Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Россияда ишлайдиган Марказий Осиёлик мигрантлар Путин эълон қилган сафарбарликка жалб этилмоқда

Рустам Темиров

20 октябр куни Москва метросида ўзбек мигрантларининг ҳужжатларини текшираётган полициячилар. [Даниил Каримов]

20 октябр куни Москва метросида ўзбек мигрантларининг ҳужжатларини текшираётган полициячилар. [Даниил Каримов]

ТОШКЕНТ/МОСКВА – Сирож Набиев эрта тонгда уйқудан уйғонар экан, телефонида қариндошларидан ўтказиб юборилган қўнғироқларни кўрди. У дарҳол онасининг телефон рақамини терди.

«Сенга [военкоматдан] повестка келибди», деди онаси.

Набиев Москвада яшайди, аммо Ўзбекистон фуқароси. Унинг Россия фуқаролиги у ёқда турсин, ҳатто Россияда доимий пропискаси ҳам йўқ.

Онасининг сўзлари йигитни ўйлантириб қўйган.

Москва кўчаларининг бирида урушни тарғиб қилувчи «Халқ фронти» баннери, 20 октябр. Унда рус тилида «Ҳаммаси ғалаба учун» деб ёзилган. [Даниил Каримов]

Москва кўчаларининг бирида урушни тарғиб қилувчи «Халқ фронти» баннери, 20 октябр. Унда рус тилида «Ҳаммаси ғалаба учун» деб ёзилган. [Даниил Каримов]

Чет элликлар Россия армиясида шартнома асосида ихтиёрий равишда хизмат қилиши мумкин, аммо улар мажбурий хизматга чақирилмайди.

Набиев Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига мурожаат қилган.

«Элчихонага келиб, ариза ёзиб кетишим кераклигини айтишди, шунингдек, повестка бўйича ҳеч қаерга бормаслик ҳақида огоҳлантиришди», деди Набиев ўз видеомурожаатида.

Набиевнинг ҳикоясини «Астра» Телеграм-канали чоп этган.

Набиев – ҳарбий хизматга чақирилган ягона хориж фуқароси эмас.

Россия президенти Владимир Путиннинг 21 сентябрдаги 300 минг кишини муддатли ҳарбий хизматга чақириш ҳақидаги буйруғини бажаришга уринаётган сафарбарлик мутасаддилари ҳарбий хизмат мажбурияти бўлмаган эркакларни жон-жаҳди билан таъқиб қилмоқда.

Ушбу фармон 24 февралда Украинага бостириб кирган Россия армиясининг улкан талофатлари сабабли қабул қилинган.

24 октябрдаги хабарга кўра, ҳарбий комиссариатлар Орелдаги чиқиндини қайта ишлаш корхонасида ишловчи 28 нафар Ўзбекистон фуқаросига повестка беришган.

«Бизни ҳарбий комиссариатга чақиришди, лекин биз Ўзбекистон фуқароларимиз. Биз бу ерда ишлаймиз, солиқларни эса ўз вақтида тўлаб борамиз», дейди корхона ходимларидан бири Жалилбек Қурбонбоев маҳаллий «Истоки» телеканалига берган интервьюсида.

«Газета.уз» нашрининг ўтган пайшанба (27 октябр) куни хабар беришича, «сафарбарликка чақирилган» меҳнат мигрантлари иш берувчи биргаликда маҳаллий военкоматга боришгач, повесткалар бекор қилинган.

Россиядаги Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи асли ўзбекистонлик фаол Валентина Чупикнинг айтишича, бундай ҳолатлар кам сонли эмас.

25 сентябрдан 6 октябрга қадар Чупикдан ёрдам сўраб мурожаат қилган мигрантлар сони рекорд даражага етиб, кунига 1000 тадан ошган.

«Ҳозир мажбурий сафарбарликка оид мурожаатлар камайган – кунига 500 га яқин. Бироқ ноқонуний ҳибслар ва депортация таҳдидлари ҳақидаги шикоятлар кўпайди», деди у Карвонсаройга.

Чупикка мурожаат қилганларнинг 40 фоизи Қирғизистон, 30-35 фоизи Тожикистон, 20 фоизи Ўзбекистон фуқароларидир.

Шунингдек, шартли ҳукм қилинганлардан кўпроқ мурожаатлар тушмоқда. Уларни калтаклашмоқда ва жинсий зўравонлик билан таҳдид қилишмоқда, армияга боришдан бош тортишса, ҳақиқий қамоққа ташлаш билан қўрқитишмоқда, деди Чупик.

«Сафарбарлик тугаган тақдирда ҳам, Путин режими ағдарилмагунича, «тўп емига» бўлган эҳтиёж йўқолмайди. Бу эса уруш учун «кўнгиллилар» керак бўлишини англатади», дейди у.

«Энг осони – уларнинг ижтимоий жиҳатдан энг заиф қатлам, энг аввало мигрантлар орасидан тўплаш», деди Чупик.

Кучайиб бораётган босим

Россия жамиятининг барча қатламларидаги мигрантлар ҳукумат тарафидан тобора кучлироқ босимга дуч келмоқда.

«Қамоқдаги Россия» хайрия ташкилоти директори Ольга Романованинг 12 октябр куни ўз Телеграмдаги каналида ёзишича, унга Россия қамоқхоналарида сақланаётган Беларус, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон фуқароларининг Украинада жанг қилишга мажбурланаётгани ҳақида маълумот келиб тушган.

Маҳкумлар қариндошларининг айтишича, уларни урушга жалб қилиш учун қийноқлар қўлланилмоқда, деди у.

Боз устига, ҳеч қандай тўлов ёки компенсация ҳақида гап йўқ», деб ёзади Романова.

Россия ҳукумати, шунингдек, мамлакат миграция сиёсатини қайта кўриб чиқмоқчи.

19 октябр куни Путин амалдаги Давлат миграция сиёсати концепциясига тузатиш киритиш кераклиги ҳақида гапирган.

Аслида, бу «тузатишлар» кўпроқ чекловларни англатади.

«Миграция назорати ва чет эл фуқароларининг мамлакатимизда бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда», деб айтган ўша куни Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев.

Сафарбарлик эълон қилинганидан кейин полиция ҳужжатларни «айниқса жамоат жойлари, метро ва темирйўл бекатларида кўпроқ текшира бошлади», дейди Москва университетларидан бирининг талабаси Даниил Каримов.

«Улар энг аввало Марказий Осиёликларни ва славянча кўринишга эга бўлмаганларни текширмоқда. Бу ёқимсиз ҳолат, чунки полициядан нима кутишни билмайсиз», деб айтган у Карвонсарой нашрига.

Чупикка кўра, Россия ҳукумати 1-15 октябр кунлари бутун мамлакат бўйлаб «Ноқонуний мигрант» операциясини ўтказган.

«Кейин улар «яна бир неча кун режани» тўлдиришди», деди у.

«Бу давр мобайнида мигрантларни қўлга олиш ва уларни «ихтиёрий» ҳарбий хизмат шартномасини имзолашга мажбурлаш кучайган. Аниқроқ айтсак, ҳукумат уларга ўқишга бермай, ноаниқ ҳужжатни имзолашга мажбур қилган», деб айтган Чупик.

Умуман олганда, ҳибсга олинган мигрантларнинг ҳуқуқий мақоми бу ерда ҳеч қандай қийматга эга эмас: куч ишлатар органлар славянга ўхшамайдиган ҳар қандай одамни ҳибсга олади, калтаклайди ва шартнома имзолашга мажбурлайди, деди у.

«Улар ҳуқуқбузарларни эмас, пора бермаган ёки дарҳол ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилган барчани депортация қилмоқда. Ҳозирда биз апелляция инстанцияси орқали бу депортацияларни бекор қиляпмиз», дейди Чупик.

Россияга қаршилик қилиш

Ҳозиргача Ўзбекистон ҳукумати ўзбекистонликларга бундай низоларда иштирок этмаслик ҳақидаги мурожаат билан чекланган холос, дейди Россияда мигрантлар билан ишловчи адвокат Ботиржон Шермуҳаммедов Карвонсарой нашрига.

Агар Россия ҳукумати истаса, мигрантларни Украинага юбориш учун баҳона топишини ўзбек ҳукумати тушуниши керак, дейди у.

«Фикримча, (Ўзбекистон) Ташқи ишлар вазирлиги ва умуман ҳукуматимиз россияликларга Ўзбекистон фуқароларининг Украинадаги урушда иштирок этишига қарши эканини қай йўл билан бўлмасин етказиши керак», дейди Шермуҳаммедов.

Унинг фикрича, Ўзбекистонга Россия қамоқхоналаридаги фуқароларни қайтариб олиш имкониятини берадиган 2016 йилдаги Россия-Ўзбекистон шартномасини имзолаш ва ратификация қилиш зарур.

«Бундай битим мавжуд. Россия уни имзолаган. Аммо, қандайдир сабаб билан Ўзбекистон уни имзоламанан ва ратификация қилмаган», деди у.

«[Ўзбекистон] Ташқи ишлар вазирлиги Москвадаги элчихонадан ҳар бир аниқланган [мажбурий ҳарбий хизматга чақириш] ҳолатлари бўйича алоҳида норозилик нотаси беришни ва бу ҳақда ОАВ орқали эълон қилиши талаб этиши, Бош прокуратура эса ўзбек фуқароларининг жангариликка ёлланиши юзасидан жиноий иш қўзғаши керак», деди Швецияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатчи Пўлат Охунов Карвонсаройга.

Охунов Россияда яшаётган ўзбеклар ва Россия фуқаролигини олган, аммо Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмаганларни ҳимоя қилишга чақирди.

Ўзбекистон консулликлари ва Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги бундай фуқароларга қайтиш ҳужжатларини топшириши ва қайтишига кўмаклашишлари керак, деб айтган.

«Вазирлар Маҳкамасидаги иқтисодий блок ҳамюртларимиз бизнесларини Россиядан Ўзбекистонга тезлик билан кўчиришга ёрдам бериши ва уларнинг капиталини мамлакат ичида [Ўзбекистон] ичида сақлашга ҳаракат қилиши керак», дейди Охунов.

Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларининг ноқонуний ёлланиши борасида Кремлга норозилик нотаси юбориши керак, деб айтган Чупик.

Шунингдек, у Россиянинг мигрантлар сиёсатини қатъийлаштиришга уринишларига, яъни «хорижий фуқароларнинг Россия Федерациясига кириши (чиқиши) ва бўлиши (яшаши) шартлари тўғрисидаги» қонуннинг қабул қилинишига қарши туриши керак», деб қўшимча қилди у.

«Мазкур қонун қабул қилинган тақдирда, Россия мигрантлар учун концентрацион лагерга, мигрантлар эса инсон ҳуқуқларидан маҳрум қулларга айланади», дейди Чупик.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу қонунийми ўзи? Ўзи Россияда қачон қонунларга риоя қилинган.

Жавоб бериш