эса бу йил қўшимча 117 минг боланинг мактабни тарк этишига сабаб бўлиши мумкин.»

UNICEF 22 мамлакатдан тўпланган маълумотга асосланиб шу хулосага келган.

24 феврал куни Москванинг қўшнисига қилган ҳужумидан россиялик ва украиналик ёш болалар жабр кўрмоқда.

«Украинадаги уруш ва минтақа бўйлаб яшаш даражаси қимматлашиб бораётгани сабабли қашшоқлиқда яшаётган ёш болалар сонининг тўртдан уч қисми Россия ҳиссасига тўғри келмоқда, айни дамда 2,8 миллион ёш бола қашшоқлик чегарасидан ҳам қуйироқдаги оилаларда яшашмоқда», деб хабар беради UNICEF.

Ғарб санкциялари орқали Россиянинг иқтисодиётига берилган зарба аҳоли сонининг кўплиги билан улкан таъсирга эга бўлди.

«Украинада қашшоқлиқда яна қўшимча ярим миллион ёш бола яшайди ва бу иккинчи энг катта кўрсаткичдир», деб қўшимча қилган UNICEF.

Кейинги ўринда қашшоқликкда яшовчи 110 минг бола билан Руминия туради.

«Йўқотилган ҳаёт, таълим ва келажак»

«Бу урушдан минтақадаги ёш болалар жабр кўрмоқда», дейди UNICEFнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий раҳбари Афшан Хон.

«Ҳозир бу болалар ва оилаларни қўллаб-қувватламас эканмиз, болалар қашшоқлигининг кескин ортиб бориши ҳаёт, таълим ва келажакнинг йўқотилишига олиб келади.»

Оила қанчалик қашшоқ бўлса, даромадининг шунча катта қисми озиқ-овқат ва ёқилғига сарфланади, ёш болаларнинг саломатлиги ва таълимига кам пул қолади, деб тушунтирган идора.

Украинадаги уруш ва ундан кейинги турмуш ҳаражатлари инқирози натижасида энг камбағал болаларда муҳим хизматлардан фойдаланиш имконияти камроқ бўлиб, болалар никоҳи, зўравонлик, эксплуатация ва зўравонлик хавфи кўпроқ бўлади», дейилади унда.

Қашшоқлик халқасидан чиқиш мушкул, дейилади ҳисоботда.

«Қашшоқликда катта бўлган ҳар бир учинчи бола қолган ҳаётини ҳам қашшоқликда яшайди, бу авлоддан-авлодга ўтадиган мушкулотлар ва маҳрумликка олиб келади.»

UNICEF болаларга қашшоқликнинг таъсирини юмшатиш ва уларга балоғат ёшида ривожланиш имкониятларини тақдим этиш мақсадида Европа Иттифоқининг болалар кафолати ташаббусини синовдан ўтказиш учун Европа Иттифоқи Комиссияси ва бир қатор Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Идоранинг таъкилашича, Россиянинг Украинага босқини натижасида кўпроқ ёш болалар ва оилалар қашшоқликка дучор бўлмоқда, шу сабаб минтақа бўйлаб қатъий жавоб чоралари кўрилиши зарур.

Вазият ёмонлашмасдан олдин биз заиф оилалар ҳимояси ва ижтимоий қўллаб-қувватловини кенгайтиришимиз керак», деди Хон.

Уруш таъсири

Урушнинг молиявий таъсири дунё бўйлаб сезилмоқда.

«Пандемия таъсири, иқлим инқирозининг кучайиши, энергия ва ўғитлар нархининг ошиши ва узоқ давом этган можаролар, жумладан, Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли озиқ-овқат таъминоти хавфли тарзда чекланмоқда», деб хабар берган Оқ уй ўтган ойда.

Можаро "глобал таъминотини бузди ва глобал озиқ-овқат нархларини кескин оширди".

Хусусан, узоқ муддатли қурғоқчилик Сомалининг айрим ҳудудларини очарчилик хавфи остида қолдирди, деб хабар берган Оқ уй.

21 сентябр куни АҚШ президенти Жо Байден Россиянинг дон ишлаб чиқарувчи Украинага қарши ҳужуми натижасида келиб чиққан глобал озиқ-овқат муаммосини бартараф этишга қўшимча 2,9 миллиард АҚШ доллари ажратилишини эълон қилган.

Сомалидаги минглаб оч қолган ёш болалар ўлим ёқасида, деб огоҳлантирган UNICEF сешанба куни.

«Кўпроқ ҳаракат ва сармоя киритилмаса, биз ярим асрда кузатилмаган даражадаги болалар ўлимига дуч келамиз», деб айтган UNICEF вакил Жеймс Элдер журналистларга Женевада.

Охирги маълумотларга кўра, август ойидан бери 44 минг нафар ёш бола оғир ўткир тўйиб овқатланмаслик оқибатларини даволаш учун тиббий муассасага ётқизилган – бу «ҳар бир куннинг ҳар бир дақиқасида бир болага» тенг кўрсаткичдир.

UNICEF сўнгги ойларда Қўшма Штатлар, Буюк Британия ва Европа Комиссиясидан «сезиларли маблағ» олган бўлса-да, Элдер «очарчилик қайта юз беришининг олдини олиш учун» узоқ муддатли молиялаштириш муҳим эканини таъкидлади.

Жавобгарлик

20 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Европа Иттифоқи, АҚШ, Африка Иттифоқи ва Испания вазирлари можаролар ва беқарорликнинг асосий омили деб кўрилаётган озиқ-овқат тақчиллигини муҳокама қилиш учун учрашдилар.

Украина президенти Владимир Зеленский видео-алоқа орқали чиқиш қилиб, ва Москвани бевосита озиқ-овқат инқирозини қўзғатишда айблади.

«Очарчилик келтириб чиқарадиган, озиқ-овқат таъминотини имтиёзга айлантиришга уринадиган, мамлакатларнинг очарчиликдан ҳимоясини қандайдир диктаторнинг қўлига топширадиган ҳар қандай давлатга қарши бутун дунё қатъий муносабат билдириши керак», деди у.

У Россиянинг қамаллари ва бошқа «ноинсоний хатти-ҳаракатлари» туфайли йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси бўлган Украинанинг экспорти қисқарганини айтди.

«Россия бунинг учун жавоб бериши керак», деди у.

Испания бош вазири Педро Санчеснинг айтишича, Россия президенти Владимир Путин Украинага босқин орқали «халқаро ҳамжамиятни озиқ-овқат билан шантаж қилишга уринмоқда».

«Очлик билан тинчликка эришиб бўлмайди ва тинчликка эришмай очликка қарши курашолмаймиз», деди Санчес.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500