ОСТОНА – Европа Иттифоқи (ЕИ) раҳбари Чарлз Мишел пайшанба (27 октябр) куни Россиянинг таъсири сўроқ остида қолган минтақадаги асосий иқтисодий марказ – Қозоғистонга илк расмий ташрифи чоғида Марказий Осиё билан яқин алоқалар ўрнатишга чақирган.
«Марказий Осиё ва Европа ўзаро яқинлашиб, тобора бир-бирига боғланиб бормоқда», деди Европа кенгаши президенти Мишел Остонада Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан ўтказилган матбуот анжуманида.
Европа Иттифоқи кенгаши президенти Қозоғистон «муҳим ҳамкорлардан бири» эканини ва Европа Иттифоқи «ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга» умид қилаётганини айтган.
Мишелнинг ташрифи Россиянинг Украинага босқинига саккиз ой тўлган бир пайтга тўғри келди – уруш Россиянинг постсовет қўшниларини хавотирга солган ва Кремлнинг Ғарб билан тўқнашувини кучайтирган.
«Менинг бу ташрифим Европа ва бутун минтақа учун мураккаб даврда бўлиб ўтмоқда», деди Мишел Москванинг «босқинчилик уруши»ни қоралаб.
У Қозоғистон вақти билан соат 16:00 да Марказий Осиёнинг барча беш давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари билан учрашиши керак эди.
Бу илк Европа Иттифоқи-Марказий Осиё саммити бўлиб, Мишел уни «икки минтақа ўртасидаги сиёсий мулоқотдан кўра кўпроқ нарса» деб таърифлаган.
«Бу мустаҳкамланган ҳамкорлигимизнинг қудратли рамзидир», деди у.
У Қозоғистонни Европа Иттифоқининг асосий савдо шериги сифатида алоҳида таъкидлар экан, Украинага босқин бошлаган Москвага қарамлигини камайтиришга интилаётган мамлакатнинг транспорт инфратузилмасига сармоя киритишга чақирди.
Мишелнинг ташрифи Остонада Россия, шунингдек, минтақада ўз таъсирини кучайтиришга интилаётган Хитой ва Туркия иштирокидаги саммитлар ўтказилганидан икки ҳафта ўтиб амалга оширилди.
Нозик чегарани бузиш
Москванинг анъанавий иттифоқчилари бўлмиш Марказий Осиё давлатлари Кремлнинг Украинага ҳужумини қораламасдан ва очиқ қўллаб-қувватламай, нозик чегарани ҳатлаб ўтишган.
Тўқаев ҳатто июн ойида Россия президенти Владимир Путинга очиқчасига қарши бориб, Украина шарқида москвапараст исёнчилар назорати остидаги ўзини мустақил деб эълон қилинган бўлгинчи республикаларни тан олишдан бош тортган эди.
Ўшандан бери Россия бу вилоятларни ўз ҳудудига қўшиб олганини даъво қилган.
Айни пайтда Остона тахминан тўртдан уч қисми Россия орқали ўтадиган ўз нефтининг экспорти учун янги йўналишларни изламоқда.
Июл ойи бошида Тўқаев Европа Иттифоқи билан энергия соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга ваъда берган эди.
Пайшанба кунги қўшма баёнотда айтилишича, Тўқаев ва Мишел Украина можароси туфайли Евроиттифоқ тарафидан Россияга қарши жорий қилинган санкцияларининг «Қозоғистон иқтисодиётига бехос салбий таъсирини» четлаб ўтиш масалаларини муҳокама қилганлар.
Шунингдек, маҳсулотлари санкцияга тушмаган «Европа ишлаб чиқариш компаниялари»ни Қозоғистонга кўчириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Углеводородлар ва фойдали қазилмаларга бой Қозоғистон Хитойнинг янги, кенг кўламли «Ипак йўли» лойиҳасининг марказида жойлашган.
Пекин каби Туркия ҳам Марказий Осиё билан этник, лингвистик ва диний алоқаларини таъкидлаган ҳолда минтақада ўз манфаатларини илгари сурмоқда.
Ниҳоят, Ғарб билан ҳамкорликни кучайтиряпмиз; Россиянинг шикоятларидан ва русларнинг камситилаётгани ҳақида нолишларидан чарчадик.
Жавоб беришФикрлар 1