ПАРИЖ – Асли Санкт-Петербурглик ва президент Владимир Путинга яқин бизнесмен Евгений Пригожин узоқ йиллар давомида эътибор марказидан қочиб, Кремл соясида ишлашни афзал кўрган.
Аммо, сентябр ойи охирида у 2014 йилда Вагнер гуруҳини ташкил этганини тан олиб, унинг жангчиларини «ватанимиз таянчлари» деб атаганида вазият ўзгарди.
Россия расмийлари доим хусусий ҳарбий компаниялар билан алоқаларини рад этиб келган. Вагнер аскарлликка ёллаш компаниялари ноқонуний ҳисобланган Россияда юридик шахсга эга бўлмаса-да, бу ҳафта Кремлнинг даъволарини рад этувчи қўшимча далиллар пайдо бўлган.
Биринчидан, Пригожин яқинда Путинга Россия армияси Украинадаги урушни қониқарсиз олиб бораётгани ҳақида гапирган. Вашингтон Пост газетасининг сешанба (25 октябр) куни хабар беришича, бу ҳақда вазиятдан хабардор икки америкалик амалдор маълум қилган.
Пригожин Россия ҳарбийлари борасида шахсан Путинга қаттиқ танбеҳ беришга журъат этгани – Москва урушни бой бераётган бир пайтда Пригожиннинг таъсири кучайиб бораётганидан далолат бериши мумкин.
«Бу шунингдек, бир неча ой давомида жанг майдонидаги хатолар ва йўқотишлардан сўнг Пригожин ва бошқалар томонидан танқидга учраган Россия мудофааси расмий раҳбариятининг беқарор ҳолатда эканидан даракдир», деб ёзади газета.
Вашингтонда тарқатилган АҚШ разведкасининг алоҳида ҳисоботида айтилишича, Пригожин, шунингдек, Россия мудофаа вазирлиги Вагнерга жуда кўп ишониб юбораётгани ва можарода ўз миссиясини бажариши учун ёлланма гуруҳни етарлича маблағ ва ресурслар билан таъминламаётгани ҳақида сўзлаган.
Вагнер «оркестри»даги «мусиқачилар»
Пригожин Вагнерни Украинадаги даҳшатли куч сифатида кўрсатишдан манфаатдор бўлса-да, Москванинг йўқотишлари ортиб борар экан, бу чегара жуда паст, дейди таҳлилчилар.
АҚШда жойлашган Урушни ўрганиш институти ходими Каролина Хирднинг сўзларига кўра, ёлланма аскарлардан фойдаланишнинг кўпайгани ва уларга эътибор қаратилаётгани «Россия армияси ва Россия ҳарбий раҳбарияти ичидаги улкан ихтилофлардан далолат беради».
«Ўтган ойларда биз Вагнернинг ютуқларидан келиб чиққан янги риториканинг гувоҳи бўлдик – у ҳам бўлса, Вагнер Кремлнинг асосий зарбдор кучига айлангани», деди у.
Бу Россия элитаси ичидаги танглик белгиси бўлиши мумкин, унинг кўз ўнгида мунтазам армия энди аввалги ҳурматга эга эмас, дейди Хирд.
«Афтидан, Пригожин ўз таъсирини ва қўшинлари эришган ютуқларни кучайтириш орқали Кремлни яхши кўринишга уринмоқда.»
Россия қўшнисига ҳужум бошлаган пайтда Вагнернинг Украинадаги ҳозирлиги белгилари жуда оз эди.
Аммо, сўнгги вақтларда «улар яққол кўзга ташланиб, Россия давлатига алоқадорлиги кўриниб қолмоқда», дейди Лондондаги Кинг коллежининг мудофаа тадқиқотлари бўйича маърузачиси Трейси Герман.
Одатий аскарлардан фарқли ўлароқ, жангарилардан фойдаланиш «Кремлга қурбонларнинг расмий сонини яшириш имконини беради» – бу Ғарб манбаларига кўра ўн минглаб қурбонлар берган давлат учун қулай воситадир.
Вагнерга алоқадор аккаунтлар ижтимоий тармоқларда Москва ташвиқотини ёйинлар экан, улар «Донбассни озод қилаётгани» ва украиналик «нацистларни» қувиб чиқараётганини даъво қилмоқда.
Аммо, гуруҳ ўзининг кўриниши ва тили билан ҳам ажралиб туришга уринмоқда.
Қизил нишон ичида ўлим калласи акс эттирилган белгини тақиб олган гуруҳ аъзолари ўзларини Вагнер «оркестрининг мусиқачилари» деб аташади.
Улар энди Украина урушидаги иштироки ҳақида гапиришдан ҳам тортинмаяпти.
Вагнернинг кўксига уриб мақтаниши «ўзининг ёллаш билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиш йўли бўлиши мумкин», деб тахмин қилган Лондондаги стратегик тадқиқотлар халқаро институти тадқиқотчиси Йоханн Мишел.
«Нима бўлганда ҳам, Вагнер қолган армиясиз олға бора олмайди, муваффақиятли катта кучга нисбатан уларнинг сони етарли эмас», дейди у.
Сентябр ойида интернетда тарқалган видеода қамоқхона маҳбуслари олдида нутқ сўзлаган Пригожин улар Украинада Вагнер сафида жанг қилишга рози бўлса, озод қилинишига ваъда берган эди.
Кремл томонидан етиштирилган
Йиллар давомида Украина шарқида ва Сурияда Вагнер сафида ҳаракат қилган россиялик собиқ ёлланма аскарлардан бири ушбу гуруҳ бошиданоқ Россия ҳукумати томонидан етиштирилганини айтган.
«Ташкилот мудофаа вазирлиги томонидан тузилган... ГРУ [ҳарбий разведка агентлиги] Вагнер билан боғлиқ масъулиятни Пригожинга юклаган», деди 53 ёшли Александр Злодеев AFPга Парижнинг Шарл де Голл аэропортидаги янги келган бошпана изловчилар марказида.
Бундан аввал «Россия ҳудудидан ташқарида ҳарбий йўл билан муайян муаммоларни ҳал қила оладиган ташкилот бўлмаган», деб қўшимча қилди у.
Злодеевнинг айтишича, у Вагнерга 2014-2015 йиллар оралиғида, Украинанинг шарқий Донбасс минтақасида москвапараст айирмачилар ва Киевга содиқ кучлар ўртасида шиддатли жанглар бошланганида қўшилган, аммо AFP Злодеев айтган даъволарни тасдиқлай олмаган.
Злодеевнинг таъкидлашича, унинг ўзи жангларда бевосита иштирок этмаган, балки «қўшинларни бошқариш» идорасида ишлаган.
Вагнер янги ташкил этилган пайтда «нима қилаётганини биладиган, ўқитилган одамлардан таркиб топган эди. Улар профессионал аскарлар бўлиб, айримлари Чеченистонда жанг қилган, мудофаа вазирлигининг собиқ зобитлари эди», деб эслайди Злодеев.
«Биз барча ҳарбий кийимларни тўғридан-тўғри ГРУнинг махсус омборларидан олдик. Униформамиз жуда яхши эди», деди у.
Бир неча ой ўтгач, Злодеев Сурияга жўнатилди ва у ерда Вагнер мунтазам Россия армияси билан бирга «Ислом давлати» (ИД) га қарши жангларда катта талафотларга учради.
Вагнернинг ҳарбий жиноятлари
Дастлаб Украинага, кейин эса Башар ал-Асад режимини қўллаб-қувватлаш учун Суриягаюборилган вагнерчилар Ливия, Марказий Африка Республикаси (МАР), Мали ва дунё бўйлаб бошқа можароларда фаол иштирок этишган.
Вагнер ёлланма аскарлари қаерга бормасин, ўша ерда тинч аҳолига қарши уруш жиноятлари ва ваҳшийликлар содир этишда айбланган.
Германиянинг BND номи билан танилган ташқи разведка хизмати Россия аскарлари Украинадаги тинч аҳоли қатлини муҳокама қилган радиосўзлашувларни қўлга киритганини маълум қилди, деб хабар берган эди апрел ойида Washington Post нашри.
Унга кўра, Вагнер гуруҳи аъзолари жумладан, руслар чекинганидан кейин кўчалар тинч аҳоли жасадлари билан тўлиб кетган Буча шаҳридаги хунрезликларга алоқадор бўлган, дейди топилмалар билан таниш одамлар.
Буча ва пойтахт атрофидаги бошқа ҳудудларда 400 дан ортиқ украиналик фуқаро, жумладан қўллари орқасига боғланган ҳолда ўлдирилган айрим жасадлар топилган.
Шу билан бир вақтда Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Мали кучлари ва Вагнер аъзоларини март ойи охирида Мура шаҳрида 300 га яқин тинч аҳолини қатл қилишда айблаган.