КИЕВ – Фуқаролик инфратузилмаларига қаратилган ҳужумларга қарамай, Россия кучлари мушкул аҳволда қолган, зеро Украина ва Россия яқинлашиб келаётган қиш шароитида урушга тайёргарлик кўрмоқда, дейди таҳлилчилар.
Шарқий ва жанубий жабҳаларда қаршиликка дуч келган Россия армияси жанг майдонидаги муваффақиятсизликлардан сўнг, тизимли равишда Украина энергетика объектларига ҳужумлар уюштиришни бошлаган.
Россия ўз қўшниси ҳудудига 24 феврал куни бостириб кирган эди.
Сешанба (1 ноябр) куни Киевда Россия ракета зарбаларидан бир кун ўтиб, сув ва электр таъминоти тўлиқ тикланди.
Зарбалардан сўнг ҳаводан олинган суратларда Киевнинг туни билан қоронғуликка чўмганини, фақат йўллардаги автомобиллар чироқларидан ёруғлик таралаётганини кўриш мумкин эди.
39 яшар Мила Рябова душанба куни Киев яқинидаги шаҳарчада юз берган кучли портлашлардан уйғониб кетган.
AFP билан суҳбатда бўлган Рябованинг айтишича, у ва оиласи хавотирга тушган ва чет элга кўчиб кетишни ўйлаган. «Чунки, олдинда бизни совуқ қиш кутаётган эди. Электр ва иссиқлик таъминотисиз қолишимиз мумкин».
Душанба кунги зарбалар натижасида пойтахтдаги истеъмолчиларининг 80 фоизи сувсиз қолган, 350 минг хонадон электр энергиясидан узилган.
Сешанба куни Киев шаҳри ҳокими Виталий Кличко пойтахтда сув ва электр таъминоти «тўлиқ тикланганини» айтди.
«Чорасиз қолган Путин шунчаки вақтни чўзмоқда – сиёсий соатлар ва қишнинг кириб келаётгани унинг ҳарбий-саноат машинасини йўқ қилган ва Россиянинг жанговар қудратини йўққа чиқарган Ғарб давлатларининг иродаси ва энергиясини тугатишига умид қилмоқда», деб ёзади CNN мухбири Девид Анделман 26 октябр куни телеканал сайтида чоп этилган мақоласида.
«Иккала томон – Россия ҳам, Ғарбнинг ёрдамига таянувчи Украина ҳам – иккинчи жаҳон урушидан бери Европадаги энг йирик тўқнашувда ким ғалаба қозонишини ҳал қиладиган қиш олдидан гайкаларни мустаҳкамлаш учун қўлидан келганини қилмоқда», деб қўшимча қилди у.
Қиш яқинлашмоқда
Кузатувчиларга кўра, Путиннинг чорасизлиги Украинадаги Россия кучлари учун қишнинг ноқулай келиши билан боғлиқ.
Украина «армиянинг ўзагини сақлаб қолгани учун устунликка эга», дейди Украина хавфсизлик ва ҳамкорлик маркази раиси, киевлик Сергей Кузан Россия-Украина ўртасидаги жанглар 2014 йилдан бери давом этаётганини назарда тутиб.
«Бизда саккиз йиллик тажриба бор. Турли шароитларда қандай жанг қилишни биламиз, чунки 2014 йилдан бери фронт чизиғини ушлаб турибмиз... Қишда ўз позицияларимизни сақлаб қолиш учун нима қилиш кераклигини биламиз», деди у.
«Аммо Россиянинг керакли кўникмага эга ва қишки шароитда дала машғулотларидан ўтган кадрлари уруш бошидаёқ йўқ қилинди», деди Кузан.
«Ҳозир Россия қўшинларининг 70 ёки ҳатто 90 фоизи... урушга умуман тайёр эмас, боз устига, қиш яқинлашмоқда. Уларнинг бушлатлари бўлса ҳам катта гап. Шунчаки қашшоқлар армияси», деди у.
Совуққа тайёр бўлмаган рус аскарлари босиб олинган қишлоқлар ва украиналикларнинг уйларида бошпана топишга ёки ёқиш учун дарахтлар кесишга уринишлари мумкин, дейди Киевда яшовчи украиналик сиёсатшунос Владимир Молчанов Карвонсаройга.
Аммо бу ҳам етарли бўлмайди, деди Молчанов.
«Ишончим комилки, Россия армияси ўтин ёқиб исинишга қанчалик уринмасин, қиш уни заифлаштиради», деди у.
Ўтин чопиш вақт ва куч талаб қилади, Херсон каби фронтнинг айрим ҳудудларида эса ўрмонлар қолмаган, деб айтган Молчанов.
Россия армиясида аскарлар учун озиқ-овқат етишмайди, деб қўшимча қилган Молчанов.
Совуқ об-ҳаво ва озиқ-овқат етишмовчилиги россиялик аскарларни касалланишга мойил қилиб қўяди, дейди собиқ Совет давлатларидаги низолар бўйича тарихчи, ҳарбий таҳлилчи, киевлик Михайло Жирохов.
«Тажрибамиздан келиб чиқиб айтишим мумкинки, россиялик аскарларнинг кўпчилиги касал бўлади. 2014 йилда бошимиздан ўтган», деб айтган у Карвонсарой нашрига.
«Кўплаб аскарлар қўшин сафидан чиқади, шифохонага тушади. Россияликлар уларни кутиб турган даҳшатларни билмайди», деди у.
Қиш яқинлашар экан, Россия қуролли кучларида ёқилғи етишмовчилиги ва техниканинг бузилиши, яъни сўнгги ҳужумларда фойдаланилган Эроннинг Шаҳид-136 дронларининг ишламай қолиши кузатилиши мумкин, деб қўшимча қилган Жирохов.
«Муаммо шундаки, бу дронлар Форс кўрфазида фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган. У ерда ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича нолдан юқори бўлади. Ҳаво 10 даража совуққача тушса нима бўлади?»
«Катта эҳтимол билан, уларнинг техникаси ҳимояланмаган. Ёқилғи музлаши ва эҳтиёт қисмлар тушиб қолиши мумкин», деди Жирохов.
Иттифоқчилар ёрдами
Қиш «ҳаммага, жумладан украиналикларга ҳам машаққат туғдиради», дейди Жирохов.
«Аммо Россия учун қиш янада ҳалокатли», деди у.
Чунки бу аскарларга қисман қишки анжомлар етказиб бериш билан Украина қуролли кучларини қўллаб-қувватлаётган ғарблик иттифоқчилар туфайли амалга ошмоқда.
«Сафарбарлик ҳали тўхтамагани ва армия сафи кенгайиб бораётганини ҳисобга олсак Украина қуролли кучларига мунтазам равишда қишки махсус кийимлар зарур», деб айтган Defence Express консалтинг фирмасининг харбий таҳлилчиси, киевлик Иван Киричевский Карвонсарой нашрига.
«Бизга аллақачон ёрдам кўрсатишмоқда. Афтидан, жангчилар совуқ ҳавода қулай шароитда бўлиши учун қишки униформалардан ташқари, қиш учун махсус ишлаб чиқилган чодирлар ҳам етказилади», деб айтган Киричевский Карвонсаройга.
«Армиямиз қишда қарши ҳужумларни амалга ошириши мумкинлигини унутмаслик керак, аскарлар тайёр туришлари зарур, аммо бу уларнинг қанчалик қулай шароитда эканига боғлиқ бўлади», деб айтган Киричевский Карвонсарой нашрига.
Россия армияси муқаррар ўлимга кетаётган ҚЎЙЛАР ПОДАСИ!!! Қўлига қурол билан УКРАИНАГА кирган руслар, ўлиб кетларинг!!! Украинага шон-шарафлар!!! ВСУга шон-шарафлар!!! Украина ғалаба қозонади!!!
Жавоб беришФикрлар 2
Қишда рус армиясини қийинчиликлар кутмоқда.
Жавоб беришФикрлар 2