МОСКВА – Президент Владимир Путинга алоқадор, Вашингтон ва Европа давлатларининг санкцияларига учраган нуфузли россиялик тадбиркор Евгений Пригожин душанба (7 ноябр) куни АҚШдаги сайловларга аралашганини тан олди.
«Жаноблар, биз аралашдик, аралашяпмиз ва аралашишда давом этамиз», дейилади бир неча Ғарб давлатларидаги сайловлар натижаларига таъсир кўрсатган «троллар фабрикасини» юритишда айбланган Пригожиннинг баёнотида.
«Эҳтиёткорлик, аниқлик, жарроҳликка хос ва ўзимиз билган йўллар билан», деб киноя қилган Пригожин.
61 яшар Пригожин Россиянинг АҚШдаги оралиқ сайловларга аралашгани ҳақидаги Bloomberg мақоласини изоҳлаш cўралган мактубга жавоб берган.
Ушбу баландпарвоз баёнот кўплаб таҳлилчилар томонидан Пригожиннинг Россияда сиёсий ролни кўзлаётганининг исботи ўлароқ талқин қилинди.
Пригожин сайловларга аралашгани ва бутун дунё бўйлаб Кремл буйруқларини амалга оширувчи ёлланма армияни молиявий таъминлашдаги иштироки учун босим кучайиб бораётгани сабабли ўзини жиддий юридик хавф остида қолдирган.
2018 ва 2020 йилларда Вашингтон Пригожинга нисбатан санкциялар жорий қилган, бунга унинг Санкт-Петербурда жойлашган «троллар фабрикаси» бўлмиш Интернет тадқиқотлари агентлиги (IRA) АҚШда 2016 ва 2020 йиллардаги сайловларга аралашгани сабаб бўлган.
IRA шунингдек, Британия, Германия ва Франция каби бошқа мамлакатлардаги сайловлар ва референдумлар вақтида бузғунчи ташвиқот ёйинлашда айбланган.
Вагнер гуруҳи
Пригожин йиллар давомида эътибордан четда бўлиб, Кремл сояси остида фаолият юритишни афзал кўрган.
У сентябр ойи охирида 2014 йилда Россиянинг ёлланма жангарилари бўлмиш Вагнер гуруҳини ташкил этганини тан олиб, жангчиларни «ватанимиз қўрғонлари» деб атаганида, вазият ўзгарди.
Россия расмийлари доим хусусий ҳарбий гуруҳлар билан алоқаларини рад этиб келган ва Вагнер Россияда ҳеч қандай юридик мақомга эга эмас, бу ерда ёлланма компаниялар ноқонуний ҳисобланади.
Шунга қарамай, америкалик икки мулозимнинг фикрича, Пригожин яқинда Путинга Россия армияси Украинадаги урушни қониқарсиз олиб бораётгани ҳақида айтган, деб ёзади Washington Post 25 октябр куни.
Вагнер гуруҳи Украина шарқидаги, муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлмаган Бахмут шаҳрига ҳужум ортида турган – кузатувчиларга кўра, бу ҳаракат Пригожиннинг сиёсий амбициялари билан боғлиқ.
Пригожин Вагнерни Украинадаги даҳшатли куч сифатида кўрсатишдан манфаатдор бўлса-да, Москванинг йўқотишлари ортиб борар экан, бу чегара жуда паст, дейди таҳлилчилар.
Таъминот йўллари узилиб, сафлари сийраклашган Россия армияси Украина жабҳаларида ёқилғи, озиқ-овқат, бошпана ва тиббий воситалар камайиб бораётган бир пайтда қаҳратон қишга дуч келмоқда.
АҚШда жойлашган Урушни ўрганиш институти ходими Каролина Хирднинг сўзларига кўра, ёлланма аскарлардан фойдаланишнинг кўпайгани ва уларга эътибор қаратилаётгани «Россия армияси ва Россия ҳарбий раҳбарияти ичидаги улкан ихтилофлардан далолат беради».
Узоқ йиллар давомида Москванинг хориждаги амбицияларини рўёбга чиқариш билан шуғулланишда гумон қилинган Вагнер гуруҳи Кремл билан алоқаларини инкор этиб келган.
Дастлаб Украина, кейин Башар Асад режимини қўллаб-қувватлаш учун Сурияга сафарбар этилган вагнерчилар Ливия, Марказий Африка Республикаси (МАР), Мали ва бутун дунё бўйлаб бошқа можароларда фаол иштирок этишган.
2020 йил октябр ойида Европа Иттифоқи Вагнер гуруҳи қўлловида Ливиядаги вазиятни беқарорлаштиргани учун Пригожинга нисбатан санкциялар жорий қилган эди.
Июн ойида унинг апелляцияси Европа Иттифоқида (ЕИ) активларининг музлатилгани ва Ливияга Вагнер жангариларининг юборилиши сабабли виза берилмайдиганларнинг қора рўйхатига киритилганини бекор қила олмади.
Ҳарбий жиноятлар
Вагнер ёлланма аскарлари қаерга бормасин, ўша ерда тинч аҳолига қарши уруш жиноятлари ва ваҳшийликлар содир этишда айбланган.
Апрел ойида Германиянинг BND номи билан танилган ташқи разведка хизмати Россиялик ёлланма жангарилар Украинадаги тинч аҳоли қатлини муҳокама қилган радиосўзлашувларни қўлга киритганини маълум қилди.
Уларга кўра, Вагнер гуруҳи аъзолари жумладан, руслар чекинганидан кейин кўчалар тинч аҳоли жасадлари билан тўлиб кетган Буча шаҳридаги хунрезликларда иштирок этган, деб айтган топилмалар билан таниш одамлар.
Буча ва пойтахт атрофидаги бошқа ҳудудларда 400 дан ортиқ украиналик фуқаро, жумладан қўллари орқасига боғланган ҳолда ўлдирилган айрим жасадлар топилган.
Шу билан бир вақтда, Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Мали кучлари ва Вагнер аъзоларини март ойи охирида Мура шаҳрида 300 га яқин тинч аҳолини қатл қилишда айблаган.