Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистон Россия тарафидан таҳдидларнинг кучайиши шароитида ўз ҳарбий доктринасини қайта кўриб чиқмоқда

Канат Алтинбаев

22 октябр куни «Рубеж-2022» ҳарбий ўқув машғулотларида иштирок этаётган қозоғистонлик десантчилар. Ўтган ҳафта Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат ҳарбий доктринасига киритилган тузатишларни маъқуллаган. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

22 октябр куни «Рубеж-2022» ҳарбий ўқув машғулотларида иштирок этаётган қозоғистонлик десантчилар. Ўтган ҳафта Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат ҳарбий доктринасига киритилган тузатишларни маъқуллаган. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

ОЛМАОТА – Қозоғистон ҳукумати ўзининг ҳарбий доктринасига кенг кўламли тузатишлар киритди. Уларнинг аксарияти Россия томонидан миллий хавфсизликка таҳдидлар кучайиб бораётганига жавобан ишлаб чиқилган, дейди таҳлилчилар.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ушбу ўзгартиришларни маъқуллади, деб хабар қилди 24 октябр куни мамлакат мудофаа вазирлиги.

«Янги таҳрирдаги Ҳарбий доктрина давлатга ҳарбий хавфсизлик ва мудофаани таъминлаш борасидаги қарашларини замонавий эҳтиёж ва шароитларга мослаштириш имконини беради ҳамда янги таҳдид ва хатарларга муносиб қарши тура олиши учун мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини оширади», дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирликка кўра, Тўқаевнинг ўтган йилги халққа мурожаати ушбу ҳужжатни янгилаш учун мантиқий асос бўлган – ўшанда президент «ҳарбий доктринани янгилаш зарурлиги ҳақида» сўзлаган эди.

Қозоғистоннинг янги ҳарбий доктринасида чегараларни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш, хусусан, «Чегара ва авиация хизматларини замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника, чегарани қўриқлашга оид техник воситалар билан жиҳозлашга» алоҳида ўрин берилган. Суратда: 22 октябр куни ўтказилган «Рубеж-2022» машғулотларида қатнашаётган аскарлар. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

Қозоғистоннинг янги ҳарбий доктринасида чегараларни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш, хусусан, «Чегара ва авиация хизматларини замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника, чегарани қўриқлашга оид техник воситалар билан жиҳозлашга» алоҳида ўрин берилган. Суратда: 22 октябр куни ўтказилган «Рубеж-2022» машғулотларида қатнашаётган аскарлар. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

Янги ҳарбий доктринанинг муҳим низомларидан бири Қозоғистоннинг ҳарбий хизмат тизимига захирадаги аскарларни киритишдир. Суратда: 22 октябр куни «Рубеж-2022» машғулотларида иштирок этаётган қозоқ аскарлари. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

Янги ҳарбий доктринанинг муҳим низомларидан бири Қозоғистоннинг ҳарбий хизмат тизимига захирадаги аскарларни киритишдир. Суратда: 22 октябр куни «Рубеж-2022» машғулотларида иштирок этаётган қозоқ аскарлари. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

Ўз мурожаатида Тўқаев «қуролли кучлар, бошқа қўшинлар ва ҳарбий қисмлар форматини янгилаш» зарурлигини билдириб, бу «миллий аҳамиятга эга устувор вазифалар» эканини таъкидлаганди.

«Бундай беқарор ва тажовузкор қўшни билан Қозоғистон миллий хавфсизлигига таҳдидлар ҳар қачонгидан ҳам реалроқ бўлиб қолди», дейди халқаро муносабатлар бўйича остоналик таҳлилчи Руслан Назаров Россия ва унинг Украинага босқинини назарда тутиб.

«Ҳарбий доктринага киритилган кўплаб тузатишлар Украинадаги урушдан олинган сабоқларни яққол акс эттиради», деди у.

Масалан, янгиланган ҳарбий доктринада Қозоғистон учун асосий ҳарбий таҳдидлар қаторида ҳозирда «дунёда оммавий қирғин қуроллари ҳажмининг кўпайиши» қайд этилган бўлиб, бу Кремлнинг ядро қуролини қўллашга оид таҳдидларига потенциал ишорадир.

Ҳужжатда Россиянинг гибрид уруш усулларидан фаол фойдаланишига эътибор қаратилган, улар нафақат анъанавий умумқўшин жанглари, балки замонавий ахборот воситаларини, яъни киберҳужумлар ва ташвиқотни ҳам ўз ичига олади, деди Назаров.

Доктринада «мамлакатни беқарорлаштириш, унинг ҳарбий ва ҳарбий-иқтисодий салоҳиятини пасайтириш мақсадида ҳарбий ташкилотларнинг ахборот тизимлари ва мамлакатнинг кундалик фаолиятини таъминлаш тизимларига [киберҳужумлар]» таҳдиди алоҳида таъкидланган.

Унда шунингдек, ахборот хуружлари таҳдиди ҳам эътироф этилган.

«Жаҳон саҳнасида давлат ҳақида салбий таассурот яратишга қаратилган ОАВ фаоллиги кучайиши мумкин», дейилади унда.

Чегаралар ҳимояси

Янги ҳарбий доктринада чегараларни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш, хусусан, «Чегара ва авиация хизматларини замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника, чегарани қўриқлашга оид техник воситалар билан жиҳозлашга» алоҳида ўрин ажратилган.

«Чегара хизматининг бошқа давлат органлари ва чегарадош туманлар аҳолиси билан, жумладан «Каспий денгизининг Қозоғистон қисмидаги сувости муҳитида» ҳамкорлиги самарадорлиги кучайтирилади.

Қозоғистоннинг энг узун чегараси Россия билан туташ бўлиб, у 7600 км дан ошади ва дунёда қуруқликдаги энг узун чегара ҳисобланади. Россия Каспий денгизи орқали ҳам Қозоғистон билан чегарадош.

Ҳарбий доктринага киритилган тузатишлар ҳудудий мудофаа масалаларини ҳам ўз ичига олган.

Янгиланган доктринага мувофиқ, ҳукумат янги инфратузилмаларни барпо этиш, ҳудудий қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш орқали стратегик объектларни террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатларидан ҳимоя қилишни кучайтиради.

Эътиборлиси, янги ҳужжатда «бўлгинчилик фаолияти» таҳдиди ҳам қайд этилган.

«Айирмачилик хавфини ортиқ яшириб бўлмайди», деди Назаров.

«Биз кўп йиллардан бери Кремл ташвиқотининг қозоқларга, айниқса, мамлакатнинг Россия билан чегарадош шимолий вилоятларида яшовчи ва кўпчилиги асосан Россия давлат телевидениесининг «зомби каналларини»томоша қиладиган аҳолига таъсири муаммосини кўтариб чиқяпмиз», деб айтган Назаров.

Қозоғистонда Россия оммавий ахборот воситаларини блоклаш зарур, деди у.

Сафарбарлик

РоссиянингУкраинага босқинига фуқароларни жалб қилиш билан боғлиқ муваффақиятсиз тажрибаси Қозоғистонни зарур ҳолатда сафарбарликка пухта тайёргарлик кўришга ундагани аниқ, деб қўшимча қилди Назаров.

Янгиланган ҳарбий доктринада «давлатда сафарбарликка тайёргарлик кўриш, вазиятни мониторинг қилиш, баҳолаш ва мувофиқлаштириш тизимини такомиллаштириш» зарурлиги белгиланган.

Хусусан, ҳужжатга ҳарбий-ватанпарварлик ташкилотлари фаолиятини кенгайтириш ва мудофаа учун транспорт инфратузилмаси объектларидан фойдаланиш тўғрисидаги бандлар қўшилган.

Яна бир муҳим норма – Қозоғистонда заҳирадаги ҳарбий хизматни жорий қилиш.

Илгари ҳарбий хизматга мажбурлар ва уни ўтаб бўлганлар захирага бўшатилиб, ҳарбий тайёргарликдан деярли ўтмаган бўлса, бундан буён ҳар бир вилоятда ҳар ой шартнома асосида ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, замонавий ҳарбий кўникмаларни ўрганадиган заҳирадаги аскарлар бўлади.

Бу ҳарбийларнинг ҳар қандай эҳтимолий таҳдидларга тез ва барвақт чора кўришини таъминлашга ёрдам беради, деб хабар берган мудофаа вазирлиги.

Қозоғистон «замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника етказиб бериш, технологияларни тақдим этиш ва Қозоғистонда илғор қурол тизимларини ишлаб чиқариш, қўшма корхоналар яратиш бўйича хорижий компаниялар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни» амалга оширади.

«Қозоғистон катта эҳтимол билан бошқа давлатлардан замонавийроқ ва самаралироқ қуроллар импортини ошириш мақсадида Россия билан ҳарбий ҳамкорлигини қисқартиради», дейди Назаров.

«Украинадаги уруш, хусусан Украина аскарлари томонидан кўплаб танклар, самолётлар каби ҳарбий техниканинг йўқ қилингани Россиянинг ҳаддан ортиқ мақтаб юборилган қуролларининг камчиликларини фош этди», деди у.

«Буларнинг барига қарамай, Россиядан қурол сотиб олишда давом этиш ғалати иш бўлар эди.»

Россиянинг таҳдидлари

Сўнгги ўзгаришлар Россиянинг Қозоғистонга нисбатан тажовузкор риторикаси фонида юз бермоқда.

Вашингтондаги Миллий мудофаа университети профессори Эрика Маратнинг фикрича, Россия президенти Владимир Путин, Россия сиёсий элитаси ва академиклари Украинага босқинни оқлаш учун ишлатган «у Россиянинг бир қисми ва суверен давлат бўла олмайди», деган риторикаси Қозоғистонга нисбатан ҳам қўлланилган.

«Бу гаплар ягона континуумда, аммо Украинада бу даҳшатли уруш кўринишини олди, Қозоғистонда эса ҳозирча шунчаки гап-сўз холос», деб айтган Марат Карвонсарой.

«Кўпчилик Россия Украинага қўшин юборишини ва украиналикларга нисбатан бундай бешафқатлик қилишини кутмаган эди», деб айтган Марат.

Қозоғистон мудофаа вазирлиги Путин ўз риторикасини Қозоғистонга қарши аниқ ҳаракатга айлантириши бўйича эҳтимолий сценарийларга чора ҳозирлаши керак, дейди Марат.

«Қозоғистон тажовузкор Россияга ва Россия билан эҳтимолий танглик кучайишининг барча сабабларига тайёр туриши зарур», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Энди кеч. УҚК (Украина қуролли кучлари) Россияни заифлаштириб қўйди )))

Жавоб бериш