Карвонсарой
Хавфсизлик

Кузатувчилар янги ташкил этилган Россия-Беларус «мудофаа» кучларига шубҳа билан қарамоқда

Ольга Чепил ва AFP

Яқинда Беларусга келган россиялик аскарлар, 23 октябр кунги сурат. [Беларус мудофаа вазирлиги/Telegram]

Яқинда Беларусга келган россиялик аскарлар, 23 октябр кунги сурат. [Беларус мудофаа вазирлиги/Telegram]

КИEВ – Россия-Беларус қўшма кучларининг ташкил этилиши Кремлнинг Европага босим ўтказиш учун ўйлаб топган навбатдаги ҳийласи бўлса-да, эҳтиёткор бўлиш зарур, дейди таҳлилчилар.

Якшанба (23 октябр) куни Беларус мудофаа вазирлиги ўзининг расмий Телеграм-каналида яқинда Беларусга етиб келган россиялик аскарлар отрядининг суратларини жойлаштирган.

Аввалроқ, 17 октябр куни вазирлик янги қўшма кучларни шакллантириш учун Россия Белоруссияга 9000 аскар ва 170 га яқин танк юборишини маълум қилганди.

«Шунингдек, Россия Беларусга «200 тагача [бошқа] зирҳли техника ҳамда 100 мм дан ортиқ калибрли 100 тагача қурол-яроғ ва миномётлар юборади», деб ёзган Беларус мудофаа вазирлигининг халқаро ҳарбий ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси Валерий Ревенко Телеграмда.

Полша ва Литва президентларининг Шиплишки қишлоғи яқинидаги НАТОнинг кўпмиллатли «Шимоли-шарқ» қўмондонлик марказига қўшма ташрифи чоғида НАТО байроғи билан ҳарбий машиналар ёнида турган Полша (ўнгда) ва Руминия (чапда) аскарлар, 7 июл. Ушбу марказ Полша шимоли-шарқида, Россиянинг Калининград вилояти ва Беларус ўртасида, Полша-Литва чегарасининг 80 км узунликдаги Сувалки йўлаги деб аталадиган қисмида жойлашган. [Войтек Радвански/AFP]

Полша ва Литва президентларининг Шиплишки қишлоғи яқинидаги НАТОнинг кўпмиллатли «Шимоли-шарқ» қўмондонлик марказига қўшма ташрифи чоғида НАТО байроғи билан ҳарбий машиналар ёнида турган Полша (ўнгда) ва Руминия (чапда) аскарлар, 7 июл. Ушбу марказ Полша шимоли-шарқида, Россиянинг Калининград вилояти ва Беларус ўртасида, Полша-Литва чегарасининг 80 км узунликдаги Сувалки йўлаги деб аталадиган қисмида жойлашган. [Войтек Радвански/AFP]

Беларус армиясининг бўлинмаларига қўшилиш учун келаётган Россия ҳарбий хизматчилари сони кўпайиб бормоқда. [Беларус мудофаа вазирлиги/Telegram]

Беларус армиясининг бўлинмаларига қўшилиш учун келаётган Россия ҳарбий хизматчилари сони кўпайиб бормоқда. [Беларус мудофаа вазирлиги/Telegram]

Россия бўлинмалари Беларус шарқи ва марказидаги тўртта полигонга жойлаштирилади ва у ерда «жанговар ўқ отиш ва ҳаво ракеталарига қарши зарба бериш» машғулотларида иштирок этади.

Беларус ҳукумати мудофаа характерига эга бу кучлар мамлакат чегаралари ҳимояси билан машғул бўлишини таъкидлаган.

Россия президенти Владимир Путиннинг иттифоқчиси бўлган Беларус раҳбари Александр Лукашенко феврал ойида Москва қўшинларининг Украинага бостириб кириши учун Беларус ҳудудидан фойдаланишига рухсат берган эди.

Аммо ҳозирга қадар Беларус қуролли кучлари ҳужумларда иштирок этмаган.

Беларус молиявий ва сиёсий жиҳатдан асосий иттифоқчиси бўлган Россияга таянади.

Ёзда Россия Беларусга бир неча ой ичида ядро каллакларини олиб юришга қодир «Искандар-М» ракеталарини етказиб бериш ва жанговар самолётларни модернизация қилишга ваъда берган эди.

Илк бор 10 октябр куни қўшма кучлар ташкил этилгани ҳақида эълон қилган Лукашенко Литва, Полша ва Украинани беларуслик «радикаллар»ни терактларга тайёрлашда асоссиз айблаган.

Кўп векторли босим

«Иттифоқ гуруҳини тузиш, Беларусни ядро каллаклари билан жиҳозланган «Искандар» ракеталари билан таъминлаш ҳақидаги бу даъволарнинг барчаси Европага нисбатан ҳарбий босим элементларидир», дейди киевлик ҳарбий таҳлилчи ва «Правое дело» («Ҳаққоний иш») нодавлат ташкилоти ҳамраиси Дмитрий Снегирёв.

«Гап энг аввало Сувалки йўлаги ҳақида кетмоқда», деди у Полша шимолий-шарқида жойлашган, Беларус ва Россиянинг Калининград вилояти ўртасида асосий йўлак бўлиб хизмат қилувчи аҳоли кам яшайдиган ҳудудни назарда тутиб.

Россия НАТО билан эҳтимолий можарода Болтиқбўйи давлатларини қуршаб олиш учун ушбу йўлакдан фойдаланиши мумкин.

НАТО «Россия бу йўлакка киришга уриниши мумкин ва НАТО бу муаммога жуда жиддий қарамоқда», деди у.

«Шубҳасиз, бу кескинлик пайдо қилмоқда. Полша аллақачон ўзининг мудофаа бюджетини бир неча баробар оширган ва Болтиқбўйи мамлакатларига қўшимча НАТО кучларини жойлаштиришга қарор қилинган», деди Снегирёв.

«Путин аслида кўп векторли босим ўтказиш учун шу қартани ишга солмоқда», деди у.

Шундай бўлса-да, қўшма кучлар реал таҳдид эмас, дейди InfoResist сайти таҳлилчиси Александр Коваленко.

«Аслида улар ҳарбий хизматга жалб қилинган россияликларни тайёргарликдан ўтказиш учун Беларусга олиб келишяпти, чунки Россиянинг ўзида полигонлар етишмаяпти», дейди у.

«Бу одамлар профессионал эмас», деб қўшимча қилди у. «Бу бўлинмаларни тактик батальон гуруҳлари деб бўлмайди, чунки улар етарли жиҳозланмаган.»

«Бундай турдаги ҳар бир гуруҳда маълум миқдордаги танклар ва БМПлар бўлиши керак. Шунингдек, улар ўзиюрар артиллерия қурилмалари, «ер-ҳаво» тизимлари ва залп билан отадиган ракета тизимларига эга бўлиши керак, аммо уларда буларнинг ҳеч бири йўқ», деди у.

«Ялпи рақамларга назар солинг: Беларуснинг жанговар кучга эга армиясида 14 минг аскар бор. Бу битта вилоят, ҳатто шаҳарни эгаллаш учун етарли эмас», дейди у.

Бу ҳам етмагандек, Беларус армиясининг муаммолари кўпайиб бормоқда, чунки Лукашенко ўз қуролларини русларга беряпти, дейди Коваленко.

«Беларус ҳудудидан, асосан, сақлаш омборларидан техникалар олиб чиқиб кетилмоқда. «969-базадан Россияга Т-72 танклари ва артиллерияси жўнатилди. Ҳозирда 287-базадан Камаз [юк машиналари] ва «Урал» [йўлтанламаслари] олиб чиқилмоқда.»

«Тайёр бўлишимиз керак»

Беларуснинг мудофаа ҳақидаги даъволарига қарамай, Киев шимолдан яна ҳужум уюштирилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

«Биз Россия қўшинлари Беларусда тўпланаётганини кўряпмиз», деди Украина давлат чегара хизматининг матбуот котиби Андрей Демченко. «Улар янги ҳужум учун куч тўплаётган бўлиши мумкин. Биз тайёр бўлишимиз керак.»

«Россия Беларуснинг ўз қуролли кучлари бўлинмалари билан урушга қўшилиши учун бу мамлакатга максимал даражада босим ўтказмоқда», деди у. «Беларуснинг риторикаси эса... маънисиз, чунки Россия қўшинлари аллақачон Беларус орқали Украина ҳудудига кириб бўлган».

«Беларус ракета зарбалари ва ҳозирда Белоруссиядан учаётган камикадзе дронлари учун ўз ҳудудини майдон сифатида тақдим этмоқда», деб қўшимча қилди у.

Демченконинг сўзларига кўра, Украина барча чегара туманларини мустаҳкамлаб, йўлларни миналаштириб, кўприкларни портлатиб, эҳтимолий босқинга имкон қадар тайёрланган.

«Мудофаа кучлари, миллий гвардия ва чегара қўшинлари – ҳаммаси шай. Бизнинг жанговар руҳимиз юқори ва қатъият билан ҳаракат қиламиз», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500